“Google” фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини қандай йиғади? Бунинг олдини олиш мумкинми?

0

Бугун биз интернет-корпорациялар, жумладан, “Google” фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини сақлаши ва ундан фойдаланиши ҳақида кўп эшитамиз. Фойдаланувчиларнинг эътирозларига жавобан “Google” директорлар кенгаши раиси Эрик Шмидт шундай деганди: “Агар сизнинг ҳеч кимга ошкор қилишни истамаган сирингиз бўлса, уни интернетга жойлашингизга на ҳожат?”

Бир томондан, интернет аллақачон зарурий воситага айланиб улгурган, аккаунт эса шахсий кабинет сифатида қабул қилинган. Ижтимоий тармоқлар, хариталар, қидириш сервисларининг бари шахсий эҳтиёжимизга айланган. Бошқа тарафдан эса конкрет сервислар компанияларга тегишли бўлиб, улар фойдаланувчиларнинг маълумотларидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишдан манфаатдор бўлиши мумкин деб ёзади Turon.uz нашри

Бундай вазиятда қандай йўл тутиш керак? Энг осони – ҳамма гаджетлардан воз кечиб, кимсасиз оролда яшаш. Шунда ҳеч бир хавф сизгача етиб бормаслиги аниқ. Бироқ бу йўл сиз учун кескин қарор бўлса, унда интернетга қайси маълумотларни жойлаш, уларни қандай ҳимоялаш ҳақида ўйлаш зарур.

“LifeHacker.ru” бу борада ўз тавсияларини келтирди.

Сиз кўп борадиган жойлар

Турар-жой тарихида сиз ташриф буюрган барча жойлар рўйхати сақланади. Сервис нуқтаи назаридан бу “Google Maps” ишини яхшилашга ёрдам беради, бироқ тизим хотираси кўп нарсани ўзида сақлаб қолиши билан сиз учун кутилмаган “сюрприз”ларни тақдим этиши ҳам мумкин.

Сиз ташриф буюрган ерлар хронологияси бу ерда кўрсатилади. Алоҳида ёзувларни ҳам, сақланган хотирани ҳам ўзгартириш ёки ўчириш мумкин. Шунингдек, борган жойларингиз тарихини тозалаш ва “Google Photos”да юклаб олинган тасвирларни ўчириш мумкин.

Қидириш тарихи

Қидириш тарихи фойдаланувчи “Google”даги аккаунтида фойдаланган барча қурилмаларда сақланиб қолади. Ҳатто сиз тарихни битта қурилмада ўчирганингизда ҳам, тизим маълумотларни бошқа қурилмада сақлаб қолади.

Ижтимоий тармоқлардаги барча фаолликларингизни шу ерда кўришингиз мумкин. Бир ой аввал тунги соат 2:00 да “Қизиб турган ёққа сув томизса, нима бўлади?” деган саволни интернетда қидирсангиз, “Google” бу нарсани унутмайди. Қидириш тарихини тозалаш ва қайси маълумотлар сақланишини созлашингиз мумкин, бироқ буларнинг барчаси автоматик тарзда эмас, қўлда бажарилади.

Иловалар тарихи

“Google” сиз фойдаланган ҳар бир илова ва кенгайтма ҳақидаги ахборотларни сақлаб қолади. Бундан англаш мумкинки, тизим қачон ухлашга ётишингиз, кинога боришингиз, китоб ўқишингиз, иш қидираётганингиздан хабардор.

Бунда тизим икки томонлама ишлайди: кўплаб ўрнатилган иловаларда “Google” аккаунтига кириш имкони бор. Улардан қайси бири ишончсиз туюлса, ўшаларни ахборот сифатида киритмаслик мантиқан тўғри.

“YouTube”да сўров амалга ошириш

“Google” “YouTube”да қачон ва нима қидирганингизни хотирасида сақлайди. Демак, компания қандай фильмларни томоша қилишингиз, қайси косметика туридан фойдаланишингиз ва қайси масалаларни видеойўриқномасиз амалга оширолмаслигингиздан хабардор. Ҳатто Шерлок Холмс ҳам фойдаланувчи сайтга маст ҳолатда кирганини ҳарфлар терилганидан аниқлаган бўларди.

“YouTube”да сўровлар тарихи хотирасини ўчириб ташланг. Бунинг учун сўров амалга оширилган муайян маълумотлар устига «икс» тугмачасини босиб ўчириш, сўров тарихини тўлалигича тозалаш (менюда ўнг томонда) ёки сақлаб қолишни тақиқлаш мумкин.

Шахсга йўналтирилган реклама

Шахсий маълумотлардан мақсадли рекламани созлаш учун фойдаланилади, бу реклама берувчиларга аниқ параметрлар – геолокация, жинс, ёшни қидириладиган сўров бўйича танлаш имконини беради. Тизим интернет-дўконда қандай товарларни кўрганингизни эслаб қолади. Демак, браузерда “AliExpress”да излаган товарлар рекламаси пайдо бўлиши мумкин.

Рекламани шахсийлаштириш функцияси шу ерда ўчирилади. Шахсийлаштириш “cookies” ўчирилгандан кейин ҳам узиб қўйилиши учун махсус плагин ўрнатинг. Агар ҳақиқатан сизга мўлжалланган рекламани кўрмоқчи бўлсангиз, бу ишларни қилишингиз шарт эмас.

“Google”да сақланган барча маълумотларни юклаб олиш ёки хаёлда сақлаш мумкин. «The Guardian» шарҳловчисининг ёзишича, унда архив 5 Гб ҳажмга эга бўлган. Сизнинг аккаунтингиз ҳақидаги маълумотлар билан архив қанча ҳажмга эга бўлишини текширинг.

Ушбу маълумотлар хатчўплар, хат, контакт, тақвимда белгиланган тадбирлар, китоб ва ўйинлар, “Google Диск” даги файллар, телефондаги суратлар, пароллар ва ҳоказолардан иборат. Бегона қайд ёзувларига кириб, шахс тўғрисидаги барча маълумотга эга бўлиш мумкин.

Афсуски, ҳеч ким маълумотларнинг учинчи шахсга ошкор бўлмаслигини кафолатлай олмайди. Жиноятчилар эса улардан турли усулларда – қўрқитишдан ўғрилик қилишгача фойдаланишлари мумкин.

Биз аккаунтимизни ўз уйимиз деб биламиз ва унга рухсатимизсиз биров киришини истамаймиз. Аслида у офис, дўкон, кинотеатр, кутубхона вазифаларини ҳам бажаради. Шунинг учун интернетда одатда эътиборга олинмайдиган, ахборотнинг махфийлигини сақлай олмайдиган ҳужжатларни диққат билан ўқиш ва сервисларни мустақил созлашга эринмаслик зарур. Буни сиздан бошқа ҳеч ким амалга оширмайди.