45 ёшли талаба аёл товламачилар гирдобига тушди

0
Узун тумани Маландиён маҳалласида яшовчи 63 ёшдаги нафақахўр Азнур Манчехров 45 ёшдаги аёлнинг талаба бўлганидан фойдаланиб, ундан пул ундирмоқчи бўлади.
Сариосиё тумани Афросиёб маҳалласида яшовчи М.Ашурова (исм-шарифлар ўзгартирилди) жорий йил Тожикистон молия ва иқтисодиёт институти сиртқи бўлими бухгалтерия факультетига шартнома асосида ўқишга қабул қилингач, контракт-шартнома пулининг 50 фоизини тўлаб, талабалар сафига қўшилганидан суюниб юрганида устаси фаранг товламачи гирдобига тушиб қолади. Узун тумани Маландиён маҳалласида яшовчи 63 ёшдаги нафақахўр Азнур Манчехров 45 ёшдаги аёлнинг талаба бўлганидан фойдаланиб, ундан пул ундирмоқчи бўлади. Бу ҳақда М.Ашурова ички ишлар бўлимига мурожаат этиб, ҳуқуқ посбонларидан тегишли ёрдам сўраган.
Жабрланувчининг аризасига кўра, А.Манучехров М.Ашурова билан учрашиб, “шартномаларинг бекор. Агар менга 500 доллар бермасанг танишларим орқали ўқишга кирганлигинг ҳақидаги буйруқни бекор қилдираман. Ўқишга кирган бўлсанг ҳам ҳайдатиб юбораман. Сариосиё ва Узун туманида енгил табиатли аёл сифатида номингни чиқараман”, дея қўрқитиб, пул талаб қилади. Аёл оилавий аҳволи оғирлигини айтгач, товламачи ундан 300 доллар беришини, камига эса аҳлоқсизлик қилишига мажбур қилмоқчи бўлади.
Фуқаронинг мурожаати асосида вилоят ва Узун тумани ички ишлар идораси ходимлари томонидан Денов туманидаги “Фаррух” ошхонаси ҳудудида ўтказилган тадбир чоғида А.Манучехров М.Ашуровадан 300 долларга ҳисоблаб, нақд 2 миллион 400 минг сўм пулни олаётганида ашёвий далиллар билан ушланди.
– Шу куни Термиз туманида товламачиликни касб қилиб олмоқчи бўлган шахслар гуруҳи қўлга олинди, – дейди Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот гуруҳи раҳбари, капитан Ф.Тошбоев. – Жумладан, Термиз шаҳридаги Темир йўлчи маҳалласида яшовчи Лобар Соттиева Термиз тумани Кокилдор ота маҳалласида яшовчи опаси Учгул Қиёмова, шу маҳаллада яшовчи синглиси Зархол Суллаева ва шу маҳаллада яшовчи ишсиз Шокир Алламов ҳамда танишлари – Жарқўрғон тумани Соқчи маҳалласида яшовчи, ишсиз Зарбина Қорабоева, Термиз тумани М.Эштемиров номли маҳаллада яшовчи, ишсиз Ноқобил Суймасовлар билан бир гуруҳ бўлиб, товламачилик йўли билан ўзгалар мол-мулкини қўлга киритишни режалаштиради. Шу мақсадда тунги соат 22.00 да 26 ёшдаги Зархол Суллаева ҳамда 21 ёшдаги Зарбина Қорабоева Афғонистон Ислом Республикасининг икки фуқаросини Учгул Қиёмованинг уйига олиб келиб, жинсий алоқада бўлаётганида Шокир Алламов ва Ноқобил Суймасов хонага кириб, ўзларини ИИБ ЖҚБ ходимлари, деб таништиради. 25 ёшдаги икки афғон фуқаросини Ўзбекистон Республикасидан депорт қилиб чиқариб юборишини айтиб, қўрқитади. Зўрлик ишлатиб, жабрланувчиларни ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўяди. Шу йўл билан уларнинг биридан бир миллион сўмлик “PRIME” русумли уяли телефон аппаратини, бир дона сариқ рангли металдан ясалган 500 минг сўмлик эркаклар узугини, эллик минг сўм миқдордаги пулларини, иккинчисидан икки миллион сўмлик “SAMSUNG A-5” русумли уяли телефон аппаратини, уч юз минг сўм пули ва эллик минг сўмлик эркаклар ҳамёнини товламачилик йўли билан олиб, ўзларини уйдан чиқариб юборади. Кўрилган тезкор чоралар натижасида товламачилар гуруҳи ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Айни пайтда мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Манба: UzA.uz

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here