«Бозор дунё» ёхуд эрини ўзгага никоҳлатган аёл изтироби (9-қисм)

6

Энди қарори қатъий, бу хилқат фақат ўзиники бўлиши керак. Уни ҳеч кимга тортиқ эта олмайди. Бас, шундай экан, уни аста-секинлик билан ўз йўриғига солмоғи лозим. Гаплашиб олишди, энди Канйза эрига чек қўяди. Мансурни қийнаётган, азоблаётган нарса, ҳозирча номаълум эсада, Каниза, кеча кечқурун гапдан англашилдики, кундошликни кўтара олмайди. Икки хотинлик масаласи ёпиқ. Унда Нозимани нима қилиш керак? У билан кечирган ўн уч йил умрини роса икир-чикири билан ҳисоб-китоб қилганида ҳам, унинг тошини оғир қўйганда ҳам, ҳаммаси бир нарсага келиб тақалади. У ҳам инсон, уй солишда пулни Мансур топган эсада, унинг ҳам улуши бор, у ҳам қатнашган, ахир Мансурнинг кирини ювди, овқатини пиширди, дадасига меҳри-бонлик кўргизди, яна нима қилсин? Хўш, бошқа нима қилди? Бизнесда бир тийинлик рол ўйнаган йўқ. Ҳалигача Мансур на тўй кўрди, на бошқа. Тўғри, ақлли, эсли-ҳушли хотин. Хўш, нима бўпти? Бир кунини кўради. Етимча, на отаси, на онаси борлиги ҳисобга олинса, бечора деб қаралса, Мансур кўнгли хоҳлаган нарсасини қилиб беришга тайёр. Молу амлок етарли, керагидан ортиқча. Бир қисмини берганда ҳам тирноқсиз бева аёлнинг туваги тилло бўлади. Масала уни кўндиришда холос. У кўнадиган хотин…

Энди, отаси ўжарликка ўжар, билимдонликка билимдон, қайсарликка қайсар. Хўш, нима қилибди? Мансур одам эмасми? Ёки ҳали ҳам гўдакми? У тенгилар ўғил уйлашди, олди невара кўрди. Унга орзу-ҳавас чекланганми? Ҳар бир ишига аралашавериш инсофданми? Нима, Мансурнинг калласи йўқми? Шунча пул топган мияси айниб қолмагандир? Дадаси ҳам ўйлар?

Бўшаган чойнакни кўтариб, у ташқари юрди. Чойни дамлаб қайтарди. Чой яхшироқ чиқсин учун чойнакни газга яқинроқ қўйди. «Меҳмонхонага электр чойнакни олиб кириб қўйса бўларкан». .

Хўш, акам-чи? Тўғри, акасини ҳамма ҳурмат қилади. Ҳокимиятда ишлагани учун унинг гапи кесади. Мансур-нинг бизнеси ҳам ўша билан. У бўлмаганда қатор-қатор магазинлар шундайгина ўзиники бўлиб қолмаган бўлар эди. Рухсат ва лицензиялар ўзи олинмасди. Банклар қулоқ солмасди. Автозаправканинг жойи Мансурга тег-масди. Анча-мунча қарға-қузғунлардан, таъмагирлардан сақлаб туради. Мансурга ҳимоя, таянч. Мундоқ ўйлаб қараганда, Мансурнинг ҳаётида унинг ўрни бор, бироқ унинг оила ишларига бурун суқушга ҳаққи борми? Акаси учун бизнес ўлмаса, Мансур банкрот бўлмаса етиши керак. Мансур эл қатори бола кўрмоқчи, орзу-ҳавас кўрмоқчи, тўй қилмоқчи, нимаси ёмон? Қимор ўйнагани йўқ, унга ўхшаб ўйнаш тутгани йўқ, ичкиликбозлик қилаётгани йўқ, қонуний иккинчи хотинга уйланмоқчи. Бунинг нимаси ёмон?

Синглиси, у — синглиси. У аралашмайди. Мансур у билан ҳисоблашмайди.

—   Чой бўлиб кетдингизми? — деди Каниза ҳамон товуқ гўштини узиб-узиб еркан.

—   Азизам, — деди Мансур, — гап гапириш таомилини озгина ўзгартирамиз…

—   Нима, тегиб кетдими гапим-ов, мен қишлоқиман, – деди Каниза еяётган гўштли суякни ликопчага ташлаб, оғзини кафтлари билан артаркан.

—   Олдингизда сочиқ турибди, — имлади Мансур.

—   Синглингиз келиб кетганидан кейин сиркангиз сув кўтармай қолди. Емадим шу товуғингизни. Бир егим келиб эди, шуниям заҳар қилиб… — дея Каниза ичкари кириб кетди.

Мансур «овқатнинг олдида чатоқ қилдим» деб ўйлади. «Бечора емай кириб кетди». Аммо ҳозироқ ортидан киргиси келмади, ўтирган жойида ўтириб қолди. «Демак, аста-секин, сабр-тоқат билан ўргатиш керак экан. Нима қилса ҳам қишлоқи-да, бундай жойларни, бунақанги муносабатларни қаёқдан ҳам кўрибди, дарров уни хафа қилмаслик лозим. Ўрганиб кетади. Ўзингни қўлга ол, Мансур. Уни янги меҳмон деб ўзинг эркалатиб юбординг. Ўзингни бироз торт энди».

У дастурхонни йиғиштирди, қолган икки товуқни музлатгичга қўйди. Меҳмонхонага кириб кета туриб, қайтиб гаражни очди, калитни олиб чиқиб, машинани киритиб қўйди. Бироз ташқарида юрди. Анча муддат музлаган кранга қараб турди. Яхши, яхлаб ёрилмабди. Чаканинг уйчасига қаради. Шу ерда бўлганда, товуқ қолдиқларини мазза қилиб ерди. Итини ўтган ҳафта қочириш учун Володяникига ташлаб келганди. Эрта-перта хабар олади. Каттагина «Волкодав», тўққиз-ўнта туғади. Зотдор ит.

Ичкарида бўлиб ўтган воқеа билан ташқаридаги соф ҳаво, гувиллаб турган шаҳар, деворнинг нариги ёғидаги ҳаёт Мансурни бирмунча ўзига келтирди. У ўзини ҳам, ташвишларни ва яқинларини, ҳатто вақт ҳисобини ҳам ёддан чиқарган экан. Дарахтлар қор илинтириб осмонга қулоч ёйиб турибди. Таналари ҳўл. Осмон кечаги қорин оғриғидан қутулиб, мешини бўшатиб олган, бағрида мусаффо оқ булутлар тош қотган. Девор, томлар устида эригандан қолган қор чойшаблари барларини қотириб қимтиб олган, оқ яктаги эса сал чанг егандек. Кўчадан турли ташвишдаги одамлар ўтаётир. Ҳаёт қозони қайнамоқда.

Департаментчилар нима қилишди экан? Илгари куни ташвиш билан Солижон келган эди. Қодирхўжа ҳам келиб кетди. Нега Мансур ташвиш чекмади? Нега у қулоқларини том бекитиб олди? Энди юрагига ғулғула тушди. Бундан буён уриниш кеч бўлган бўлса-я? Нима қилиб ўтирибди бу ерда! Шу битта қишлоқини деб ўтирибдими? «Энангни кўриб қолмасанг эди?!»

У шошилинч уйга кириб кийинди. Пулхалтасини сейфдан олди. Дўконлар муҳрланган куниёқ атаб қўйган пулига яна қўшди. Зумда чиқиб машинани қиздира бошлади. Уяли телефон ичкарида экан, олгани кирди. Дархол Кодирхўжага телефон қилди:

—   Мен, Мансурман. Нима гаплар? Хўў-ўп. Кейин-чи? Ие, нега менга қўнғироқ қилмадинглар? Тўғри, ўчиқ эди. Ҳа, келсангиз ҳам бўлар эди-ку. Ҳозир қаерда? Мен ҳозир етиб бораман. Яна? Яна қаерни? Айтинг, улар ҳам кутиб турсин, — Мансур тез ташқарига отил-ди. Ортидан «Мансур ака» деган Канизага ҳам қарамади. Югуриб дарвозани очди, машинани олиб чиқди, шитоб билан дарвоза қанотларини ёпдида, жўнаб кетди.

Йўлда ўчакишиб дадаси телефон қилди.

— Ҳа, дада, мен ўзим. Кейин телефон қиламан. Ҳозир зарур иш билан ишхонага… Хўп, албатта кириб ўтаман. Уйда бўласизми? — У телефонни ўчирди.

Идорага етиб келганда барча уни кутиб турган экан. Қодирхўжа ҳисобот берди.

—   Кассаларни олишди. Уч кун текширишди. Акт тузиб, анов нарсаларни ҳаммасини ёзиб чиқишди.

—   Иккита дўконни кўрдингиз, у ёқдагиларни дарров йўқотинг, деган эдим-ку.

— Мен боргунча, у ёқни ҳам муҳрлашган экан.

— Акт нима бўлди?

— Қўл қўймадим, мен ҳеч ким эмасман, дедим.

— Соли-чи?

— У ҳам.

— Муталиб-чи?

— Ҳеч ким имзо чеккани унамадик.

— Яхши қилибсизлар. Ўзлари ҳеч нарса дейишмадими?

Қодирхўжа елкасини қисди. Бошқалар аста-секин кабинетни тарк эта бошладилар.

— Қодир ака, мен сизга ишониб…

—   Энди мен нима қилай? Мен сиз бўлмасам, Солижонни дарров олдингизга чоптирдим. Ўзим бордим. Маст одамга ўхшаб, гапга қулоқ солмадингиз.

—   Майли, нариги дўконларни пулидан қанча топширдинглар?

— Айтганингизни.

— Йўқотиб қўйганмисиз? Қодирхўжа «ҳа» деган ишора қилди ва:

—   Уфадан икки-уч телефон қилишди, — деди — кўпчилик сўради.

— Айтинг, заправкани уласин.

Қодирхўжа чиқиб кетди. Бир оздан сўнг кирди.

—   Ҳеч ким жавоб қилмаяпти. Беркитиб кетишган бўлса керак. Уч-тўрт кундан бери бензин йўқ. Йилнинг охири, деб беришмаяпти. Унинг устига Дадахўжаев келган эди. Доляни сўраб.

— Неъмат бермабдими?

— Неъмат-пематнинг уруғи йўқ, ўша сиз келмаганингиздан бери.

— Вой, сволич-ей. Андижоннинг нарсалари кетдими?

— Вагон келгани йўқ. Икки марта овора бўлиб келиб кетишди. Сал, бир нарса дегандек бўлишди. Мен билмайман, дедим.

—   Сиз срочно Тошкент билан боғланинг. Вагонни сўранг. Дод деб юборишади. Буюртмачиларни биласиз, ўпкаси қўлтиғида туради.

— Яна ойна ҳам деган эдингизми? Қаердан келишганини билмадим.

—   Дамини олиб турсин. Уларнинг пул чиқариши жон чиқаришидан қийин.

—   Прокуратураданман деб бир киши келди. Ҳеч у ерда ишлайдиганга ўхшамайди. Чайналади… Сизни йўқ, яна бир ҳафтадан кейин келади дедим.

— Майли, сиз вагон билан шуғулланинг.

—   Эртага келасизми?

—   Албатта келаман.

—   Биз ҳам бир иш бошлаб қўйган эдик…

—   Гаплашамиз.

—   Ҳисобчи отчёт-патчёт, деяётган эди.

—   Эртага.

Қодирхўжа қўзғолди. Мансур котибани чорлади.

—   Одам борми?

—   Мояна дейишяпти.

—   Ҳаммасини жўнатинг, мояна бир ҳафтадан кейин бўлади.

—   Хўп. Менинг ҳам бир гапим бор эди…

—   Гапиринг тезроқ.

—   Тўй бошланиб қолди…

—   Эртага гаплашамиз.

Котиба чиқиб кетди. Мансур бошини ушлаб ўтириб қолди. «Бир дам келмасанг, шу» ўйлади у. Яна тугмачани босиб, котибани чақирди.

—   Ҳисобчини чақиринг.

—   У киши кетган эдилар.

—   Топинг, деяпман.

Котиба бошлиқни анчадан буён бу алфозда кўрмаган эди. «Бурга-мурга чаққанми, нима бало?» деди ичида ва хонасига чиқиб, Абдувалининг уйига рақам тера бошлади. Гўшакни ҳеч ким кўтармади. Қўлига терди, жавоб: «Сиз терган абонент хизмат доирасидан ташқарида». Котибанинг юраги сиқилди. «Бу алкаш ҳеч ўрнида ўтирмайди».

Котиба эшикни очиб:

—   Жавоб қилмаяпти, — деди.

—   Ёрдамчи борми? Чақиринг! Алламаҳалда Ёқубжон кирди.

—   Чақирса, чиқа қолмайсиз?

—   Дарров, демади-да.

—   Қанча пул бор?

—   Кўп эмас.

—   Қанча деб сўраяпман?

—   Аниқ билмайман, — елкасини қисди ёрдамчи.

—   Нима қилиб ўтирибсиз?

Ёқубжоннинг киприги пирпиради: «Хўжайинга нима бўлди, чап ёни билан турган чоғи?».

—   Сиздан сўраяпман.

—   Энди, бу билан Абдували ака шуғулланганига…

—   Топинг ўша бошлиғингизни!

Ёқубжон қутулганига шукр қилиб тез чиқиб кетди. Мансур зарур жойларга қўнғироқ қилди. Гўшакни қўяр-қўймас телефон жиринглади, акаси:

—   Сен дадамнинг ёнига бугуноқ боргин, — деди, гўшак «ту-ту» лади.

—   Дағдағангдан ўргилдим, — деди Мансур, — сен-ларга мани ғажишга иш топилди.

Нима қилади энди, бормаса яна бўлмайди, борса, бошланади. Ҳали, ўзи боши берк кўчада. Бир хулосага келгани ҳам фурсат беришмайди, булар. У қўлларини уқалади, бармоқларини чалмаштириб қарсиллатди. Котиба қаҳва олиб кирди.

—   Айтинг, топишсин ҳисобчини ернинг тагидан бўлса ҳам, — деди чиқиб кетаётган котибага, қаҳвани ҳўпла-ган ҳам эдики, яна телефон жиринглади.

—   Менман, хўжайин, — деди Абдували, овози бошқачароқ эди. «Яна ичган шекилли, аблаҳ». Мансур:

—   Қаердасиз?

—   Налогда.

—   Бир минутда етиб келинг, — қатъий буйруқ қилди у: «Налогда эмиш, ифлос…»

Гўшакни қўйиш билан яна телефон жиринглади.

—   Мансур Набиевич керак эдилар, — деди телефондаги овоз. — Қаерларда юрасиз? Мен Аҳад Вали-евичман.

—   Э-э, яхшимисиз, Аҳад ака, уйлар, болалар?..

—   Уларни қўяверинг. Пул нима бўлди?…

—   Мазам қочиб…

—   Мен пулни сўраяпман.

—   Ҳозир бир ёқлик қиламиз.

—   Ўтган ҳафта ҳам шу гапни гапираётган эдингиз. Субут борми? Нима, завод бекорга ишлаяптими? Менга қаранг, эртага ўтса-ўтди…

—   Аҳад ака…

—   Менга ваъда керак эмас. Эллик миллионни эртага соат тўққизда ўтказинг. Гап тамом!

Гўшакни қўйди. «Жуда беспардонний одамда, шу одам».

Мансур Тошкентга телефон қилди, туша олмади. «Қодирхўжанинг ҳам гумдони чиқди-я». Энди, Андижонга тера бошлади.

—   Ассалому алайкум. Ало, Жабҳар ака керак эди.

Тилаволди Жўраев

6 ФИКРЛАР

      • ўқиётганларингиздан жуда ҳам хурсандман. Фақат бир кун икки қисмдан ортиқ жойлаштира олмайман. хажмини кўпро беришга харакат қиламан. Бундан кейин Саид Аҳмаднинг «Жимжитлик» асарини бермоқчиман. у асар умуман дурдона зўр асар. униям ўқишилани тавсия қиламан

  1. Бозор Дунё номи галати экан лекин зур ёзилган Хакикатдан Асалхоннинг гаплари тугри иложи булса тезлаштириб коган кисмларини хам жойлаштиринглар кутяпмиз……!!!?

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here