ОТА ҚАРҒИШИ… (Воқеалар реал ҳаётдан олинган)

0

 

* * *

 

 

Йўлчи ҳар кунгидай эрта тонгдаёқ дўконга бориб ароқ ичди. Ичмаса бўлмасди ҳам. Кеча кўпайиб кетибдими, уйқудан боши ёрилгудай бўлиб уйғонди. Шундай пайтда мияга ҳеч нарса кирмайди. Қулоқ кар, кўз кўр бўлади. Давоси фақат ва фақат юз грамм…

Эҳ, юзтадан кейин одам тинчиб қайта қолсайкан! Қаёқда? Давомини олмаса юраги ғаш тортади. Кайфияти тушиб аламзада бўлиб қолади…

Мана, энди ҳаммаси жойида бўлди. Тўғри-да, бўйи нақ икки метр келадиган, девкелбат, айиқпанжа йигитга яримта ароқ нима бўпти?..

— Ҳа, сингилжон, қалайсан энди? — Йўлчи ичкарига кирибоқ чой дамлаш илинжида ошхонага кириб кетаётган синглиси Марғубанинг елкасига шапатилаб қўйди. — Ишлар бешми?.. Нимага гапирмайсан? Оғзингга толқон солволганмисан? Аканг гаплашяпти-я сенминан!

— Э, боринг-э, — зарда билан акасига терс ўгирилди қиз. — Эрталабдан сассиб келдингизми яна?..

— Нима қипти? Ичсам сенинг пулингга ичяпманми? Ў анави қари отамиздан пул сўрадимми? Айтганча, бобой кўринмайди? Қани ўзи? Наҳотки, бугун насиҳат эшитиш балосидан қутулган бўлсам-а?

— Қутулиб бўпсиз. Мачитга чиқиб кетди. Ҳозир кеп қолади.

— Уф-ф, шу бобойдан сира қутулмас эканман-да! Ҳозир келади-да, тағин дийдиёсини бошлайди… Отам бўлмаса-ку…

— Вой, нима қилардингиз? Урармидингиз?

— Ишинг бўлмасин. Бор, чойингни дамла! Менга тухум қовуриб келришниям унутма!

— Қанақа тухум? — қўл силтаб қўйди Марғуба. — Уйда ҳеч вақо қолмади. Кеча улфатларингизминан ҳамма нарсанинг бошига етиб бўлгансиз.

— Ие, — бирдан тутоқиб кетди Йўлчи. — Емай оғзимизни тикиб ўтиришимиз керакми? Бор, эркатой қизсан-ку, отангга айт, пулдан берсин! Дўкондан ул-бул егулик олиб келасан.

— Зарил келгани йўқ. Мен мактабимга боришим керак…

— Э, бўпти, йўқол кўзимдан! Ҳозир бобой келсин, ўзим оламан…

 

 

* * *

 

 

— Ҳа, бобой, намунча?.. Тушдан кейин келардингиз…

— Маҳмуд ота эндигина чопон-саллаларини ечиб, таҳоратини янгилаш мақсадида ҳожатхона томон юрганди ҳамки, рўпарасида бурнигача қизариб кетган Йўлчини кўриб жиғибийрони чиқди.

— Тағин эрталабдан ичиб олдингми? — жавоб бериш ўрнига ўғлига жаҳл билан тикилди ота. — Қачон одам бўласан ўзи? Ўшинг йигирма бешдан ошди. Паспортинг ўлда-жўлда бўлиб ётибди. Ўшани тўғриламайсанми?!. Уйланиб бола-чақа қилмайсанми?!. Иш-пишга жойлашиб рўзғор тебратмайсанми?!. Қачонгача менинг пенсиямга тикилиб яшайсан?..

Бу гаплар Йўлчига сира ёқмади. Ранги бўзариб еттмиш беш яшар отанинг тепасига келди.

— Бу нима деганингиз, бобой?.. Пенсиянгизга тикилсак, камайиб қоляпсизми? Отасиз, боқасиз-да!.. Кичкиналигимда «детдом»га топшириб кун кўргандингиз. Энди кўзга кўриниб қўлимиздан иш келадиган бўлганда, шартта детдомдан чиқариб уйингизга опкеволдингиз… Жа ҳаддингиздан ошаверманг!..

— Нима қилган бўлсам, сенларни деб қилганман. — хириллаб қичқирди Маҳмуд ота. — Онанг саёқ юриб ҳаммамизни хор қилиб кетмаганда шу ишлар бўлмасди. Сени этагимга осволиб ишга бормасдим-ку, тўғрими? Гапирган гапингни қара…

— Э, бас қилинг дийдиёнгизни! Ундан кўра, пулдан чўзинг! Бир жойга ўтиришга боришим керак.

— Нима қилай борсанг? Боравер!..

— Пул-чи? Қуруқ қўлминан сўппайиб кириб бораманми ўртоқларимнинг олдига?

— Ишла, пул керак бўлган одам тер тўкиб ишлайди.

— Вей, — Йўлчи азбаройи аламга тўлганидан қўлларини мушт қилди. — Ақл ўргатиш осон, билдингизми? Қачон хоҳласам ўшанда ишлайман. Сиздан сўраб ҳам ўтирмайман. Пул беринг дедим менга!

— Пул йўқ менда. — тескари ўгирилиб кетмоқчи бўлди Маҳмуд ота. — Пенсиямни тамом қилиб бўлгансан аллақачон.

— Бермайсизми?

— Бермайман.

— Яхши-и… — Йўлчи ҳар эҳтимолга қарши ташқари эшикни очиб подьездни кўздан кечириб олди-да, эшикни қайтадан ёпиб қулфлади ва отага яқин бориб ёқасидан бўға бошлади.

— Бермайсизми? Иккинчи марта сўраяпман.

— Бермайман…

— Унда ўзингдан кўр қари тулки!.. Мени детдомларда хор қилиб юриб-юриб энди пулингниям қизғонасанми? Мана сенга!..

Қари одамга кўп нарса керакмиди. Ўлғиз ўғилнинг охурдай мушти зарбидан деворга бориб боши билан урилди.

— Иҳ-ҳ!.. Ярамас бола!.. Вой боши-им!..

— Бошингиз оғридими? — унинг тепасига келиб ҳезланди Йўлчи. — Яна бир марта сўрайман. Пул берасизми-йўқми?

Маҳмуд ота бошини чангаллаган кўйи инқиллар, фақат эшитилар-эшитилмас шивирлагани қулоққа чалинарди:

— Илойим топгин-у, қўлинг тутмасин!..

— Нима?.. Қарғаяпсанми ҳали?.. Ана энди бошингни ейман сен қари тулкининг!..

Кейинги тепкилар гўёки қарияга таъсир қилмагандек туюлди…

У учинчи тепкидан сўнг ҳушидан кетиб йиқилган, оғзи-бурнидан фавворадек қон отилиб чиқарди…

 

 

* * *

 

 

— Тсс! — негадир мактабдан эрта қайтиб келган сингиси Марғубага кўзи тушгач, Йўлчи кўрсаткич бармоғини лабларига босди. — Биров эшитиб қолмасин яна!..

Қиз отасининг қонига беланиб ётганини кўриб адойи тамом бўлаёзди. Бақиришни ҳам, сукут сақлашни ҳам била олмай гаранг бўлиб қолди. Фақат тиззаларининг бетиним титраши қўрқиб кетганидан далолат бериб турарди.

— Нима қип қўйдингиз, ака? — ҳамон титраб-қақшаб Йўлчига боқди Марғуба. — Отамни…

— Индама дедим!.. М-мен… Ўлдириб қўйдим шекилли… Бор, уйдан латта-путта топиб чиқ! Қонларни йўқотиш керак…

— Й-йў-ўқ… — ваҳима аралаш шивирлади Марғуба. — Ҳ-ҳечам… Сиз… Қ-қотил…

— Ўчир овозингни дедим!.. Агар биронтаси билиб қолса сениям ўлдираман… Бўл тез, ўликни ичкари уйга яширишим керак!..

Марғуба акасига қўрқа-писа қараб қўйди-да, орқаси билан юриб хонасига кирди. Кирди-ю, эшикни ичкаридан қулфлаб олди.

— Оч, қанжиқ, эшикни! — йўлакдан туриб бақирарди Йўлчи. — Очолмайди деб ўйлаяпсанми? Бузиб кирмасимдан оч!..

— Очмайман!.. Агар бузадиган бўлсангиз, ўзимни бешинчи қаватдан ташлайман. Мениям товонимга қоласиз!..

— Товонингга тупурдим ҳаммангни!.. Оч!..

Йўлчи шу кўйи ярим соатча туриб қолди. Марғуба эшикни очмади. Эндигина тепишга чоғланиб оёқ кўтарган эдики, ташқари эшик кескин тақиллай бошлади…

 

 

* * *

 

 

Йўлчи жонҳолатда эшикка яқин бориб тешикчадан мўралади. Не кўз билан кўрсинки, участка нозири турарди.

«Оббо итлар-эй! — кўнглидан ўтказди у. — Қўшнилар сотган. Ифлослар!.. Очмайман…

Йўлчи оёқ учида астагина орқага тисланиб Маҳмуд отанинг тепасига келди. У қўрқувданми, аллақачон кайфи тарқаб ҳушёр тортганди. Отасига термулиб қараркан, энди-энди нималар қилиб қўйганини англаб ета бошлади. Юраги орқага тортиб тиззаларида титроқ турди.

— Эҳ, нима қилиб қўйдим? — шивирлади ичида. — Ўз отамни ўлдириб қўйдим-ку!.. Энди нима бўлади? Қамашади… Қамаламан… Худойим, нега бунча кўп ичдим?.. Нега охирини ўйламадим…

Эшик эса, ҳамон тақиллашда давом этарди.

— Бўлди, — деди ўзига ўзи Йўлчи. — пешонамдагини кўраман. Барибир тутволишади булар. Ундан кўра вақт борида бўйнимга олганим маъқул. Ажабмас айбим енгиллашса…

У чопиб бориб эшик зулфинини суғурди. Очгани заҳоти участка нозири Самин ака Йўлчининг ёқасидан олиб ичкарига судраб кирди.

— Хўш, отани ўлдириб қўйиб энди беркинмоқчимидинг, йигит? — ҳамон ёқасини қўйиб юбормай сўради нозир Маҳмуд отанинг тепасига яқин келиб. — Вой мараз-эй, ўз отангни шунчалик калтакладингми? Қари одамни-я? Нима учун? Сенга нима ёмонлик қилди у?..

— Мени кечиринг, ака! — беихтиёр йиғлаб ялина бошлади Йўлчи. — Билмай қолдим. Мастликда билмай…

— Мана сенга ичиш!.. — кутилмаганда Йўлчини тарсакилаб юборди Самин ака. — Ичишни кўрсатиб қўяман сенга!..

Бу орада милиционернинг товушини эшитди шекилли

Марғуба ҳам ичкари хонада чиқиб келди.

— Хўш, қизим, сиз ҳам бормидингиз манави отангизни урганда? — ундан сўради нозир. — Огоҳлантириб қўяй, акангизга ачинибми, ёлғон кўрсатма берсангиз, ўзингизга ёмон бўлади.

— Мен йўғидим уйда. — жавоб қилди Марғуба йиғламсираб. — Мактабга кетувдим. Дарслар бўлмагандан кейин вақтлироқ уйга келсам…

Қиз уёғини айта олмади. Йиғлаб юборди.

— Майли, кейин айтиб берасиз… Йиғламанг, ҳали замон «Тез ёрдам»чилар кеп қолишади. Отангизни текшириб кўришади…

Ҳа, Самин ака айтганидек, ўн дақиқалардан сўнг туман тезкор гуруҳи аъзолари врачлар ҳамроҳлигида ичкарига кириб келишди. Йўлчининг қўлига кишан солиб шу ондаёқ бўлимга олиб кетишди. Маҳмуд отани эса… Йўқ, қария ўлмаганди. Участка нозири буни сезган бўлса-да, атайин Йўлчига айтмаганди. Бир ич-этини есин деганди…

 

 

* * *

 

 

Кейинги ишлар худди детектив кинолардаги каби меъёрида давом этаверди. Маҳмуд отанинг мияси чайқалган экан. Ўн беш кун деганда ўзига келиб суриштириш учун палатага кириб келган терговчини бемалол кутиб олди.

— Хўш, ота, яхшимисиз энди? — кулиб сўради терговчи. — Мана, шундай меҳрибон қизингиз бор экан. Худо хоҳласа, кўрмагандай бўп кетасиз ҳали.

— Ажабмас, болам. — деди қария бир бурчакда қимтинибгина ўтирган Марғубага меҳр билан тикилиб. — Яхшиям шу қизимни худо берибди. Бўлмаса…

— Ўғлингиз-чи?…

— Қўйинг, болам, ўшанинг номини тилга олманг! Нима қилайки, ўша пайтларда болалар уйига бериб катта хато қилибман. Ўша ернинг тарбиясини олиб қўйиб… Қариганимда шундай кунларни бошимга солиши етти ухлаб тушимга кирмаган…

— Хафа бўлманг, у қилмишига яраша жазосини олади… Фақат…

Маҳмуд ота яна терговчини гапиришга қўймади…

— Мен уни қарғамайман. Жувонмарг бўлсин демайман. Нима бўлгандаям, болам. Фақат… Бир умр баракасиз ўтадиган бўлди-да!.. Эҳ, бола-я, нега урди?.. Мен қарғамаганимминан, барибир дилим қурғур оғриб қўйди-да!..

Йўлчини узоқ муддатлик қамоқ жазосига ҳукм қилишди…

Йўқ, буниси асосийси эмас. Чунки ўша воқеадан кейин ҳам анча сувлар оқиб кетди. Йигит аллақачон жазони ўтаб ўз уйига қайтган. Маҳмуд ота ҳам оламдан кўз юмиб кетди. Марғуба турмуш қуриб, икки фарзанднинг онаси бўлди. Ҳаёти жуда-жуда ширин…

Йўлчи эса… Отанинг қарғиши ўқ шекилли. Қайсидир заводда итдай қора терга ботиб ишлайди. Бўш қолган кунлари мардикорчилик қилиб пул топади. Аммо… Ўлчимайди. Топгани ўзига юқмайди. Ҳамон уйланмай, аёл меҳрига зор бўлиб яшаяпти экан. Қўшниларнинг айтишларига қараганда, ичмайди, ҳатто сигарет чекмайди, яхши еб, яхши киймайди. Лекин ҳар ойда қарзга ботиб қолаверади. Пул топиши билан қарз тарқатади…

Бу отанинг қарғиши туфайли эмасмикан?

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here