Амир Темур ва Франция қироли ўртасидаги мактублар нима ҳақда эди?

0

Жаҳон тарихида Франция билан дўстона муносабатларимиз теран илдизларга эга эканини ифода этувчи маълумотлар кўп учрайди.

Хусусан, XIV аср ўрталарида Буюк Ипак йўлининг Ғарб мамлакатларига олиб борувчи тармоғи турли низолар туфайли инқирозга учраган эди. Ўша даврда Амир Темур турли соҳаларда қитъалараро алоқалар тикланишига шароит яратиб берди. Соҳибқироннинг Европа қироллари билан олиб борган мулоқотлари орасида, айниқса, Франция қироли Карл VI билан ёзишмалари алоҳида тарихий аҳамиятга эга. 1394 ва 1399 йилларда Амир Темур ҳузурига келган Византия императорининг Константинополдаги муовини Франсуага Сандро исмли вакил ҳамроҳ бўлган. Сандронинг қўлида Генуянинг ҳомийси бўлган Франция қиролининг Амир Темур номига ёзилган мактуби бор эди.

1402 йилда Карл VI Амир Темур билан мустаҳкам сиёсий алоқаларни ўрнатишга интилди. Улар ёзишмаларининг бир қисми Франция ҳужжат архивида сақланади. Мазкур мактубларда Амир Темур қиролнинг Шарққа нисбатан сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўз давлати билан Франция ўртасида савдо-сотиқ йўлга қўйилишининг аҳамиятига эътибор қаратади: “Бизнинг у улуғ амирдан кутганимиз шулдурки, доимо бизга шоҳона мактубларни юбориб, саломатликларини билдириб турсалар, токи биз хотиржам бўлгаймиз. Яна сизнинг савдогарларингиз бу тарафга қатнаб турсалар, биз бу ерда уларни азизу мукаррам тутғумиздир, шунингдек, бизнинг савдогарлар у тарафга юборилса, сиз ҳам уларни азизу мукаррам тутсангиз, ҳеч кимса уларга зўрлик қилмаса ва зарар-заҳмат етказмаса! Чунки дунё савдогарлар билан ободдир!”

Соҳибқироннинг Франция қиролига ёзган, бизнинг давримизгача лотинча таржимаси етиб келган иккинчи мактуби ҳам 1402 йил 1 август санаси билан белгиланган. Ҳар иккала мактуб архиепископ Иоанн III томонидан Францияга етказилган. 1403 йил июнда Парижга етиб борган архиепископ Амир Темурнинг Франция қироллигини қизиқтирувчи таклифини баён этади. Унда икки давлат савдогарларининг эркин савдо муносабатларини таъминлаш ва савдо эркинлигини тегишли битим орқали кучга киритиш ўз ифодасини топганди.

Амир Темурнинг ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги ташаббуси Франция қироли томонидан мамнуният билан қабул қилингани 1403 йил 15 июнда Карл VI нинг Соҳибқирон номига йўллаган мактубида ўз ифодасини топади. “Яратганнинг марҳамати билан франклар қироли Карл муҳтарам ҳазрат ва музаффар подшоҳ Темурбекка салом йўллайди ва тинчлик тилайди” сўзлари билан бошланадиган мазкур мактубда Франция билан Амир Темур давлати ўртасида савдо алоқаларини ўрнатиш масаласига катта аҳамият қаратилади ва шундай сўзлар билан якунланади: “Биз сизнинг ишларингизни, фойдали таклифларингизни қабул қиламиз, имкони бор жойларда (уларга) баробар ва ундан ортиқроқ илтифот кўрсатишга ваъда берамиз”.

Амир Темур ҳам, Карл VI ҳам ўзаро дўстлик ва бирдамликдан ҳамда савдо битими тузишдан манфаатдор бўлишганини мазкур мактублардан англаш мумкин. Академик Акмал Саидов ва Люсьен Керен ҳаммуаллифлигидаги “Амир Темур ва Франция” номли асарда Венсан Фруньёнинг Амир Темур ҳақидаги ушбу фикри қайд этилган: “Амир Темур мавзуси Ғарбий Европада Клавихо ва Женкинсон сафарномалари эълон қилинмасдан бурун, шунингдек, Ибн Арабшоҳ, Шарафиддин Али Яздий сингари тарихчиларнинг асарлари таржима қилинмасдан олдин тарихий ва адабий мавзу сифатида мавжуд бўлган”.

Ватанимиз мустақилликка эришгач, Ўзбекистон дунёнинг турли мамлакатлари билан бўлгани каби Франция билан ҳам сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни ўрнатди. Шундай қилиб, Амир Темур ва Карл VI томонидан тамал тоши қўйилган ҳамкорлик ҳамда бирдамлик муносабатлари бугунги кунда икки давлат ўртасида янги суръатда ривожланиб бормоқда.

Хуршид ФАЙЗИЕВ,
Темурийлар тарихи Давлат музейи директори

(Манба: «Халқ сўзи»)