Уй шароитида арзон ва фойдали «косметолог»

0

Бодринг арзон «косметолог»!

Юзни оқартирувчи бодрингли ва ёгуртли ниқоб. Бунинг учун ўртача катталикдаги бодринг ва 1 чой қошиқ ёгурт керак бўлади. Яримта бодрингни қирғичнинг майда тишидан ўтказиб, устига ёгуртни солиб аралаштирамиз. Тайёр бўлган аралашмани юзимизга суриб 15-20 дақиқага қолдирамиз, сўнг илиқ сувда ювиб ташлаймиз. Бу ниқоб юзни оқартириб, тиниқлаштиради.

Бодрингли лосён. Юзни ювиш учун мўлжалланган турли косметик воситалар ўрнига ушбу сабзавотдан табиий лосён тайёрласангиз ҳам бўлади. Уй шароитида тайёрлаш мумкин бўлган ушбу лосён нафақат табиийлиги, қолаверса, чўнтагингизга оғирлик қилмаслиги билан ҳам дўкондан харид қилинадиган косметикалардан афзалроқ.

Тайёрланиши: тоза идишга майдаланган бодринг пўстлоғини солиб, устидан қайноқ сув қуямиз. Аралашма 6 соат тиндирилгач, ундан фойдалансак бўлади. Ушбу лосён юзни тиниқ, силлиқ бўлишига ёрдам беради. Икки уч муолажадан кейин натижасини сезасиз.

Муаммоли юз учун бодрингли ниқоб.

Унча катта бўлмаган бодрингни тенг ярми, бир томчи бодом ёғи (дорихоналарда сотилади) ва тухум оқи.

Бодрингни блендрда ёки қирғичда майдалаб оламиз, сўнг унга бодом ёғини соламиз. Тухум оқини ажратиб олиб кўпиртирамиз ва уни бодрингли масса билан аралаштирамиз. Тайёр ниқобни кўз атрофига тегинмаган ҳолда тоза, қуруқ юзга бир текис қилиб суртамиз. 15 дақиқадан сўнг совуқ сувда ювамиз.

Сўлғин юзлар учун ниқоб.

Битта бодринг, бир чой қошиқ қаймоқ ёки ёғли сметана ва бир чой қошиқ асал.

Бодрингни қирғичдан ўтказиб, унга сметана ва асални аралаштирамиз. Ниқобни юзимизга суртиб, 15 дақиқадан кейин ювиб ташлаймиз. Ушбу ниқобни 1 ой (камида 20 кун) давомида кун ора такрорласангиз, юз териси сезиларли даражада ёшариб тиниқлашади.

Бодринг ва асалли тоник.

Каттароқ ҳажмдаги бодрингни қирғичдан ёки блендрда майдалаб оласиз ва уни ғалвир-сузгичдан ёки докадан ўтказасиз.Ажралган шарбатни тоза идишга солиб устига икки ош қошиқ асал соласиз ва идиш оғзини маҳкам ёпасиз, сўнг малҳам яхшилаб аралашиши учун идишни 4-5 сония яхшилаб чайқатасиз. (эсда тутинг: бу ҳаракатни ҳар сафар ундан фойдаланишдан олдин такрорлаш керак) ушбу тоник билан юзингизни ҳар куни эрталаб ва кечқурун пахтали тампон билан артинг ва уч тўрт дақиқадан сўнг хона хароратидаги сув билан ювиб ташланг. Тайёр тоникни музлатгичда бир ҳафтадан ортиқ сақлашни маслаҳат бермаймиз.

Агар юзингиз ўта ёғли бўлса…4-5 дона бодрингни майда тўғраб банкачага соласиз ва унинг устидан 40 ёки 30 фоизли спирт қуясиз. Қоришмани яхшилаб аралаштиргач, идишни музлатгичга ёки бирор совуқ, қуёш тушмайдиган жойга 10 кунга олиб қўйиб, шунча кундан кейингина ундан фойдаланишни бошласангиз бўлади. Бу лосён терини ёғ ажралиб чиқишини камайтириб, хуснбузар тошадиган юзларни бир текис, майин қилади.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here