«Қаршидан қайтишда кўзларимда ёш…»

0

— Ассалому алайкум! Мен ота-онамнинг яккаю ягона қизиман. Турмуш ўртоғим билан бир-биримизга кўнгил қўйиб, турмуш қурганмиз. Аммо уйимдагилар бу турмушга қаттиқ қаршилик кўрсатишган. Мени олисларга палахмоннинг тошидек учиб кетишимни, менсиз ҳаётнинг маъниси қолмаслигини ўйлаб, шундай қилишганини энди англаяпман. Чунки ўзимнинг ҳам қизларимнинг бўйи етиб, тўй келадиган бўлиб қолишган. Келин бўлиб қизлик уйим остонасини тарк этаётганимда отамнинг оёқларига бош урганим бир умр ёдимдан чиқмаса керак. Айнан ўша лаҳзаларда отамнинг золим ота бўлмаганидан жуда ўртанганман. Агар фарзанд бўлиб, қиз бўлиб, отанинг дашномларидан безиган бўлганимда уйимни, оиламни тарк этиш мен учун бунчалик қийин бўлмасди, балки. Орадан шунча йиллар ўтишига қарамасдан бошим ўша остонада эгилиб қолиб кетгандек.

Ҳозир энг бахтиёр аёлман, десам адашмайман. Хўжайиним, фарзандларимнинг эътиборидаман, яхши кўрган соҳамда ишлайман. Лекин ўзим Тошкентда яшасам-да, юрагим Қаршида қолиб кетган. Ёзяпман-у, ёшларимни саришта қилолмаяпман. Нега қиз боланинг пешонасига ота-онасидан айри яшаш ёзилган экан, а? Бир вақтлар онам «Болали бўлсанг, соғинчларинг ҳам тугайди. Ўзимнинг уйим яхши деб келгинг ҳам келмай қолади», дерди. Қачон шу кунларга етаркинман. Соғинчдан кўра ичикишга ўхшайдиган бу туйғулардан, рости, чарчадим. Бир қадам бўлса-да, узоқлик қилаётган туғилиб ўсган жойимни ҳеч кимга ўхшамай яхши кўраман.

ЛОБАР

Тошкент шаҳри

(“Ҳордиқ плюс” газетаси хазинасидан)