«Бозор дунё» ёхуд эрини ўзгага никоҳлатган аёл изтироби (10-қисм)

0

Жабҳар ака, ўзингизми? Овозингиз сал бошкачароқ. Ўраниб, дори-пори қилинг. Ҳожи ака, илтимос, ҳозир Тошкент билан гаплашдим, бир вагон эмас, уч вагон келяпти, — Мансур ёлғон сўзлади. — Ҳа, келишган экан. Тўғри, овора бўлишди-ю, мен ҳам ётиб қолиб, денг. Ҳа, ҳа,.. тўғрилаймиз. Албатта, эртага бўлади. Ака! Эртага эллик миллион ўтказиб туринг. Наманганникини ҳам олаверасиз… Сизда ҳам чатоқми? Ановини каранг… Ўчакишади-да… Майли, ака, саломат бўлинг.

Мансур гўшакни қўйди. «Ҳозир ҳеч ким пул бермайди. Ҳамма сўрайди, холос. Пулга ўзи нима бўляпти? Банкларда пул йўқ. Одамлар, ташкилотларда пул йўқ. Топилади. Мансур топади. Нима бўпти, эллик миллион пул. Нақд тўлаб қўйса ҳам салласи сурилиб қолмайди. Фақат уйдаги пулни бериб юбориш… Бўлмаса хазинаси камайиб қолмайди-я… Ёғ-мой комбинатига директор бўлибдики, бир ҳовликдди-ей… Аблаҳ, ҳисобчи ҳам келмади, у келмайди…»

Кеч кирмоқда. Уйда нима гап экан? Кетиб юборса-я, анови? Йўқ, мумкин эмас. Ҳозир Мансур усиз ҳеч чидамайди. Аввало кетмасин, кетса ернинг тагидан бўлса ҳам топиб келади. Тўпориликка тўпори, лекин, бунакаси ер юзида йўқ. Ўз оёғи билан келиб қолди. Худонинг инояти. У йўқолса, Мансур учун дунё қоронғи бўлади. Ҳозир Мансурнинг юраги ҳовлиқа бошлади. Бориши керак. Яна кетиб қолмасин, тағин. Унинг устига хафа қилиб чиқиб келган эди. Тез бориш керак. Акт имзоланмаган. Улгуради. Эртага бир ёқлик қилади. Улар кутишади. Дадаси… яна акаси ҳам телефон қилди… Ҳеч нарса қилмайди. Ишхона нотинч, вассалом.

У кабинетни тарк этди. Котиба ҳам кетибди, қоровул ўтирибди. Машинасига ўтирди. Автозаправкадан хабар олиб ўтади. Бензин ҳам қуйиб олиш керак. Заправка берк, чироқлар ўчиқ. Демак, бензин йўқ. У билан эртага шуғулланади. Сал юриб тўхтаса, бензин бор, кўлдан қуйиб олади.

—  Йигирмата, — деди у югуриб келган болага. Бола бензинни қуйди.

—  Қанча?

—  Ўн минг.

Мансур ўн минг узатди, сўнг уйига шошилди, у етиб келганда қоронғи тушиб қолган эди. Машинадан тез тушиб дарвоза қанотларини очди, улар қандай ҳолда ёпиб кетган бўлса, шундай турарди. Ҳовлига кира солиб уйга, Каниза бор хонага қаради. Хайрият, чироқ ёниқ турибди, шу ерда экан. Очиқ турган гаражга машинани киритди. Эшикни беркитиб, ичкари шошилди. Меҳмонхонага кирди-ю, дарҳол кўнгли тинчиди. Каниза китоб ўқиб ўтирар эди.

—  Мана бу яхши, — деди Канизага, нима дейишини билмасдан, — сиз ўқишингиз керак. Шунда — ҳам фойда, ҳам зерикмайсиз.

—   Ўнта китобингиздан аямнинг битта ҳикояси афзал, — кулиб жавоб қилди Каниза, — сиз у ҳангомаларни эшитмагансиз.

—  Шундайми? — Мансур ечина бошлади.

Каниза шартта туриб келиб унга ёрдамлашди. Мансур миннатдор бўлди. Бирдан икковлон гўё узоқ вақт кўришмаган севишганлардай бир-бирига ёпишди, ич-ичларидан ийиб кетишди.

—   Мансур ака, мени кечирасиз-а? — биринчи бўлиб узр айтди Каниза. — Айтдим-ку, мен… — унинг лабларидан сўзлар чиқа олмай қолди, ўтли бўсалар тўсиб кўйди.

—   Мен мағрур аёлни жуда яхши кўраман, — деди Мансур, аслида тескарисини айтмоқчи эди.

Каниза бу гапни умуман тушунмади.

—  Чой қилайми? — деди у.

—  Бундай нарса сўралмайди, азизам.

—  Мен ҳозир, — дея Мансурнинг бағридан сирғалиб чиқди ва ошхонага шошилди.

Мансур унга интилди-ю, бироқ тек қўйди. Ҳозир келади-ю, туни билан бирга…

Яхши, ҳаммаси жойида. Ҳозир кетиб қолганда борми, Мансур нақ ўлиб қоларди. Шу пайт ич-ичидан ғимираб келаётган ўйни кўришга кўзи, отишга ўқи йўқ эди: Дадаси, акаси… Нозима… Шулар ҳозирча жонланмай турса қани эди?

У стенкадан коньяк олди. Очди-ю, дастурхонга олиб келди, очиб пиёлага қуйди. Илгари ичар эди, ҳожи бўлгандан кейин ташлади. Ҳозир ичкиси келди. «Бор-е!» деди ва ичиб юборди. Коньяк ичини жизиллатар экан, узумдан бир дона чайнади. Канизага талпинди. Ошхона эшигидан кирар-кирмас Каниза:

—   Мансур ака, мана бу товуқларни кандай иситаман? — дея сўради.

—  Ҳозир, — деди Мансур ва унинг сочларига юзини ишқалади. — Ҳозир жоним, бунинг мана бундай йўли бор, — ошхона бурчагида турган электр гриллни стол тепасига олди. — Бу ёққа олинг товуқларни. Мана, кўриб олинг. Мундоқ қўйилади, буниси бу ерга, униси мана бундоқ.

Каниза бундай печкани биринчи кўриши эди, ҳайрон тикилди. Мансур печнинг ойнали эшикчасини ёпиб, тугмачасини босиши билан ичи қизғиш ёнди.

—   Қизигандан кейин гўштни ўзи айлантиради, — тушунтирди Мансур, — энди аяжониси, югуринг, дастурхондаги коньякни олиб чиқинг.

—  А? Ичасизми? Сиз ҳам-а? — ўпкалади Каниза ва: — Ичган эркакни яхши кўраман, — деди, Мансурнинг елкасига бош қўйиб, сўнг кетди.

—   Сиз ҳам озгина ичасиз, — деди Мансур ортидан, шу пайт фарзанд эсига тушди-ю, юраги шув этди.

VIII

Наби Мусаевич Мансурга икки марта телефон қилди. Ишхонада йўқ, дейишди. Қўлидаги телефон ўчиқ. Уйида гўшакни ҳеч ким олмайди. Ишхонасига эрталаб келиб, чиқиб кетибди. Демак, кўришгиси йўқ. Нима гап бўлишини сезиб юрибди. Зокир эса пахта мавсуми, районда. Уни ҳам топиб бўлмайди. Бола ҳам катта бўлган-дан кейин, отани айтгани бўлавермас экан-да. Ўтган ҳафта Зокирни атайлаб топди. Уканг билан гаплашгин, деди. Менга иккаланг бир учрашгин, деди. Иккаласи ҳам йўқ. Ота деган хафа бўлади хам дейишмайди. Мансурку, қилғиликни қилиб қочиб юрибди. Каттасига нима бўлган, ахир? Ишинг қуриб кетгур, ярим соатгина вақт ажратса, олам гулистон. Унинг укаси билан, дадаси билан нима иши бор? Тагида давлатнинг машинаси, ғир этиб келиб кетса бўлмайдими? Мана, ўзиники эмас, Нозима, ҳар куни уч маҳал келади. Ўзингникиларни аҳволи шу. Тинчлик бўлса-ку, гўрга, юравермайдими ишига тиқилиб. Бу, Мансур деган беақл, тентак бир ботқоққа ботса, кейин билади, ўша ака деган, талашиб тушган жигар. Жигар дегани мундоқ бўлмайди, ахир.

Бунақа пайтларда эзилиб кетаркан, уйда ўтирган одам. Нозиманинг ранги рўйини кўриб, Мансурни нима қилса бўлади, дея боши қотади. Шартта уйга борай деса, аччиқ ўлгур, зўрға туради, анов босқинчи «нахалка»нинг олдида бирон кори ҳол қилиб қўядими? Агар шу бугун у зумрашаларни топиб гаплашмас экан, исмини бошка қўяди. Бу нима деган иш бўлди?

Наби Мусаевич бўғилар, телефонга ёпишар, ҳеч иш чиқара олмас эди. Олти кундан буён Мансур деган тентакни сира топиб бўлмайди. У яна иккала ўғлига телефон қилди. Иккиси ҳам бирдек йўқ. Ташқари чиқди, ичкари кирди, кунни кеч қилди. Ҳали замон Нозима бечора яна келади. Бир тишламгина бўлиб қолибди. Қийин. Бу болаям ўзи ғирт нодон экан. Бировга ишониб бўларканми ҳаётда? Ҳамма бўйнидан боғлангани учун тўғри юради.

Бу лақма эрини қўйнига ўз қўли билан қаёқдаги суюқоёқ бир ойимтиллани солиб қўйиб, тил тишлаб ўтирибди. У биз эдик, ватан, халқ иши, деган, ишдан бошқани ўйламаган. Одам бўламан деб, биронта қизга қайрилиб қарамадик. Булар кўзи ўйнаб, хотинини алдасам деб туради. Бу келиннинг қилган қилиғига нима дейишингни ҳам билмайсан. «Мансур акамга ишонаман» эмиш-а? Кўз ёши икки пақир бўлиб, шўрига кул торта олмай ўтирибди энди. Вой, шўринг қурғур-эй! Ўз ихтиёри билан кўчада қолган бебош-эй!

Телефон жиринглади. Наби Мусаевич шошилиб гўшакни олди: Мансур.

—  Мансур, — деди у. — Мансур, аммо-лекин… Менга қара… Йиғиштир ишпишингни. Ўзим борганимдан кейин… Нечада? Қимирламай кутиб ўтираман, — у гўшакни қўйди, қалтираётган қўли билан бошини ушлаб стулга ўтириб қолди.

Ташқарида овоз. Кучукнинг «винг» дегани эшитилди. Нозима кириб келди.

—  Овқат олиб келдим, — деди у коридорда.

—  Ҳозир, — деди Наби Мусаевич. — Менга қаранг, овқатни одам ўлмаслик учун ейди. Овқатни қўйинг, ичкари киринг.

Нозима кирди.

—  Ўтиринг. Сиз ҳали ҳам фикрингизда турибсизми? — Наби Мусаевичнинг овозида қалтироқ ва қатъийлик бор эди.

Аёл индамади.

—  Менга қаранг, ёш бола эмассиз…

Нозима бошини қуйи солинтирганча яна сукут қилди.

—  Қизим, — сал юмшади кайнота, — нима қиламиз энди? Аммо-лекин, мен — менман, иккалангизни ҳам дилингизни хуфтон қилиб қўяман. Кундош билан ўтиришга розимисиз?

—  Менга ҳеч нарса керак эмас.

Наби Мусаевич ўрнидан туриб кетди. Хонада у ён-бу ён юра бошлади.

—  Қанақа одамсиз, сизни ҳеч тушуниб бўлмайди, — деди у яна асабийлашиб. — Ҳой, Нозимахон, сизга неча марта айтдим, боринг, уйингизга боринг, деб. Нима қиласиз, у аҳмоққа ўчакишиб? Мансур хомкалла бўлса, сизда заррача ақл бордир, ахир, хом сут эмган банда?

—   Дада, мен ҳаммасини ўйлаб кўрдим, — қандай ўтирган бўлса, шундай ҳолда жавоб қилди Нозима.

—  Нимани? Нимани ўйлаб кўрдингиз?

—   Менга энди, ҳеч нарса керак эмас. Шу ишни қилдимми, энди фойдаси йўқ… Лоақал… — Нозиманинг бўғзига йиғи тиқилди, — тўққиз кунда бир марта…

—  Буни кеча ҳам гаплашдик, у аҳмоқ бўлса, қўйинг-е, сизга нима бўлган?

—   Нима деб борай? Кечиринг, адашибман дебми? Дада, илтимос, ўзингизни ҳам, мени ҳам қийнаманг!

—  Шошманг. Мансур бешдан кейин келади. Нозима бехос ўрнидан туриб кетди.

—   Мен кетаман, дада… — йиғлади у, — бу ерда турсам бўлмайди.

Наби Мусаевич кўп нарсани тушунди: ғишт қолипдан кўчган.

—  Майли, сиз Зебоникига бориб туринг.

—   Барибир бормайман…

—   Унисини кейин ҳал қиламиз. Борсангиз ҳам мен билан борасиз.

Нозима тез кийиниб, ташқарига йўл олди. Наби Мусаевич  ортидан:

—  Қизим, бир минут, — деди, — мен аввал масалани ҳал қилиб оламан. Бир нарсани унутманг: Мансур сиздан кечса, ҳаммамиздан айрилади. Ҳа, айрилади. Сизни ҳеч қачон келиним, демаганман, қизим деганман. Шуни унутманг.

Нозима чиқиб кетди. Наби Мусаевич бошини чангаллаганча ўтириб қолди. У Мансурни узоқ кутди. Бир ётиб, бир турди, юрди, ўтирди, ташқари чиқди, кирди. Мансур  билан  кечадиган  гапларга тайёргарлик  кўрди.

Ўзи савол қўйиб, ўзи жавоб қайтарди. Неча бор жаҳли чиқиб бақириб ҳам берди. Мансурдан эса дарак йўқ. «Ҳаҳ, баттол, ҳаҳ нонкўр…»

Охири Мансур келди. Соат еттидан ўтган бўлса-да, кўринишидан хотиржам эди.

—  Ассалому алайкум, дада.

—  Салом. Қаёкдан келаяпсан?

—  Ишдан.

—  Ишга боряпсанми?

—  Боряпман. Ревизия бор. Ҳозир шароит оғир.

—  Телефонларга нима бўлган?

—   Ҳеч нарса.

—  Акангни кўрдингми?

—  Телефон қилган эди.

—  Қачон?

—  Эсимда йўқ.

—  Мен эсингда борми?

—  Дада…

—  Тўхта, сендан сўраяпман?

Мансур кўзини олиб қоча бошлади, чуқур нафас олди.

—  Дада, мени ишимга аралашманглар.

—  Нима?!

—  Шу. Мен ёш бола эмасман.

—  Шундайми?

—   Уйланган бўлсам, болани деб уйландим, мен, мен ҳам одамман, эркакман, болам бўлишини хоҳлайман…

Наби Мусаевич ўғлидан бундай қатъиятни кутмаган эди, бироз довдиради, билдирмаслик учун гапирмай сукут қилди. Мансурнинг елкасидан боши осилиб, деярли оёқлари орасига тушиб қолди. Ўша ҳолда гапира бошлади:

—  Кўчада санғи хотинларни қувиб юрганим йўқ. Бировнинг қизини йўлдан урмадим. Уйландим. Уйланганда ҳам Нозима топган одамга уйландим. У кўчада қолган аёл эмас. Ҳаром-хариш эмас, никоҳлаб уйландим. Хотинимдан яшириб ёки зўрма-зўраки эмас. Келинингизнинг гапи билан, қулоқ-миямни ейвергандан кейин уйландим…

Наби Мусаевичнинг кўнглига «мендан кўра бу тайёргарликни зўрроқ кўрган, шекилли», деган гап келди, ҳали арсеналда енгилмайдиган имконият бор, қайта ҳужумга тайёрланиб, индамай тураверди. Мансур анча сукутдан сўнг:

—   Нозима бўлса ўзимники, уни хор қилмайман. Аввал наригини кўриб-билиб, йўлимга юргизиб, пасту-баландни ўрганиб, иккови билан ҳам яшайман… Келмадим, ундан хабар олмадим…. — у тўхтаб-тўхтаб гапини гўё тарозуга солгандай сўзларди. — Кечирим сўрайдиган мен, Нозимадан ташвишим йўқ, у қачон бўлса йўлимга юради. Ҳозир хафа, биламан. Унга қийин. Аммо менга-чи?

Наби Мусаевич Мансурга қараб тураверди. Майли, гапириб олсин. Орада бир «уфф» тортди, аммо ғиринг демади.

—   Бу ёқда иш орқага кетган, тўйиб кетдим ўзи… — тўхталиб давом этди Мансур. — Билдим, сиз чақиряпсиз, биламан, менга куясиз, тўғри иш қилсин, дейсиз. Сўкишингизни ҳам биламан. У ёқни ҳал қилмай унга ҳам, сизга ҳам нима дейман?

Наби Мусаевич билдики, ўғли кўп нарсага бенишон урди, аммо у битта гапни четлаб ўтди, энди шу масалани ўртага ташлаш фурсати етди:

—   Бировни қизини йўлдан урмагандурсан, тўғри айтасан, бироқ бировнинг хотинини, икки гўдаги бор аёлни ажратиб, хотин қилиб олаверасанми? Бу — бир, — «бир»га урғу берди Наби Мусаевич. — Иккинчи, хотининг билан «дагавор» нима эди?

Мансур миқ этмади, Наби Мусаевич «гирибонингдан тутдимми» дегандай жонланди ва авж пардаларига кўтарила борди:

—  Ҳожи бўлатуриб, бировнинг жуфти ҳалолини, янада норасида болаларини юм йиғлатиб… Айтчи, қайси динда бор бу? Насронийдами ёки буддизмдами? Менга қара, бола… Бу йўлингдан қайт?! Сенинг тепадаги нутқингга уч ҳам қўйиб бўлмайди. Беъмани гаплар бариси… эсинг борида этагингни ёп. Эртага шарманда-ю шармисор бўласан!

Наби Мусаевичнинг назарида кураги ерга теккан полвоннинг гапи шу бўлди:

—  Ажрашади…

Наби Мусаевич энди тамоман йиқитиш, мажақлаш усулига — бепарда гапларга ўтди:

—  Ҳой, бола, ақлингни йиғ. Бўлар иш бўлди, туғса, туғиб берсин, аммо ҳалол тўшагингни ҳаром қилма. Бўпти, никоҳдан туғилар экан, ол ўша болани, боқ, тарбия қил, Худонинг айтгани бўлади, ўссин, вафо қилсин. Шуни билиб қўйки, биядан тулпор, эшакдан ҳўтик туғилади. Буни ҳам айтиб қўяй. Мени нима десанг, де.

—   Ҳозирдан шундай нафас қиласиз? — отасининг охирги жумласидан фойдаланиб муттаҳамликка ўтди Мансур. — Сиз шундай деганингиздан кейин… — у деярли қичқирарди. — Ҳамманглар нима десанглар, дейверинглар, иккиси билан ҳам яшайман. Чидашса шу, чидашмаса, ана катта кўча!

—   Тўхта, муттаҳамчилик қилма! — Наби Мусаевич охирги жумла билан ўзига ҳужумни кучайтирганини билди, энди гапни айлантиришга мажбур бўлди: — Мен тирикман-а, отангман-а? Шуни тан оласан-а? Мени ўлдирсанг ўлдир, аммо онангни руҳини чирқиллатма!

—  Нега, нега энди? — титрай бошлади Мансур. Наби  Мусаевич  чўққини  эгаллади,   энди  мақсадли режасига ўтишнинг қулай фурсати келди. У овозига йиғлоқи тус берди:

—  Онанг Нозимани қизим, деган эди. Синглинг эмас, шу тозалаган эди тувагини. Дунёда қадр деган, вафо деган гаплар бор. Биров учун жонидан кечганлар бор. Ҳайдаб бўладими, шундай бечорани?

Наби Мусаевич бундай қараса, Мансурда синиш, унинг йўриғига йўрғалаш сезилмаяпти. У охирги «ҳужумни»ни амалга оширишга киришди, овозига янада бошқа-ча тус берди:

—   Пул билан ҳамма нарсани ҳал этиб бўлмайди. Шундай деб ўйласанг, катта хато қиласан. Ўша қирчанғи ҳам пул деб келган. Албатта, у буни билдирмайди, минг хил товланади. Аёл зоти эркакнинг бурнидан ип ўтказиб ўйнаган ва бундан кейин ҳам ўйнайди. Эшшак қилиб минади. Қани, пулинг бўлмасин-чи, ўша байтал эри, бола-чақасини ташлаб, келиб сенга илиқармиди? Айтиб қўяй, хотин ҳам, пул ҳам ҳеч кимга вафо қилган эмас. Дунё тузилибдики, эркак деган зот шу иккиси билан юзлашиб, олишиб келади. Ютган эмас, ютқазган. Ҳар иккиси ҳам одамни фақат ўлимга маҳкум этади. Уларнинг тузоғига илинган одамга энг яқини «кўзингни оч» деганда ҳам, кўр кўз юмуқ бўлади.

«Ўша қирчанғига тўққиз кун бўлди, бир сўм пул ҳақида гапирган йўқ, — кўнглидан ўтказди Мансур, — ҳозир бу гапни профессорга қўйиб берса, дунё тарихи бошқатдан бошланади. Қолаверса, унга гап қайтариш ҳам денгизнинг сувини тўсиш билан баробар».

Тилаволди Жўраев