Шаҳрисабзнинг гўзал келини, хонадоннинг бахтсиз чўриси бўлган актриса

0

Тўққиз ёшли раққоса қизалоқ саройдан қочмоқда. Митти ўйинчи уч-тўрт йил муқаддам зардўз ёпинчиқлар билан ёпилган серҳашам фойтунда саройга келтирилган эди. Энди ўша фойтун уни олиб қочяпти.

Ғала-ғовур, тўс-тўполон. Отлиқлар шовқин кўтарганча қувламоқда. Аммо суворийлар тоғ йўлининг машаққатларига дош беролмай ярим йўлда қолиб кетди. Парвардигор қўллаган аравакаш эса қизчани эсон-омон белгиланган манзилга олиб бориб, ишонарли қўлларга топширди…

Қизчанинг бошига оғир кунлар тушди — 33 ёшли онаси, сал ўтиб ҳали қирқни қораламаган отаси вафот этиб, холаси қўлида қолди. У меҳрибон аёл эди. Қиз ҳам ўзи емай едираётган, киймай кийдираётган холасини она ўрнида кўрарди.

Қиз холаси билан дўкон айланаркан, юраги бир нимани ҳис қилар, «Куёвга бермоқчими мени?..» деган хаёлдан хавотирга тушарди.

— Тўйимгами? — деб сўрашга ботинганида холаси уни бағрига босиб:

— Айланиб кетай. Энг чиройли келин ўзинг бўласан, қизалоғим! — деди.

Аёлнинг кўзлари чақнар, қизалоқнинг эса юзига изтироб соя соларди.

— Қутулмоқчиман, денг?

— Вой, бу нима деганинг?

— У ким? Уни биламанми?

— У бу ерликмас, шаҳрисабзлик. Шаҳрисабзнинг азиз келини бўласан, ширин болам. Яхши одам экан!

— Яхшими, ёмонми… тегмайман! Илтимос, мажбурламанг!

Қиз кўзида ёш билан холасининг елкасини зорланиб силаркан, давом этди:

— Наҳотки бошингиздан ўтмаган, хола? Қиз боланинг нималарни орзу қилиши…

— Қиз бола нимани орзу қилади, зор-интизор кўнгли кимнинг йўлига кўз тикканча ширин-ширин энтикади, билмайманми? — унинг сўзини бўлди холаси. — Лекин сен хавотирланма. Ҳаммаси яхши бўлади!

— Холажон!

— Севиш дейсанми, севилишми. Муҳаббат, саодат… Ҳаммаси! Қизим, менга ишон, келади ўша кун!

— Тўйдан кейинми? Дуч келган одамга берворганингиздан кейин, а? Йўқ!

— Ҳа!

Қизалоқнинг эмас, холасининг айтгани бўлди. 11 яшар гулғунчани тўй қилиб, 28 ёшли шаҳрисабзлик йигитга узатишди. Лекин холаси хато қилган экан. Тўй ўтди-ю, муҳаббат келмади. Тўрт йилдан бери интиқ кутаётгани — саодатдан дарак йўқ.

Умидлари синган келинчак севиш-севилишсиз, муҳаббатсиз ҳаётнинг машаққатларига тўрт йил чидади. Кейин қочди.

Бу иккинчи маротаба қочиши. Биринчи қочиши ҳам яхшигина эсида. Онаизори кўз олдида жонланади. Феруза опаси…

У қандай саройга тушиб қолганди?

Яқинларининг хотирлашича, Холиёрхон исмли онасининг жияни амир саройида раққоса бўлган экан. Бир куни уни саройга олиб кетиш учун фойтун келади. Қизча мен ҳам бораман, деб ёпишиб олгач, Холиёр ноилож унинг раъйига қарайди. Жажжи Ойхоннинг чиройли рақсга тушиши амирнинг онаси Эшон ойимнинг эътиборини тортди ва уни саройда олиб қолди.

Ойхон энди тўққизда. Лекин қиз ёшидан каттароқ кўринар  эди. Саройда нима кўп — ёмон кўз. Бундан хавотирга тушган Феруза исмли сарой раққосаси қизчанинг онаси Зайнабхонни чақиртирди. «Қизингизни ортиқ бу ерда қолдирманг, опа. Биз бахтиқаролар каби ҳаёти хазон бўлмасин!»

Унинг маслаҳати билан Зайнабхон қизининг исмини ўзгартирди: «Энди исминг Ойхон эмас — Марям! Сен бу ердан қочишинг керак. Қочишингга Феруза опанг ёрдам беради».

Ана, яна қочяпти, орадан олти йил ўтгач. Ўз уйидан ўзи орзу қилганидек яшаш илинжида. Муҳаббатни қидириб!

Акасининг кўмаги билан Москвага бориб ўқиди. Актриса бўлди…

Бир вақтлар Бухоро амири саройидаги кичик раққоса энди эл севган актриса. «Майсаранинг иши» комедиясидаги Майсара, «Бой ила хизматчи» картинасидаги Хонзода, «Маҳаллада дув-дув гап»даги Ойпошша, «Ўткан кунлар»даги… Марям Ёқубова!

Бу номни тилга олишимиз билан театр саҳнасида юздан ортиқ, ўзбек киносида ўттиздан зиёд образлар яратиб, миллионлаб томошабинлар қалбида манзил топган (муҳаббат манзили эмасми томошабин юраги?) бетакрор ижрочининг сиймоси кўз олдимизда гавдаланади.

Қалби очиқ эди опанинг — гина сақламасди. Хафа бўлган дамлари кўп бўлган, аммо бировдан хафалигини сездирмасди.

Эри уни бахтли қилолмади. Холаси айтганидай Шаҳрисабзнинг гўзал келини бўлди-ку-я… Хонадоннинг-чи? Келинимас, афсус, чўриси бўлди янги хонадоннинг. Нима бўлганда ҳам, турмуш ўртоғидан ранжимади. Мажбурлаб узатган холасидан ҳам. Аксинча, бир умрга миннатдор бўлиб яшади онасининг ўрнини боса олган меҳрибон аёлдан.

Келинлик чоғида муҳаббатсиз турмушдан чарчаган Марямхоним орадан маълум вақт ўтгач ва юрагида оналик меҳри жўш ургач, қанчалик бахтли эканини сезган эди. «Даргоҳига беадад шукр, мен — онаман. Оналик бахтидан баҳрамандман!»

У қизи Тамара билан фахрланар, унинг иқболидан ўзини еттинчи фалакда сезарди.

Муҳаммад ШОДИЙ

(«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан)

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here