ДУНЁ ЯНГИЛИКЛАРИ ҚИСҚА САТРЛАРДА…

0

 

Хитойлик эркакнинг бош миясида узунлиги 48 миллиметр мих борлиги аниқланди…

Хитойнинг Хубэй вилоятидаги цемент заводида ишловчи эркак сўнгги бир ҳафта давомида кучли бош оғриғидан азобланарди. Охири чидай олмай, врач қабулига боришни хоҳлади. У ерда қон босимини, умумий ҳолатини текширувдан ўтказишди. Ҳаммаси жойида экан. Лекин компьютер томографияси эркакнинг бош миясига узунлиги 48 мм мих санчилиб қолганини аниқлаб берди. Эркак ҳайрон эди. Қачон ва қай шароитда мих миясига санчилганини идрок эта олмасди. Хуллас, унга Ухань шаҳрида жойлашган шифохонага йўлланма беришди. Ўша ерда бош миясидан михни олиб ташлашга йўналтирилган жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказади.

South China Morning Post

 

Япониядаги ҳайвонот боғи ходимини оқ йўлбарс ғажиб ташлади…

Фожиа Кагосима шаҳридаги ҳайвонот боғида содир бўлди. Боғнинг 40 ёшли ходими Акиру Фурушога оқ йўлбарс фавқулодда ҳужум қилган ва ғажиб ташлаган. Жабрланувчини кечқурун боғ ёпилиш арафасида беҳуш ҳолда топишди. Унинг бўйин қисми ғажиб ташланган, қон оқишдан тўхтамаганди. Дарҳол эркакни шифохонага олиб боришди. Бахтга қарши кеч эди. Кўп қон йўқотиш оқибатида Акиру Фурушо оламдан ўтди.

Оқ йўлбарс шу куниёқ махсус қурол ёрдамида ухлатиб қўйилди. Кейинги тақдири ҳақида маълумот берилмаган.

Daily Mail

 

Ҳужжатсиз, лаёқатсиз ҳайдовчи 20 кишининг бошини еди…

Яқинда Американинг Нью-Йорк шаҳрида «Лимузин» автомобилини катта тезликда бошқариб кетаётган ҳайдовчи дафъатан бошқарувни йўқотиш натижасида олдин йўл белгисини пачоқлаб ўтган. Кейин эса йўл четида турган машинага бориб урилган. Ўша пайт «Лимузин» салонида жами 18 киши ўтирганди. Улар ва яна икки ўткинчи ҳалок бўлган. Фожиа юз берган жойга етиб келган полициячилар ҳайдовчи аслида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаганини аниқлашди. Устига-устак худди шу автомобил бир ой олдин техник кўрикдан ўта олмаган экан.

Мутасаддилар лимузинлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Prestige Limo» компанияси фаолиятини вақтинча тўхтатиб қўйишни режалаштиришмоқда.

NEWS10 ABC

 

Футболчи Роналду туфайли «жабр» кўрган аёллар сони 4 кишига етди…

Футбол бўйича «Ювентус» клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду устидан яна икки аёл шикоят қилди. Улар футболчи куч ишлатган ҳолда номусига текканини айтиб туриб олишган.

Роналдуни биринчилардан бўлиб номусига текканликда айблаган америкалик аёл Кэтрин Майорга манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Лесли Стоваллнинг гапига қараганда, аёллардан бири унга мурожаат этиб, Роналду номусига теккани, шу ҳақда Лас-Вегас полиция маҳкамасига шикоят қилиш истагида эканини айтган.

Лекин Роналду Майоргага ҳам, яна уч нафар «жабрдийда» аёлларга ҳам сўз бериб қўймоқчи эмас. Улар билан судлашишга аҳд қилган. Шу муносабат билан у Португалия терма жамоаси таркибидаги бир неча матчларни ўтказиб юборишга мажбур бўлади.

The Sun

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here