Ёнаётган дипломлар тафти

0

Мен тақдир тақозоси билан, бирор бир институт ёки университетда ўқиш бахтидан мосуво қолдим. Ёшлигим, қайсидир дўкондорнинг юмушини қилишу, кимнингдир хизматини бажариб, иш берувчиларнинг дўқ-пўписаларидан эзилиш билан ўтди.

Ўттиз ёшларимда, оғир меҳнатдан чарчаб, пасткаш иш берувчилар азобларидан эзилиб, узун тунлари осмонга термулиб, Худога нола қилардим. Аянчли қисматимдан зерикиб, ўзимга-ўзим гапириб қўярдим: «Биттагина дипломим бўлганда эди…»

Баъзан ёзганларим кўзимга балодек кўриниб, улоқтириб ташлаган чоғларим кўп бўлса ҳам, ёзишдан, мутолаа қилишдан, изланишдан, ўқишдан бир зум тинган эмасман. Гарчи дипломсиз кўча мардикори бўлсам-да, илмим, ўша мен учун орзу саналган, лаънати университетлар профессорларини доғда қолдирарли даражада сайқалланиб бораётганлиги менга ҳамиша таскин берган. Юрагимнинг бир четида бир буюк орзу ҳамиша уйғоқ яшаган. Куну-тун, телбалардек Худо билан гаплашардим. Мен ёзиш учун яралган эдим. У кўнглимга соларди, мен эса тинимсиз ёзардим. Фақат тақдирнинг аянчли, аччиқ кунларида мени хўрлатадиган, юрагимни унсиз эзадиган ўша оғир бир сўз, миямда тинимсиз айланаверарди: «Биттагина дипломим бўлганда эди..»

Қирқ ёшга етганимда мен шу қадар машҳур бўлиб кетдимки, ўзим ишонмай қолдим. Ёзганларим, менинг юрак қоним билан ёзганларим, шу қадар қўлма-қўл бўп кетдики, асти қўяверасиз. Бугун менинг романларимсиз Америка адабиётини тасаввур қилиш қийин. Энди нима ёзсам, ҳали сиёҳи қуримай туриб, нашр этишади ва табиийки, қўлма-қўл қилиб юборишади. Биласизми, –мен ҳамиша, мени ёзувчи қилиб яратгани учун, шу масъулиятли, шарафли ишни зиммамга юклагани, истеъдод аталган улуғ неъматни кўксимга жойлагани учун, Худодан миннатдорман. У ҳамиша мен билан ва ишонаманки, илтижо қиламанки, мени бир лаҳза ёлғизлатиб қўймайди.

Диплом… Дарвоқе, диплом масаласида..

Мени ҳар куни, бутун дунёнинг энг нуфузли, энг донгдор университетларига учрашувларга, мастер-классларга таклиф қилишади. Мен камида энг кўп оладиган гонорарим эвазига, бу таклифни жон деб қабул қиламан. Университетларда мени энг олий нуфузли меҳмон сифатида кутиб олишади, ардоқлашади. Мен бу даргоҳлардан, жуда кўп пул, бир олам таассурот ва камида, «Университет фахрий доктори» унвони, шу унвонни тасдиқловчи усти жимжимадор, ҳар қандай талабанинг ҳавасини келтиргулик даражадаги, диплом билан, ҳа, тўғри эшитдингиз, диплом билан қайтаман.Тасаввур қилинг, бир кунда, камида уч диплом. Бир йилда эса…

Учрашувлардан қайтгач, уйимга келгандаёқ биринчи қиладиган ишим, дипломларни катта камин печимда ёқиш ва ёнаётган дипломларни севиниб томоша қилиш. Ишонаверинг дўстларим, улар ёнганда шу қадар маза қиласизки, асти қўяверинг. Ҳа, айтганча, дунёда ёнаётган дипломларнинг ҳароратидек қайноқ ва эҳтиросли ҳароратни топиш қийин…

Жон СТЕЙНБЕК,

Америка ёзувчиси. Адабиёт йўналишидаги Нобель мукофоти совриндори.

Манба: Azon.uz