Ўзбекистон бўйлаб автоном ҳожатхоналар ўрнатилмоқда: таҳорат хоналари, имконияти чекланганлар учун алоҳида хоналар

0

Ўзбекистон бўйлаб тўрт қисмдан иборат ҳожатхона конструкциялари ўрнатилмоқда. Айни дамда қуёш панеллари ёрдамида уларни тўлиқ автономлаштириш устида иш олиб борилмоқда дея хабар бермоқда KUN.UZ нашри.

«Мазкур йўналишда биз Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз. Бугунга келиб биз Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида сайёҳлар учун ҳожатхона конструкцияларини  ўрнатдик. Яқинда Шаҳрисабзда бўлиб ўтган Мақом фестивали олдидан у ерда ҳам ҳожатхоналар ўрнатилди. У ерда ўрнатган ҳожатхоналар тўрт қисм – эркаклар, аёллар ҳожатхонаси, имконияти чекланган кишилар учун ҳожатхоналар ҳамда юртимизда зиёрат туризми ривожланаётганини инобатга олган олган ҳолда таҳорат хоналаридан иборат», – дея маълум қилади Аслиддин Туксанов.

Уларнинг қулайлиги шундан иборатки, бундай ҳожатхоналарни қуришга ҳожат йўқ, конструкцияларни керакли жойга олиб бориб жойлаштирилади, холос.

«Ҳозир биз уларни 100 фоиз автономлаштириш устида иш олиб боряпмиз. Улар сув батлари билан таъминланган бўлиб, қуёш батареяларида ишлайди. Энди бойлерларни ҳам қуёш батареяларига боғлаш вариантини кўриб чиқяпмиз. Улар нархига кўра ҳам рақобатбардош бўлишига ҳаракат қиляпмиз. Келгусида барча ҳожатхона конструкцияларимиз тўлиқ автоном бўлишига эришишни режалаштиряпмиз, яъни қандай ҳудудга жойлаштиришингиздан қатъи назар, уларда чироқ ва сув бўлади», – дейди мутахассис.

Аслиддин Туксановнинг таъкидлашича, бу ҳали нисбатан ёш лойиҳа. Бугунга келиб ҳожатхона конструкциялари Тошкент вилоятининг сайёҳлар кўп ташриф буюрувчи бир неча ҳудудларида ўрнатилган бўлса, ҳозир яна бошқа туристик зоналарда ўрнатишга доир лойиҳалар бор. Шаҳрисабз шаҳрида олтита катта автоном ҳожатхона ўрнатилди. Айни дамда Хоразм ва Самарқанд  вилоятлари билан музокаралар олиб борилмоқда. Маълум бир келишувга эришилганидан сўнг ишга киришилади.

«Ҳаммаси энди бошланяпти. Насиб қилса, йилига минглаб  конструкция ўрнатадиган дарвлар ҳам келиб қолар», – дея умид билдиради у.

Компания Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси  вакиллари билан биргаликда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар эҳтиёжларини ўрганишда давом этади. Бу борада мутахассислар қатор хорижий мамлакатларда ҳам бўлиб, уларнинг тажрибасини ўрганишган.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги 3514-сонли «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектларнинг 2020 йилнинг 1 январига қадар санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган замонавий санитария-гигиена тармоқларини қайта тиклаш, капитал таъмирлаш ва қуришга йўналтирилган харажатлари 100 миллион сўмгача камайтирилади.

Шунингдек, ҳар йили 2025 йилнинг 1 январига қадар хўжалик юритувчи субъектларнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган санитария-гигиена тармоқларини (фаррошлар иш ҳақи, гигиена, тозалаш ва ювиш воситаларини сотиб олиш, коммунал харажатларни тўлаш), туризм инфратузилмаси объектларини (тарихий ва меъморий ёдгорликлар, музейлар, театрлар, маданият уйлари, умумий овқатланиш пунктлари, хизмат кўрсатиш объектлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, автомобиллар учун вақтинча тўхташ жойлари, йўлбўйи инфратузилмасининг сервис хизматлар кўрсатиладиган ҳудудлари, бозорлар, расталар, дўконлар ва одамлар гавжум бўладиган бошқа жойларни) сақлашга йўналтирилган харажатлари 12 миллион сўмгача қисқартирилади.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here