ҚОРА ҚИСМАТНИНГ ҚУЛИ… (37-қисм. Иккинчи фасл. Воқеалар реал ҳаётдан олинган)

0

 

* * *

 

Тарвузи қўлтиғидан тушган кимса каби шалвираганча уйга кириб келдим.

Меҳмонларимиз касалхонага кетишган экан. Ичкарида Сусанна қандайдир китобга тикилганча ўйчан ўтирарди.

Унга яқинлашишга, одатга кўра, юзларидан бўса олишга жазм эта олмадим. Гўё у барча қилмишларимдан бохабар-у, ҳозир юзимга соладигандек, жанжал кўтарадигандек туюлиб, бўшашган кўйи остонада туриб қолдим.

Сусанна мени кўрди-ю, қўлидаги китобни хонтахта устига қўйиб, ўрнидан турди.

— Нега хомушсиз? — сўради маъюс тортиб. — Бирор гап бўлдими? Ё ишхонангизда муаммо чиқдими?

Эҳ, қанийди, шу тобда ихтиёрим ўзимда бўлса-ю, бу аёлнинг оёқлари остида тиз чўксам! Ўкириб-ўкириб йиғлаб, узр сўрасам, тавба қилсам!

Афсуски, ундай қилишга ҳам жуссамда мадор йўқ. Ўзлигимни идора эта олмайман. Бунга жуда-жуда ожизман ҳозир. Ҳа, мен мараз, ўтакетган худбин ва хиёнаткор, жирканч одамман.

Яқиндагина Сусанна айтганди: бандалар инсон ва оддий одамларга бўлинади. Инсонлар мен каби хиёнатга, ёлғон-у, шафқатсизликка қўл урмайди. Улар эътиқод, ишонч ва садоқатга содиқ қолади. Одамлар эса, аксинча, калтабиндирлар. Мен ҳам ўшалар сирасидан бўлсам керак-да! Охирини ўйламадим, мулоҳаза қилмадим, ўткинчи ҳирсга асир бўлдим, нафснинг ноғорасига ўйнадим. Оқибатда эса, мушук чангалига тушган сичқон ҳолига тушдим. Қанча типирчиламай, ўзимни ўнг-у сўлга урмай, наф бўлмайди. Мана, Мавлуда қўйган муҳлатнинг биринчи куни ўтиб боряпти. Вақт яшин тезлигида ҳаракатланиб, учқур от каби олдинга босмоқда. Шу тахлит ўтирсам, индинга бу уйда катта жанжал бўлиши тайин. Хўрлик, ҳақоратлар мени домига олади. Яна яқин ўтмишга қайтаман. Тағин барча мендан юз ўгиради, менга нафрат кўзи билан қарайди.

Ахир нима қилай? Қандай йўл тутай? Сусаннага ичимдаги зардобларни қандай тўкиб солай?

— Нега жим бўп қолдингиз? — ўртадаги сукунатни бузди Сусанна. — Бирор нима десангиз-чи?! Юрагим ёмон бўлиб кетаяпти ахир!

«Айт, — дерди қайсар қалбим типирчилаб. — Бор гапни тўкиб сол! «Бошга тушганини кўз кўрар» дейишган. Амримга қулоқ тутмадинг, маслаҳатларимга кўз юмдинг. Энди айтишдан, сенга садоқатли аёл қаршисида бош эгишдан бўлак чоранг қолмади, нодон! Айт!..»

Мен сўнгги бор Сусаннанинг кўзларига, тўлин ой каби нурли юзларига тўйиб тикилишга тутиндим. Биламан, бу чеҳра, бу ҳуснга эрта-индин зор бўлишим мумкин. Унга ҳаддим сиғиб қўл чўзишга-да ҳақим қолмайди. Шундай экан, ҳозир термилиб олай. Токи, бироз бўлса-да, кўнглимдаги ғуборлар тумани арисин. Кўнглим баҳра олсин.

— Мен сенинг муҳаббатинг, ҳурматинг, садоқатингга лойиқ эмасман, — дедим, ниҳоят, таваккал. — Мени сизлаб ҳам ўтирма. Қўлимга бир пиёла чой ҳам тута кўрма! Бунга арзимайман.

— Вой Худойим, нима бўлди сизга? — ваҳима аралаш пешонамга кафтини босди у. — Иситмангиз йўқ-ку! Ё чап ёнингиз билан турганмисиз бугун?

— Мени азоблайвермасанг-чи! — беихтиёр бақириб юбордим. — Намунча саволга тутавермасанг? Илтимос, бирпас жим тургин!

Сусанна бу гапимдан сўнг бирдан қовоғини уйди-да, нари кетди. Дераза қаршисига бориб, зимдан менга назар ташлади. Ўзича нималарнидир мулоҳаза қилган каби бир неча марта бош чайқади. Сўнгра яна ортга қайтди.

— Мен нима бўлганини англадим, — деди ер чизиб. — Сизни қайсидир аёл йўлдан урган.

Бу гапни эшитиб, сал қурса «Ёпирай» дея ҳайқираёздим. Аранг ўзимни босдим-у, ялт этиб Сусаннага боқдим.

Ажабо! У қандай пайқади? Мен унга ҳали ҳеч нарса демагандим-ку! Нимага бирдан ҳақиқатни айтиб қўя қолди? Ё Мавлуда мендан олдин бу ерга келганмикан? Йўқ, бўлиши мумкинмас. Ҳойнаҳой, бу Сусаннанинг навбатдаги ҳийласи бўлса керак. Шу йўл билан тилимдан илинтирмоқчи. Айтиб бўпман! Ҳаётда бу сирни унга айтмайман. Айта олмайман. Юзим чидамайди. Хиёнатга қўл ураётганда, бегона аёлнинг пинжига кириб, уни эркалаётганда қилт этмаган, асл ҳақиқатни айтишга чидай олмайди…

Сусанна эса ҳануз менга сирли тикилиб турарди. Лаб тишлаганча ҳаракатларимни, ҳолатимни кузатарди.

— Қўйинг, ич-этингизни еяверманг! — илк бор совуқ жилмайди Сусанна. — Сиқилишларга, қийналишларга арзимайди ўша аёл. Ундан кўра, бошингизни баланд кўтаринг! Мағрурроқ бўлинг! Шунда ҳаммасини енгиб ўтасиз!

Ё алҳазар! Бу хотинимми ё меҳрибон, куйинчак бувимнинг сиймосими? Ахир бу овутишлар, меҳр, эътибор фақат бувим раҳматлида бўлғуси эди! Тушимми ё ўнгимми? Нима учун айюҳаннос солиб, додлаш ўрнига Сусанна мени овутишга тушди? Нега бундай қилаяпти? Наҳотки бағри шу қадар кенг бўлса?

— Адам раҳматли ҳам худди сизга ўхшаб содда ва гўл эди, — хаёлимни бўлиб тилга кирди Сусанна. — Қачон қараса, бегона аёлларнинг макрига учар, оқибатда, онам шўрликнинг қаршисида мулзам тортгани тортган эди. Биз ўшанда бола эдик. Неча марталаб онамдан қилиб қўйган гуноҳлари учун кечирим сўраганига гувоҳ бўлганмиз. Ақлимизни таниб қолганимиз учун адамга нафрат аралаш боққан пайтларимиз ҳам бўлган. Бироқ ҳар гал онам бизни қайириб ташларди. «У отанг, — уқтирарди бизларга онам. — Зинҳор отангга нафрат кўзи билан қарашга одатланма! У сенларга — фарзандларига ҳисоб беришга мажбур эмас…»

«Ахир адам сизга хиёнат қилаяпти! — зорланардик биз. — Нега ўзингизни кўрмаганга олиб, жимгина яшайсиз?»

Ойим бу гапларимиздан сўнг мийиғида жилмайиб қўярди-да, бир-бир бошимизни силаб: «Эҳ, болаларим, «От айланиб, қозиғини топади», деб беҳуда айтишмаган. Кўраяпсиз-ку, ҳар гал отангиз жомадонини кўтаради-да, чиқиб кетади. У бир ҳафта-ўн кун меҳмонхонада яшашини яхши биламан. Жонига теккач, тағин уйимизга қайтиб келади. Хўш, мен нима қилишим керак? Уришишим, дод солишим керакми? Нега? Майли, ўша меҳмонхонасига борсин, асабларини тинчлантирсин, ана ундан сўнг қайтаверсин! «Ўзи кетар ёр-ёр, ўзи келар ёр-ёр», болаларим!..»

— Ойимнинг шу сўзлари қулоғимга муҳрланиб қолган, — давом этди Сусанна. — Шундай экан, сизга ҳам рухсат. Кимлигини билмасам ҳам, барибир, ўша аёлда кўнглингиз бор экан, катта кўча. Кетаверинг. Аммо билиб қўйинг, барибир, айланиб-айланиб, ёнимга қайтасиз.

Бу гаплардан сўнг «дод» деб юбораёздим. Ким ўзи бу Сусанна? Нега кечирилмас гуноҳларимга кўз юммоқчи? Нима учун фарёд чекмаяпти? Мен нимага у каби тарбияли, оғир-босиқ, мулоҳазали эмасман? Тўғри-да, қаерданам шундай бўлай? Мени ким Сусаннани тарбия қилгандек тарбиялаган? Бобом, бувим кексайиб қолганди. Уларнинг панд-насиҳатларини қулоққа олмасдим. Кўчадан бери келмасдим. Кимнингдир иккита ё учта хотини борлигини эшитсам, унга ҳавас қилардим. Мана, оқибатда, бу ҳавасим ҳақиқатга айланай деб турибди. Бошимга улкан тоғ ағдариладигандек, бир зарб билан мени мажақлаб ташлайдигандек беҳаловатман. Йўқ, мен, барибир, Сусаннадан воз кеча олмайман. Унга ўхшаганини ҳеч қачон топа олмаслигимни биламан. Лекин… Мавлуда-чи? Эрта-индин уйимизга бостириб келса, айюҳаннос солиб қичқирса, Сусанна билан ажрашишимни талаб эта бошласа, нима бўлади? Қандай йўл тутай? Нима қилсам, бу балолардан холи бўламан? Эҳ, хом сут эмган банда! Нега ўйламадим? Қандай қабиҳманки, бегона аёлнинг ўткинчи, алдоқчи ҳийлаларига учдим?

Яна Сусанна орадаги сукутни бузди. У бошини чангаллаганча, кўрпачага чўкди-да, менга аламли нигоҳ ташлади.

— Билгандим, — деди йиғламсираб. — Кўзларингиз бежолигидан ҳаммасини сезгандим. Ўзингиз ёрилиб қоларсиз, деб кутгандим. Лекин ёрилмадингиз. Ҳалиям жимсиз. Сир бой бергингиз келмайди. Майли, зорим бор, зўрим йўқ. Мен ким бўлибманки, ҳисоб берсангиз?! Ватанидан йироқда, қариндош-уруғларининг қаердалигиниям билмайдиган бир ожиз бандаман. Майли, кетаверинг! Ўша аёл сиз билан бир ҳафтаям яшай олмайди. Чунки ундайларга жарақ-жарақ пул тутқазишингиз керак. У сизниям «Бадавлат бўлса керак» деб ўйлаган. Агар аҳволингиздан хабар топса, шу заҳоти воз кечади. Бунга ишонаман…

Тоқатим тоқ бўлди. Шунча дардни ортиқ ичимда сақлаб тура олмасдим. Бор овозда қичқирдим:

— Ахир мен нима қилай? Мени қўрқитаяпти, шантаж қиляпти! Қандай йўл тутай? Сен ҳам бир дардимга минг дард қўшаверасанми?

— Нимага шуларни била туриб, унинг қўйнига кирдингиз? — ҳануз хотиржамлик билан саволга тутарди Сусанна. — Аёлларнинг макридан хабарингиз йўқмиди ё?

— Мени шайтон йўлдан урди! — дедим унинг тепасига яқинлашиб. — Тушуняпсанми? Шайтоннинг домига тушдим! Билмай қолдим!

— Энди ўша шайтондан маслаҳат сўранг. Нега менга бу гапларни гапиряпсиз? Мен сизга ҳеч қандай маслаҳат бера олмайман…

Ҳа, буни кутгандим. Қайси аёл эри хиёнат қилади-ю, маслаҳат беради? Дардига шерик бўлади? Умуман… Нега айтдим ўзи? Нега? Қандай аҳмоқман-а!

— Менинг қўядиган хотиним йўқ, — дедим, ниҳоят, бир қарорга келгандек. — Сендан воз кечиб кета олмайман. Буни ўзинг ҳам биласан.

— Вой, — совуқ кулимсиради Сусанна, — ким сиздан талоқ сўради? Менми? Асло. Бунақанги муаммоларингизни ўзингиз ҳал қилинг, демоқчиман, холос. Эркак хиёнатга қўл урдими, тамом, хотинининг тепасида мўлтираб турмайди. Шартта чиқиб кетади-ю, муаммосини ҳал этади, сўнг уйига қайтади.

— Тушундим, — дедим қаншаримни қашиш асносида. — Унда мен ҳам сенайтгандек йўл тутаман. Сендан нажот сўраб ўтирмайман.

Сусанна индамади. Хонтахта устидаги китобни қайтадан қўлига олди-да, ҳеч нарса бўлмагандек мутолаага берилди.

 

* * *

 

Оқшом чўкди. Осмон-у фалакни маржондек тизилган юлдузлар қоплади. Бир четдан ҳали тўлиб-тўлмаган оймома ҳам мўралаб турар, наздимда, у ҳам менга масхарали қараш қилаётгандек туюларди.

Уйимиздан анча наридаги кичик боғда ўтирарканман, оймомага қур-қур қараб олар, ҳар қараганда, номусдан ўлар даражада дарров ер чизардим.

«Менинг Сусаннам ҳам мана шу оймомага ўхшайди, — ўзимча ўйлардим. — Қачон қарамай, қандай хатога йўл қўймай, фақат сукут сақлайди. Охирини, натижасини кутади. Бу қадар улкан сабрни, кучли иродани қайдан олган ўзи? Наҳотки қалби азобланмаса? Қаёқда? Албатта, азобланади. Дардини мен каби ҳадеганда дастурхон қилавермайди, холос. Пайқадим. Боя ҳақиқатни айтганимдан кейин кўзлари нурсизланди. Ранги докадек оқариб, лаблари билинар-билинмас титрай бошлади. Қанчалар аблаҳман-а!.. Бегуноҳ аёлнинг кўзларига ёш қўндирдим, пок қалбига доғ туширдим. Энди нима бўлади? Нима қиламан? Ярамас, ярамас!.. Ўша маккорага дуч келтирган, қўлидан сумкасини олишимга сабаб бўлган лаҳзаларимга минг лаънат бўлсин! Агар ўшанда терс ўгирилиб кетсам, Мавлуданинг ёқимли ифорини димоғимда туйгандан сўнг, бамайлихотир ўрнимдан қўзғалсам, ўзимни нари олсам, ҳозир шу кунлар бошимга тушмаган бўларди-ку!»

Бу хаёллар, дард-у андуҳлар мени адо қилиб борарди. Ичимга чироқ ёқса, ёришмас даражада тунд эдим. Бу тундлик тобора кенгайиб, бутун вужудимни қамраб ола бошлаганди. Афсус, тундлик гирдобидан чиқиш учун қаршимда ҳеч қандай йўл кўрмасдим. Фақат олис-олислардан баъзи-баъзида юз кўрсатиб қўяётган биргина тор кўчага кўзим тушарди. У ўлим эди. Ўлсамгина барчасидан мосуво бўлишимга, енгил тортишимга ишонардим.

 

* * *

 

Уйга вақт хуфтондан ошганда кириб келдим. Тоғам аллақачон ухлаб қолибди. Сусанна йўлакка тўшалган ўринга ёнбошлаганча китоб ўқир, онам эса унинг тепасида ўтирган кўйи хаёл сурарди.

Эшикни очиб, ичкарига кирганим ҳамоно онам даст ўрнидан турди.

Зардобга тўла қалбим титраб кетгандек бўлди. Онамни кўрганимда ҳеч қачон бундай аҳволга тушмагандим. Айни дамда гўё кўз ўнгимда раҳматли бувижоним намоён бўлган каби аъзойи баданим ҳаяжон алангасида қолгандек туюлди.

Бўшашганча бориб, онамни ўтиришга ундадим ва ўзим ҳам кўрпача четига чўкиб, волидамнинг кўксига бош қўйганча оғир хўрсиндим.

Нақадар қайноқ бу бағир! Нақадар ёқимли ва тотли бу лаҳзалар! Бу ифорни, бу қайноқ бағир тафтини болалигимда бувижонимнинг қучоғида ҳис этгандим. Ўшанда эътибор бермаган, қадрига етмаган эканман-да!..

«Она, дардимга малҳам бўлинг! — хаёлан зорланардим хўрсинишдан ўзимни сира тия олмай. — Сизнинг кўксингизга бош қўйдим-у, ёруғ дунёнинг ҳақиқий жаннатини вужудимда туйгандек бўлдим, онажон! Билардим, шу кун келишига, бағрим дард, андуҳларга тўлганида, албатта, бағрингизга олишингизга ишонардим. Билсангиз эди! Мен шу тобда тамом бўляпман. Кимга суянишни, кимларга топинишни била олмаяпман. Дардим ичимда. Қанийди, журъатим етса-ю, мана шу кўксимни юмдалаб ташласам!..»

— Чарчадингми, болажоним? — ҳеч нарсадан бехабар онам бошимни меҳр билан силаб сўради. — Ишинг ҳам бор бўлсин! Ўзингни сал эҳтиётлагин-да!..

Онамга жавобан ҳеч нарса демадим. Сездим, онамнинг қайноқ тафти, меҳри менга номаълум куч, журъат ва қудрат ато этмоқда. Буни юракдаги туманлар тарқагани, кўзларим мошдек очила бошлаганидан пайқадим. Танамни хотиржамлик эгаллади.

«Йўқ, — дедим хаёлан. — Мен энди ҳеч ҳам кўзлари мени деб ёшланишига, ўксик кўнгли баттар оғринишига йўл қўймайман. Майли, бу йўлда жоним қурбон бўлсин! Лекин бўш келмайман. Курашаман. Бахтим, ширин лаҳзаларим ҳақи-ҳурмати барча тўсиқларни енгиб ўтаман!..»

Кескин бошимни кўтардим-у, ўрнимдан турдим. Ухлашга ётмоқчилигимни пайқаган онам ҳам бизга хайрли тун тилаб, истар-истамас ичкарига кирди.

 

* * *

 

Сусанна билан шу кеча деярли гаплашмадим. Мен юрак ютиб унга сўз қота олмасдим. Бўлиб ўтган гап-сўзлар тилимни танглайимга ёпиштириб қўйгандек, нуқул хўрсинишдан, оҳ тортишдан нарига ўтолмасдим.

Сусанна эса менга жавобан ҳеч нарса демади. Узоқ муддат китоб мутолаа қилгач, чарчадими, терс ўгирилди-ю, уйқуга кетди.

Мен ҳам тонгга яқин чарчоқ енгиб ухлаб қолдим.

Ғалати туш кўрибман. Тушимда тумонот одамлар орасига тушиб қолганмишман-у. Шу пайт қаердандир хўппасемиз аёл пайдо бўлибди-да, қўлимдаги мақолалар жойланган сумкамни тортиб олибди. Ҳайронлигимдан нима дейишни билмай, аёлнинг қўлидан сумкани олишга уринармишман. Бироқ у ҳадеганда ён беравермабди. Шунда овозимнинг борича аёлни ҳақорат қила кетибман…

Ўзимнинг таҳдидли қичқириғимдан уйғониб кетдим. Ёнимда Сусанна йўқ эди.

Азбаройи қўрқиб кетганимдан сакраб ўрнимдан турдим-да, ичкари хонага мўраладим.

Хайрият, у кетиб қолмабди. Меҳмонлар билан нонушта қилиб, ҳазил-ҳузул билан онамни кулдираётган экан.

Шундан кейингина сал ўзимга келиб, ортга қайтдим ва кийинишга тушдим.

Нонушта қилгим келмади. Шу тобда томоғимдан сув ўтмаслиги аниқ эди. Тезроқ балоларни даф этиш ниятида кўчага отилдим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here