ҚОРА ҚИСМАТНИНГ ҚУЛИ… (38-қисм. Иккинчи фасл Воқеалар реал ҳаётдан олинган)

0

 

* * *

 

Боягина мени оёққа турғазган шиддат, журъат Мавлуданинг подъездига яқинлашганим ҳамон аллақаерга гум бўлди. Қайтадан юрагим ғаш тортди. Эшитишим мумкин бўлган таъналар оёғимдан олиб, таққа тўхтадим.

«Сен аёл зоти билан ҳазиллашма, — дерди ичимдаги шайтон. — Уларнинг макри олдида ип эшолмайсан. Ҳозир ўзинг кўрасан, Мавлуда адабингни беради. Сени шундай усталик билан тузоғига илинтирадики, қопқонга тушган жонивор қиёфасига кирасан…»

Унга жавобан номаълум овоз мени олдинга ундарди.

«Сен, яхшиси, ажойиб ёлғон тўқиб кўр, — дерди ўша овоз. — Шу ёлғонингга аёлни ишонтир. Ташвишларинг арийди, Мавлуда тинчланади. У ёғи бир гап бўлар…»

Ҳа, бирдан-бир тўғри йўл шу. Ёлғон гапираман Мавлудага. «Хотинимни талоқ қилдим», дейман. Шунда қайсарликни бас қилса, мени бир муддат тинч қўйса, ажабмас…

Шундай ўйлар қуршовида секин юқори қаватга кўтарилдим-да, таниш эшикни оҳиста тақиллатдим. Бу ҳаракатимдан сўнг вужудим баттар титрай бошлади. Гўё қаҳратонда қолиб кетган кимса каби тишларим такиллади. Пешонамни совуқ тер босди.

Бир неча марта тақиллатганимдан сўнг, эшик зулфини суғурилиб, қаршимда мени шу кўйга солган Мавлуда пайдо бўлди.

У менга менсимайгина қараб олди-да, йўл бўшатди.

Ичкарига кирдим. Ўлай агар, айни лаҳзаларда бу уй кўзимга қабристондан-да совуқроқ кўринар, иложини топсам, кўзларимни чирт юмиб оган бўлардим.

— Ҳм-м, намунча сувга тушган мушукчадай шумшайиб қопсиз? — масхарали оҳангда сўради Мавлуда. — Тинчликми?

Ялт этиб унга боқдим. Юзларида алам ифодаси кўзга ташланмасди. Кўзлари куларди.

«Албатта, — кўнглимдан кечирдим мен. — «Ниятимга етдим» деб ўйлаяпти. Шунга хурсанд, шекилли… Қанчалар доғули экан бу аёл! Мақсади йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди-я! Наҳотки бошқа бир аёлни зор йиғлатиб, бахтга эришаман деб ўйласа?..»

— Хотинингизни жудаям яхши кўраркансиз-а? — жимликни бузди Мавлуда. — Топдимми? Нега индамайсиз? Тўғри топдимми-йўқми?

Мен унга совуқ тикилганча сезилар-сезилмас бош ирғаб қўйдим.

— Қўрқманг, — дея менга яқинроқ келди Мавлуда. — Сизни шунчаки текшириб кўрмоқчийдим, холос. Бировнинг бахтига чанг солиб зарил кептими?

— Нима?..

Бу гапларни эшитиб, бирдан ҳушёр тортдим. Худди ёз чилласида иссиқдан бўғриқиб турганимда кимдир устимдан бир челак сув қуйган каби танам енгил тортди:

— Нима дедингиз?

— Ҳазиллашгандим, — жавоб қилди Мавлуда жилмайиб. — Сизга бир қалтис ҳазил қилай дегандим. Бардам бўлинг, ўртоқ мухбир! Ҳалол хасмингиздан қўймасин!

— Шу гапларни сиз айтаяпсизми? — ҳануз ҳеч нарсага тушунмай сўрадим ундан. — Ё навбатдаги…

— Э, қўйсангиз-чи! — Мавлуда қўл силтаганча нари кетди. — Мен аллақачон ўзини тўхтатиб олган аёлман. Сиз… Ўшанда… Негадир ёқиб кетдингиз! Ҳисларимни жиловлай олмай қолдим. Кечиринг!.. Ҳой йигит, нега анграйиб қолдингиз? Ҳазиллашдим, дедим-ку! Ишонаверинг! Энди ошхонага юринг, мошкичири совиб қолади!..

Очиғи, аёл макрига шу онда ростакамига тан бергандим. Бу қалтис ҳазил мени адо этаёзган бўлса-да, бахтим қўлдан кетмаганидан ёрилай дердим. Эрким ўзимда бўлса, ҳозироқ Сусаннанинг ҳузурига учиб боришни, яна бир бор пойида тиз чўкишни истардим.

Лекин ундай қила олмадим. Мавлуданинг ҳазили чинга айланишидан, у кутилмаганда, тағин айниб қолишидан чўчидим ва хаёлан бу хонадонга қадам босмасликка онт ичиб, уй бекасига эргашганча ошхонага ўтдим.

 

* * *

 

Мавлуданинг квартирасидан чиққач, қушдек енгил тортдим.

Ҳа, энди мен Сусаннанинг қаршисида мулзам бўлмасам керак. Чунки бу аёл билан буткул муносабатларни узаман. Ҳатто телефон рақамини ҳам унутаман. Уни қалбимдан ўчириб ташлайман. Умуман, у қалбимдан жой олди дея олмасдим. Бу, шунчаки, вақтинчалик ҳавас, қўполроқ айтганда, аҳмоқликдан бўлак нарса эмасди. Майли, бу ҳам менга бир мактаб бўлди. Бу ёғига қадамимни ўйлаб босаман. Шайтоний ҳавасларнинг макрига учмайман…

Ие, нима қилиб турибман? Тезроқ уйга бормайманми? Вақт ҳам кеч бўлиб боряпти. Сусанна ичидан зил кетиб ўтиргандир. Унга бор ҳақиқатни айтишим, ўзимни оқлаб олишим зарур эмасми?..

Шундай хаёллар билан ярим соат деганда уйимизга етиб келдим. Азбаройи ҳовлиққанимдан зиналардан қандай кўтарилганимни ҳам сезмадим. Шу паллада чарчоқ мендан нари кетгандек эди. Шоша-пиша эшикни очиб, ичкарига кирдим…

Квартирада сукунат ҳукмрон эди. Меҳмонлар ҳам кўринмасди. Ҳайрон бўлиб ичкари хонага ўтдим. Ҳеч ким йўқ.

Шу тобда хонтахта устидаги қоғозчага кўзим тушди. Тоғам хат қолдирибди.

«Жиян, биз онанг иккимиз қишлоққа кетдик. Отангнинг аҳволи анча яхши экан. Ҳовлидан хабар олиб, келаси ҳафтада қайтамиз. Тоғанг».

«Тушунмадим, унда Сусанна қаерга ғойиб бўлди? Ё меҳмонларга қўшилиб қишлоққа жўнаб юбордими? Қанақасига? Менга бир оғиз айтмасдан-а?»

Шунчадан бери бирга яшаб, уйда ҳеч қачон Сусаннасиз қолмагандим. У бирор ёққа чиқса, албатта, мени хабардор қиларди. Ҳозир эса…

Бошимни чангаллаганча полга ўтириб қолдим. Нима қилай? Кутайми? Қаерга кетди экан? Балки, дугоналаридан бирортасиникига кетгандир? Унда нега менга қўнғироқ қилмади? Жин урсин! Ахир у мендан аразлаган! Шунинг учун атайин ҳеч нарса демаган. Овсарга ўхшаб ундан ўпкалаб ўтирибман-а! Тўғри-да, ҳамма айб ўзимда. Уни қаттиқ ранжитдим. Кўнглини ўкситдим. Демак, аламлари унут бўлгунча, ундан ўпкалашга ҳақим йўқ… Тўхта, бирор гап бўлмадимикан, ишқилиб? Қўшнилардан сўраб кўрсаммикан? Эҳ, улар қаердан билсин? Салом-аликдан нарига ўтишмайди-ку! Ҳа, Сусаннанинг дугонаси Ленага қўнғироқ қилиб кўраман. Ҳойнаҳой, ўша ерда қаҳва ичиб ўтиргандир…

Жонҳолатда телефонни қўлимга олиб, керакли рақамларни тердим.

— Алло, ким бу? — гўшакдан Ленанинг таниш овозини эшитишим билан саломлашишни-да унутиб, қичқирдим: — Лена, Сусанна сеникидами?

— Сусанна? — ҳайрон бўлиб сўради Лена. — Йўқ… Бизникига бугун келмади.

— Ие, қаерда бўлиши мумкин унда? Мабодо билмайсанми?

— Қизиқ савол бўлди-ку! — энсаси қотиб жавоб қилди Лена. — Хотин сеники бўлса, мен қаердан биламан уни? Қўшнилардан суриштириб кўр, бирор ерга чиққандир-да! Намунча ваҳима қилмасанг?

Ленага жавобан ҳеч нарса дея олмадим. Бўшашганча телефонни ўчирдим-да, деворга суяниб қолдим.

Энди Сусаннанинг келишини кутишдан бўлак чорам йўқ эди.

 

* * *

 

Орадан икки соат ўтди. Сусаннадан эса ҳануз дарак йўқ эди.

Сония сайин вужудимни муз чирмаб борарди. Туйғуларим сўна бошлаганди. Ўзимни гўё тирик мурда каби ҳис этардим. Бироқ қалбим уйғоқ. У мени қарғашда, тергашда давом этарди. Ҳар лаҳзада дукирлаб, менга танбеҳ беришдан чарчамасди.

Ана, ташқарида кимнингдир қадам товушлари қулоғимга чалинди. Сусанна келди, ҳа! Аразлари тарқаган кўринади! Хайрият!

Жоним ҳалқумимга келгудек ўрнимдан сапчиб турдим ва йўлакка чиқиб, эшик тирқишидан мўраладим.

Афсус! Қўшнилар экан. Рўпарадаги эшик ёпилди-ю, яна атрофга жимлик чўкди.

Худойим, нималар бўляпти ўзи? Нега Сусанна йўқ? Қаерда? Наҳотки хиёнатни кечира олмаган бўлса?

Бу саволлар ич-этимни кемириб борарди. Ўзимни қандай тинчлантиришни, Сусаннани қаердан излашни билмасдим. Гўёки боши берк кўчада эдим.

Шу тахлит бир соатча хонани айланиб вақт ўтказдим. Сукунат уй ичини ютиб юборгудек бўлар, ҳар бир тиқ этган товуш мени ҳушёр торттирарди.

Охири тоқатим тоқ бўлди. Қалбимни қуршаб олган аламларни қандайдир йўл билан чиқариб ташлашим, тин олишим зарур дея ҳисоблаб, жавонни очдим-да, бир шиша ароқни қўлимга олдим.

Ҳа, энди пешонамга битилганини кўраман. Дод-фарёд билан иш битмайдиган кўринади. Ҳозир шу оғуни тўйгунча ичаман-у, барчасини унутаман. Сархушлик, албатта, мени айрилиқ ботқоғидан олиб чиқади.

Худди кечиксам, кимдир келиб, қўлимдан тортиб оладигандек, ҳовлиққанча шишани очиб, пиёлага ароқ қуйдим. Газак ҳам қидириб ўтирмай, бир кўтаришда ароқни сипқордим.

Ароқ ичимни олов каби куйдириб ўтди. Нафасим бўғилди. Бошимни силкита-силкита, заҳар кучини кесиб, яна пиёлани ичкиликка тўлдирдим.

«Ўлиб кетмайдими ҳаммаси! — ўйлардим афтимни бужмайтириб. — Тўйдим! Ортиқ бундай яшашга қурбим етмайди. Агар у ҳам мени ташлаб кетган бўлса, бу ёғига фақат ўзим учун яшайман. Ҳеч нарсани ўйламайман, ташвиш, қайғу, андуҳларга бўйин эгмайман. Уларга қарши аёвсиз курашаман. Йўлимни тўсмоқчи бўлган ташвишларни янчиб ўтаман. Фақат олға бораман. Майли, бу ҳаёт жонимни олсин, танамни тилкалаб ташласин. Барибир, бўш келмайман! Тўғри-да, менга ким қўйибди шоҳона ҳаёт кечиришни? Онадан етим туғилдим, болалигим, ўсмирлигим шундай ўтди. Бу ҳаётга аллақачон кўникишим лозим эди. Тақдиримда лаззатли ҳаёт бўлмаслиги керак. Бир муддат хотиржам умр кечирдим, етар! Қайтадан эски чориқни судраш, кўча кезиб, бир бурда нон илинжида изғиш палласи яқин. Нимаям қилардим? Бу дунёда кимдир мен каби дайдиларча яшаши керак-ку!..»

Ичкилик ўз кучини кўрсатди. Кайфим таранглашгани сайин Сусанна билан ўтган тотли дамлар қайтадан кўз ўнгимда намоён бўла бошлади. Уни соғиндим. Суюклигимни йўқотиш, абадий усиз умр кўришимни ўйлаб, баттар ваҳимам ошди. Миямда бўлар-бўлмас қўрқинчли хаёллар чувалашиб, тинчим бузилди.

«Балки, кетмагандир? — ўйладим чайқала-чайқала ўрнимдан қўзғаларканман. — Йўқ, бўлиши мумкинмас. У кетган. Мендан буткул воз кечишга аҳд қилган. Тўхта, қачонлардир бирга тонг оттирган бетон уйчада бўлмасин тағин? Ҳа-я, бошқа қаергаям борарди?! Менга аччиқ қилиб, тунни ўша ерда ўтказмоқчи бўлгандир. Э, бир ўзи у ерда нима қилади? Йўқ, мен зудлик билан ўша ерга боришим шарт. Уни топаман. Агар топсам, қайта-қайта узр сўрайман. Қайтиб бундай аҳмоқлик қилмасликка сўз бераман. Ҳа-а, ишонади Сусанна, ишонади! Чунки менинг феълимни билади…»

Номаълум шиддат мени оёққа турғазди. Апил-тапил кийиндим-да, эҳтиёт шарт деразадан ташқарига қарадим. Ҳамма ёқда зулмат кезиб юрибди. Машиналарнинг товуши ҳам деярли тинган. Қайсидир хонадондан гўдакнинг узуқ-юлуқ йиғиси эшитилади, холос. Бу манзара баттар хавотиримни оширди. Сусаннани қоронғи кечада ёлғиз тасаввур этдим…

Ана, қандайдир пиёниста унга яқин келди. Совуқ тиржайди-да, йўлини тўсди. Сусанна терс ўгирилиб кетмоқчи бўлди. Лекин у гўрсўхта кетишга қўймаяпти. Аксинча, унга яқинлашиб билагидан тутишга уринди… Аблаҳ! Мен сенга бегона аёлга тажовуз қилиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман! Ҳозир… Ҳозир бораман-у, абжағингни чиқараман, пиёниста! Ие, нимага хотинимни қучоқлайсан, ифлос? Ҳозир етволай, кўрасан кўрадиганингни!

Яшин тезлигида пастга тушдим ва анҳор томонга югуриб кетдим.

Бетон уйча худди ўша анҳорга яқин ерда. Ичкаридан сувнинг шариллаб оқиши аниқ-тиниқ эшитилиб туради.

Чопиб бораётганимда, каттакон қора мушук ўн беш-йигирма метрча наридан йўлимни кесиб ўтди.

Таққа тўхтадим. Шу лаҳзада бувим раҳматли ўргатган жумлалар хаёлимга келди. Уларни қайта-қайта такрорлай бошладим.

— Бўри ўтди, бўри! Бўри ўтди! Илоё, балонг ўзинг билан келиб, ўзинг билан кетсин, палакат!

Аксига олгандек, йўлимни кесиб ўтгани етмагандай, мушук йўлак четида чўнқайиб турар, мендан кўз узмасди.

— Йўқол, шайтон! — бақирдим унга. — Нега қараб ўтирибсан? Пишириб қўйибдими сенга менинг рўпарамда? Даф бўл!

Мушук менга тикилиб турар, ора-сирада қисқа миёвлаб қўярди.

Жониворнинг бу қилиғи баттар жазавамни қўзғади:

— Шошмай тургин! Улушингни оласан! — дедим-да, қоронғиликда пайпасланиб, қўлимга тош олдим ва мушукка отиш учун қаддимни кўтардим.

Мушукдан асар ҳам йўқ эди.

— Ўла, қора мўнди! — сўкиндим телбаларча унинг кетидан қолмай. — Калтакдан ўлгудай қўрқаркансан-ку! Барибир, тутаман сени! Қани, қай гўрга гум бўлдинг? — Мушук анҳор қирғоғида турганини кўриб, янада жонланиб кетдим. — Ҳа-а, бу ердамидинг, фалокатнинг уяси? Бу ёққа кел! Нега қочяпсан?

Мушук эҳтиёткорлик билан ортга тислана бошлади. Мен ҳам бўш келай демасдим. Кайф зўр келиб, таваккал унга ташландим.

Афсуски, ниятимга етолмадим. Мушук бир сакраб, кўздан ғойиб бўлди. Мен эса… Бу вақтда анҳорнинг лопиллаган сувида сузар, оқим тезлигидан қанча уринмай, соҳилга чиқишнинг иложини топа олмасдим.

Талпина-талпина, ниҳоят, қирғоққа чиқдим. Кийимларим шалаббо, бошимга хас-хашак ўралибди. Тун салқинлигидан дир-дир титрардим.

— Итдан тарқаган! — алам аралаш сўкинган кўйи кийимларимни ечиб, сувини сиқдим. — Қора мушукдан қачон яхшилик чиққан ўзи? Турган-битгани ёмонлик, кўнгилсизлик! Майли, шошмасин ҳали. Кўнгилсизлик келтириш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман. Сусаннамга бир бало бўлсин, дунёдаги қора мушук зотини соғ қўймайман. Бор ўчимни, аламимни ўшалардан оламан!

Кутиб ўтиришга фурсат йўқ эди. Кийимларим ҳўллигига қарамай, қайтадан эгнимга илиб, ғудранганча бетон уйча тарафга йўл олдим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc