ҚОРА ҚИСМАТНИНГ ҚУЛИ… (36-қисм. Иккинчи фасл. Воқеалар реал ҳаётдан олинган)

1

 

* * *

 

Ҳақиқатан, Мавлуда опа пазанда ҳам экан. Умримда бунақанги мазали мошкичири емагандим. Охиригача қўлимни тортмадим. Овқатланиш асносида қаршимдаги хушбичим бу аёлга ер остидан бир неча маротаба разм солдим.

Унинг нигоҳлари дардлидек туюлди. Ҳатто кулиб сўзлаганда ҳам барибир ўша дард аёлнинг қалби маъюслигини сездириб қўяверди.

— Агар кўнглингизга келмаса, бир савол бермоқчийдим, — дедим охири чидолмай. — Майлими, Мавлуда?

У ялт этиб менга боқди. Негадир лаблари титраб кетди. Бу ҳолатини сездириб қўймасликка уриниб, мажбуран кулимсиради.

— Майли, сўрайверинг.

— Хўжайинингиз йўқми? Кўринмаяпти.

Мавлуда опа қўлидаги сочиқни стол четига қўйди-да, бир муддат сукутга толди.

Узун киприклари тезроқ пирпирай бошлади.

— Ҳа, топдингиз, — дея ниҳоят бошини кўтарди аёл. — Ажрашиб кетганмиз. У… Бошқасига уйланиб кетган… Мана, ўн йилдан бери ёлғиз яшайман. Ҳар куни эрта тонгда уйғонаман. Ўрнимдан туриб чой қўяман. Йўқ, чой ичгим келганидан эмас, шундай қилиш кераклигидан. Мана шундай яшаяпман-да!..

— Кечиринг, — дедим унинг ярасини янгилаганимдан афсусланиб. — Сўрамасам бўларкан. Ўтмишингизни эслатиб…

— Ҳечқиси йўқ… Сиз айбдор эмассиз…

Мавлуда опа ёшлана бошлаган кўзларини енгига арта-арта сочиқни қўлига олишга тутинди. Шунда кутилмаганда стол устидаги пичоқни тушириб юборди.

У шоша-пиша пастга энгашиб пичоқни кўтариб олишга тутинди. Бу тахлит ўтираверишим одобдан эмасди. Мен ҳам ҳовлиқиб пастга энгашдим…

Беихтиёр Мавлуда опанинг пичоқ чангаллаган қўлини ушлабман… Бу ишимдан уялиб дув қизардим.

Мавлуда опа ҳам тош қотиб қолгандек эди. Қаддини кўтаришга шошилмасди. Елкалари ҳаяжонданми, қўрқувданми, гоҳ-гоҳида силкиниб қўярди.

Димоғимда ёқимли ифорни туйдим. Бу ифор шу қадар ёқимли, тотли эдики, агар ҳозир ўрнимдан турсам, ундан абадий мосуво бўладигандек эди…

Йўқ, бош кўтара бошлаган эҳтиросли туйғуларимни жиловлашга қурбим етмади. Ёнгинамда бошини қуйи солганча қотиб қолган аёлнинг қулоқларига оҳиста шивирладим.

— Сиз жудаям ёқимтой, гўзал экансиз!..

Мавлуда опа жавоб қилмади. Қўлларимни олиб ташлашга уринди. Бироқ бу уриниш шунчаки йўлига экани ошкор бўлиб қолди. Чунки Мавлуда опа бу ҳаракатни ўзи истамаган ҳолда амалга оширмоқчи бўлди.

— Мени асир қилиб қўйдингиз, — дедим титроқ аралаш. — Кимсиз ўзи? Фариштамисиз? Ё ғилмонларданмисиз?..

— Мен оловман, — жавоб қилди ниҳоят Мавлуда опа кўзларимга боққан кўйи ҳансираб. — Куйдириб қўймай тағин.

— Қўрқмайман куйдиришингиздан. Мен… Тамом бўлаяпман!..

 

* * *

 

Мавлуда опанинг квартирасидан чиққанимда вужудим чўғ бўлиб ёнарди.

Бу аҳволда уйга бора олмаслигимни ҳис этганим сабабли бирпас кўча айланишга аҳд қилдим.

Танам жуда енгил тортгандек эди. Хаёлларим чалкашиб кетган, табиатнинг ҳар бир мўъжизасини завқ билан томоша қилардим.

Аммо қалбим безовта, нуқул типирчилаб, менга нотинчлик бахш этишга уринарди.

«Аёл ҳам шунчалар жозибали ва эҳтиросли бўладими? — ўйлардим ўзимча. — Ҳаётим ағдар-тўнтар бўлиб кетгандек туюлаяпти. Нималар бўлаяпти ўзи? Мен нима қилдим?

— Сен бу кунингдан баттар бўлишинг керак, — дерди қалбим қўзғолон қилиб. — Шундай хотинингга хиёнат қилиб ўтирибсан, аҳмоқ. У сени уйда муштоқ бўлиб кутаётгандир. Йўлингга кўз тикаётгандир. Сен-чи? Қаёқдаги бир лаҳзалик ишрат деб унинг юзига оёқ қўйдинг.

— Э, сен жим бўл! — дедим овоз чиқариб. — Ўзинг кўрдинг, жуда-жуда меҳрибон, латофатли экан Мавлуда. Хўш, нима бўлибди? Осмон узилиб ерга тушибдими? Буни кўнгил деб қўйибди, оғайни. Сен ниманиям тушунардинг.

— Ҳали кўрасан, — деди қалбим. — У аёл сени адойи тамом қилади. Ўшанда пушаймонлар еб сочингни юлганингда ҳам фойдаси бўлмайди. Фариштадек жуфтингдан айриласан.

— Бекорларни айтибсан. У менинг кўчада нима иш қилганимни билиб ўтирибдими? Гапиравераркансан-да!.. Ҳозир ўзимни қўлга олай, ҳеч нима кўрмагандек кириб боравераман. У менга жилмайиб боқади. Мен ҳам бу жилмайишга жавобан Сусаннанинг сочини силаб эркалайман. Кўрибсанки, олам гулистон. Ҳаммаси унутилади. Ҳа, айтганча, Мавлуда менинг манзилимни билмайди. Ҳадеб қўрқитаверма!.. Билганда нима? Яна уни бир эркаласам ёмон бўлмасди.

— Ғирт овсар экансан, — бағримни кемира бошлади қалбим. — Сендайларнинг ҳеч қачон кўзи очилмайди. Суф сенга!..

Мен айни дамда қалбим тугул, ҳеч кимнинг сўзларига қулоқ тутадиган аҳволда эмасдим. Фақат Мавлудани, унинг ноз ила эркаланишлари, бир-биридан тотли, ўтли бўсаларини ўйлардим. Оёқларим ўзимга бўйсунмас даражада қайсарли қилар, уларни аранг уй томон бошлаб борардим.

* * *

Манзилимга етгунча анча ўзимни босиб олдим. Хайёлларимни бир жойга қўйиб, аста ичкарига кирдим.

Онам, тоғам уйдаги газеталарни берилиб ўқиш билан овора. Сусанна эса дераза қаршисида турган кўйи ташқарига тииларди.

Мени кўрди-ю, югуриб пешвоз чиқди.

Қариндошларим ҳам даст ўринларидан туришди.

— Хавотир олманглар, — дедим Сусаннанинг қўлини уларга кўрсатмайгина сиқиб. — Ҳаммаси яхши. Беморингиз саломат. Яқинда операция қилишаркан.

— Хайрият, — деб нари кетди онам. — Илойим тузалиб кетсин. Жуда қийналганди ўзиям.

Мен онамнинг сўзларини маъқуллаган бўлдим-да, йўлакка чиқдим. Билардим, Сусанна албатта ортимдан чиқади. Шундай бўлди ҳам. У чиқиб елкамга бош қўйди.

— Бугун йўлакда ухламайдиган бўлдик, — шивирлади у. — Поччангиз квартирага чиқиб кетди. Раҳмат айтиб қўйишимни сўради.

— Сен-чи? Нега маъюссан? — сўрадим ундан эҳтиёткорлик билан. — Тинчликми?..

Сусанна кўзларимга дардли боқиб бош эгди.

— Сиздан… Хавотир олдим, — деди ҳануз бош кўтармай. — Нима бўлди экан деб ич-этимни едим роса.

Мана шу гапи юрагимнинг қаеринидир тилиб ўтгандек бўлди. Лаб тишлаганча нари кетдим.

— Бирор гап бўлдими? — сўради Сусанна ортимдан қолмай. — Негадир ўйчансиз? Нима бўлди?

— Ҳ-ҳеч нима, — дедим елка қисиб. — Нима бўларди? Касалхонадан чиқиб бироз кўча айландим. Шу холос.

Шу тобда Сусанна ниманидир биладигандек ўзимдан ўзим хавфсирай бошлагандим. Барибир сир бой бермасликка уринардим-у, безовталана бошлаганим сирларимни ошкор қилиб қўядигандек эди.

«Йўқ, — дедим ўзимга ўзим. — Бўш келмаслигим керак. Илгариги ҳолатимга қайтишим шарт. Акс ҳолда…»

— Бугун мошкичири қилмайсанми? — атайин гапни бошқа ёққа буришга уриндим. — Ишонсанг, анчадан бери мошкичири емагандим.

Сусаннанинг сезгирлиги шу лаҳзаларда маълум бўлиб қолди. У менга ғалати нигоҳ ташлади-ю, ичкарига кириб кетди.

 

* * *

 

Унинг бу қилиғи негадир алам қилди. Ҳеч қачон менга зардали муносабатда бўлмаганди.

«Худди мени бошқаси билан тутиб олгандай тутади-я ўзини! — ўйладим ўзимча жаҳлим жунбушга келиб. — Нимасига зарда қилади ўзи? Тил қисиқ ерим бормиди? Бунинг ўрнига уйларни Мавлуданикидай тозалаб, овқат тайёрлашни қойиллатса бўлмайдими? Ҳе ўша сендақа зардалилардан ўргилдим!..»

Шундай ўйлар исканжасида йўлакка ўтдим. Билардим, у барибир ортимдан чиқади. Ахир, зардасини яхшироқ намойиш қилиши керак-ку!..

Адашмабман. Сусанна қовоғидан қор ёғганча олдимга чиқди-да, полдаги оҳори кетган кўрпачага ўтириб юзини терс бурди.

— Хўш, қачон еймиз мошкичирини? — сўрадим сир бой бермаслика тиришиб. — Нега жимсан? Гапирмайсанми? Ё қўлингдан келмайдими?

Сусанна ялт этиб менга боқди-да, дарҳол қайтадан терс ўгирилди.

— Мен билмайман мошкичири тайёрлашни, — ғудранди у. — Бундан ўзингизниям хабарингиз бор. Ё устимдан кулмоқчимисиз?

— Ие, — дедим совуқ тиржайиб. — Нега билмайсан? Сенам аёлсан, ахир! Билишинг шарт!

— Ўша… Биладиганларингиз тайёрлаб берсин!..

— Ҳали шунақами? Хўп, унда мен кетдим. Биладиганларнинг олдига борай-чи, ажабмас, мошкичири билан сийлашса!.. Сен уйларни эпақага келтириб қўйишни унутма!

Менинг ростакамига ўрнимдан қўзғала бошлаганимни кўрган Сусанна билагимдан маҳкам ушлаб қолди.

— Қаерга бормоқчисиз? — шивирлаб сўради титроқ ичида. — Уй тўла меҳмон бўлса. Инсофингиз борми ўзи? Онангиз шунча жойдан келган бўлса, сиз билан гаплашиш илинжида кечадан бери йўлингизга кўз тутади. Сиз бўлсангиз…

Индамай жойимга ўтирдим. Менга шуниси керак эди. Мавлуда ҳақида билмаса бас. Уёғига Худо пошша.

— Майли, гаплашсам гаплашай, — дедим-у, секин туриб ичкари хонага ўтдим.

 

* * *

 

Бу лаҳзаларни сўз билан таърифлаб бўлмасди. Эртаси куни тонгданоқ кўзим тўрт, қулоқларим динг бўлди. Телефондан назаримни ололмадим. Фақат Мавлуда опанинг қўнғироғини кутдим. Бирга ўтказган бир неча соатлик тотли давлат хаёлимни чирмаб олди. Бу аёлнинг эркаланганнамо боқишлари, териб-териб гапиришлари мени буткул маҳлиё этиб бўлганини ҳис эта бошладим.

Ишлардим-у, қалбим соғинчданми, кутишданми, узилиб кетай дерди.

У ғалаён кўтарарди. Мени бу йўлдан қайтишга, Сусаннага меҳр беришга ундарди. Аммо шу тобда унга қулоқ тутадиган аҳволда эмасдим.

«Ахир, бунинг нимаси ёмон? — дердим хаёлан. — Айб қилсам, мен қилдим-ку! Сенга нима? Потирлашинг билан дунёни бузай дейсан-а! Кўр, кеча Мавлуда опа жуда тушкун кайфиятда эди. Сўзларидан дард зардоби оқарди. Кўришиб, гаплашгач, умуман ўзгарди. Чеҳраси очилди. Кўзларидан нур ёғила бошлади. Хўш, шу айбми?»

Ниҳоят кутилган лаҳзалар яқинлашди. Телефоним безовта жиринглай бошлади.

Мавлуда опа экан. У сўз бошлашдан олдин мулойим оҳангда саломлашди. Сўнгра кечагидек кулди.

Эҳ, унинг кулишларида бир олам эҳтирос мужассам эди! Сал қурса севинчдан ёрилай дедим.

— Сиз алдоқчи экансиз, — деди у овозини ҳийла пасайтириб.

— Н-нега?.. Наҳотки, мени алдоқчи деб ҳисобласангиз?

— Эрталабдан бери қўнғироғингизни кутаман. Эсламадингизми?

— Й-йўғ-э! — дедим оҳ тортиб. — Сиздай аёлни эсламай бўларканми? Мен ҳам бўлганимча бўлиб ўтиргандим. Сиз қўнғироқ қиларсиз деб кутгандим.

— Келасизми? — янада пастроқ товушда шивирлади Мавлуда опа. — Нега жим бўп қолдингиз? Келасизми?

— Албатта бораман. Учиб бораман. Ҳозироқ ёнингизда бўламан!..

Шундай дея телефонни ўчириб, шоша-пиша кетишга чоғландим. Стол устидаги қоғозларни бир четга тахладим-да, эгнимга костюмимни илиб ташқарига чопдим.

 

* * *

 

Зиналардан кўтарилиб борардим-у, ҳаяжондан юрагим қинидан чиққудек типирчиларди. Ўзим сезмаган ҳолда нуқул ҳансирардим.

Ҳа, ҳозир ичкарига кираман-у, ҳурилиқога тенг Мавлудани бағримга босаман. У хўрсина-хўрсина эркалашларимга қулоқ тутади. Майин ва нозик бармоқлари сочларим оралаб чумолидек ўрмалай бошлайди. Тағин ўза ёқимли ифорлар димоғимга урилиб, кўнглим яйрайди. Қувончдан, висол лаззатидан бошим гир-гир айлана бошлайди.

Йўқ, мен бундай ёқимли туйғуларни ҳеч қачон вужудимда туймаганман. Ҳатто илк бор Шарифани қучганимда ҳам бу қадар ҳаяжонга тушмаганман. Дунёни унутар даражада сархуш бўлмаганман. Нима ўзи бу? Наҳотки, ёруғ дунёнинг сирли ҳислари, ёқимли онлари шу қадар турфа бўлса? Қайси оламга кириб қолдим ўзим? Нега кўзларим ҳеч нарсани кўра олмаяпти?..

Ана шундай ҳиссиётлар оғушида чиқиб керакли эшик қўнғироғини чалдим.

Зум ўтмай, кутганимдек, эшик очилиб, рўпарамда лоларанг халатда, қоп-қора, майин сочлари ёйиқ Мавлуда ҳозир бўлди.

Унинг кўзлари негадир намли эди. Жоним чиқиб кетаёзди. Ичкарига кирдим-у, эшикни тамбалаб уни бағримга олишга тутиндим. Аммо Мавлуда дарҳол ўзини четга олди ва менга терс ўгирилди.

— Нима бўлди? — сўрадим уни қайтадан қучишга интилиб. — Нега мендан қочасиз, жоним? Гуноҳим нима?

Мавлуда индамасдан залга кирди. Шубҳасиз, юрагим бирдан ғаш тортиб мен ҳам унга эргашдим.

— Менга яқинлашманг! — деди Мавлуда тескари қараган кўйи йиғламсираб. — Асло яқин кела кўрманг! Агар яқинлашсангиз, ўзимни бир нима қилиб қўяман.

— И-ие, — дедим тутилиб. — Нима бўлди сизга? Боягина телефон орқали…

Мавлуда илкис мен томон ўгирилди-да, кўзларимга аламли боқди.

— Сиз менинг туйғуларим билан ўйнашиб қўйдингз! — деди титроқ аралаш.

— Нима?.. Қ-қанақа туйғу?.. М-мен ҳеч ким билан… Ўйнашганим йўқ, Мавлуда!..

— Ўзингизни гўлликка солманг! — давом этди Мавлуда. — Нима, ёлғиз аёл экан, бир қучоқлайман-у, хайр-маъзур қилиб кетавераман ҳар сафар деб ўйладингизми? Бекорларнинг бештасини айтибсиз! Мен сиз ўйлаган енгилтак аёллардан эмасман!

Бу таҳдид мени адо қилаёзганди. Нима дейишни билмай қолдим. Гўё тилим танглайимга ёпишган, оёқ-қўлларим тошга айланган каби Мавлуданинг қаршисида қотиб турардим.

— Ҳа, қўрқиб кетдингизми? — унинг навбатдаги сўзи ҳушимга келтиргандек бўлди-ю, юрагимни ғашлик булути баттар чирмаб олди. — Бошида ўйлаш керак эди, эркак! Мен ҳеч нарсани билмайман. Ё бугуноқ бориб хотинингиз билан ажрашасиз, ё ўзим унинг олдига бориб «Эринг мени зўрлади, қаматвораман» дейман. Барибир ажрашиб кетасиз. Унда менданам, хотинчангизданам айриласиз. Хўш, қай бирини танлайсиз?

— И-илтимос, — дея олдим зўрға Мавлуданинг кўзларига умидвор термулиб. — Менга… Яна бир-икки кун муҳлат беринг! Ахир… Бу осон ишмас! Тушунган аёлсиз-ку!..

— Мени аврамай қўя қолинг! — бўш келмасди Мавлуда. — Бунақа аврашларнинг кўпини кўрганман.

— Бўпти, ҳал қиламан, — дедим вазиятдан чиқиш учун атайин. — Мана кўрасиз, ҳаммаси яхши бўлади. Фақат икки кун сабр қилинг!

Мавлуда бу гапимдан сўнг сал паст тушган кўйи нари кетди. Дераза қаршисига туриб олди-да, оғир хўрсинди.

— Майли, — деди ниҳоят овозини пасайтириб. — Икки кун кутаман. Лекин сиздан садо чиқмаса, учинчи куниёқ етиб бораман уйингизга!

— Хўп, жоним! — дея унга яқинлашдим. Бироқ Мавлуда ўзини четга олди.

— Мени жоним деманг! — таҳдидли оҳангда сўз қотди у. — Олдин буёғини ҳал қилинг, ана ундан кейин нима десангиз ярашади…

Мен бу уйдан чиққанимда, худди тубсиз жарликда қолиб кетган маҳкум қиёфасига кириб бўлгандим. Бу жарликдан чиқишнинг сира имкони, йўли кўринмасди. Фақат ўлим, вассалом!..

Яқин ўтмишим, Сусаннанинг дардли нигоҳлари кўз ўнгимда гавдалангани сайин ўзимни кечира олмас даражада хезланар, қилиб қўйган ишимдан пушаймонлар ердим. Афсуски, кеч. Ғишт қолипдан кўчди. Бир неча дақиқалик ишрат энди қолган умримга татийдиган бўлди. Ҳаммасига ўзим айбдорман. Мен кечиришларга, эркалашларга, меҳрга, оқибатга лойиқ эмасман. Чунки мен ҳақсиз хиёнатга қўл урдим…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

1 ТА ФИКР

Comments are closed.