ҚОРА ҚИСМАТНИНГ ҚУЛИ… (39-қисм. Иккинчи фасл. Воқеалар реал ҳаётдан олинган)

1

 

* * *

 

Бетон уйчага етиб, олдин ичкарига қулоқ тутдим. Уйчадан одам товуши қулоққа чалинмасди. Суваракларнинг визиллашигина эшитиларди.

«Астойдил ухлаяпти, шекилли, — хаёлимдан ўтказдим. — Нима қилсам экан? Чақирайми? Чўчитиб юбормасмиканман? Чўчиса чўчийверсин! Уйи туриб, шу ерда ухлайдими одам?!»

Аста ичкарига қадам қўйдим-да, ёндиргич фонарини ёқдим. Уйча ичи ёришиб кетди. Бахтга қарши ҳеч ким кўринмасди. Шундай бўлса-да, бор овозда қичқирдим:

— Сусанна! Қаердасан? Товуш берсанг-чи!

Қаердан жавоб бўлсин? Ахир бетон уйча ичи бўм-бўш. Хас-хашакдан бўлак ҳеч вақо йўқ.

Юрагим баттар ғашланиб, ташқарига чиқдим. Айрилиқ алами шундоқ ҳам совқотган танамни баттар музлатди. Пешонамни муздек тер қоплади.

Афсус! Мен ростакамига Сусаннани йўқотдим чоғи. Ҳеч қаерда йўқ. Ватанига кетиб қолган кўринади. Демак, мени кечира олмабди. Хиёнат азоблари уни йўлга бошлабди. Ҳеч қурса, бир энлик хат қолдиришни-да маъқул кўрмабди. Мендан шу қадар безган экан-да?!

Нима қиларимни билмай, телефонни қўлимга олдим-у, тағин Ленанинг рақамини тердим. Шу лаҳзада ярим тун эканлиги ҳам мени қизиқтирмасди. Қандайдир йўл топишга, Сусанна кетган ёқни аниқлашга орзуманд эдим.

— Ҳа, яна нима бўлди? — дағал оҳангда уйқусираб сўради Лена. — Уйқунг келмаяптими?

— Лена, Сусанна ҳалиям уйга қайтмади, — дедим титраб. — Қидирмаган, бормаган ерим қолмади. Ҳеч қаерда йўқ. Илтимос, бирор гапдан хабаринг бўлса, яширмай айтгин!

— Тинч қўясанми, йўқми? — энди ростакамига бобиллаб берди Лена. — Сенга айтдим-ку, хотинингни кўрмадим! Ё менинг бошқа қиладиган ишим йўқми? Ўзлари жанжаллашади-да, кейин менинг тинчимни бузишади! Ухлашга қўясанми ўзи?

Гўшакдан ту-тулаган товуш келди.

Илож қанча? Лена ҳақ. Ярим кечада уни безовта қилишга ҳақим йўқ эди. Қолаверса, бу аёлга нима? Шунчаки дугона, холос. Сусаннанинг ортидан пойлаб, кун ўтказмайди-ку! Қисматлари қуриб кетсин! Шунчалик аччиқ бўладими?! Энди ортга қайтишдан, тақдирга тан бериб ўрнимга ётишдан бўлак чора қолмади. Катта кўчада туни билан кезсам ҳам, Сусаннани тополмайман. Бу ёғига пешонамдагини кўравераман…

Бошимни чангаллаган кўйи истар-истамас, ўзимга бўйсунмаётган оёқларимни мажбуран судраганча уй томон жўнадим. Йўл-йўлакай руҳан ўзимни ёлғизликка, узлат азобларига кўниктирган бўлдим.

 

* * *

 

Тўрт девор наздимда зиндон каби аянчли, қўрқинчли ва ёқимсиз эди. У ҳар лаҳзада мени ютиб юборишга тайёр махлуқ каби теваракдан ҳамла қиладигандек туюларди.

Шу тахлит узоқ муддат бир нуқтага тикилганча ўтириб қолдим. Ичкиликнинг кайфи ҳам тарқади. Бошимда кучли оғриқ турди. Кўнглим ағдарилиб, юрагим сиқилди, нимадир елкамдан қаттиқ босгандек нафас олишим қийинлаша борди. Тиқ этган товуш асабимга тегиб, муштларим тугилди, кўксимда номаълум титроқ туйдим.

«Нега Сусаннага бу қадар боғланиб қолдим? — ўйлардим ўзимча. — Нима учун сал совуққонроқ бўлмадим? Меҳримни бердим, усиз бир сония бўлсин, яшаб кўришга уринмадим? Энди эса шуларнинг касри мени эзмоқда, бағримни парчаламоқда. Бу ёғига нима қиламан? Ҳаётимни қандай қураман? Сезиб турибман. Айрилиқдан хабар топишса, қариндош-уруғларим ҳам уйимдан қадамларини узишади. Негаки улар мендан фақат яхши, қувончли кунларимдагина хабар олишади, шодликларимгагина шерик бўлишади. Менга худойим ана шундай беқадр қариндошларни ҳадя этган…»

Не-не хаёллар, тахминлар, асабийликлар қуршовида тонг ҳам отди. Мен кутган онлар ҳануз йироқда эди. Квартира эшиги тақилламади, телефон безовта жирингламади. Мен сукунат асирига айланган ҳолда тирик мурда янглиғ жойимдан қимирлашга куч топа олмай, тек ўтиришда давом этмоқдаман. Хўш, бу яна қанча давом этади? Бир йилми ёки абадий? Одам бир жойда абадулабад ўтириши, сукут сақлаши, кутиши, шу тахлит ўзини ўзи еб битириши мумкинми? Йўқ, бундай бўлмайди. Бу жусса эртами-кечми, барибир, ҳаракатга келиши, жонсиз оёқлар олға босиши шарт. Дунё шундай яралган. Фақат мурдаларгина қимир этмайди.

Ана, ташқарида қуёш нур сочиб, қушларни сайратиб, яйратиб қўйибди. Гарчи мен уларга ўхшаб яйрай билмасам-да, саховатли қуёш нури остида ҳаракатланишим лозим…

Бир маҳал телефоним жиринглай бошлади. Мен гўёки узоқ кутилган яқин инсонимни топгандек жонҳолатда яшил тугмачани босиб, телефонни қулоғимга қўйдим.

— Алло! — дедим гўшакдан товуш эшитилишини ҳам кутиб ўтирмай. — Ким бу? Сусанна!

— Ҳалиям тополмадингми хотинингни?

Лена экан. Унинг хотиржамлик билан савол бериши ғашимни келтирди.

— Нега индамаяпсан? Тирикмисан?

— Ўлишимни кутганмидинг? — совуққонлик билан сўз қотдим. — Яқин орада орзунг ушалади.

— Тентакмисан? Қаёқдаги гапларни гапирасан-а?! Дугонам топилдими, деб сўрадим сендан?

— Топилса, биринчи бўлиб сенга хабар бераман, — дедим баттар аччиқланиб. — Ишон, албатта, шундай қиламан.

— Бўлди, ҳадеб сиқилаверма, — деди Лена. — Тез бизникига кел! Биргалашиб қидирамиз хотинингни!

— Нима, сен қаердалигини билармидинг? Айт, билармидинг?

— Вой, тавба, бу нима деганинг? Билсам, сенга айтардим-ку, жиннивой! Тезроқ кел!

— Хўп, ҳозир бораман.

Барибир, кўнглимга илиқлик югурди. Лена нимадандир хабардорлигига ишондим. Унинг сўнгги сўзларидан бир аччиқландим, бир мамнун бўлдим. Аммо ҳозир бош қотириб ўтиришга фурсат йўқ эди. Тезроқ Лена билан учрашмасам, Сусаннани қидирмасам бўлмасди.

 

* * *

 

Етиб келганимда, Лена аллақачон кийиниб, мени кутиб турган экан. Мени кўриб мийиғида жилмайди-да, ташқарига ишора қилди:

— Хўш, кетдикми хотинингни қидиришга?

— Қаерга борамиз? — сўрадим тутилиб. — Изламаган ерим қолмади. Ҳеч қаерда йўқ!

— Сени бир жойга олиб бораман, — кулди Лена. — Сусаннанг ўша ерда бўлиши мумкин.

— Ўзинг ҳам аниқ билмайсанми? Таваккал қилмоқчимисан?

— Шундай қилмасам, холи-жонимга қўярмидинг, сен қайсар! Юр, кечикмайлик! Ҳали қиладиган бир дунё ишим бор.

Бу гаплардан сўнг Сусаннанинг топилишига унчалик ишонқирамай қолдим. Ахир Лена ҳам таваккал қилаяпти. Қаердалигини ўзи ҳам билмас экан. Нима кераги бор экан ортиқча оворагарчиликнинг?! Яхшиси, милицияга хабар берганим маъқул эди. Тезроқ аниқлардим…

Шундай ўйлар исканжасида Ленага эргашдим. У табиатан шаддод ва чўрткесар аёл. Агар ҳозир бир оғиз ортиқча гапирсам, шартта ортга қайтишдан ҳам тоймайди. Ҳар ҳолда, ноумид шайтон деганлар. Балки, бирор гумони бордир. Беҳуда йўлга отланмагандир?!

Биз автобусда чамаси беш-олти бекат юриб, тушиб қолдик. Лена мени эргаштирганча ўнгдаги кўчага бурилди. Бу кўча юзида қатор дўконлар қурилган. Дўконлар тугагач, туғруқхона бошланади.

Мени ҳайрон қолдириб, Лена туғруқхона рўпарасида тўхтади. Тушунмадим. Нега бу ерда тўхтади? Сусанна ҳомиладор эмасди-ку!

— Нега тўхтадик? — сўрадим елка қисиб. — Тинчликми, Лена?

— Хотинчанг шу ерда ётибди, — деди Лена пинак бузмай. — Аёлниям ҳадеб азоблайвериш яхшимас, дўстим. Мана, хиёнатинг туфайли Сусанна шу ерга келиб қолди.

— Нима? Нега бу ерга келиб қолади? У ҳомиладор эмасди-ку!

— Ким айтди сенга туғруқхонага фақат ҳомиладорлар келади, деб? Аёлларнинг минг хил дарди бор. Улар ҳам шу ерда ётиб даволанишади.

— Демак, Сусанна касал бўлиб қолган, дегин?

— Ҳа, сен туфайли. Ҳе, қаҳрамон!

Ленанинг кинояли қочиримлари қулоғимга кирмади. Икки хаёлим Сусаннада эди. Тезроқ уни кўриш, кечирим сўраш, касалини аниқлаш илинжида типирчилардим.

— Илтимос, менга қайси бинода, қайси палатада ётганини айт! — ёлвора бошладим Ленага. — Вақтни чўзмагин! Юрагим ёрилиб кетгудай бўляпти!

Лена бир неча сония менга ҳиссиз тикилиб тургач, қўли билан чапдаги бинони кўрсатди.

— Ҳув ўша бинога кирсанг, топасан. Мен сени шу ерда кутаман.

Мен гўё қанот боғлагандек туғруқхона ҳовлисига учдим. Пирпирак каби елиб борарканман, юрагим керагидан ўн чандон тезроқ урар, кўзларим ҳеч нарсани кўрмасди.

 

* * *

 

Кўрсатилган палатага яқин борганимдан кейин таққа тўхтадим. Бироз ўзимни босиб олиш, нималар дейиш ҳақида ўйлаб олишга уриндим. Бироқ бардошим менга бўйсунадиган аҳволда эмасди. Қўлларим беихтиёр эшик тутқичига йўналди. Мен ичкарига қадам қўйдим.

Ҳақиқатан, Сусанна дераза остидаги каравотда тескари ўгирилган кўйи ётган экан. Қадам товушини эшитди-ю, шошиб эшик томон бурилди.

Кўзлар тўқнашди. Мен эҳтиёткорлик билан унга яқинлашиб, тиз чўкдим. Афсуски, ҳаракатларим бекор кетди.

Сусанна менга аламли тикилиб турди-да, беихтиёр титради ва оҳиста шивирлади:

— Йўқолинг! Нега келдингиз? Даф бўлинг бу ердан!

— Нега? Биламан, ҳаммасига мен айбдорман… Ахир тушунсанг-чи, сени йўқотиб, бўлганимча бўлдим. Туни билан ухлаганим йўқ. Бормаган ерим қолмади. Ўлиб қолаёздим. Кечир!

Сусанна сал ўзини босган бўлиб, эгнига қалин халатни илди ва каравотга қайтадан чўкиб, бош эгди.

— Не ниятларда юргандим? — деди бошини кўтармай. — Эримни хурсанд қиламан, унга сюрприз қиламан деб ўйловдим. Хом сут эмган банда эканман. Бу кишим бегона аёллар билан дон олишиб юрибди экан…

— Нималар деяпсан? Айтдим-ку, энди қайтарилмайди! Тўхта, қанақа сюрприз ҳақида гапираяпсан? Тушунмадим…

— Мени тамом қилдингиз, — деди Сусанна. — Биргина хатонгиз умримга татийдиган бўлди.

— Нима бўлди? — уни силтаб саволга тута бошладим. — Мени деб-а? Қаеринг оғрияпти ўзи? Айта қолсанг-чи!

— Қанчалар гўл ва соддасиз-а?! — дея Сусанна қўлларимни елкасидан олиб ташлади. — Биз фарзандли бўлишимиз мумкин эди. Аммо…

— Нима?! Сен ҳомиладор эдингми?

Сусанна бош ирғади-ю, лекин ҳеч нарса демади.

Шу ишорасининг ўзи етарли эди. Барчасини тушуниб етдим. Англадим. Нега бу ерда ётгани ҳам маълум бўлди. Демак, у иккиқат бўлган-у… Мен аҳмоқнинг дастидан қаттиқ сиқилиш натижасида ҳомиладан айрилган.

Мен нималар қилиб қўйганимни энди англадим. Ўзимга бўлган нафрат ҳисси вужуд-вужудимни эгаллади…

Бахтга қарши кеч эди. Кўксимга муштлаганча титраб-қақшаб, хона айланишдан бўлак чора тополмадим.

 

* * *

 

Бир неча дақиқа ичида кўнглимдан бугунга қадар ўйлаган орзуларим, ниятларим, армонларим ипдек тизилди. Кўз ўнгимда Собиржоним гавдаланди. Уни қучишга, эркалашга, ширин сўзлар билан кўнглини олишга, кулдиришга қанчалар зорлигимни айни паллада яна бир бор чуқур ҳис этдим.

Не-не мақсадларим бор эди-я. Сусаннанинг фарзанд ато этишига ишонгандим. Келгуси умримиз шодонликда ўтишидан умидвор эдим. Афсус! Тағин сароблар зардобини татиб кўрмоқдаман. Бу зардоб заҳридан вужудим куймоқда, ўзим мурда қиёфасига кириб қолгандекман…

Синиқ нигоҳимни Сусаннага тикдим. У бош эгганча жим ўтирарди. Пешонада шундай битиклар бўлса, унда не айб?

— Қайғураверма, — дедим дардимни ичимга ютиб, — ҳали ҳаёт олдинда. Шу кўнгилсизликдан фожиа ясасак, у ёғи нима бўлади?

Сусанна аста бошини кўтарди-да, ўрнидан қўзғалди. Афтидан, нимадир демоққа шайланди-ю, негадир дилидагини тилига кўчиришга иккиланди.

— Бор гапни айтавер, — дея уни гапиришга ундадим. — Бўлар иш бўлган. Энди қандай гап бўлса, ўртага ташлайвер!

— Бош врач мендан ниманидир бекитяпти, — деди, ниҳоят, Сусанна. — Шунча қисталанг қилсам ҳам, айтмади. Балки, ўзингиз гаплашиб кўрарсиз…

— Ҳозирми?

— Ҳа, тезроқ гаплашинг, бу ерда ортиқ қололмайман.

Мен ўрнимдан туриб, эшикка йўналдим. Очиғи, шу тобда бош врач менга умид бахш этадигандек туюлди. Уни тезроқ топишга, ўша номаълум умиддан баҳра олишга ошиқдим.

 

* * *

 

Мени тўладан келган аёл — бош врач совуқ қарши олди. У рўпарадаги курсига ишора қилиб, «Ўтиринг», деди-ю, нималарнидир ёзишда давом этди.

Бир муддат сукут сақлашдан сўнг таваккал сўз бошладим:

— Кечирасиз, мен сиз билан бир масалада гаплашмоқчийдим. Агар…

Аёл кескин бошини кўтарди-да, қўлидаги ручкани стол устига ташлаб, менга тик боқди.

— Ким бўласиз ўзи, укам? — сўради у оғир хўрсиниб. — Нима гапингиз бор?

— Сусанна масаласида…

— Ҳа-а, — дея дарров қовоқ уйиб олди аёл, — анави арман жувонми? Сиз кими бўласиз?

— Турмуш ўртоғи.

— Шунақами?! Менга қаранг, ука, хотинингизга туғиш мумкинмаслигини билармидингиз?

— Нима? Нега мумкин бўлмайди? У соппа-соғ-ку ахир?!

— Қон босимини ҳеч ўлчатиб кўрганмисиз? Буйрагини-чи?! Бирор марта бели оғриётганидан шикоят қилганми?

— Йўқ, — дедим довдираб.

— Ҳомиладорликни буйраги кўтара олмайди.

Бу гапни эшитиб, устимдан биров совуқ сув қуйгандек музлаб кетдим.

Нима дейишни билмай каловландим. Бош врачнинг шартакилиги, совуққонлиги ғашимни келтирди. Бироқ индамадим. Врачнинг сўнгги сўзини кутдим.

— Хуллас, менинг бошқа гапим йўқ, — деди аста ўрнидан қўзғалиб шифокор. — Агар хотинингизнинг умри азиз бўлса, яхшилаб ўйлаб кўринг.

— Боласиз нима қиламиз?

Аёл бу гапимни эшитгач, бирдан ўзгарди. Жавдираган кўзларимга боқиб, бир неча марта оғир уф тортди. Чамаси, нималарнидир маслаҳат бермоқчи эди.

— Ўртада фарзанд йўқ, — дедим хийла ўзимни қўлга олиб. — Шунга… Овунчоқ бўлармикан девдик. Ахир бола оилани мустаҳкамлайди, дейишади-ку!

— Сиз ҳақсиз, — деди бош врач лаб тишлаб. — Боласиз уй уйми?! Лекин соғлиқ ҳамма нарсадан муҳим-да. Агар жуда хоҳлаётган бўлсангиз, икковингиз келишинглар-да, бола асраб олинг. Меҳр бериб ўстирсангиз, бировнинг боласиям болалик қила олади. Тушунинг, ука, хотинингизга фарзанд кўриш умуман мумкинмас. Қон босими жуда хавфли даражада. Бунинг устига, буйраги ҳам бўш экан. Тағин ўзларинг биласизлар…

Бош врачнинг хонасидан бир аҳволда чиқдим. Бўлиб ўтган гапларни Сусаннага айтишни ҳам, айтмасликни ҳам билмасдим. Айтсам, асабийлиги ортиб, жазавага тушиса-чи? Яна ажрашишни истаб қолса-чи? Унда нима қиламан? Қандай уқтираман? Сусаннага бола асраб олишни маслаҳат солсам-чи? Нима деркин? Силтаб ташламасмикан?

Шундай саволларга кўмилиб, бўшашган кўйи Сусанна ётган палата томон юрдим…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

1 ТА ФИКР

  1. Ассалом! Кора кисматнинг кули асарини колдирмасдан укиб келябман. Лекин бир жойи этиборими тортди. Менимча бу муаллифнинг хатоси булса керак. Сусанна адашмасам эрининг иш жойига бориб, хомиладорлигини айтиб, ота булиши билан табриклаганди. Энди эса эри бу кисмида бехабар эканини айтиб утаябди. Буни кандай тушунамиз? илтимос, шу камчиликларга изох бериб утсаиз.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here