Сурбой ТЕРБОЕВНИНГ «ТЕРРАРИ»СИ (интермедия)

0

 

 

Мухбир: — Суҳбатимиз дебочасида иш вақтингиз қачон бошланиши ҳақида билишни истардим.

Ҳайдовчи: — Иш вақтим рўвна соат эрталабки бешда бошланади.

Мухбир: — Жуда эрта тураркансиз-да! Ухлайсиз ҳамми ўзи?

Ҳайдовчи: — Нари борса икки соат ухласам керагов!

Мухбир: — Нега бунча кам?

Ҳайдовчи: — Биласизми, кўзим илинди дегунча ҳар куни кечаси бир хил туш кўравераман. Ё ўн тўққизинчи автобус ҳамма одамни териб кетиб қолган бўлади, ё бирор йўловчи чиптачимни чалғитиб йўл ҳақини тўламай тушиб кетади. Шунда сесканиб уйғониб кетаман.

Мухбир: — Сурбой ака, айтишларича, ота изидан борганмишсиз. Ростдан отангиз раҳматли Тербой акаям автобус ҳайдаганми?

Ҳайдовчи: — Эҳ, отам раҳматли ажойиб ҳайдовчи эди. Манаман деган канкурэнтни ухлатиб кетарди. Шунча ҳайдовчилик қилиб, атиги 280 марта автобусини ағдариб юборган холос. Менгаям доим «Ҳой болам, башарти мендақа ҳайдовчи касбини танласанг, кўзларинг бургутникидай ўткир бўлсин! Олдингни канкурэнтга бериб қўйма! Бос, бос ва яна бос!» деб тайинларди.

Мухбир: — 280 марта ағдарилган бўлса, ҳеч қаери умуман лат емаганми?

Ҳайдовчи: — Ҳа энди, арзимаган нарса. Лабининг бир четида тиртиқ қолиб кетганини, бир кўзи ғилайлашгани, боши қалтираб турадиган бўлиб қолганини айтмаса, отамга жинам урмаган.

Мухбир: — Нега сизга «Шумахер» деб лақаб қўйишган. Ё ҳақиқатан пойгачи Шумахернинг ишқибозимисиз?

Ҳайдовчи: — Бе, ўшаям пойгачи бўлибдими? Тупурдим унақаларга! Ўзингиз ўйланг, ўша немиснинг йўлида на ГАИ, на қизил чироқ, на пиёдалар ўтиш жойи, на ўнқир-чўнқирлик бор. Текис йўлга ўттизтаси машинада чиқади-ю, ўзича пойга ўйнайди. Рулга ўтирган ҳайдовчида аниқ мақсад бўлиши керак.

Мухбир: — Лақабингиз ҳақида тўхталиб ўтмадингиз-ку!

Ҳайдовчи: — Майли, тўхталсам тўхтала қолай. Умуман, бир нарсани тан олишим керак, мухбир ука, мен автобусни жуда тез ҳайдайман. Бу бекоргамас. Кўрган бўлсангиз, йўлимда бир нечта канкурэнт автобуслар бор. Агар бўш келсам, шундоқ олдимга ўтади-ю, ҳамма одамимни териб кетиб қолади. Хуллас, тезлигим катта бўлгани учунам шунақа лақаб қўйган бўлишса керак. Локигин бир танишим «Сен германиялик пойгачи Шумахердан минг чандон зўрроқсан» деб мақтаганиниям мақолангизга тиркаб қўяверинг!

Мухбир: — Боя итларни ёмон кўришингизни айтгандингиз. Нега бу жониворларни ёмон кўрасиз? Ё сизниям ит талаганми?

Ҳайдовчи: — Талаб кўрсин-чи, нима қиларкинман!.. Ёмон кўришимнинг боиси-чи, мухбир ука, ўша ярамас итларниям ақли ишларкан-эй! Қачон қараса, эрталаб соат тўртда автобусимнинг моторига ўт қўйиб йўлга чиқдим дегунча, маҳалланинг итлари ўраб олиб акиллайверарди. Бир куни биттасини атайин сал туртиб кетдим. Маҳаллага борсангиз кўрасиз, бир оёғи қийшайиб қолган. Гапнинг индаллоси, ўша воқеадан кейин маҳалламдаги итлар автобусимнинг овозини бир километрдан танийдиган бўлди. Йўлга чиқсам, тамом, итлар ин-инига кириб кетишади. Ҳойнаҳой, акиллаб юришганда асабийлашавериб ёмон кўриб қолган бўлсам керак!

Мухбир: — Фаолиятингиз давомида содир бўлган қизиқарли воқеалардан айтиб бера оласизми?

Ҳайдовчи: — Бир воқеа бўлган. Ўтган ойда салонда одам камлигини кўрдим-у, асабим бузилиб автобусни мингга қўйганча катта бозор бекатига келдим. Биламан, шу ерда ўн дақиқа турсам, тўламан. Энди етиб келгандим, олдимда боя айтган ўн тўққизинчи автобус турган экан. Тўхтаганимни биламан, ҳамма одамни терди-ю, сурворди. Вей, ямо-он асабим бузилди. Бирпас туриб менам тўлдим-у, қасдма-қасдига орқасидан қувдим. Биласиз, бекорга мени Шумахер дейишмайди. Бир ҳатлаб ўша баччағарга етволдим-да, йўл четига қисиб боравердим. Ўла, алам қилмайди-я қилмайди! Жони чиққудай бўлиб ўтирган ерида «Ҳа, Шумахер, иситманг кўтарилиб кетдими? Безовтасан?» деб бақирди. Бу бизнинг тилда «Автобусингнинг мотори қизиб кетдими?» деган маънони беради. Менам бопладим. «Йўқ, иситмам кўтарилмади, иккиқатман, иккиқат, туғишга кетяпман, шунга шошиляпман!» деб қичқирдим.

Мухбир: — Бу сизнинг тилингизда нимани англатади?
Ҳайдовчи: — Бу «Кўрдингми, менам тўлдим, шунча одамдан қуруқ қолдинг!?» дегани, укам.

Мухбир: — Ўзингизга маълум, ҳозирги кунда йўлларимиз жа ўнқир-чўнқир бўлиб кетди. Шунга муносабатингиз?

Ҳайдовчи: — Э, қанақа тушунмайдиган мухбирсиз ўзи, ука? Йўлчиларимиз йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида атайин йўлларда чуқурлар қолдиришади. Шундай чуқурлар борки, ўпқонга ўхшайди. Йўлчиларимиз халқни ўйлашвотти, халқни!

Мухбир: — Қанақа қулайлик, қанақа халқни ўйлашга ишора қиляпсиз?

Ҳайдовчи: — Масалан, кимдир эрталаб вақтли ошга боради-ю, нафсининг гапига кириб кўпроқ еб қўяди. Яна кимнингдир ичи дам бўлаётган чиқади. Автобус ҳар чуқурга тушиб чиққанда-чи, ўша акаларимиз бирдан енгил тортишади. Ишонаман, улар ичида албатта менга, йўлчиларга раҳмат айтади, бизни дуо қилади, ҳа!

Мухбир: — Баллонлар-чи?

Ҳайдовчи: — Баллон нима? Давлатники бўлса! Қолаверса, гаражда механик дегани бор. Улар нима эвазига маош олишади? Баллон тешилса, ямайди-да! Ямамай қайга борарди?

Мухбир: — Айтишларига қараганда, сизлар йўл ҳақини оларкансизлар-у, йўловчига чипта йиртиб бермас экансизлар. Чиптани рулони билан кечқурун ўзларинг йиртиб, бир четга ирғитаркансизлар. Шу ростми?

Ҳайдовчи: — Хўш, бунинг нимаси ёмон? Биз доим йўловчининг манфаатини, фойдасини ўйлаймиз. Шўрлик чиптани қўлига олиб, тиқилинчда қаерга қўйишни билмай қолмасин, қийналмасин, пастга тушгандан кейин ерга ташлаб қўлчасини оғритмасин деймиз. Шу ёмон ишми, мухбир ука?

Мухбир: — Тушум қалай, тушум?

Ҳайдовчи: — Ана, шаҳар марказидан иккита уч хоналидан квартира, чал четроғидан данғиллама, уч қаватли ҳовли, тоғда иккита дача қуриб қўйибман. Иккита ўғлим бор, етади уларга. Тушумни мана шундан ўзингиз чамалаб олаверинг.

Мухбир: — Мухлисларга тилакларингиз?

Ҳайдовчи: — Ие, тўхтанг, чиптачим пастда қолиб кетибди-ку! Ҳой Оқсоқбой, нима қилиб пастда думаланиб юрибсан-а? Одам деган сал абжирроқ бўлмайдими? Нима? Сиғмай қолдим? Майли, кейинги кругда чиқарсан! Ҳозир-чи, қўлингдаги майда пулларни ҳов анави ердаги пистачига оборгин-да, йириклатиб тур! Нима? Икки юзталикларнинг ҳаммаси йиртиқ экан дейсанми? Нима бўпти? Вей, овсар, устига йиртилмаганларини қўйсанг, пистачи балониям билмайди. Кийдирвормайсанми, едирвормайсанми, овсар? Хў-ўш, нима деётгандингиз? Ҳа-а, тилак ҳақида сўрагандингиз-а? Нимаям дердим? Тилагим шуки, илойим ўша газитчи мухлисларингизнинг ҳаммаси фақат менинг автобусимга чиқсин!

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here