Адолат туйғуси надур?

1

Инсон яралганки, адолат туйғуси унинг моҳият-мазмунини ифода қилади ва мавжудлигини белгилайди. Адолат инсон учун руҳий қудрат, комиллик манбаи, фаровонлик асоси, яратганнинг олий инояти. Адолат туйғуси инсонни жасоратга, садоқатга, муҳаббатга, эзгу ва улуғ мақсадларга етаклайди. Инсон фақат шу туйғулар билан ор-номус, қадр-қиммат ва шаънини англайди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, адолатнинг қадрият сифатидаги аҳамияти, аввало, инсоннинг ички маънавий олами билан белгиланади. Инсоннинг маънавий олами юксалган сайин адолатга бўлган эҳтиёжи ҳам ортиб боради.

Бир пайтлар бобомиз Ҳусайн Воиз Кошифий адолатга шундай таъриф берган эканлар: “Адолатнинг маъноси халқнинг ҳуқуқий тенглигини таъминлашдир. Адл шундай зийнатдирки, у мамлакатга оройиш беради, бир қуёшки, унинг нури билан зулмат ёруғликка айланади.

Ҳадисда ёзилишича, бир соатлик адолат тарози палласи олтмиш мукаммал ҳаждан оғирроқ экан. Негаки, ҳажнинг натижаси, яъни фойдаси ҳожилардан ўзга кишига бўлмайди, адолат фойдасидан эса катта-ю кичик баҳраманддир. Дин ва давлатнинг ривожи ва шавкати унинг баракатидан барқарор бўлади, мулку миллат асбоби унинг ёрдами билан тўғри бўлади. Адолатнинг савоби чегарасиздир ва ақл қиёсидан ташқаридир”¹.

Дарҳақиқат, адолат – бу инсон учун ижтимоий эҳтиёж ва зарурат. У шу туйғу асосида муносабатлар мувозанатини таъминлайди, тартибга солади, тинчлик ва барқарорлигини кафолатлайди, неъматларини тақсимлайди, мурувват ва саховат кўрсатади, орзу-умидларини рўёбга чиқаради, эркинлик ва озодликдан баҳраманд бўлиб яшайди.

Адолат тушунчаси орият, уят, ор-номус, қадр-қиммат, садоқат ва яна бир қанча шу каби фалсафий қадриятларни қамраб олади. У одамларни турли ғайриахлоқий ҳаракатлардан сақланишига, жамиятни маълум қоидалар асосида бирлашишига ундайдиган маънавий тушунчалардир. Адолат туйғуси инсон руҳиятини поклайди, эътиқодини мустаҳкамлайди, виждонини мунтазам равишда муолажа қилиб боради. Шу маънода аксарият одамлар ҳурматдан, эътирофдан, иззат-икромдан маҳрум бўлишдан, эл-юрт олдида шарманда бўлишдан уяладилар. Уятга қолган киши жамоа олдида изза бўлади. Бундай табиийликнинг мавжудлиги жамият фуқароларини қонун ва тартиботлар асосида яшашга ундайди. Уят одамлар ўртасида ҳурмат, иззат-икром кўрсатиш, бир-бирига нисбатан марҳаматли ва илтифотда бўлиш каби қадриятларни рағбатлантиради.

Аммо демократик қадриятларни фақат қонун кучи билан адолат тамойилларига бўйсундириб бўладими? Тўғри, назарий жиҳатдан қонун адолатнинг мезони, қонунга риоя этиш адолатлилик, адолатсизликни чегаралайди. Амалиётда, бизнингча, қонун ва адолат ўртасида айрим зиддиятлар мавжуд. Масалан, давлат идоралари ва муассасаларига ишга кириш, ижтимоий таъминот имкониятларидан фойдаланиш, шахсий ва хусусий фаолиятларини амалга ошириш, давлат органлари билан муносабатлар қуриш аниқ ҳуқуқий меъёрлар орқали ташкил этилмаса ва у назорат тизимига эга бўлмаса, жамиятда коррупцион ёндашувлар ўсиб чиқаверади. Таниш-билиш, ошна-оғайни ва маълум пора эвазига ишни битириш тенденциялари ортади. Жамиятда юзага келадиган мазкур иллатлар адолатсизликдан келиб чиқадиган қонуниятлар оқибати бўлиб, унга амал қилмаслик давлат бошқарувининг издан чиқишига олиб келиши муқаррарлиги билан хавфли. Агар бундай қонуниятнинг моҳиятини табиат билан қиёсласак, қишда қовун экиб, ҳосил олишга ошиққан деҳқоннинг орзусига ўхшайди.

Адолатсиз қонунлар жамиятни тартибга солиш кучига эга эмас. Ундай қонунлардан одамлар қочади, айланиб ўтиш шароитини ахтаради. Қонун қанчалик қаттиқ, айниқса, маърифатсиз бўлса, ундан қочиш истаги ҳам шунчалик кучли бўлади. Шунинг учун қонунлар мазмунида ахлоқий қадриятлар устувор бўлиши муҳим. Ахлоқдан одамлар уялади. Зеро, инсон ўз виждони ва ички руҳий даъватидан яширина олмайди. Уят инсоннинг соясидек ўзи билан эргашиб юради. Шунинг учун қўрқувга асосланган қонунлар энг ёмон бошқарув. Бошқарув ишонч ва умидга асосланса, у тартибга тушади ва барқарор бўлади. Қонунлар, аввало, инсонпарвар ғоялар асосида ташкил этилиши ва ҳуқуқий муносабатларда ўз ифодасини топиши ҳал қилувчи аҳамият касб қилади. Шу маънода, ахлоқ сиёсат ва ҳуқуқий муносабатлар мувозанатини адолат чорраҳасида туташтириш воситаси бўлиб ҳам хизмат қилади. Масалан, Хитойда тухумни килограммда ўлчаб сотади, бизда доналаб! Хитойликлар доналаб сотишни адолат тамойилларининг бузилиши деб қарайдилар. Уларнинг тасаввурида ҳар бир тухумнинг вазни ҳар хил бўлиши мумкин деган мантиқ бор. Бундай адолат туйғуси бевосита жамиятнинг сиёсий, иқтисодий-ҳуқуқий меъёрлари маърифатини шакллантиради.

Хўш, шундай экан, инсоннинг адолат туйғуси билан давлатнинг ижтимоий адолат тамойиллари ўртасида қандай боғловчи мурват бор? Инсон маънавияти адолатли жамият бошқарувини амалга оширувчи миллатнинг асосий ва бирдан-бир ягона ресурси бўлиб ҳисобланади. Бу ресурсга эга бўлмаслик ёки ундан маҳрум бўлиш адолатли жамият орзусини барбод қилиш билан баробар. Бир пайтлар, ёш тадқиқотчи бўлиб, институтда дарс бериб юрганимда кириш остонасида вахтёр бўлиб ўтирган бир кампирнинг китоб ўқиб ўтиргани доимо менинг диққатимни тортар эди. Китобларининг жилди ҳам ниҳоятда эски, устки муқоваси титилган, баъзи жойлари намдан бўртиб шишган ҳам. Кунлардан бир кун ичим қизиб, ундан: “Нимани ўқияпсиз, онахон?” деб сўрадим. У менга: “Достоевский, “Жиноят ва жазо”, — деб кўрсатди. Кекса одам бундай оғир китобларни ўқиб нима қилар экан, деган фикр билан жилмайиб ўтиб кетдим. Кейинги сафар ўтаётиб, кўрсам, қўлида бошқа китоб. Менинг эътибор берганимни сезди, чоғи: “Ж. Лондон, “Мартен Иден”, деб юзланди. Мен унинг олдига ўтириб: “Онахон, Достоевскийнинг асари сизга қизиқми?” деб сўрадим. У менга: “Жасоратли одамларнинг жасоратли ҳаёт тақдири доимо қизиқ. Улар адолат посбонлари, инсониятни жаҳолатдан сақлайди, эзгуликка етаклайди, қусур ва иллатлардан тозалайди”, – деб қисқа жавоб бериб, жилмайди. Жавобдан қониққан одамдек, мен ҳам унга жилмайиб хайрлашдим.

Соатбай ишлаганим учун ҳар замонда бир замон келар эдим, бу сафар анча чўзилиб кетди. Ўртада кампирнинг навбати бўлмаса керак, кўринмай қолди, деб юрсам, у оламдан кўз юмган экан. 86 ёшли кампирнинг ўлими менга анча пайтгача тинчлик бермади. Инсон шу ёшда ҳам адолат ғояларига ташна, руҳий оламининг эҳтиёжи билан яшаши мумкинми? Достоевскийга бот-бот қилган мурожаатининг сири нимада экан? Назокат билан тўла аёл қалбидаги адолатга бўлган муҳаббатнинг қудрати, илҳом бағишловчи манбаи нимада экан? 86 йиллик умр қувончлари ва аламлари, муҳаббат завқи ва орзулар риёси, хиёнат ва ёлғизлик тиғлари, айрилиқ ва машаққатлар изтироби бу аёл қалбини синдиролмаган бўлса-я? У англаган ҳаёт фалсафасининг озуқа мезони нимада экан? Наҳотки умрининг сўнгги пайтларигача адолат маърифатидан нажот топиб яшаган бўлса! Албатта, бундай жасоратли одамлар турмуш тарзини кўплаб инсонлар ҳаётидан келтириш мумкин. Энг муҳими, бу одамлар адолат туйғуси билан яшаётган қалбнинг соҳиблари. Улар у ёки бу миллатга мансублиги билан ўз давлатчилиги истиқболига хизмат қиладилар. Шу маънода, инсон маънавияти ижтимоий адолатни амалга оширувчи восита. Унинг мазмуни фуқароларнинг адолат туйғулари билан уйғунлашганда жамиятда адолат тамойиллари устуворлиги таъминланади.

Маълумки, шахс, жамият, давлат муносабатлари асосини маънавий ва моддий манфаатлар алоқадорлиги белгилайди. Лекин манфаатларнинг чегараси бўлмаганидек, унинг мувозанатини ҳам таъминлаш ниҳоятда мураккаб. Жамиятда ижтимоий келишувлар эҳтиёжлар ва имкониятлар даражасини белгиловчи, аниқловчи, тақсимловчи, назорат қилувчи ҳуқуқий тизимлар орқали мувозанатга келади. Зеро, жамиятда эҳтиёжлар доимо мавжуд бўлади, лекин улар имкониятли ва имкониятсиз фуқаролар ўртасида қандай тақсимланган, адолат тамойиллари қонун билан кафолатланганми? Бундай ёндашув яхшини ёмондан, ҳалолни ҳаромдан, фидойини лўттибоздан, интизомлини интизомсиздан, инсофлини инсофсиздан, эзгуликни ёвузликдан фарқлаш имкониятини яратади. Яъни фуқароларда ҳар кимга хизматига яраша; ҳар кимга унинг куч ва қобилиятларини оширишига яраша; ҳар кимга истеъдодига яраша; ҳар кимга унинг ижтимоий фойдали меҳнати даражасига яраша неъматлардан баҳраманд бўлишнинг ошкора механизмлари – тест, синов, танлов, сайлов, тоифалаш, дифференциялаш ва шу каби ҳуқуқий восита-мурватлар орқали ташкил этилмаса, жамиятда адолат таъминланмайди. Боз устига, бошқарувнинг барча соҳаларининг бир маромда ишлашини ташкил этиш бу катта илмий ёндашувлар маданияти билан боғлиқ жараён. Шу маданият ва тажрибага эга бўлмаган ҳокимият ва унинг элитаси ўз-ўзидан адолатсизлик сиртмоғига тушаверади. Шу тариқа жамиятда адолатни қарор топтириш “тоға-жиян қариндош”ларнинг хоҳиш-истакларидан фарқли ўлароқ манфаатлар муштараклигига қурилган ва илмий ишлаб чиқилган самарали бошқарув таълимотини талаб қилади.

“Ҳар бир миллатнинг тараққий ва таолийси, давлат ва ҳукуматларнинг узун яшамоғи адолатга боғлидур. Адолатдан айрилган подшоҳларнинг давлатлари йўқ бўлуб, тарих саҳифаларида фақат исмлари қолганлиги ҳаммага билгулидур”,² деб огоҳлантиради бобомиз Абдулла Авлоний. Кўриб турганимиздек, адолат ва адолатсизлик масалалари халқнинг адолат руҳияти тарбияти билан боғлиқ ҳодиса. Ундан чиқди, бирдан-бир йўл миллатнинг ўтмиш тарихи, маданияти, давлатчилик мероси ва ўзлигини англаш орқали жамиятда адолат тамойиллари ва унинг истиқболлари қарор топади. Муаммонинг долзарблиги, айниқса, мустамлакачилик ва бирваракай тоталитар бошқарув асоратида бўлган халқларда анча оғир кечишига гувоҳ бўлиб турибмиз. Зиддиятлар шундан иборатки, у, биринчидан, тобелик, мутелик ва боқимандалик кайфияти билан йиллар давомида фуқароларда сингдирилган қўрқув эркинлик, ташаббус, бурч, масъулият каби ахлоқий қадриятларни бирдек тасаввур қилиш, англаш борасида кемтиклик мавжудлигини билдиради.

Бугун ўзбек миллати янги бир маданий муносабатларни ҳазм қилиш остонасида турибди. Жамиятда бозор иқтисоди ва демократик тамойилларни миллий қадриятлар асосида унинг ҳуқуқий маконини яратиш имкониятлари кенгайиб бормоқда. Аслида, соғлом, рақобатли ва ҳалол ижтимоий ишлаб чиқариш мурватларини ташкил этиш орқали миллатнинг ижтимоий адолат туйғулари шаклланиб боради.

Давлат ва жамият бошқарувида ижтимоий адолатнинг институционал тартиботларда ташкил этилиши жамиятда иллат ва зиддиятларнинг илдиз отиш имкониятларини чеклайди. Шунга кўра, жамиятнинг ижтимоий адолат асослари тарғиботчилар ваъзида ўқиладиган маъруза эмас, балки ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан белгиланган ва амал қилиниши лозим бўлган тартиботлар мажмуасидир. Одамлар шу тартиботларга амал қилиш орқали ўз манфаатларини кўрадилар. Манфаатлар уйғунлигини таъминловчи омил ахлоқий қадриятлар эканлигига амин бўлади. Бундай ижтимоий муносабатлар инсоннинг адолатга бўлган туйғусини ўстиради, ўз ҳаёти ва ватан истиқболи йўлидаги ишончини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Тўлқин Алимардонов

¹ Ҳусайин Воиз Кошифий. Ахлоқий муҳсиний. Т.: “Ўзбекистон”. 2010. 47 Б.

² А.Авлоний. Т: Танланган асарлар. 2-жилд. “Маънавият”, 2006. 69 бет.

1 ТА ФИКР

  1. Ҳурматли Тўлқин Алимардонов, халқпарварлигингиз, ҳар куни ҳар ким ўйлаши лозим бўлган фикрларингиз учун ва буни яна бир бор эслатганингиз учун катта рахмат. Ишларингизга ривожлар тилайман.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here