Пластмассадан бойиган миллиардер

0

Ли Кашиннинг оиласи яхшироқ яшаш мақсадида Шантоу (Хитой жанубидаги Гуандун вилояти) шаҳридан Гонгконгга кўчиб келганида у 12 ёшда эди. Бироқ Гонгконгга кўчиб келгач ҳам оиланинг иқтисодий аҳволи яхшиланмади. Оила очдан ўлиб қоладиган даражада кун кечирарди.

«Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади», деганларидек, 1942 йили оиланинг ягона боқувчиси, яъни Ли Кашиннинг отаси тўсатдан вафот этди. Уч фарзандни боқиш ташвиши энди онанинг зиммасида эди. 14 ёшли Лининг болалиги ҳам шу билан ниҳоясига етди. Йигитча кичикроқ фабрикага ишга жойлашиб, кунига 16 соатлаб тер тўкарди. Фабрика пластмасса атиргуллар ишлаб чиқарар, ўша даврларда бу гуллар энг сўнгги моданинг бир кўриниши ҳисобланиб, талаб жуда кучли эди. Сунъий атиргулларнинг бозори чаққонлигини кўрган Ли сотувчиликни танлади. У ҳар куни орттирган арзимаган пулларини йиғиб борарди. Ли тўплаган бойлиги орқали тезроқ улгуржи савдони йўлга қўйишни орзу қиларди. Бу пайтга келиб, пластмасса атиргуллар савдоси шунчалик кучайдики, баҳонада Лининг иқтисодий аҳволи анча яхшиланди. Улар оиласи билан тузукроқ уйга кўчиб ўтишди. Бироз ўтиб, Ли ўзининг шахсий пластмасса буюмлар заводини очишга муваффақ бўлди.

Иш юришган сари муаммолар ҳам ортиб борарди. Лининг заводи яхши пул келтираётганини кўрган ер хўжайини (Ли завод қурган ерини ижарага олганди) ижара ҳақини тез-тез ошириб турарди. Ижара ҳақининг бу қадар тез юқорилаши Лини янги жой излашга ундади. Қидирув жараёнида у Гонгконгда ер нархи кўтарилиб бораётганини, энди фаолиятини ўзгартириши кераклигини тушунди ва у ҳеч иккиланмай пластмасса заводини сотиб юборди ва пулларини кўчмас мулк бизнесига йўналтирди.

Янги бизнесда ҳам Ли рақобатчиларидан ақллироқ чиқди. У ер сотиб олар ва у ерда бирор нарса қуриб, тадбиркорларга ҳамкорликни таклиф этарди. Яъни тадбиркорлар катта миқдорда ижара ҳақи тўлашдан қутулиб, қурилаётган объектга инвестиция киритар ва шу билан ундан келадиган фойдадан ўз улушига эга бўларди. Тез орада Ли билан ҳамкорлик қилишни истовчилар сони ортди. 1966 йилгача Ли каттагина ерларни сотиб ола бошлади. Аммо Хитойда «маданий инқилоб» даври бошлангач, Мао Цзедуннинг сиёсатидан норози инглиз тадбиркорлари Гонгконгдан кўчиб кетди. Ер нархи сув текин бўлди. Бундан фойдаланган Ли ерларни арзон-арзон сотиб олиб, уй-жой қуриб, ижарага беришни йўлга қўйди. Ҳамма Ли Кашинни аҳмоққа чиқарди. Аммо орадан ўн йил ҳам ўтмай унинг келажакни кўра билиш қобилияти иш берди. 1976 йил Мао Цзедун вафот этди. Янги ҳукумат Цзедун сиёсатини қоралаб, мамлакатда янги иқтисодий ислоҳотларни амалга ошира бошлади. Чет эл инвесторлари Гонгконгга жалб этилди. Ли Кашинга қарашли ерлар нархи ақл бовар қилмас даражада кўтарилиб кетди. Миллиардлар оғушида 1979 йил Ли Кашин «Hongkong & Shanghai» банки кўмагида «Hutchison Whampoa» корпорациясининг бошқарув пакетини қўлга киритди. Бу корпорациянинг таркибий фаолиятига кўчмас мулк, савдо, салқин ичимликлар ишлаб чиқариш ва ҳоказолар кирарди. Корпорацияни қўлга киритган Ли Кашин уни тубдан ислоҳ қила бошлади. Кам даромад келтираётган корхоналарни сотиб юборди ва беш йўналишда бизнесни йўлга қўйди. Биринчиси, «сипо миллиардер» ҳукумат диққатини ўзига тортмасдан Гонгконгда замонавий бинолар қура бошлади. Ҳозир у қурган биноларда Гонгконгнинг ҳар ўттизтадан битта аҳолиси яшамоқда. Улар харид учун кирадиган супермаркетларнинг деярли ҳаммаси Ли Кашинга тегишли. Бундан ташқари, Ли Кашиннинг бизнеси мамлакат ташқарисида ҳам гулламоқда. Тайванда 145 дорихонадан иборат тармоқ, Сингапур ва Малайзиядаги 90 та супермаркет унга қарашли. Салқин ичимликларни ҳам бу тармоқларга Ли Кашиннинг ўзи етказиб беради. Унинг компанияси Жанубий-Шарқий Осиёдаги дистилланган ва газланган сув етказиб берувчилар орасида энг йириги.

1998 йилдан бошлаб Гонгконг халқаро аэропортида косметика буюмлари билан савдо қиладиган компаниянинг 50 фоиз акцияси ҳам унинг қўлига ўтган. Ли Кашин ҳозирда нафақат қуруқликда, балки денгизда ҳам бизнес юритмоқда.

«Forbes» журналининг 2007 йилги миллиардерлар рейтингида Ли Кашин 10-ўринда қайд этилган. Унинг бойлиги 18,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида баҳоланган эди. Ҳозирда эса унинг бойлиги 33,7 милллиард долларни ташкил этади.

Нодира тайёрлади.