Балғам кўчишини енгиллаштирувчи 9 хил усул!

0

Шу кунларда шамоллаш ва грипп билан оғриганлар кўп. Тумов, айниқса, изтиробли йўтал кўпчиликни ташвишга қўяди. Ахир кези келганида энг қиммат дори воситаси ҳам дардни енгиллаштира олмаслиги мумкин. Хўш, бундай пайтда маъқул чора ним? Қуйида сизни балғам ажралишини енгиллаштирувчи усуллар билан таништирамиз.

Мутахассис – Санобар ХОЛМИРЗАЕВА шифокор – терапевт.

Ширинмия дамламаси

Бу ўсимлик халқ табобатида қуруқ йўтал, ютинганда томоқда оғриқ бўлиши, ўткир ва сурункали тонзиллитга даво ҳисобланади. Ширинмия ўсимлигининг балғам кўчирувчи хусусияти ҳам бор.

10 г. ширинмия ўсимлигининг илдиз томирини 200 мл. қайноқ сувда дамлаб, 20 дақиқа буғли ваннада ушлаб турасиз. Сўнг 1-2 соат давомида дамлама тиндирилади. Докадан ўтказилган дамлама 1 ош қошиқдан, кунига 4-5 маҳал қабул қилинса, балғам ажралиши енгиллашади.

Райҳонли чой

Ярим литрли чойнакка 1 ош қошиқ миқдорида қора ёки кўк чой, 7-10 дона райҳон (қуритилгани бўлса ярим чой қошиқда) барги солиниб, устидан қайноқ сув қуйилади. 5 дақиқа тиндирилгач, чойни ичиш мумкин. Райҳонли чой балғам ажралишини осонлаштириши билан бирга, оғиз бўшлиғи бактериялари билан ҳам курашади.

Арпабодиён мойи

Арпабодиён нафас йўллари касалликларини даволашда кенг қўлланилади. Унинг меваси таркибидаги анетол моддаси, бронхлар шиллиқ қаватини рағбатлантиради ва нафас аъзолари функциясини кучайтиради. Арпабодиён мойи лорингит, трахеитда буюрилади. У балғам кўчишини осонлаштиради. Бронхитда 1 ош қошиқ илиқ сувга 2-3 томчи арпабодиён мойини томизилиб, ҳар 4-5 соатда ичиб турилиши лозим.

Туятовон ҳақида эшитганмисиз?

Мазкур ўсимлик баргида гликозид (органик бирикма) мавжуд. У нафас йўлларига ижобий таъсир кўрсатади. Халқ табобатида туятовон яллиғланишга қарши балғам кўчирувчи восита сифатида ишлатилади. Дамламани тайёрлаш учун 5 г. қуритилган туятовон барги олинади ва устидан бир стакан қайноқ сув қуйилади. 15 дақиқа тиндирилгач, докадан ўтказиб олиш мумкин. Дамлама кунига 4 маҳал, бир ош қошиқ ичиб турилади.

Беҳи уруғи

Беҳи уруғи, шираси билан бирга ярим стакан сувга солинади ва ўрта оловда қайнатилади. Қайнатма елимдек ёпишқоқ кўринишга келгунига қадар оловда ушланади. Тайёр қайнатмани 1 чой қошиқдан, кун давомида 4-5 маҳал қабул қилиш, балғам ажралишини енгиллаштиради, нафас йўллари спазмдан халос қилади.

Баргизуб шифо!

1 ош қошиқ миқдоридаги баргизуб ўсимлигни 1 стакан қайноқ сувда дамлаб, 15 дақиқа тиндириб қўясиз. Сўнг докадан ўтказиб олиб, кунига 2-3 маҳал 2 ош қошиқдан қабул қилиш мумкин.

Анжир қоқи ейсизми?

Абу Али ибн Сино балғам кўчишини осонлаштириш учун анжир мевасини ейишни, йўтални қолдиришда эса уни сутда қайнатиб ичишни айтиб ўтган.

Қиш кунларида анжир қоқсидан фойдаланиб, йўтални енгиллаштирувчи қайнатма тайёрлаш мумкин. Бунинг учун 100 г. анжир қоқсига 2 стакан сутни қуйиб, паст оловда 15 дақиқа қайнатасиз. Қайнатма 40 дақиқа тиндирилади. Қоқли қайнатмаярим стакандан, кунига 2-3 маҳал, овқатланишдан олдин ичилади.

Алоэ шарбати

Лимон ва алоэ шарбатига асални аралаштириб ичиш, кучли шамоллашга даводир. Шифобахш аралашмани тайёрлашда тенг миқдорда асал, брусника меваси, лимон ва алоэ шарбати керак бўлади. Масаллиқлар сирли идишга солиниб, 6-8 соат давомида тиндириб қўйилади. Аралашма тайёр бўлгач, кунига 3-4 маҳал, 1 ош қошиқдан қабул қилинади.

Мармарак – шамоллашдан халос этади!

Энг яхши балғам кўчирувчи восита бу – мармаракдир. Томоқ оғриши энди – энди бошланаётганида мармарак ўсимлигидан дамлама тайёрланиб ичилса, инфекциялар хужуми камаяди. Безовталик пайтида мунтазам қабул қилинса, балғам «пишади» ва осон ажралади.

Salomatlik Sirlari

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here