ҚОРА ҚИСМАТНИНГ ҚУЛИ… (40-қисм. Иккинчи фасл. Воқеалар реал ҳаётдан олинган)

0

 

* * *

 

Биз олдинма-кейин уйга кириб келдик. Аммо ҳануз жиммиз. Гўё бир-биримизга айтадиган сўзимиз йўқдек.

Сусаннага ер остидан ҳиссиз назар ташлайман. Менга унинг юзларида афсус ифодаси кўзга ташланмаётгандек кўринади. Қўлидаги қаҳва тўлдирилган идишчани кафтлари орасида айлантирганча ўй сурмоқда. Нималарни ўйлаяпти, мақсади нима, қандай режалари бор? Буларни кўзларига қараб илғаб бўлмасди.

Тағин Собиржоннинг сиймоси кўз олдимда пайдо бўлди. У инжиқланади, ўзини у ён-бу ёнга ташлаб, кимнидир қидиради. Балки, эркалангиси келаётгандир? Ким билсин? Хаёлан унга талпинаман. Аммо қўлларим етмайди. Жуда олисда бўлганим боис ўғлим овозимни ҳам эшитмаяпти.

Ё алҳазар! Бу қандай кўргиликки, ўз фарзандингни кўришга, бағрингга босишга ҳақсизсан! Ўзингни ўтга, чўққа урсанг ҳам, бу ниятинг амалга ошмайди. Наҳотки энди бир умр шундай ҳаёт кечирсам? Илгари англамаган эканман, фарзанд бўлмаса, эр-хотиннинг гапи қовушмас, бир-бирига совуққон бўлиб қоларкан. Буни илк бор вужудимда туярканман, Сусаннадан совий бошлаганимни тушуниб етгандек бўлдим. Қандай даҳшат! Яқин-яқингача уни еру кўкка ишонмасдим. Энди эса…

Аксига олгандек, қўшни квартирадан чақалоқ чинқиргани эшитилди. У бор овозда дунёга жар солиб йиғларди. Эркак киши чақалоқни овутишга уриниб, турли эркаловчи сўзларни айтарди.

Бу товуш аъзойи баданимни қақшатиб юборди. Қалбим ларзага келди. Миямни кемираётган оғир дарднинг заҳри юз чандон ортди. Даст ўрнимдан турдим-да, бир муддат қулоқларимни кафтим билан ёпиб олдим. Қанийди, чақалоқ йиғисини шу тобда эшитмасам! Кошкийди, бир неча соат сукунат гирдобида қолсам!

Йўқ, бундай бўлмади. Гарчи чақалоқ йиғлашдан тўхтаган бўлса-да, унинг йиғиси қулоқларим остида ҳамон жарангларди. Қаерларгадир бош олиб кетгим келди. Ёлғиз қолишни, ўзим билан ўзим дардлашишни хоҳладим.

Афсуски, бу истагим ҳам амалга ошмади. Ҳеч қаерга кета олмадим.

Тақдирга тан беришдан ўзга чора тополмай, кўрпача устига чўзилдим-у, бошимни чангаллаганча кўзларимни юмдим.

 

* * *

 

Бир маҳал эшик тақиллай бошлади. Аста ўрнимдан қўзғалдим-да, Сусанна томон юзландим. У китобга муккасидан кетибди. Эшик тақиллашига эътибор ҳам қилмади.

Ўзим бориб эшикни очишга мажбур бўлдим. Лена келибди. У ичкарига кирди-да, менинг авзойимга разм солган бўлди.

— Ҳа, икковингиз ҳам сувга тушган мушукдай шумшайиб ўтирибсиз… — Сусанна билан кўришиб, ўртадаги дилхираликни тарқатиш илинжида ҳазиллашди Лена. — Уришиб қолдингизми?

— Уришмадик, — деди Сусанна қовоқ уйиб. — Ҳали ярашмадик ҳам.

— Оббо, — қўл силтаб кўрпачага ўтирди Лена. — Дўхтирнинг қаёқдаги гапини деб, изтиробга тушишингиз нимаси? Айтаверади-да дўхтирлар! Ҳали кўрасиз, бир этак бола атрофингизда чувиллаб қолсин, қочишга йўл тополмай қоласиз…

— Қанийди, шундай бўлса, — ер чизди Сусанна. — Қодир акамнинг пайтавасига қурт тушмасди. Афсус, менинг айбим билан…

— Менга қаранглар, — қайтадан ўрнидан туриб, иккимизга жавдиради Лена. — Ростданам бола асраб олсангиз бўлмайдими?

— Бегонанинг боласини-я? — норозиланди Сусанна. — Бировнинг боласи болалик қилармиди?

— Нега болалик қилмасин? Қизиқ экансан-ку! Одамлар-чи, ёввойи ҳайвонларни қўлга ўргатиб, боладай парвариш қилишади. У одам-ку, нодон! Сизлар меҳр бериб боқсангиз, албатта, болалик қилади.

— Хўп, шундай ҳам қилдик дейлик, — орага тушдим мен тоқатим тоқ бўлиб, — ким бизга туққан боласини бериб қўярди?

— Мен сизларга шу масалада ёрдам беришим мумкин, — деди Лена жонланиб. — Ўзи, аслида, шу ниятда келувдим.

— Нима, боласини бировга беришга рози одамни топдингми? — сўради Сусанна негадир ишонқирамай.

— Топдим. Бир танишим бор. Исми Ҳайитгул. Эри билан яқинда ажрашган. Куни кеча туғруқхонага ётибди. Менга қўнғироқ қилиб, «Шу болам туғилса, тирноққа зорга бериб юборардим, менга қолгани ҳам етади», деди. Унинг гапини эшитдим-у, дарров сизларни ўйладим. Вой, бунақа имконият ҳар доим ҳам бўлавермайди. Вақт борида отни қамчилаб қолмайсизларми? Худога шукр, Қодир ишлайди, бир болани боқишга қурбингиз етади. Бунинг нимаси ёмон?

— Ростдан берармикан? — Сусанна кўзлари чақнаб бир менга, бир Ленага тикилди. — Алдамасмикан, ишқилиб?

— Алдаса, атайин қўнғироқ қилмасди-ку! Қисқаси, Ҳайитгул фарзандини таниш одамлар олишини истаяпти. «Боламни кейинчалик узоқдан бўлсаям кўриб турсам бас», деяпти. Тушундиларингми?

Мен бу гапларни эшитгач, ўзимча мулоҳаза қилиб кўрдим. Хўп, чақалоқни берди ҳам дейлик. Уни биз катта қиламиз. Тетапоя бўлиб, кўчага чиқади. Ҳайитгул деганлари боласини кўргач, бирдан айниб қолса-чи? Унда нима бўлади?

— Сира ишонгим келмаяпти, — дедим шубҳамни яшира олмай. — Аёлларнинг кутилмаганда сўзидан қайтадиган одати бор. Кейинини ҳам ўйлаш зарур, Лена.

— Э, ўзингиз ҳам ўтакетган эзма экансизлар! Чақалоқни дарров қўлингизга тутқазмайди-ку, ахир! Олдин келишасиз, тегишли идораларга бориб, номингизга расмийлаштирасиз. Сизнинг болангиз бўлгандан кейин Ҳайитгул ҳеч нарса қила олмайди. Умуман, унинг бунақа нияти ҳам йўқ. Узоқни ўйлаб, шундай йўл тутишга мажбур бўляпти.

Лена ҳақ. Расман бола бизнинг номимизга ўтгач, ҳақиқатан, ҳеч ким биздан уни тортиб ололмайди.

— Ўша болани оламиз, — дея қатъийлик билан Сусанна томон ўгирилдим. — Хўш, азизам, сен нима дейсан?

Сусаннанинг чеҳраси очилди. Мийиғида жилмайди-да, бош ирғади:

 

* * *

 

Шаҳар узра тун чўкди. Ҳатто акиллаб барчанинг тинчини бузадиган итларнинг ҳам уни ўчди. Фақат мен ва Сусанна уйғоқ эдик. Ҳануз деворга суянганча сукут сақлаб, аҳён-аҳёнда нимадир демоққа шайланган каби бир-биримизга қараб олардик.

Ҳа, биз айни паллада ўзимиз билан ўзимиз овора эдик. Иккимиз ҳам ўз хаёлларимизга асир бўлганча, орзулар уммонида сузар, уйимизга меҳмон бўлажак фарзанд ҳақида ўйлардик. Турли режалар тузардик.

«Агар қиз бўлса, исмини Ойгул қўяман, — ўйлардим ўзимча. — У ҳеч нарсадан камлик кўрмайди. Дунёда энг гўзал ва ақлли қиз бўлиб вояга етади. Ўғил бўлса…»

Ўйларим охирига етмай қолди. Сусанна мен томон ўгирилди-да, икки елкамдан тутди.

— Чақалоққа эртагаёқ кийимлар олишимиз зарур, — деди у ваҳима аралаш. — Эрта-индин чақириб қолса, қуруқ қўл билан бормаймиз-ку, ахир!

— Гапинг тўғри, — мен ҳам бу гапдан сўнг ҳушёр тортиб ўрнимдан қўзғалдим. — Эртага… Тўхта, ҳали унинг ўғил ё қизлигини билмаймиз-ку! Қанақа кийим оламиз?

— Э, бунисини ўйламабман, — бошига уриб қўйди Сусанна. — Туғилишини кутамиз. Бошқа иложи йўқ.

— Эрталаб майда-чуйда қиламиз-да, Ленани ёнимизга олиб, ўша аёлни кўргани борамиз, — дедим салмоқ билан. — Олдин онасининг кўнглини олайлик. Танишайлик, уям бизнинг кимлигимизни, қандай одамлигимизни кўрсин, бир тўхтамга келсин.

— Яхши, шундай қиламиз. Кийим-кечак олиш қочмас. Лекин-чи… — Сусанна кўзларимга тик боқиб, асабий лаб тишлади. — Юрагим ғаш. Негадир ёмон хаёллар миямдан кетмаяпти. Худди болани олгач, бир кун келиб сиз мени ҳайдаб юборадигандек қўрқиб кетаяпман.

— Ҳайдаб юбораман? Қаёққа? Ўйлаб гапираяпсанми?

— «Мана, энди болам бор, буни, барибир, сен туғмагансан, туёғингни шиқиллат!» деб қолсангиз-чи? Унда мен нима қиламан?

Сусаннанинг бу гапларидан кулгим қистаб, уни бағримга босдим:

— Жинни-пинни бўлганмисан, нима бало? Бу бола иккимизники бўлади. Биргалашиб катта қиламиз. Ё сен мени шунчалик пасткаш деб ўйлайсанми?

Сусанна лаблари титраганча бош чайқади.

— Бу бошқа гап, — дея уни кўрпачага ўтқаздим. — Ҳеч қачон бундай бўлмағур гапларни гапирма. Мени севсанг, бундай хаёлларни миянгдан чиқариб ташла. Ундан кўра, эртанги кунимиз ҳақида ўйла.

— Хўп, — деди Сусанна юзини юзимга босиб. — Энди сира бундай демайман…

 

* * *

 

Дунё сенга кулиб боқса, қалбинг гўё чароғон боққа айланаркан. Эрта тонгда Лена етказган хабар бизга шу боғни ҳадя этди. Аёлнинг кўзи ёрибди. Қиз туғилибди. Бўлғуси эркатойимизни тезроқ кўриш илинжида туғруқхона томон кетиб борардиг-у, мисоли қанот чиқариб учаётгандек эдик. Учаламиз бир-биримизга йўл бермай, олдинга интилардик.

Ниҳоят, кутилган ҳаяжонли лаҳзалар жуда яқин қолди. Туғруқхона дарвозасидан ҳам ўтиб олдик. Ҳозир биринчи ишимиз аёлга қўнғироқ қилиш, ундан ҳол сўраш бўлади.

Мен қўлимдаги майда-чуйдалар жойланган халтачани Сусаннага тутқаздим-да, Ленага мамнун жилмайиб, керакли рақамларни тердим.

Ҳайитгул ҳам бизни деразадан кузатиб турган экан. Тўладан келган, қалин сочли бу аёлни кўриб, юрагим тошди. Бир муддат каловланиб қолдим.

Менинг ҳаяжонланаётганимни сездими, аёл биринчи бўлиб гап бошлади:

— Яхши келдингларми? Яхшимисизлар?

— Р-раҳмат, — дедим бироз тутилиб, — ўзингиз эсон-омон қутулиб олдингизми?

— Худога шукр! — деди аёл кулимсираб. — Уч килою тўққиз юз грамм туғилди. Исмини Сайёра қўйдим. Қаршимасмисизлар?

— Йўғ-э, нега энди…

— У жудаям шўх. Бўлғуси ота-онаси эркалатишга орзумандалигини сезибди чоғи.

— Албатта, эркалатамиз-да, — дедим тўлқинланиб. — Қизимиз дунёнинг энг эрка қизи бўлади, ҳа!

Аёл бироз сукут сақлагач:

— Муллака, эртага вақтингиз қанақа? — дея сўради у хижолатли оҳангда.

— Эртага вақтим бор. Тинчликми?

— Учрашиб, гаплашиб олсак, девдим. Сайёранинг гувоҳномаси масаласида.

— Шунақами? Хўп. Лекин… Сиз…

— Мендан хавотирланманг. Мен яхшиман. Ўзимни жуда яхши ҳис қилаяпман. Дўхтирларга тилхат ёзиб бераман-у, бир соатга чиқиб келаман.

— Яхши. Унда қачон учрашамиз? Қаерда?

— Эртага соат кундузги ўнларда мебель дўконининг ёнида.

— Хўп, яхши. Айтганча, сиз сира хавотирга тушманг. Мен то оёққа туриб кетгунингизча ёрдам бераман.

— Бу ҳақдаям эртага гаплашиб оламиз.

— Майли, унда, — дедим ортимдагиларга қараб олиб. — Эртагача хайр!

 

* * *

 

Эртаси куни айтилган вақтда белгиланган манзилга етиб келдим. Ҳайитгул аллақачон йўлак четида мени кутиб турарди.

Уни кўрганим ҳамоно юрагим қинидан чиққудек типирчилай бошлади. Пешонамда маржон-маржон тер пайдо бўлди. Вужудимни номаълум қўрқув эгаллади. Ҳа, мен бу аёл кутилмаганда айниб қолишидан, барча орзуларим саробга айланишидан, шу сабаб бўлиб Сусаннани йўқотиб қўйишдан қўрқардим. Қўрқув мени эркин ҳаракатланишга-да қўймасди.

Биз илиқ саломлашдик. Суҳбат бошланишидан аввал Ҳайитгул менга бир неча марта сирли қараб олди. Бу юрагимга баттар ваҳима солиб, безовталана бошладим. Лекин бу тахлит туравериш яхши эмаслигини тушунардим. Мен Ҳайитгулни ишонтиришим, фақат яхши сўзлашим лозимлигини билардим.

— Сайёра жуда эътиборталаб чиқиб қолди, — ниҳоят, орадаги жимликни бузди Ҳайитгул. — Сал қарамай қўйсангиз, дод солади.

— Демак, бўлғуси онасига тортибди-да, — ҳазиллашдим. — Сусаннаям худди шунақа. Тез-тез ҳол сўрашим, гапга тутиб туришим шарт.

Ҳайитгул пича жим турди-да, бошини эгганча менга ер остидан тикилиб сўз бошлади.

— «Нега бу аёл туққан боласидан осон воз кечаётган экан?» деб ўйлётгандирсиз. Шундай ўйлашингиз тайин. Эҳ, нима қилай? Эрим тўрт бола билан ташлаб кетиб, бошқасига уйланиб олди. Мен болаларимни бағримга босганча, ҳайҳотдай уйда қолавердим. Аксига олиб, яна ҳомиладор эканман. Ўйлай-ўйлай, шундай йўл тутишга қарор қилдим.

— Тушунаман, — дедим аёлнинг кўнглини кўтаришга уриниб. — Осонмас ўз боласини бировга бериш. Аммо сиз сира иккиланманг. Биз Сайёрага бор меҳримизни берамиз. Кўзларига ғам қўндирмай катта қиламиз. Ишонинг!

— Фақат бир илтимосим бор, — деди Ҳайитгул. — Йўқ демасмикансиз?

— Бемалол айтаверинг! Қандай илтимос?

— Сайёрани гоҳ-гоҳида узоқдан кўриб турсам дейман. Ҳар ҳолда, болам…

— Шунгаям ўйланиб ўтирибсизми? Албатта, кўрасиз. Бизнинг қаршилигимиз йўқ.

— Раҳмат! Унда эртагаёқ гувоҳнома олишга бора қолайлик!

— Яхши бўларди.

Ҳайитгул жавобимни эшитгач, бир муддат ер чизиб турди-да, кетишга чоғланаётганимни пайқаб, мени тўхтатди.

— Ундан олдин яна бир масала бор, — деди кўзларимга боқиб. — Униям гаплашволишимиз зарур бўлади.

— Хўп, айтинг!

— Сайёра учун пул берасиз.

Олдинига тушунмадим. Ҳайитгул нимага шама қилаётганини англай олмай, унга савол назари билан термилдим.

— Тушунмадингиз-а? Сайёра учун пул берасиз, деяпман.

Бу мен учун, ҳақиқатан, кутилмаган гап эди. Фикрларим чалкашди. Ҳануз бу гапнинг мағзини чақолмай Ҳайитгулга анграйдим:

— Ҳазиллашаяпсизми? Ё мени текшириб кўрмоқчимисиз?

— Вой, мулла ака-ей, — деди Ҳайитгул. — Боламни текинга бервормайман-ку! Ҳали уйимни таъмирлатишим, тўрт болани оёққа турғазишим…

Аёлнинг гапи оғзида қолди.

— Ахир Лена бу ҳақда индамаганди. У…

— Йўқ, — дея гапни калта қилди Ҳайитгул. — Тезроқ жавобингизни айтинг. Агар сиз олмасангиз…

— Менда бунча пул йўқ, — дедим бўшашиб.

— Майли, унда яхши қолинг! — Ҳайитгул кетишга чоғланди. — Кечаги майда-чуйдаларингизга рози бўлинг!

У кетди. Мен бўлсам, йўлак ўртасида худди маст кимсадай серрайиб турардим. Бўлиб ўтган гапларни хаёлимдан ўтказарканман, даҳшатли туш кўргандек қалбимни ваҳима босиб борарди. Ҳайитгулнинг сўнгги сўзлари миямда чарх уриб айлангани сайин кимдир пешонамга тош билан ураётгандек азобланардим. Йўқ, шу тобда мени одамларнинг бу қадар пасташликка бориши ўйлантирмасди. Мен Сусаннанинг кўзларига қарашдан, уни йўқотиб қўйишдан чўчирдим. Тақдири азалнинг менга аталган яна бир зарбаси бор экан, буни ҳам татиб кўрдим. Бироқ бу зарба умримга татийдиган бўлди. Бўшашган оёқларимни аранг судраганча, ортга қайтдим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here