«Бозор дунё» ёхуд эрини ўзгага никоҳлатган аёл изтироби (12-қисм)

2

—  Қаердан Худо берди бу нарсаларни? — деди қайнонаси қип-қизил олмалардан бирини енгига артиб.

—  Уфадан.

—  Упаси қаер?

—  Татаристон.

—  Ўша ёкдан келяпсизми?

—  Ҳа, ишлаяпман ўша ёқда. Салат қилиб сотяппиз. Каниза ёлғон-яшиқни қўшиб-чатиб ташлади. Шу бгуноқ онасини бир кўриб, кетажагини айтди.

—  Имкон бўлиб қолган эди, шерикларимдан биттаси билан келиб кетяппан. Болаларга хавотир бўлдим.

—  Э-э, нон топаман деб, аёл бошингиз билан, қизим-а?..

—  Ҳамма шуку, ҳозир…

—  Тўғри. Бу ердан ҳам кўпчилик пахта тергани яқинроққа кетишди. Ҳалиям ўша ёкда. Ким билан ишлайсиз у ёкда? — хавотир сўради қайнонаси.

—   Ҳаммаси шағдан борган қизлар, жувонлар. Бошлиғимиз карис хотин.

—  Карислар билмаган иш йўқ, жуда иш билгида, бу карислар.

—   Уша, битта Света деган қиз биргада қилиб, олиб кетган ҳаммамизни.

—  Яхши бўптита, мана шунча нарсани топиб келибсиз-ку. Юрсангиз юраверардингизда, иккита нон топиб келаман деб бозорга қатнаб…

—  Мана бу иккови болага устувош, оёғига… Ё сиз, ё аям қараб турасизлар…

—   Ойимхон ичкарида, ухлаяпти. У доим шу ерда, ўзим билан. Аҳмад отаси билан, келиб қорнини тўйғазиб юрибди. Шунақа қилиб юриб, бир кун катта бўлиб қолишади, Худонинг куни кўп…

—   Дада, — деди Каниза ҳамон индамай қовоғини уйиб ўтирган қайнотасига, — мана бу йигирма минг сўм пул. Уй-пуйнинг кам-кертига ишлатарсиз. Ановнизга берсам, ўзингиз яхши биласиз…

Абдулла ака шунда келинининг салқиган, ранги қочиб, бўзрайган юзига бокди: «Касал-пасалмикин, ё йўл босиб қийналганми?» деб ўйлади.

—   Уйни ҳам ўзим битираман, шекилли, энди, — маъюс деди Каниза худди қайнотасига гапиргандай.

Шунда қайнотаси:

—  Худо инсоф бериб қолар, — деган калимани айтди.

—  Дада, фотиҳа қилинг, — деди Каниза, — машина такси, пул олади.

—  Омин, — деди Абдулла ака, аммо ўрнидан қўзғолмади ҳам.

Келинини кузатиб кирган хотини қошларини чимириб, оғзини буриб:

—   «Нексия»да кептилар, — деди, — бирам ширин атирлар сепиб олибди, жувон ўлгур, Ўткир ғарди қизи. Замон айниб кетди ўзи…

Абдулла чол бир ҳўмрайди.

—  Замонда нима айб, одамлар айниди, — деди.

—   Бихалчанинг тўйига осмондан тушиб қолди, олиб қўяйми? — сўради бурнини енги билан артиб кампири, сўри четида турган пулни оларкан.

Чол индамади.

*   *   *

Каниза онасиникига кирганда, айвонда дадаси билан олифта бир одам ўтирар, онаси ўчоқ бошида уймалашаётганди. Умрида боши рўмол кўрмаган Ўктамхон-Ўткирби бошига енгил рўмол солиб, бир учини тишлаб олган ҳолда:

—   Вой, бўйларингдан-ей, — дея Канизанинг истиқболига юрди, кўришиб бўлибоқ, Канизаннг қўлидаги нарсаларни оларкан, меҳмон ўтирган томонга қараб қўйди.

—  Камисия, — деди Канизага.

Шерзод қолган халталарни кўтариб кирди.

—   Вой, келинг, айланиб кетай, — қарши олди аяси уни.

Шерзод халталарни бериб, аянинг қўймаганига қарамай, чиқиб кетди. Онаси билан Каниза меҳмоннинг ён-гинасидан ўтиб, ичкари кирдилар. Келиши биланоқ, ундан кўз узмаган меҳмон ёнидан ўтаётганда, саломлашаётганида очкўзлик билан қаради. Канизанинг дадасидан ҳам истиҳола қилмади, уйга кириб кетгунча ортидан бурилиб тикилди. Буни Каниза сезди.

—  Ким у, анави суюқ? — деди у онасига.

—  Унақа дема, дадангни пахтасини текшириб келибди вилоятдан, — деди Ўктамби-Ўткирби. — План чатақ.

—   Ўлсин, оғзини суви оқмай, байтал кўрмаган айғирга ўхшайди-я, — деди Каниза.

—   Уйига бормай пахта қувиб юрибтида, шу ерда, ҳиҳ-ҳиҳ… Даданг бугун меҳмонга олиб кепти, овқат қиляппан. Яхши, ошни устига келиб қолдинг.  Рисқинг улуғ-да. Ишларинг яхшими, қизим? Ранги-рўйинг мунча паст. Айғиринг ёмон, шекилли? — гўё ўзи армон қилиб етолмай ўтган салт биядек тишларини кўрсатиб кулди Ўктамхон-Ўткирби. — Сен йўқ, бу ёқда ишқий ҳангомалар қайнаб кетди, ҳиҳ-ҳиҳ… Ошимга қарай…

Ёлғиз қолган Каниза ташқарида дадаси билан ўтирган олифтани, унинг суқ назарини ўйлади. Бу айғир анча-мунча бор. Кейинги пайтларда ҳамма эркаклар унга ана шундай суқланиб қарайдиган бўляптида. Каниза белларини ушлади, кўкрак, томоқларини силади: «Ўлиб кет, етолмасдан!» Негадир онасининг олдига чиққиси келди. Тикилса, тикилиб, оғзидан сув келиб ўлсин. У «ўтирибсизларми» деб яна ўшанинг ёнидан ўтди. Атай у ёқ-бу ёғини қимирлатиб юрди. Дадаси қозон бошида эди.

—    Ўтиринг, чой ичинг биз билан, — деди ўзини тутолмаган олифта.

—   Раҳмат, — деди Каниза, қўлидаги мева ва колбаса, пишлоқни дастурхонга қўяркан. Ошхона олдига борганда дадаси ундан ҳол-аҳвол сўради, сўнг меҳмон томон кетди. У етиб бориши билан меҳмоннинг баланд овози янгради:

—   Ўзи, Эшмат ака, пахтани ҳам, ҳамма нарсани ҳам Худо берса, бўлади… — Канизанинг онаси билан гаплашмай эшитиб турганини сезиб, ўзига монанд баланд-парвоз ва ақлли сўзлардан сўзлади у. — Мана бу йил водийда мева бўлмади. Баҳордаги совуқни кўрдингиз.

—  Худди шундоқ, — деди сўпи.

—    Пахтага келсак, бошида яхши эди. Ҳокимимиз хурсанд, ҳаммамизнинг кўнглимиз тўқ юргандик.

—  Худди шундоқ.

—   Ана, — тўхталиб олди олифта, — энди, шу роса бўлган ҳосилни капалак деган палакат қурт еди-қўйди. Бу бемазага дори таъсир қилмаса денг.

—  Худди шундоқ.

—   Мана энди минг урининг, пахта йўқ. Юқори план сўраяпти. Қани, уйда ўтириб кўрингчи?

—  Худди шундоқ.

—   Ҳозир далада йилт этган пахта йўқ.

—  Худди шундоқ.

—   Агар бу катталар ўн беш кун кўсакка дам берса, яна очилади, мени айтди деяверинг.

—  Худди шундоқ, — Сўпи томоқ кириб олди.

—   Бермайди-да. Шуни ўзлари ҳам билишади. Одамлар ҳам бундоқ кузги ишларини бир ёқлик қилиб олади.

—   Худди шундоқ. Мана бизнинг поялар ҳам ўрнида турибди, — зўрға қистирди Сўпи.

—    Ҳозир олаётган кўсакнинг ичидаги вишиллаган пахта, тўғриси пахта эмас, сув холос.

—  Худди шундоқ.

—   Унда тола бор дейсизми?

—  Худди шундоқ.

—  Хўжайин — ест хўжайинда, нима дейсиз?

—  Худди шундоқ.

—   Ая, ошни ейлик, энди, — олифта бирдан бу ёққа мурожаат қилди. Буни Каниза тушунди.

—   Худди шундоқ, — деди яна Сўпи, мавзу ўзгарганини сездими, йўқми Худо билади, ҳар ҳолда Каниза шундай деб ўйлади.

Сўпи билан меҳмон пичирлашиб гаплашдилар, сўнг меҳмон:

—    Канизахон келинг, биз билан бир пиёла чой ичинг! — деди.

«Ичинг ёнмай ўл-а!» зимдан бир нигоҳ ташлаб ўйлади Каниза.

Ошни суздилар. Сўпи қўярда-қўймай, Шерзодни олиб кирди. Шерзод улар билан ўтиргандан сўнг олифтанинг у билан гаплашганига қулоқ солиб турган Каниза онаси: «Ол, совийди» деганига қарамай, ташқарини аниқ эшитиш учун қулоқ тутди.

—   Чиройли йигит экансиз, ўғлим, нима иш қиласиз? — сўради олифта.

—   Опамнинг шофёриман.

—   Яхши-яхши, опангиз шофёрнинг зўрини топибди-да? Поччангиз ҳам зўр бўлса керак?

—   Хўжайинимиз-ку, бошлиғимиз.

—  Қанақа идора у?

—  Фирма.

—   Ҳа, шунақами? Замона ҳозир тадбиркорларга чакана йўл очиб бермаяпти…

Шерзод индамади. «Зўр бола экан, жавобни боплади» хурсанд бўлди Каниза, боши осмонларга етди.

Онаси билан ошни тез ейишди. Айниқса, Каниза шошилди. Дастурхон устида борики топган гапларини айтиб улгурди. Кийимларини кўрсатди. Кийиб намойиш этди. Жемпер уетидан чарм плашини ҳам кийди. Ўктамби-Ўткирбининг оғзи очилиб, ишшайиб қолди. Шу туришда ҳозир Каниза анави олифтага бир ўзини кўрсатиб қўйгиси келарди. У чидамади, охири ташқари чи-қиб, унинг ёнидан ўтаётиб, «Чойларингиз борми?» деб сўради. Товоқни қозон бошига ташлаб, дастурхонни атай узоқ қокди. Саллона юриш қилиб хонага кириб кетди.

Онаси билан ичкарида ҳамма ишларини келишиб олди, гапнинг тўғрисини айтди.

—  Ўшандан қолма, — деди онаси.

—  Аҳмоқ борми? — деди боласи.

Ташқарида меҳмоннинг туришидан ҳеч дарак бўлмади. Кеч кириб борарди. Каниза кетишга чоғланди.

—  Ая, — деди у, — болларни бир-икки ойдан кейин олиб кетаман. Уч-тўрт кундан кейин опкеволинг. Озиқ-овқатингиз бор. Худога шукур, дадам фермер. Уларникида ҳеч вақо йўқ.

—   Хўп, — деди онаси, — шошилма, ҳеч бўлмаса бир шингил эшитиб кет, ке!

Каниза кўнмади. У ташқари юрганда, меҳмон ҳам қўзғолди. Машинага ўтириб кетаркан, орқасидан термулиб қолганини кўрди.

Эри кўзининг олдида биров билан ётади-ю, Нозима бирга яшаб тураверадими? Шу ақлга сиғадими? Тарихда бор, қайнотаси айтмоқчи, устига-устак зарурат юзасидан бўляпти бу иш. Худо таоло битта тирноққа қисмаганда бундай бўлмас эди. Бу ҳаммаси тўғри. Аммо бошқани билмайди-ю, Нозима бу ишни қилишга қодир эмас. Бошидан тегирмон тошини юргизмайдиларми, Каниза ўша ерда экан, бу эшикка сира ҳам бормайди.

Мана бугун ўнинчи кун. Авваллари дунёни Мансур акасисиз тасаввур эта олмасди. Шу ўн куннинг ичида ўлиб-тирилиб, рашк ўтида қоврилиб, Мансурдан у дунё-бу дунё хафа бўлиб, охири такдирга тан берди. Ўзи яшаса ҳам бўлар экан. Ажрашаётганлар, нима ўлиб қоляптими? Ҳамма ҳам бир сабаб, бир оқибат орқали ажрашади. Мансур шунча юзсизликка борди, энди аж-рашмасликнинг иложи йўқ. Яна, ўн кун ичида бирон марта хабар олиш у ёқда турсин, телефон қилмаган одам бугун келиб гапирган гапини кўр! У яшар эмиш ўша ерда, туғиб бергандан сўнг бир гап бўлармиш… Аввал ўзинг қилдинг, дея, Нозимага осилди. Тўғри, Нозима қилди, аммо ваъдалар қандоқ эди? Ана, нари борса, бир ҳафта дейилган эди-ку. Тамом, бу киши унинг ноғорасига ўйнаб бўлибди. «У эрли хотин, мен боламни ҳалолу пок туғилишини истайман» эмиш. Унда умрбод яша, яшайвер ўша билан. Қишлоқи бозорчи хонимча юрагингдан ургани шундоққина кўриниб турибди. Энди сенга Нозима керакмас. У энди бузуқ арава. У ёш, янги, эридан ажратиб ол, гумдонинг чиқсин ўша билан.

Нозиманинг яна хуфтон кўнгли тўлиб-тошди, яна дийдасига куч берди. Алам, рашк ўти ичию эти, сўнгагини ёндириб, сўхтага айлантириб юбораётганди. Нотўғри қилган экан, асли ўша биринчи уч йилда гапсўз кўпайиб, шу масала кўтарилганда этакни йиғиштириши лозим экан. Кўзни чирт юмиб, боши оққан томонга кетганда қутиларди, Мансур ҳам фарзандли, тахтли бўлиб кетар экан. Минг афсус! Ҳозиргидек ёши бир жойга етганда, ҳадемай кирқни уради, тўрт томони қибла, кўчада қолиб турса. Ушанда ҳам Мансур қўймади-да, раҳматли қайнонаси Ҳимоят опа куйиб-куйиб, йиғлаб-йиғлаб Нозимани бағрига босиб, кўнган чоғда шу Мансур ўзи гапни чўрт кесди. «Менга Нозимадан бошқа ҳеч ким керак эмас» деди. Мана оқибат. Бошқаси керак бўлиб қолар экан-ку? Энди у эмас бу эмас, такдир деган, вақт-соат деган кечмиш ҳам борда, дунёда. Вақти соати келиб, Нозиманинг ўз қўли билан мундоқ тақдир яратилиб турибди. Энди кўниш-кўникиш керак. Такдири азал шудир, балки. Келди, кирди, юраги тапир-тупур, ўлиб қолмасам-да, деб турган Нозиманинг ёнига келди. Икки оғиз гап гапирди: «Олиб кетаман, у ҳам, биз ҳам ўша уйимизда яшаймиз», тамом. Ҳа, «Мен боламнинг ҳаром-ҳариш туғилишини хоҳламайман, унинг эри бор». Эри бўлатуриб хотинини биров билан тўққиз-ўн ой яшашга қўяверармикин? Бу келишмаган бўлса шу гапни айтмас эди. Демак, у қанжиқ «буни йўлини қиламан» деган, бу пишиқ бўлмай ер юткур, писмиқ, шу гапни ҳал қилмагунча, бу ёққа келмаган. Энди, нима бўлса бўлгандир. Ҳозирги кунда ҳар қандай қишлоқи аёл бундай шаро-итга тушгандан кейин ҳамма нарсадан воз кечади. У эридан ажралади-қўяди. Айниқса, бунга ўхшаб, шаҳар кўрган эчкилар…

Ҳамма бўлгуликни Нозиманинг ўзи қилди. Нотўғри иш қилди у. Бундай ишни ҳеч бир аҳмоқ қилмайди. Бунга фақат Нозима қодир, холос. Юраги гупириб, кўнглига  келган-келмаган  ишни  қилишга  қанот қоқиб туради. Шунақа хилидан. Қани нима бўларкин, қизиқ-а, деб ҳам қилаверади бу. Мана, ўйлаб-ўйламай босилган қадамнинг оқибати. Ана энди, оғзингдагини олдирдинг, шўрингга кулни ўзинг тортавер… Ким? Ҳеч ким айтган йўқ, шундай қил, деб. Ўзи қилди. Мансурни ҳам, Салимани ҳам ҳол-жонига қўймади-ку. Салиманикига ҳар соатда юз марта чиқиб, унга пахта қўйиб… Мансурни бозорга томоғидан боғлаб, унамаганига қўймай олиб борган, кўрсатган, авраган, кейин қўйнига солиб қўйган ким? Улиб кет, баттар бўл, ер ютиб кетсин сени. Энди, такдирга тан бер! Мансурда нима айб, анови қўйнидаги қанжиқда нима айб? У бир қийналган қишлоқи эди, Мансур, умуман, ҳамма эркак ҳам ёшига, янгисига жону жаҳонини бераман, деб ўлиб туради, битта Мансур эмас. Хотинини алдамаган эркак борми, ўзи? Ўл, ўлганинг яхши. Бундоқ туғилмай ўл, энди торт касрини. Тўғри, сенга мол-дунё керак эмас. Сенинг фикринг шунақа, бир қарич ерга кетасан. Ёлғизлик-чи, энди суя-надиган одаминг йўқ, ёшинг манзилига бориб қоляпти, аёл киши қиркдан қилтиллаб ўтади, томоқларининг таги осилади, чизиқ тушади. Тиргагич керак бўлади, иссиқ-совуқ кунлар бор…

Биронта уй олиб берар, ахир?! Э-э, ўшаниси ҳам керак эмас. Бори будшудини берсин ўша қишлоқига, кўрмаганнинг кўргани қурсинга… Ҳали кўради, бузоқнинг югургани сомонхонагача…

Хуллас, бормайди. Мансур жуда мажбур қилгани ҳам йўк. «Борсанг бор» дегандек гап килди. У ҳам нима қилсин? Қанжиқ осмондан тушган бу бахтга канадек ёпишиши турган гап. Бунинг калласини айлантириб бўлгани шундоққина Мансурдан кўриниб турибди. У жон куйдириб тушунтириб, ҳеч бўлмаганда алдаб-сулдаб, муросаи мадора қиладиган одам эмас. Нозима билади, ораларида билиб-билмай нимадир тўғрисида жанжал қўпган чоғда ҳам, ҳақ бўлатуриб ҳам «ичимдагини топ» қабилида индамай тураверади. Неча марта Нозима ҳақиқатни кейин билиб, кейин пушаймон қилган. Шунақа бу — ичимдан топ.

Қайнотаси, албатта, қўймайди, «Борасан ё менинг ўлигимдан ҳатлайсан», деб туриб олади. Нозима унинг олдига кетаётгани йўқ-ку. Нима деб бориб ўтиради? Ўша қишлоқи инкубассанинг қош-қовоғига қараш учун борадими? Агар у эрта-индин кетса-ку, бошқа гап. Бир йил юраверса, у билан бирга туришнинг ўзи бўладими? Маҳалла-кўй, қўни-қўшни нима дейди? Ў ерда чакана обрў-эътиборли одамлар яшайдими? Янги бойларнинг маҳалласи бўлса. Қўшниларининг ичида ўзи қуруқ таёқ, эрининг бурнидан ип ўтказиб, бир томонини ёзга, бир томонини қишга ташлаб, кариллаб, бировга гап бермай юрган хонзодалар бор. Бировнинг устидан кулишга, ўлганнинг устига чиқиб тепишга ҳозиру нозирлар қанча? Уларнинг кўзига қараш бор. Орқа томондаги қўшнисининг наъраси етти чақиримни зирқиратади. Гапчи хотинлар ичига сиғмай, семириб кетмайдими? Асло бориши мум-кин эмас. Гап шу, анави манжалақи кетади, Нозима боради. Йўқса, ўлдиришиб жасадини олиб боришади! Ўзи ишлаган мактаб нима дейди энди? «Бойваччаман, деб кетдинг», дейишмайдими? Ўл дегани одам йўқ. Тоғалари-чи? Уларга барибир. Улар ундан кўра кўпроқ куёвларини суйишади. Келинаясига Худо берди энди.

Эй, Худойим, нима кунларга қолдим? Хўп, борса-чи? Бориб, ановини қувиб солса-чи? Йўқ. Бу масала ҳал. Бунга Мансур очиқ айтди, йўл қўймайди. Ўтираверса-чи? Жуда эркак кишига зор қолган жойи йўқ. Кичикроқ бўлса ҳам бериги уйда ўзи билан ўзи, ўз ғамини еб ўтираверади. Нима бўлса ҳам Мансурнинг ёнида. Ановини ҳам йўлга солиб туриши мумкин. Қўни-қўшниларга тушунтиради. Нима бўпти, болани деб одамлар нималар қилмайди. Мансур уни қўйиб юборгани йўқ. Тирноққа зор эдилар, эрини ўзи уйлаб қўйибди, дейишади. Ҳозирги замонда икки хотинлилик кимни ажаблантирибди!

Телефон жиринглади. Гўшакни олгиси келмади. Бўлса-бўлмаса яна қайнотаси. Телефон тўхтовсиз жиринглайверди. Нозима индамай ўтираверди. Бечора, Нозимадан ортиқча куйса-куйяптики, кам куйгани йўқ. Одам ўз боласига шунчалик куймас. Умри узок бўлсин, шу одамни. Телефон ҳамон жирингларди. Ҳали телефон қилганда ҳаммасини айтди: «Мансур келди, деди. Кўнмадим, деди». Қайнотаси гапирмаган гап қолмади. Ҳозир яна шу гап бўлади. У гўшакни олмади.

Яхши, акаси келганда Зебо ҳам уйда бўлмади. Эри болалари билан эрталаб онасиникига олиб кетган эди. Эрта-индин келишади. Ёлғиз қолгани яхши бўлди. Аҳволини ҳеч ким кўрмайди. Бош олиб чўлу саҳроларга кетгиси келди ҳозир Нозима. Охири телефон тинди. «Хайрият» деди у. Унинг боши оғрир, ўтириб, ётиб аъзои бадани нохуш зирқирар, зирқираган сари, айниқса, кўнгли айниганда, шу кўнгил айниш насиб қилмаганига, ичи уруғ кўрмаганига, шунақа бўлиб туғилганига ўксир, умуман, дунёга келган кунига лаънат ўқирди. «Ҳаҳ, ит ҳам туғади-я, чўчқа ҳам туғади-я. Мен нега мундоқ туғилдим-а? Ўша онам ўзи билан олиб кета қолсаёқ бўлмасмиди-я? Ер ютиб кетса бўлмасмиди-я, бу кунларга қолгунча?»

Телефон яна жиринглади. Чақираверди. Нозима бошини ўраб ётиб олди, қулоқларига бармоқларини тиқди. Телефон тин олгач, дарвозанинг қўнғироғи келди. Нозима инқиллаб, бошига рўмол ташлаб, ташқари чиқди:

—  Ким? — деди ва эшикни очди.

Мансурнинг келинаяси экан. Дарвозага яқин тўхтаган машина юриб кетди. Дилоромхон опа ичкари юрди. Кўришдилар.

—   Мундоқ ишлар бўпти, ўн кундан бери шу ерда экансиз, наҳот бир марта қўнғироқ қилмасангиз? — ўпкалади у оғир-вазмин овози билан, — акангиз сессияга кетган. Умуман уйга келишга вақти йўқ. Бу ёғи пахта. Кеча дадам айтиб қолди. Келай десам, илгари куни кичик келин жижилаган…

—   Қуллуқ бўлсин! — деди Нозима унинг плашини оларкан.

—  Қуллуқ, қуллуқ.

—  Эсон-омон…

—   Шуни айтинг, ёнгинасида ётган келин биринчи туғиши экан, боласиям, ўзиям нобуд бўпти, — диванга ўтирар экан деди Дилором.

—  Худо сақласин.

—  Э-э, дунёнинг ишларига нима дейди бандаси. Ўзи сақласин.

—  Наргизахон яхшими? Ўғилми, қизми?

—  Қиз.

—   Давлатбоши, умри билан, ризқи билан берган бўлсин.

—  Нима бўлди бу? Мансуржоннинг бурни ишиб қолдими, пулини қўйгани жой топмай? Хотин устига хотин олиб, ҳе йўқ, бе йўқ? – Дилором опа борган сари авжига чиқди. — Мансур нима бўлган бўлса акаси туфайли бўлди. Буни унутмасин. Битта гап билан у ёқлиқ, ё  бу ёқлик  қилиб  қўяди,   айтиб  қўяй.   Сизни  ҳайдаб, қайси таннозни олиб келиб олди? Дадам шунақа деса оғзим очилиб қолибди. Аталадан суяк чикди деб, Мансур-а? Ҳовлиқиб қолибдилар-да, жир битиб. Сиз-чи, сиз? Нима қилиб ўтирибсиз бу ерда? Битта кўчада қолганга уйни бўшатиб бериб, суягингиз сиртилиб бу ерда ўтирибсизми? Кетига тепиб, қувиб солмай-сизми икковини ҳам? Ҳамма айб сизда. Сиздан хафа бўлдим. Қаёкда қолган бир мода тўшагига кириб олармиш-у, бу кишим кўзининг сувини оқизиб, лаппайиб ўтирармиш… Тавба қилдим…

У тўхтамас, Нозима нима дейишини билмас, чой қўяй деса, гапларни унга гапираётган эди. Дилором зум нафас ростлаган эди, Нозима:

—  Ҳозир, чой қўяй, — деди.

—   Чой керакмас, ўтиринг анови ерга. Ҳозир бирга бориб, тити-питисини чиқариб келаман, ўша қоронғида топишган ошиқ-маъшуқ итваччаларни… Тўхтанг, ҳали Дилоромни таёғини еган йўқ бу бола… Ҳассасига таянтириб қўймасам… Муни қаранглар-а? Дадам шунақа деса, тепа сочим тикка бўлди. Аввал сиздан бир сўраб олай-чи, жуда эси паст қиз эмас эди бу, дедим. Шундай деб бу ёққа келганим. Туринг, кийининг, кўзингизни сийдигини йиғиштиринг. Ҳозир бўшашиб, қараб ўтирадиган замон эмас. Экиб кетади ҳали бу мочағар, индамай мум тишлаб ўтирсангиз…

—   Опа, — деди Нозима ялингансимон, — опа, бир оғиз гапга қулоқ солинг. Раҳмат келганингиз учун. Шундоқ обрўли хотин ўзингиз келиб турибсиз. Мен кимман сизнинг олдингизда? Сизлардан бошқа кимим бор? Фақат, олдин менга яхшилаб қулоқ солинг, бориш бўлса, қочмас.

—   Хў-ўп. Нима демоқчисиз? Менга тушунтирииб, латта чайнаб ўтирмоқчимисиз, эрчангизни бериб қўйиб?

—   Опа, сиз нима десангиз қиламан. Фақат илтимос, гапимни эшитинг аввал.

—  Эшитгани вақтим йўқ. Мен профессор дадам эмасман, шляпани қийшиқ қўндириб, мел қўли билан галстук тортиб, лақиллаб ўтиргани… Дилоромман, эшитяпсизми, обком секретарини, ҳокимни қизи, шаҳримизда тўртта мендақаси бўлса, биттаси менман. Ким ўзи зумраша эриз? Хотин устига хотин оладиган?

—  Опа, жон опа…

—  Опаламанг, бўлинг, олинг шарабарангизни. Мени вақтим йўқ, эртак тинглаб ўтиргани…

Тилаволди Жўраев

2 ФИКРЛАР

  1. Juda yahshi davom etayotgan bu hikoyani nega 10 va 11 qismlari yo’q. Hurmatli muallif o’rtadagi qismlarsiz biroz tushunarsiz bo’lib qoldiku

    • Узр сўрайман, қисмлар берилган фақат каледаскоп рукнида кетиб қолган экан. Мутолаа завқига ўтказиб қўйдим

Comments are closed.