Талаба дарсга бормаяпти. Ким айбдор: ўқитувчими ёки?..

0

Бир девор қўшнимиз Умар коллежни тамомлаган йилиёқ Андижон машинасозлик институти талабаси бўлганди. Бу йил иккинчи курсга ўтди. Аммо ўтган бир йил давомида унинг дарсларга ҳафтада уч марта бориб, қолган вақтда «Дамас»ида киракашлик қилгани ёхуд бир нечта бекорчи оғайнилари билан кўчада санғиб юрганини кўриб, ажаблангандим. Унга нега дарсга бормаётгани ҳақида савол берганимда «Институтга ҳар куни боргандан нима наф менга? Машғулотлар қизиқарли ўтилмайди. Унинг устига баъзи ўқитувчилар дарсга кеч қолиб келади ёки умуман кирмайди. Гуруҳдаги кўплаб йигитлар иккинчи парадан кейин уйига қочади. Мен каби кунора борадиганлар ҳам оз эмас. Кира қилиб уч-тўрт сўм топсам, сессиядан юқори баҳо оламан. Тўрт йилни шундай ўтказворсам, диплом ҳам бир амаллаб қўлимга тегар», дея кулимсираб жавоб қайтарганди. Ўшанда кўз олдимда уч йилдан бери жиддий тайёргарлик кўриб, ўқишга кира олмаётган синфдошим Равшаннинг қиёфаси гавдаланганди.

Куни кеча Умарнинг яна киракашлик қилаётганини кўриб, жорий йил ҳам ўша «анъана»сига содиқ қолиши ростлигига шубҳа қилмадим. Кейин ушбу мавзуга қизиқиб, турли вилоятлардаги ҳамкасб танишларимдан суриштира бошладим. Уларнинг айтишича, ҳақиқатан, Умар сингари «йўл» тутган талабалар сафи мамлакатимиздаги бошқа ОТМларда ҳам кўпчиликни ташкил этаркан. Аксарияти оилавий шароити туфайли ишлашга мажбур бўлса, баъзиларини илм даргоҳидаги ўқитиш тизими сира қониқтирмасмиш. Яна айримлари турли баҳоналарни рўкач қилиб, дарсга гоҳида боришаркан.

Бундай фикрларни эшитиб, беихтиёр ҳайрон қоласан киши. Наҳотки олий ўқув даргоҳидаги талабаларнинг келиб-кетиши-ю юриш-туришини назорат қиладиган масъул шахслар шунчалик масъулиятсизлик ила фаолият юритаётган бўлса? Уларни талабаларнинг тақдири, ўқишга нима сабабдан келмаётганлиги қизиқтирмайдими ёки Умар таъкидлаб ўтганидек, педагогларнинг дарс ўтиши талабаларни қониқтирмайдими? Бўлажак кадрлар эртага бирор муассаса, ташкилотга ишга боришса, зиммасидаги вазифанинг уддасидан қандай қилиб чиқишади?

Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида «Facebook» ижтимоий тармоғида сўровнома ўтказдик. Бундан ташқари, айрим талаба ва ўқитувчилар билан ҳам мулоқотда бўлдик.

 

Сано УСМОНОВ:

— Талабаларда ўқитувчиларга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлган. Чунки қанча яхши ўқимасин, дарсларда фаол иштирок этмасин, айрим педагоглар ҳали-ҳануз таъмагирликни талабаларнинг билимидан устун қўйишмоқда. Юртимиздаги барча мактаб, коллеж, олий ўқув юртларида фаолият кўрсатадиган ўқитувчилар манфаат учун эмас, маърифат учан хизмат қилса, Ўзбекистонимиз дунёдаги маърифат ўчоғига айланади.

 

Ширин ҒОФУРОВА:

— Масалан, мен зерикарли дарс ўтадиган домлаларнинг дарсига боргим келмайди. Фанини ўзи яхши билмайди, минғирлаб лекция ўқийди (китобдан кўпинча). Дарсида ўтирган вақтимни қизғанаман, аксарият пайтларда беркиниб, китоб ўқиб ўтираман. Яхши домлаларнинг дарсида эса, аксинча, яна қўшимча ўтинг, деб сўраймиз, дарснинг тугашини хоҳламаймиз.

 

Фаёзжон ҚОСИМОВ:

— Республикамиздаги кўпгина олий ўқув юртларида таълим тизими издан чиққан. Кўпинча 80 дақиқалик параларнинг кўп қисми қандайдир плюс ва минуслар билан беҳуда ўтиб кетади. Ўзингиз айтинг, қийналиб контракт тўлайдиган талаба (бюджетда ўқийдиганлар ҳам деярли шу аҳвол) вақт ўтказгани маъқулми ёки ишлаб, ота-онасига енгиллик қилганими? Кейин айрим ўқитувчилар билимга эмас, чўнтагингизга қарашади…

 

Миркамол ЖУМАҚУЛОВ:

— Ортиқча фанлар кўп. Ҳамма талабалар ҳам ўз йўналишини чуқур ўргангиси келади. Ҳозир ҳар бир йўналишда ўзига тегишли бўлмаган фанлар ўтиляпти. Мен иқтисодиёт соҳаси бўйича ўқийман. Очиғи, тарих фанини чуқур ўрганиш менга нимага керак? Мактабда билганларимиз ҳақида яна эшитиш вақтимизни ўғирлайди. Бўлажак иқтисодчилар тарих дарсига қатнашмайди ёки ўзига керакли фан билан шуғулланади. Айримлар ухлайди. Мана, катта муаммо.

 

Нигора ОМОНОВА:

— Дарсда зерикамиз, лекцияда 80 дақиқа ёздиришади. Борсангиз ҳам, бормасангиз ҳам ўқитувчи неча баҳо қўйишни олдиндан билади. Битта «нб» (дарсга келмаганлиги учун «жазо» — таҳр.) бўлса, янги дафтарни тўлдириб ёзиш керак.

 

Саидолим АБДУРАҲМОНОВ:

— Ҳамма нарса сўнгги натижада. Масалан, талаба дарсга вақтида қатнашмаганлигининг бадалини ҳар галги семестрда пул билан тўлайди. Аммо ўқитувчининг ўзи натижага, яъни етиштирган «маҳсулоти»нинг сифатсизлигига жавоб бермайди. Менимча, бугун таълимда физик кўчиш йўқ. Бармоқ билан санарли ютуқларимизга лол қолиб юрибмиз, холос. Ҳар йили таълимга миллиардлаб маблағ ажратилади, лекин «пачка-пачка» чаласаводлар билан ҳеч кимнинг иши йўқ. У ҳолда таълимга пул ажратишдан нима маъни?

 

Ҳаётжон АЛИЕВ:

— Барча нарсани устозларга боғлаш нотўғри. Олий таълимда система издан чиққан, таниш-билишчилик юқори. Талаба қизиқадиган нарсани дарсда ўтадими, йўқми, айримларга қизиқмас. Уларга қараб бошқа болалар ҳам ҳаракат қилади. Бизда бир-бирига тақлид, «Сендан қолмайман» кўринишда иш қилиш кучли. Битта аҳмоқ бутун гуруҳни бузади, кейин бошқалар ҳам «Ўқимасдан олса бўларкан-ку», дейди. Талабалар ҳали дарс бошланмасдан домланинг кимлиги, қанақалиги ва ким орқали қанча олишига қизиқади. Ўқишгамас, домлага «канал» излайди. Қизиқишга қараб эмас, соҳадан топиладиган пулга, ўқишнинг обрўсига қараб талабага айланади.

 

«ФАҚАТ ЎҚИТУВЧИНИ АЙБЛАШ НОТЎҒРИ»

Исмини сир тутган эркак ўқитувчи:

— Магистратурани тамомлагач, салкам уч йилдан бери Андижон давлат университетида талабаларга сабоқ бериб келаман. Фаолиятим давомида турли характердаги ҳамкасбларимни кўрдим. Тўғри, улар орасида шахсий манфаатини кўзлаб, касбига доғ туширадиганлари ҳам бор. Бироқ бу баҳсталаб жараёнда фақат ўқитувчиларни айблаш нотўғри. Талабалар вақтида дарсга кирмаган, сессия ёпиш пайтида нимадандир умидвор бўладиган ўқитувчилар билан очиқ гаплашиши, уларга имкониятини тушунтириши, ўз ҳақини талаб қилиши керак. Эртага ОТМни битиргач, бирор жойда ишлаши, ўзгаларга намуна бўлиши борасида бош қотириши ва яхши ўқишга интилиши лозим.

Ўзим ҳам талабалик давримда устозларимиз ортидан қувиб юриб ўқирдим, билмаган, тушунмаганларимни тортинмай сўрардим. Кейин олий ўқув юртларидаги талаба қизларнинг эрта турмушга чиқиб, то бакалаврлик дипломини олгунича бола тарбияси, рўзғор юмушларидан ортмай, дарсларга келмаслиги ҳам салбий ҳолатларни келтириб чиқармоқда. Дадаси ёки турмуш ўртоғи ўқитувчи, гуруҳ сардорларига сим қоқиб, уни яхши ўқиётгандек кўрсатишни илтимос қилишади. ОТМни шу зайлда битирган бўлажак ўқитувчи ўртача 25 йил таълим муассасида ишласа, у ўқитган минглаб ўқувчилар қандай билимга эга бўлишини ўзингиз тасаввур қилаверинг.

 

«ЭНДИ ЎҚИТУВЧИЛАР СЕССИЯДА ҚАТНАШМАЙДИ»

Юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазалари билан танишар чоғимиз келгусида олий таълим даргоҳларида ўқитиш тизимида қандай ислоҳотлар амалга оширилиши кўзда тутилаётганлигини билиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига мурожаат қилдик. Вазирликнинг бошқарма бошлиғи Абдували ХОЛИҚОВ қуйидагиларни сўзлаб берди:

— 2018-2019 ўқув йилида олий таълим муассасаларида ўқув жараёни янгидан такомиллаштирилган меъёрий ҳужжатлар асосида ташкил этилади. Бунда талабалар билимини баҳолашнинг замонавий, шаффоф ва адолатли усуллари жорий этилиб, аввалги 100 баллик тизимдан воз кечилади ва 5 баллик баҳолаш киритилади. Шунингдек, педагогнинг якуний назорат жараёнларидаги иштирокини истисно этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. ОТМларда педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилишда янги тартиб белгиланади. Битирувчи талабалар топширадиган якуний давлат аттестация имтиҳонлари оптималлаштирилиб, асосий эътибор битирув-малакавий ишлари ёхуд мутахассислик фанларидан давлат имтиҳонларига аҳамият қаратиш кучайтирилади. Жорий йилдан бошлаб ўқув жараёнлари иш берувчининг талаб ва таклифлари билан ишлаб чиқиляпти. Амалиёт учун ажратиладиган вақт эса 30 ҳафтагача кўпайтирилди.

Энди кадрга эҳтиёжманд иш берувчи ташкилотлар талабаларга амалиёт даврида керакли шароитлар яратиб бериш мажбурияти ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгилаб қўйилди. ОТМ ва иш берувчи муассаса ўртасида имзоланган шартнома асосида иш берувчи ташкилот талабани шогирдликка олади ва ўқитувчи билан тенгма-тенг талаба билан ишлайди. Талабага устозлик қилган ходим учун 50 фоизлик устама ҳам белгиланади. 

Миролим ИСАЖОНОВ,

журналист

(«Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди)

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here