«Бозор дунё» ёхуд эрини ўзгага никоҳлатган аёл изтироби (11-қисм)

0

Наби Мусаевич давом этди:

— Мен айтяпман бола, кўзингни оч! Ҳозироқ синглингникига борасан. Нозима билан гаплашасан. Олиб бор, унинг жавобини ўзи беради. Ўзи олиб келган, ўзи даф қилади. Пулини келишинглар, ана, туғиб берса берсин. Аммо мен уни у ерда кўрмай.

Бори айтилмоқчи гап шу эканлигини, шунча манзират шунга қилинаётганини Мансур билиб турарди. Ўзи бу ҳакда бош қотирмаётган бўлса экан. У шартта ўрнидан турди. Индамай чиқиб кетди. Нозиманинг олдига бормайди. Кўп нарса ҳали ҳал бўлгани йўқ. Бориб нима ҳам дейди? Нозимани у билмаса экан. Тўғри, уриш-жанжал қилмайди. Ҳозир умуман, Мансур билан гап-лашмайди. Нима фойдаси бор? Аввал Каниза билан бир битимга келиши керак. Унинг феъли чарслиги билиниб турибди. Мансур тўрт кунини унга дарс бериш билан ўтказди. Яхшилик билан илон инидан чиқади. Каниза жуда баттол ҳам эмас, ипакдек эшилиб турибди. Тушунади. Энг асосийси, Мансурни ёқтириб қолди. Бўлмаса, эридан кечишини айтмайди-ку. Кечиб бўлди. Ахир ким учун кечди? Мана булар озгина сабр қилса, Каниза йўлга юради. У нима деса шуни қилади. Бунинг учун озгина вақт керак. Буни тушунса бўлади-да, профессор! Бир охурга иккита қўчқорнинг эмас, совлиқнинг ҳам боши сиғмас эмиш. Бу эркакка боғлиқ. Канизани кўндириб олса бўлгани. Нозима уни ўзи олиб келди. Демак, у керак. Яна нима муаммо бўлиши мумкин?

Мансур йўлда бораркан, ўйлаб, ўйининг тагига етолмас эди. Машина бошқариб кетаётганини анчадан кейин билди. Қаёқа кетмокда? Ишхонасига кетаётган экан. Нега, ўзи билмасди. Кетаверди, уйи томонга қайрилмади. Ҳамма нарсани обдон ўйлаш керак. Унинг устига ишхонада ишлар атала бўлиб ётибди. Департамент бир гап айтмаяпти, галга соляпти, тушунарли. Вагон келмасдан, андижонликлар ҳам дод деб юборишди. Аҳад Валиевичга эллик миллион ўтказиб бериш керак. Тушиши керак бўлган саккиз юз миллион тушмай ўляпти. Дебиторларнинг ҳолига вой. Энди, Аҳад Валиевичнинг заводига уйдан эллик миллион бериб қўяверади. Гугурт қутидан битта чўп кетгандек гап. Ишхона ўз йўлига. Эртага Каниза уйига бориб келмоқчи. Бугун кўп нарсани ҳал қилиб олиш керак. Бормаслиги керак. Бормаса яна бўлмайди.

У машинани шартта катта йўлга қайириб, уйга ҳайдади. Етиб келгач, дарвозанинг очилишини кутди. Икки-уч сигнал берди. Жимжит, нима бало, кетиб қолдими? Мансурнинг юраги ҳовлиқди. Машинадан тез тушиб, дарвозага юрди. Кичик эшик очиқ, ичкари кирди. Хайрият чироқ ёниқ. Шунда Каниза кўринди.

—   Кўяверинг, ташқари совуқ, — деди Мансур, уни кўриб, кўнгли ўрнига тушгач хурсанд бўлиб, дарвозани ўзи очди, гараж эшигини очиб, машинани олиб кирди, «ўраб ўтириш шартми?» ўйлади у. Мансур кирганда Каниза эснаб, халати чўнтакларига қўлини солиб, коридорда турарди. «Бугун кўп масалани ҳал қилиш керак» ўйлади Мансур ва норозидек қимир этмай турган Канизани қучди. Ингичка белларининг нашвандсимон йўғонлашув жойларини силади, юзини юзларига сурди, сўнг етаклаб, меҳмонхонага бошлади. Канизани диванга ўтқазиб:

—   Мен ҳозир, ечиниб, ювиниб олай, гаплашадиган гап кўп, — деди.

—  Мен антиқа овқат қилдим, ейсизми?

—  Еймиз, нима экан?

—  Нон қўғирдоқ.

—  Нима у?

—  Қолган-қутган нонларни қовурдим.

—  Ие, бошқа нарса йўқ эканми?

—  Бор. Ширин бўлади-да, биз ёғ бўлса, тез-тез қилар эдик.

—  Майли, сиз қилган овқат ёмон бўлармиди?

—  Уят қилмайсиз-а?

—   Ҳеч қачон.

—   Бўлинг, тезроқ ечининг, ювининг. Зерикиб кетдим.

—   Одам ўз уйида ҳам зерикадими? — ётоқхонадан эшитилди Мансурнинг овози.

—  Эртага кетаман.

—   Гаплашамиз.

Каниза ошхонага қараб кетди. Унинг эртага уйга бо-риш қарори қатъий эди. Шунинг учун ҳам халтасига анча-мунча нарсаларни тўлдириб, латтапугталарга ўраб, Салиманикига олиб чиқиб кўйди. Бу ерда, энди, ўшандан яқин кими бор? Ўшада. Эртага, тағин, Мансур халтадаги нима балолар, деб ўйламасин. Ҳали, пул бера-дими-йўқми, Худо билади.

Мансур ювиниб, кийиниб, ошхонага кирди. У ўзини қанчалик хушнуд-хушчақчақ тутишга уринмасин, иштаҳаси йўқ, дадаси билан бўлиб ўтган тўқнашув руҳан ззиб турарди. Шу боис ҳам уни хаёл олиб қочар, бир нуқтага тикилиб қолар, Каниза эса ҳайрон бўлаётган эди. У бир-икки «Тинчликми?» деб сўради. Мансур буни иш ташвишларига йўйиб кўя қолди.

Асосий гап ётоқхонада бошланди. Каниза Мансурнинг айтганларига амал қилиб, чироқ ўчмаёқ, халатини устидан тушириб юборди ва атир сепди. Хонани ширин ифор қоплади. Ўринларига киргач, Каниза Мансурни қучди. Мансур негадир суст эди. У бироз қўлини боши остига қўйганча ётди.

Мансур аввал гаплашиб олишни кўзларди, шу боис ҳам ҳаракатсиз ётарди. Шунда унинг хаёлига бир гап келди ва тадбиркор бўлгани учун тактика қўллади:

—  Демак, эртага уйга бориб келасиз…

—  Рухсат берсангиз… — шивирлади Канизанинг лаблари унинг елкасига намли тегиб.

—  Ҳозир, кабинетга кириб чиқай… — Мансур халатини кийди-да, ўша ёққа кетди.

Кабинетга кириб сейфни очди. Даста пуллардан бирини олди, аммо қайта жойига қўйиб, ўйланиб қолди: «Кўкидан берсамикин…» Йўқ, сўм бера қолсин. Яна ўша боғламни олди. Шу пайт ортидан Каниза кирди. Мансур беихтиёр сейфнинг эшигини ёпди, бироқ хижолат чекди.

—  Ҳа, мендан яширяпсизми? — деди Каниза худди Мансур кутгандай.

—  Нега яшираман?

—  Қўрқманг. Мен сизга ҳеч ким эмас-ку, — ўпкалади Каниза. — Кабинетингизни бир кўрай, деб эдим.

—  Ие, 6у ёққа ҳеч кирмадингизми?

—  Бировдан берухсат нега кираман? Ўзимнинг уйим бўлмаса…

—  Ўзингизники. Жуда шунчалик бўлса, мана, сейфнинг калитини ҳам бериб қўйишим мумкин.

—  Ўзларига буюрсин.

Мансур унинг чинакам хафа бўлганини сезди.

—  Жуда кўнглингиз нозик, а, Каниза? — бориб елкаларидан қучди унинг.

Каниза юлқинди. Мансур калитларни унинг халати чўнтакларига солди ва ташқари етаклади. Хонадан чиқишар экан,  Каниза калитларни  ерга,  гиламнинг устига итқитди. Тезлаб ётоқхонага кирди-да, халат-палати билан ўзини каравотга ташлади, бошини ўраб олди. Вазият оғирлашди. Аслида, Мансур пулни илгарироқ тайёрлаб қўйса ҳам бўларкан. Одамзот ҳам нозик-да. Буни-ку, тўғрилаб олади. Аммо у ёқда отаси, Нозима… Нега юраги чопиб турган ишга бировлар тўғаноқ бўлади, а? Ҳозир, ўшалар, айниқса, Нозима бўлмаганда, Мансурдан бахтли одам йўқ эди. Мана бу билан, қанча тўпори, инжиқ бўлмасин, силлиққина яшарди. Ишику, тўғри бўлиб кетади, ҳозир ҳамма бирдек қийналяпти — пулдор, мулкдор, гадо ҳам… Бунинг бундай қилиқларига ҳам ўшалар сабаб, бу ҳам ўйлайди-да, кўнгли тинч эмас. Бунинг ўрнида ўзи бўлса ҳам шундай қиларди, мана ўзи, унинг эри ёнига бориб келишига мутлақо кўнгиси йўқ, худди устига тоғ қулайди-ю, унинг эри бир бало қилиб қўяди-ю, Мансур қуруқ қолади. Дунё ўзи шунақа: мулк сеники, унга биров қўл тегизмаслиги керак!

Икков шу алпозда аллақанча ётишди. Мансур Канизанинг бошидан кўрпани тортди, уни бағрига олса, сал ияди, кейин гаплашади. Каниза қўллари билан кўрпани тортганча бўш қўймади.

—   Каниза, — деди шунда Мансур, — сал нарсага бундай қилаверсангиз, мени сиқаверсангиз яхшими? Нима бўпти, сейфни ёпиб қўйсам? Ўша иккаламизники. Мен сизга очиқ гапларни айтдим, мақсадимни тушунтирдим. Сиз яна бундай қиляпсиз. Мени ҳам ўйлаш керакда. Эртага уйга бораман, деганингиз учун кириб эдим. Уйга қуруқ қўл билан бормайсиз-ку.

Мансур яна кўрпани тортиб, Канизани қучди.

—  Қўйинг, жоним, — деди.

Каниза бу гал қаршилик кўрсатмади. Мансур уни индамай қучиб ётди. Кейин:

—   Каниза, мана бу пулга, — деди у қўлини ёстиқ тагига тиқиб қистириб қўйган пулни олди ва Канизага узатди, — болаларга у-бу олинг. Қолганини уйга қолдиринг…

Каниза бошини даст кўтариб узатилган пулга қаради, шу заҳоти қўлига олди. Жойига ўтириб, кўзига яқин олиб келди. Туриб, чироқни ёқди:

—  Шу ҳаммаси менгами? — унинг кўзлари пориллади.

—  Ҳа, кимга бўлмаса.

—   Раҳмат,  ҳозир,   —   Каниза у ён-бу ён аланглаб, гўё тез бир жойга қўймаса, Мансур уни қайтариб олиб кўядигандай потиллаб қолди.

—   Ёстиғингизни тагида тураверади ёки халатингиз чўнтагига солинг, етадими?

Каниза индамади. Бир пачка минг сўмлик пулни ёстиғи тагига қўйди. Ўзини Мансурнинг устига отди, юз-кўзларидан ўпди, ҳансирок аралаш:

—  Болаларимнинг усти яланғоч эди, раҳмат, асалим, — деди ичига сиғмай.

—  Етмаса яна бераман, ўйлаб кўринг, — зўрға гапира олди Мансур юз-кўзи, сочлари, бўйин-елкаларига дўлдай ёғилаётган ўпичлардан зўрға қутулиб.

Каниза ўтли миннатдорчилигини маромига етказиб, сусаяркан, Мансур:

—   Мен нимани ўйлаяпман-у, арзимаган нарсаларга ўкиниб ўтирибсиз, — дер экан, унинг хаёли ҳозир асосий гапга ҳозирлик кўришда эди.

—  Каниза, — астойдил гап бошлади сўнг, — шундай қилиб, эртага бормоқчимисиз? Мен сизсиз бу ерда қандоқ чидайман? — атай унга ялтоқланди ва бу гапнинг ёқишини билди. — Қачон келасиз?

—   Қачон десангиз, — Каниза бориши, болаларини кўриши, бир бало қилиб, гумроҳ эрини тинчитиш зарурлигини билиб турса-да, шундай дейишга мажбурият сезди.

—  Борибоқ қайтасиз.

—  Майли, рухсат берасизми, ахир? — ноз ила эркаланди Каниза.

—  Бермасам-чи?

—  Бормай қўявераман.

Мансур уни бағрига босиб узоқ ўпди.

—   Жоним, асалим мени тушунгани ўзи бир дунё. Сиздан ҳеч қачон кечмайман. Қадрингга етаман, азизим, — Мансур шу топда ўзини тутолмас, ўзини қаерга қўйишни билмасди.

—   Болалар бўлмаса-ку, умуман бормас эдим… — ўт қўйди Каниза, бу гал у дўл каби бўсалардан зўрға қутулиб.

Маълум вақт ўтгач, Мансур:

—   Эртага машина олиб бориб келади, ўзим олиб борардим-у, яна сизнинг қаҳрингиздан қўрқиб турибман… — деди.

—  Бораверасиз, қишлоқдагиларнинг оғзини очиб қўяман, қайнонангиз оёғингизга қўй сўяди.

Талтайган Мансурнинг кўзига узоқ ва гўзал қишлоқ, гўл ва содда одамлар, ҳаммасининг ҳавас билан ўзига қарагани, Канизанинг мавқеи ўсиб, виқор билан бошлаб бориши, қайнона ва қайнотасининг боши осмонда, ўзларини қаерга қўйишни билмай, қайта-қайта тўшак, якандоз солганлари, бообрў куёвларидан кўнгли тоғдай ўсганлиги кўриниб кетди. Ўша томонларга учиб боргиси келди. Шу кайфият ичида юрагини эзиб, олис-олисдан ғимираётган масалани ҳал этишга рағбат сезди.

—   Жонгинам, — дея яна гап бошлади у, — сизга бир гапни айтмасам бўлмайди…

Каниза бу гапга ортиқча муносабат билдирмади, ўз ўй-хаёллари билан бандга ўхшади.

—   Каниза, — деди яна Мансур томоқ қириб, — Нозима уйга келадиган…

Каниза яна жим.

—   Бугун охири дадам билан гаплашдик, — деди Мансур қўлларини Канизадан узиб, боши остига қўяркан. — Дадам шунақа одам, у кишини сиз ҳали билмайсиз… Нозима уйга бориши керак, деяптилар.

Мансур Канизанинг индамаётганидан ташвишланди. У эса ҳамон миқ этмасди. Анчадан сўнг Мансур:

—  Сиз кундошчиликка чидармикинсиз? — деди қўрқа-писа.

Каниза яна жим.

—  Ҳали мен бирон нима деганим йўқ, — олдини олди Мансур. — Энг ёмони, унинг ҳам борадиган жойи йўқ.

—   Келса келаверсин, — ҳеч нарса бўлмагандай, ғам емай деди Каниза.

Мансур уни шартта қучди.

—  Асалим, эсликкинам, — деди.

—   Келса келиб тураверади-да. Бизга халақит берармиди. Хизматимизни қилади…

Бу гапни Каниза ҳеч иккиланмай, жўн, гўё ўзига алоқаси йўқдай айтди. Энг чигал масала осонлик билан ҳал бўлганидан суюниб кетган Мансурнинг дилига қаёқдандир ғашлик кўланка ташлади. «Бунга барибир шекилли, нима бало, мени севмайдими? Пул керак экан холос-да». Мансур ҳозир тубсиз қудуққа тушиб кетган-дай бўлди. Яхшики, уни яна Канизанинг тўри ушлаб қолди.

—   Менга сиз бўлсангиз бўлди. Ким келади, ким кетади, ким нима дейди — менга барибир. Кўзимнинг оқу қароси ёнимда бўлса бас! — хулоса қилди.

Бу гаплар Мансурнинг ўлик танини тирилтирди, унга ҳаёт суви ато этди. Энди Нозиманинг масаласи ҳам жўн ҳал бўлгани қувонтира бошлади. Ҳозир Мансурнинг қувончи дарҳақиқат чексиз эди. «Дадамнинг ваҳимасини қара-я, — ўйлади у. — Профессор бўлгани билан Канизани билмайди-да. Чин инсон бу, бахт дегани асли шу».

Канизанинг хаёли батамом бошқа нарсаларда эди. «Эртага…» Мансур уни яна миннатдорчилик рамзи ила ўпиб, хаёлларини бўлиб юборди. Мансур учун бугунги тун ўта хотиржамлик ва шиддатли ишқ лаззати ила йўғрилган адоқсиз кечадан нишона бераётганди. Бағрини тўлдириб, бўлак-бўлак бўлиб билқиллаётган аёл эркатой овозда:

—   Эртага қишлокда бир кун қолсам-чи? — деган эди, у ўша овозни ямлаб ютиб юборди.

IX

—   Ҳозир ишга боришим билан Шерзод деган бола келади, — деди Мансур ишга отланиб, охирги нарсаларини оларкан. — Сиз яхши бориб келинг. Каниза, яна қолишни ўйлаб-нетиб юрманг. Мени анча билиб олдингиз, айтганимдан қайтмайман. Машина қуруқ келса, бориб олиб келаман. Эрингиз билан кўришмаганим маъқул, қишлоқчилик… Сизни гап-сўзга қўйишни истамайман. Тушунарли-а?

У икки қўлини қовуштириб, кўзларини милтиллатиб турган Канизани лабларидан енгил ўпди. «Хўп жоним, сиздан ажралишим қанчалик қийин» деди. Уни дарвозагача кузатиб, ортига қайтмоқчи бўлган Канизага машина эшигини очиб яна нимадир деди. Каниза эшитмай, унинг ёнига борди.

—  «Калит керакми, ҳали келсангиз» деган экан Мансур. — Манг, менинг калитларимни олиб қолинг. Кичкина эшик ўзи бекилиб қолади, — деди.

Каниза шода калитларни олди. Мансур, энди келиши аниқ, дея кўнгли хотиржамланди.

—   Мансур ака, — деди шунда Каниза Салиманинг дарвозасига бир қараб қўйиб, — қолган-қутган меваларни болаларга…

—   Эҳ, буни қаранг, кеча ўзим бозор қилиб қўйсам бўларкан. Нимани хоҳласангиз ўзингиз биласиз. Хўп, мен кетдим.

Каниза Салимага яширган нарсаларни бериб чатоқ қилганини англади ва шу заҳоти унинг дарвозаси қўнғироғини босди. Салима кўрингач:

—   Халтамни олай, кетмайдиган бўлдим, — ёлғон сўзлади у.

Салима индамай халтани олиб чикди. «Туппа-тузук хотин ўзгариб қолди-я, — ўйлади Каниза, — кўролмайди-да. Бозорнинг ажри оғир, ўлиб кет!»

Ичкари кираркан, Каниза яна топган-тутган нарсаларини иккинчи халтага жойлади. Бозорга пул кетади, қуруқ қўл билан боргандан кўра, ит емай ётибди ҳамма нарсани, болалари ейди. Ўшаларнинг устига, оёғига нарса олиши керак. Пачка пулни эса асти бузгиси йўқ. У пулни турган еридан олиб, роса айлантириб томоша қил-ди. Сўнг Нозиманинг янги сумкачасига жойлади-да, атир-упа, майда-чуйдаларни ҳам тикди. Нозима берган барча уст-бош, матоҳларни қайта тахлаб тугди. Бир қатор энг яхшисини кийди. Эскиларини яна бир халтага жойлади. «Товус»ни ҳам ўшанга қўшди. Бироқ ўйланиб қолди. Шундай кийиниб, анови илиғлик турган чарм плашни кийиб борадими, эскилариними? Бундай борса, Самад ўлгур йиртиб-нетиб ё олиб қўйса-чи? Кейин бермаса-чи? Унинг устига одамлар гап қилиб… «Гап қилишса….-га» деди у. Ечинди, эски кийимларини кийди, йўқ, бундай бормайди. Ечди. Хуллас, минг ечиниб, минг кийинди. Ўйлаб-ўйлаб, янги усти бошларида тўғри онасиникига боришни режалаштирди, чунки ўн икки кун деганда кетяпти, ҳойнаҳой, Самад гўлаҳи болтасини чархлаган бўлса керак, бирор корҳол бўлиб ўтирмасин. Ўзининг уйига эскиларини кийиб боради, яна аяси билан маслаҳатлашади. Устига-устак, шу бугуноқ қайтиши керак. Самад иш кўрсатиши табиий. Ўн икки кундан бери қўйчи-нинг таёғидек қайраб турган бўлса керак. Онаси бирга бормаса бўлмайди. Олдин қайнона-қайнотасиникига кириб, уларни ҳам ўртага қўяди. Шу ерга келганда фикри айниди. Яхшиси, бирон баҳона топади, Самад пулга ўзини ҳам сотишини билади. У билан масалани ўзи ҳал қилгани яхши. Канизанинг миясига ажойиб ўйлар кела бошладики, у беихтиёр ҳозир Самад билан келишаётгандай ролга кириб кетди. Кейин онасиникига боради, унга тўғрисини айтади, у билан келишиб олади. Энди, болалари… Уларга роса мева-чева, ширинликлар олди. Ие, музлатгичда огунча гўшт турибди, пишириб олса бўлади-ю, хом олиб борса-чи? Пишириб ейишади. Қачонлардан бери қора буханкадан бошқа нарса кўришмайди. Колбасалар, пишлоқлар, қазилар ётибди. У ошхонага кириб яна бир халтани тўлдирди. Очиқ турган коньякни кўриб, мехмонхонага чопиб кирди-да, новча коньякдан бирини олди, гўшт, колбасалар солинган халтанинг бир четига тикди. Самад буни кўрса ўлади. Иш битди. Йўлда болаларига усти-бош ҳарид қилади. Пул етарли. Ярмини ишлатганда, Самадни алдаш учун ўн мингни берганда ҳам қанчаси қолади-ю, майли, онасига ҳам минг сўм беради. Яна сумкачасидаги пулга қаради. Олдинги ўн мингдан ҳам турибди. Сейф эсига тушди. Трюмо устига қўйган шода калитларни эслади. Кабинет, сейф. Миясига келган ўйдан қўрқиб кетди «Одамзод нималарни ўйламайди, — хаёлланди у шу топда ва аниқ хулосага келди, — ҳаммаси бир кун ўзимники бўлади, фақат шошилмаслик керак».

Мансур тўғри идорасига келди. Шошиб кириб келиши билан кўзи ёши улуғроқ, оппоқ сочи ортига силлиқ таралган, ранги ўнган оқ кўйлакнинг титилган ёқаларига галстук таққан ёзувчига кўзи тушди. «Бу ҳам безор қилди келавериб» ўйлади у. Ҳозир ким ҳам китоб ёздиради? «Қилаётган тадбиркорлик ишларингизни, ўзингиз ва оилангизни китоб қилайлик» деб ҳар куни келади. Ҳамма тадбиркор ўзини панага олиб юрган пайтда Мансур ўзини китоб қиладими? Кимга керак? Кўзга кўринган тадбиркорни таппа босишяпти. Ўзи бу ёғи ҳам етиб турибди. Узини гўшт килиб берсинми? Бир марта кетар, деб эллик минг берди, бўлди-да, энди.

Ўтирган еридан шарт турган ёзувчига қўл учини берди-да, тик турган котибага деди:

—  Дарров еттинчига телефон қилинг. Шерзод машинада келсин. «Жигули»да. Тез. Амаки, — ёзувчига юзланди сўнг.

—   Кўп вақтингизни олмайман, бир китобни кўрсатмоқчиман, — шошилинч гапни бўлди ёзувчи.

Хонага кириб ўтиришлари билан бола-чақа, ишларини суриштира кетди фотиҳадан кейин. Биров ҳақида ёзилган бир китобни кўрсатди, уни шу китоб орқали эл танигани тўғрисида оғиз кўпиртириб гапирди, гапи охири таваллога айланиб кетди. Мансурнинг ичи ғурумланар, хаёлида эса, ҳозир машина келса, Канизани жўнатиш, кечга томон уни яна уйда кўриш, бугун Нозимани олдига бориш-бормаслик, битмаётган ишлари чарх уриб айланарди. Ёзувчини зўрға кузатди. Ҳар хил ишлар билан одамлар кира бошлади. Хаёли келадиган машинада. Яхши, у келди. Ташқари чиқди. «Жигули» ўрнига «Нексия» келибди. Шерзод уни иш билан Қўқонга миниб кетишибди, деди. Яхши бўлди, «Нексия»ни жўнатди. Шерзодга шошилмай, эҳтиёт бўлиб бориб келишни тайинлади.

Шерзод Канизани олиб, қишлоққа жўнади. Янги машинанинг орқасида керилиб ўтирар экан, Каниза йўл-йўлакай бозорга тушди. Ўғли ва қизига керакли нарсаларни олди. Энди, хаёли етиб боргандан кейин бўладиган машмашаларга кўчди.

Ҳадемай, қишлоққа етиб боришди. Бир пайтлар асфалт бўлиб, эндиликда ўйилиб, асфалти кўчиб, ўйдим-чуқурга айланган, бугунги қуёш тафтидан эриган қорда билчиллаган балчиқ кўчада лой кечган машина Канизанинг уйи олдига етиб келди. Атрофи деворсиз янги уй айвонида ўзини офтобга солиб, устун ҳовонида Самад ўтирарди. Каниза қўлида тугунлар билан машинанинг орқа ўриндиғидан тушди. Уни кўрган ҳамоно, Самаднинг кўзлари чақчайди. Ўрнидан турмади. Каниза унинг ёнидан ўтаётиб, ичкари имлади. Оғир кўчиб ичкари кирган Самаднинг елкасидан олиб кўришди, Самад индамади ҳам, унинг тишини тишига қўйиб тургани сезилди.

—   Югуринг, машинадаги нарсаларни олинг, — деди Каниза Самадга.

—  Яна қанақа нарса? — тўнғиллади Самад.

—  Сиз олаверинг…

Самад яна тўртта оғир халтани кўтариб келди. Каниза дарҳол егуликлар ва шиша бор халтани топди. Йиғиштирилмай турган дастурхонга колбаса, пишлоқ, нариги халтадан олма, нокларни ташлади. Кейинги халтадан яна алламбалоларни олди.

—   Вой югуринг, нон машинада қолибди, — деди ҳали у, ҳали бу халтага қўл тиқаркан.

Самад деярли иссиқ нонларни кўтариб кирди.

—  Энди ўтиринг, қорнингиз ҳам очдир, пичоқ қани? — деди. Самад энсаси қотиб индамай турарди.

—  Бу ҳам сизга, — дея хорижий коньякни узатди. Самад уни оларкан:

—  Ҳиҳ, бу ёғи ресторан-ку?! — деди.

—  Ресторан ҳам гапми?

—   Жуда пулдорига учрадингизми, дейман? — пичинг килди Самад.

—    Уни кейин биласиз, ҳозир айтганимни қилинг. Колбасани кесинг. Мана бу пишган гўшт. Уфада булар бепул экан.

—   Қаерда? — қошини чимирди Самад тишларини ғижирлатиб.

—   Ҳозир ҳаммасини эшитасиз? Сабр қилинг. Болалар қани?

—  Ўлди.

—   Мен сиз билан ҳазиллашмаяппан. Коньякни очсангиз-чи?

—  Ичмайман, — Самад коньякни нари сурди.

—  Таъбингиз, сассиқ виноларни ичиб юраверинг. Шу пайт «Аё-ё!» деб мактабдан келган ўғли кириб

келди. Каниза уни зўрға ушлаб пешонасидан ўпди. Ўғли дастурхонга ташланиб, бир зумда қўлини тўлдирди. Оғзига олма тиқди. Ҳали уни, ҳали буни олар, олган нарсалари тушиб кетмоқда эди.

—  Шошилма ўғлим. Шу ҳаммаси ўзингники. Аҳмад оғзи-лунжи тўла гапира олмади.

—  Уканг қани?

—  Бувамникида, — зўрға жавоб қилди Аҳмад.

—  Чоп, олиб ке. Бувангга аям келди, дегин.

Аҳмад дастурхондан кўз уза олмас, ҳозир кетса, келгунича ҳеч нарса қолмайдигандай зўрға кетди.

—   Э-э! — деди ўз аразидан сиқилиб кетгандай Самад, шартта коньякни очди, шишаси билан кўтарди, қултиллатиб ичди, оғзини артди-да, нон ва колбаса олди.

—  Шакалатдан олинг, дадаси, — деди Каниза.

—   Биз шаҳарликка текканимиз йўқ, — писанда қилди Самад ва коньякдан яна ичди.

—   Бўлди энди, дадажониси, қўйинг, жанжалли уйдан барака кўтарилади. Худога шукур десангиз-чи. Аёл бошим билан бир қишлоқи қиз Уфага бориб, ишлаб, ўн кунда шунча нарса билан келсам. Уйим, болам-чақам деб юрган бўлсам. Сиз мени тушуниб, яхши гапириб, мана, пул олиб келдим, кам-кўстини қилиб, уйни битказиш ўрнига ҳар гапда пичинг қилиб, кесатиб, бирпасгина келган одамни зада қилиб турсангиз, нима иш бўлди бу? Эру хотин қўш ҳўкиз-ку, ахир? — Каниза Самад кайф бўлиб қолмасидан у билан гапни бир ерга қўйиб, уни яна уч ойга кетишга кўндириш, шу бугуноқ ўша ерда бўлиши кераклигини тушунтириш учун жонини жабборга берарди.

—  Мана бу болаларга усти-бош. Қолганлари ҳаммаси егулик. Мен Света деган яхши бир хотиннинг биргадасида ишлаяпман. Уфада салат қилиб сотяппиз. Кечаси-кундузи иш. Ҳозир пишиқчилик, сезон. Баҳорда сал иш тўхтайди, ўшанда келаман.

—  Қачон? Баҳорда?

—   Эшитганингиз. Бугун поездга ўтираман… — Каниза Самаднинг нима дейишини кутди, унинг кўзлари аллақачон ичкилик таъсиридан сузилаётган эди.

—   Қаерга?

—  Айтдим-ку, Уфага. Шерикларим кутиб турибди.

—   Ўша шериклардан бирортасини бизнинг кўрпага ташлаб кетинг, бўлмаса…

—   Бўлди, ҳазилнинг вақти эмас, — Каниза унга ўн минг ёки йигирма минг ташлаб кетмоқчи эди. Ҳозир бу фикридан қайтди. Яхшиси, қайнотасига беради. Бу ичиб битиради. Қайнотаси ҳам тез кўнади. Пенсиядан бошқа нажоти йўқ, битини териб юрибди.

Бу орада Самад тебраниб қолди. Каниза ажратган нарсаларни, болаларнинг кийимларини олди-да:

—  Мен бувимникига… — деди.

—  Бизникини ташлаб кетинг… — ўқчиди Самад. Каниза қўлидаги юклар билан ташқари юраркан, «бизникини эмиш, билмайсан-да, аллақачон бировники, чўнтагида тиллоси борники бўлганини» деди ичида. Ортидан Самаднинг «тўхта, ҳой ўлдираман» дегани эшитилди.

Дарҳол машинадан тушган Шерзод унинг қўлидан нарсаларни олди. Машина олдинга интилди. Қайнонасиникига ажратилган нарсаларни кўтариб кириб борганда қайнона-қайнотаси айвондаги билонғи тахталардан қилинган сўрининг офтобгоҳ жойига тўшак солиб ўтиришган экан. Нарсаларни уларнинг олдига олиб бориб қўйди. Қайнонаси яна бир тўшак билан дастурхон кўтариб келди. Фотиҳа тортилгач, дастурхонга ҳар хил емишлар қўйилди. Каниза халталардан олаётган нарсаларга қай-нотаси ҳўмрайиб қараб турди

Тилаволди Жўраев