Путин ва Мирзиёев: қизиқишлар мутаносиблигими ёки манфаатлар тўқнашуви?

0

«Россия, Россия, азамат ўлка! Мен сенинг ўғлингман, эмасман меҳмон», деб ёзган эди, бир пайтлар ўзбек шоири Ҳамид Олимжон.

Албатта, бугун бу шиор долзарб эмас. Россия ўзининг улкан имкониятлари, сарҳадлари билан ишчи кучига эҳтиёж сезаётган, Ўзбекистон навқирон, «ишлайман», деб ёнаётган ёшлари билан жаҳонга чиқишга уринаётган бир пайтда бунинг ғалати эшитилиши табиий. Ҳаммаси ўзаро манфаатлар доирасида қурилиши лозим. Ҳеч ким ҳеч кимга «ўғил» ҳам, «ака» ҳам эмас. Давр бунақа «қариндошчилик» ришталарини ҳазм қилолмади.

Фақат дўстлик… Бироқ… Бир пайтлар, мактабда «Ҳуқуқшунослик» фани ўқитиларди. Ўшанда «давлатда дўст бўлмайди, манфаат бўлади, холос», деб ўргатишган.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатига манфаатдан ташқари самимийлик, очиқлик, бироз туйғу ва ҳис-ҳаяжон олиб кирди.

Биламизки, собиқ СССРда дунёга чиқиш марказлаштирилган ҳолда амалга оширилган, нафақат ҳуқуқий меъёрлар, балки транспорт, энергетика инфраструктураси ҳам шунга ихтисослаштирилган эди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон мана шу ҳолатдан чиқиб кетиш борасида маълум ишларни амалга оширди. Бир қадар ютуқларга эришди. Лекин бир асрдан ортиқ вақт давомида йўлга қўйилган иш тартиби ва ҳамкорлик бор эди-ку? Шунча тажрибадан воз кечиб, ҳаммасини йўқдан бошлаш икки томон учун ҳам енгилликка олиб келмаслигини йиллар исботлади.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ташқи сиёсатнинг очиқлик томон кескин бурилиши, дўстона алоқаларга интилиши, самимийликнинг асосий ўринга чиқиши ушбу – нача-неча авлодлар томонидан шакллантирилган, йўлга йўқилган муносабатларни қайта тикланиши, янада мустаҳкамланишига олиб келмоқда.

Рус матбуотида ўзбекларнинг давлатда ҳужжатсиз юриши тўғрисидаги репортажлар камайиб, уларнинг жасорати ҳақидаги янгиликлар сони кўпаяётгани, Ўзбекистонда рус тилига бўлган қизиқиш, ҳатто собиқ совет даридагидан-да кучайгани икки давлат орасидаги миллатлараро дўстлик фақат сиёсатгагина қараб қолмаганини кўрсатади.

Давр келдики, зўраки сиёсат билан анча йиллар давомида йўлга қўйилган тартиблар, алоқалар, муносабатларга путур етказилди. Суверенитет ва мустақиллик борасидаги ғоялар авж олганда, иқтисодий муаммолар халқларни қийнаб қўйганда ҳақиқий, умрбоқий русча савол пайдо бўлди: «ким айбдор?» Томонлар айбни бир-биридан қидирди. Таъна-маломатлар ҳам бўлди.

Ўзбеклар бекорга «гина қилган қариндошдан умид» дейишмайди: вақт икки давлатнинг ўзаро муносабатларини йўқлик қаърига сингиб кетишига йўл қўймади. Чунки бир-неча авлодлар кўпдан-кўп ришталар, муносабатлар, алоқалар даврида, улар асосида тарбия топди, ўсиб-улғайди.  Муносабатлар фақат сиёсат, давлат, иқтисод даражасида эмас, балки, оилавий, шахсий даражагача тушган энди.

Энди, ўшанда иқтисодий муаммоларда ўзаро муносабатларнинг алоқаси бўлмагани, суверенитет ва мустақиллик дегани барча қариндош-уруғ, таниш-билишдан, қадриятлардан воз кечиб юбориш дегани эмаслигини англаб етилганда, вазият тубдан ўзгарди.

Ўзбекистонда қайта тикланувчи ва арзон электр энергиясига эҳтиёж юқори, шунингдек, етиштирилаётган деҳқончилик, боғдорчилик маҳсулотлари учун бозор, энергоресурсларнинг жаҳон бозорига чиқиш имконият зарур. Бунда Россиянинг кўмаги асқотиши табиий.

Рус миллатида бир нақл бор – «инсон фақат нон билан тирик эмас», дейишади. Ўзаро ҳамкорлик фақат иқтисодий масалаларда, инвестиция, савдо йўналишларида қолиб кетмайди. Аслида икки давлатни мустаҳкам боғлаган, иқтисодий муносабатлар узилай деб қолган чоғларда ҳам мустаҳкам турган – гуманитар соҳа бўлади.

Рус адабиёти, айниқса унинг олтин даври – 19 аср адабиёти, рус санъати, хусусан, тасвирий санъати ўзбекистонликлар учун ҳар доим маёқ бўлганини тан олиш лозим. Рус тилини олинг. Ҳали айтилди, унга Ўзбекистонда эҳтиёж кун сайин ортиб бормоқда.

Хоҳлаймизми, йўқми, Ўзбекистон дунёга рус тили орқали чиқди ва шу тил орқали кўпроқ дунёдан хабардор бўлмоқда. Шундан Ўзбекистон ҳар доим қайсидир маънода Россия манфаатларига хайрихоҳ бўлган, дунёга унинг қарашлари билан боққан.

Қолаверса, илм-фан борасидаги ҳамкорлик, ўзаро мутахассислар алмашинуви, ёшларни ўқитиш, тарбиялашдаги шерикчилик, уларни бир-бирлари билан яқиндан таништириш (бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Москвадаги бир маърузасида таъкидлаб ўтган эди) бугуннинг муҳим масаласи.

Россия Президентининг Ўзбекистонга ташрифи давомида мана шу каби ўзаро манфаатли масалалар муҳокама этилиши назарда тутилмоқда.

Рус тарихчиси Лев Гумилёв Буюк Хитой деворининг қурилишига аслида босқинчилик урушлари эмас, балки савдо санкциялари сабаб бўлган, деганга ўхшаш фикрни илгари сурган эди (дарвоқе, ушбу тарихчи туркийларнинг тарихдаги ўрнига юқори баҳо беради).

Бугун, жаҳон иқтисодида савдо урушлари авж олиб, рамзий Хитой деворлари барпо этилаётганда азалий шерик давлатларнинг ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилишлари таҳсинга сазовор ва бу муносабатлар икки давлатнинг ҳар бир фуқаросида ижобий кайфият уйғотиб, уларнинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатиши табиий.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here