Андижонда оддий аскар санъаткорларни лол қолдирди (фото)

0

Ўзбекистон миллий гвардиясига қарашли Андижон ҳарбий қисмида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Доно Бобохонова билан учрашув ташкил этилди. Таниқли кино ва театр актрисаси саҳнада ўйнаган роллари ва қаҳрамонларининг монологларини ҳарбий хизматчилар олдида ижро этиб берди. Бу ҳақда Миллий гвардия Андижон вилояти бўлими бошлиғи ўринбосари Анваржон Мавлонов хабар қилмоқда, деб ёзади Turon24.uz.

Ҳарбий хизматчилар ҳам маҳоратларини намойиш этди. Оддий аскар Мадаминжон Абдусаломов машҳур артистларнинг овозига пародиялари, таниқли шоирлар шеърларини ифодали ўқиши билан барчага кўтаринки кайфият бахш этди.

“Ўзбек халқи санъатсевар, – деди Доно Бобохонова аскарларнинг қобилиятидан завқланиб. – Изланиб, доимо ҳаракатда бўлсангиз, инсонлар кўнглига йўл топиб, қувонч ҳадя этсангиз ўзингизни бахтли ҳис қиласиз.

Мадаминжон ҳарбий хизматдан сўнг театр санъати йўналишида ўқишга кириш ниятида.

“Қисмимизда бу каби тадбирлар кўп ўтказилади, – дейди бошлиқ ўринбосари Анваржон Мавлонов. – Турли хил кўрик-танловлар, спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар ташкил қилиб келмоқдамиз. Бугунги кун аскари фақат ҳарбий техникалардан фойдаланишни эмас, илм, фан, санъат ва адабиётдан ҳам хабардор бўлиши замон талабидир”.

Учрашув савол-жавобларга бой бўлди. Вилоят хонандалари ижро этган қўшиқлар даврага файз бағишлади.