«Бозор дунё» ёхуд эрини ўзгага никоҳлатган аёл изтироби (13-қисм)

0

Нозиманинг кўнгли оза бошлади, сал бўлмаса ўтирган ерида ағдарилиб тушай деди. Ҳозир бу хотинни йўлга киргизишнинг ҳеч иложи йўқ эди. Уни совуқ тер босди. Хона гир айлана бошлади, мувозанатини йўқотди.

—   Ҳой, мени қўрқитмасангиз-чи, нима қилди? — шошиб қолди Дилором опа. Уни суяб, ўтирган оромкур-сисига ёнбошлатди, бошига ёстиқ қўйди. — Вой, шўрим қурсин…

У сумкасини ковлашга тушди, валидол олиб, югургилаб ошхонага чопди. «Қурибгина кетгур Мансур битлиқи» деди, пиёлага сув олди-да, валидол томизди, қайтиб келиб, деярли беҳуш ётган Нозиманинг бошини кўтар-ди, мажбур ичказди. Аммо сув унинг оғзидан тўкилар, ичиб ололмасди. Дилором қўрқиб кетди. Шошилинч те-лефон қидирди. Топди-да, «Тез ёрдам» чақирди. Кейин қайнотасига телефон қилди, аҳволни тушунтирди. Наби Мусаевич «Ҳозир етиб бораман», деди.

У келганда дўхтир Нозимага биринчи ёрдамни кўрсатган, Дилором билан гаплашиб ўтирар эди. Ҳамшира яна битта укол қилди. Шундан сўнг кетишга ҳозирлик кўрган дўхтир:

—   Ўтиб кетади, чуқур руҳий чарчаш бор, асаблари дош беролмай, юракка куч келган, — деди, — ўзига келганда, доғ сувга асал қўшиб ичкизинглар. Тинчлик керак, ортиқча ҳаяжонланмасин.

Наби Мусаевич дўхтир билан ҳамширани кузатиб келди. Дилором Нозиманинг оёғини уқалаб ўтирар эди.

—  Нариги хонага чиқайлик, тинчлик керак, — дўхтирнинг гапини такрорлади Наби Мусаевич.

Қайнота-келин у хонага ўтдилар, анчагача сўз котмай ўтиришди. Охири Наби Мусаевич:

—  Зокир қачон келади? — деб сўради.

—  Эрта ё индин келиб қолар, — жавоб қилди Дилором. — Келгани билан ишини биласиз-ку.

—   Ҳокимликка жуда ёпишди-да, шу бола, — деди Наби Мусаевич, — декан бўл деса унамабман-а.

—   Пахта буларнинг ҳаммасини бошини оғритяпти. Райони ҳали етмишга ҳам боргани йўқ.

—   Тўлмайди, у ҳам, вилоят ҳам. Булар пахтани қаёкдан билсин? Пахтани билган одам бунақа иш тутмайди. Бизнинг ерлар баҳорикор. Унга кузданоқ ишлов бериш керак. Шудгорлаш энг асосий нарса. Ота-боболаримиз ерга ўғит сол, деган. Ерлар кучсиз. Анави қизил тузум даврида дори солавериб, ерни куйдириб юборишган. Бу бабақлар қаердан билсин буни?

Қайнотасининг нутқига, айниқса, «бабақ»ни эшитиб, «бақбақа»га ўхшаш бу тушунарсиз сўздан Дилором кулди: «Ажойиб одам-да, бу Наби Мусаевич, ўзи деҳқончи-ликни қаёкдан биларкин? Ҳеч нарсани билмайсан, деб юриб бечора қайнонасини ҳам ўлдириб юборди».

—  Дада, чой қўяйми?

—  Ичмайман.

Нариги хонада Нозима қимирлади. Дилором ўша ёққа ўтди. Бироз вақт ўтгач, қайтиб чикди.

—  Ухлаяпти, — деди ва жойига ўтирди, — ҳозир, — деди-ю, яна туриб чиқиб кетди.

У уйига телефон қилди, катта келинини чақириб:

—   Дўхтирга ўзларинг боринглар, мен бора олмай-ман, — деди ва қайтиб келди.

—  Невара тузукми? — сўради Наби Мусаевич.

—   Яхши, — деди Дилором, — улар-ку яхши, буни қаранг энди. Мияси айниб қолганми, бу Мансурнинг?

Наби Мусаевич елка қисди.

—   Қаёқдан билай? Буларни тушуниб бўлмайди. Ўзи бу айбдор. Қилар ишни қилиб, мана энди, бу аҳвол.

—   Бу қаёқдан қилади? Укам ўзи ўладиган писмиқ, ичидан пишган. Ундан ҳар балони кутса бўлади.

—   Йўқ, хотин киши деган ўзи гўл, шошқалоқ бўлади. Бу ҳам ўшаларнинг биттаси, — иягини силади Наби Мусаевич.  — Эрталаб телевизор кўрдингизми?

Дилором қайнотасига қаради, «эримни кўрсатдими» деб ўйлади.

—  Қаранг, — деди қайнотаси, — эри ўн йилга қамалган бир ёш аёл квартирасини бир қизга ижарага бериб, ота-онасиникига кўчиб ўтибди. Ҳалиги қиз яна иккита аёл-қиз билан тил бириктириб, «пул қилиб берамиз, ижара ҳақини олдиндан тўлаймиз, чет элга бориб ишлаб келинг, катта пул топасиз, вақт ҳам тез ўтади» дейишиб, сотув ҳуқуқи билан нотариус орқали ишончнома қилдиришиб, квартирани ўзлариники қилиб олишибди, сотишибди. Шуни суддаги жанжалини кўрсатди. Ана кўрдингизми, бу аёлларни қилмишини? Бўлмаса, лақиллаб, шу-иақа ишончнома қилиб берадими, гўл бўлмаса, фаросати етса? Нозима ҳам шуни биттаси-да. Узоққа бориб нима қиласиз…

—  Тушуниб бўлмайдиган замон бўляпти ўзи…

—  Замон эмас, одамлар шундай бўлиб кетяпти. Кимни сўрасангиз, замон-замон дейди. Каналга овсинини боласини алдаб олиб бориб, итариб юборган ҳам замонми? Замонда нима айб, одамлар ўзи ёмон. Анови студент бола бир оғиз гапга ўзини осиб ўтирибди. Яна замон-замон бу одамларга… Замон деса бўлди.

Наби Мусаевич Дилоромни бу ишга аралаштиргиси йўқ эди. Қараса Мансур билан гаплашгандан кейин, масала чигал. У ҳам ўз йўлига ҳақ. Тек қўйса, оила бошига бирор кулфат тушиб, ишларининг пачаваси чиқишини ҳисобга олиб, Наби Мусаевич ўзининг муносабатини кучайтиришга, Дилоромни, Зокирни аралаштириб, бу иш газаклаб кетишининг олдини олишга қарор қилди. Тўғри, Дилором каттазанг, оғзи катта, уни назорат қилмаса, билиб-билмай қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйиши турган гап. Аммо, нариги «душман» аёл бўлгани учун қариган чоғда қаёкдаги қишлоқи билан ади-бади айтишишни ўзига эп билмади. Шу боис ҳозир Дилоромга қандай муносабатда туришни яхшилаб тушунтириб қўйиш фурсати етилганини ҳис қилди ва шу заҳоти ма-салага ўтди. Дилоромга ҳамма бўлиб ўтган ишларни ипидан-игнасигача обдон уқтирди, гапни бўлмаслигини, му-аммони чуқур англаб, сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган йўл тутиш лозимлигини келишиб олди.

—   Дилором, қизим, — деди у гапининг сўнгида, — битта нарсага жуда эҳтиёт бўлиш керак. Ҳар қандай ҳолатда бу иккисининг ўрнига ўзимизни қўйиб кўриб иш тутишимиз лозим. Нозима… Хўп, кўнсин, у ерга бор-син, дейлик…

—  Ие, нега бормас экан?

—  Ана айтдим-ку, бундай тез ҳукм чиқариб бўлмай-ди, — пешонасини тириштириб, жаҳли чиққандай бўлди профессорнинг. — Бориши мумкин. Гап шу ҳакда кетяпти. Аммо, борган билан икки кундош…

—   Дада, бош қотириб нима қиласиз? Нариги бир минут турмайди у ерда.

—   Сиз ҳали Мансурнинг фикри билан ҳисоблашмаяпсиз.

—  Ҳисоблашмайман ҳам.

—  Бу нотўғри, қизим.

—  Сиз унақа деб турсангиз…

—  Мансур ҳам сўзидан қайтадиган бўлса экан…

—  Аллақачон ҳамма ёқни ўзи ҳал қилиб қўйибдими?

—   Эҳ, аёллар, аёллар, мен сизга жон куйдириб нималарни тушунтириб ётдим-у?

—   Ў-ў! Уйлайверсангиз, «микин-микин» деяверсангиз, иш битиб қоладими?

Наби Мусаевич «ҳа»сиз узоқ бош ликиллатди ва охири:

—   Қўйинг, бу осонликча, сиз айтгандай ҳал бўлмайди, — деди. — Бунинг бир йўлини топиш керак. Сиз аёлларга ҳамма нарса осон, битта жанжал билан ҳар қандай ишни ҳал қилиб қўя қоласизлар…

—   Дада, сизга нима? Нима қиласиз, ҳал бўладиган ишга бош қотириб? Ҳали акаси келсин, ўзи хал қилади.

«Эсиз, гапирган гапларим» ўйлади Наби Мусаевич. Кейинги ўйлаб қўйган режасини айтмай қўя қолди.

Дилором Нозимадан хабар олди. У кўзини очиб ётарди.

—   Ҳай, хайрият-ей, ўзингизга келдингизми? Битта кундошга шунчаликми? Бизга тўзим берсин, кўчада юзта кундош… — ҳазиллашди у.

«Ўзингизни тутинг энди», деб Нозимага анча маслаҳатлар берди, қайнотасининг олдига чикди-да:

—  Шунақа кунда Зебохон ҳам ойилчилаб кетганини? — деди ва уйига телефон қилгани чиқди, қайтиб кириб: – ҳозир Нодир синглисини олиб, бирга келишади. Муҳаббат қараб ётмаса бўлмайди, энди, — деди.

«Мансур келса керак» деб ўйлади Наби Мусаевич на кетишга чоғланди.

—  Дада, ҳозир машина келади, — деди Дилором.

—  Йўқ, пиёда кетаман, — жавоб қилди Наби Мусаевич, — Нозима тузукми ахир?

—  Ҳа.

Наби Мусаевич кийиниб, беретини бошига қўндириб чиқиб кетди.

Дилором Муҳаббатни қолдириб, ўғли билан кетди. Мансур келмади.

XI

Мансур Нозиманинг олдига ўзини мажбурлаб, бир марта борди, холос. Синглиси қайнонасиникига кетган, Нозима ёлғиз экан. Жуда ноқулай учрашув бўлди. Нозима бир оғиз ҳам гап гапирмади, юзига қарамади ҳам. Ўтириб-ўтириб  ортига  қайтишга  мажбур  бўлди.   Йўл-йўлакай роса ўйланди. Нозиманинг ўрнида ҳар қандай хотин ҳам шундай қиларди. Охирги гапи: «Бугун олиб кетаман», деди. Аслида у бундай фикрдан йироқ эди, чунки Каниза билан бу ҳақда гаплашганига қарамай, у домга бориш тўғрисида ўйланаётгани учун бу гап ҳал бўлгани йўқ. Қолаверса, кўчиш унга осонликча сингмаслиги ҳам аниқ, ҳали у билан роса келишиб олмай туриб, бу ишни қила олмайди. Шу боис ҳам «олиб кетаман» дейишга деб қўйиб, қаттиқ ўйланиб қолди. Олиб кетиш ҳеч гап эмас, аммо ўртада муаммо пайдо бўлиши, кейин Мансур нима қилишини билмай, ўртада иш бузилиши мумкин. Бу ишни пухта ўйламаса, бўлмайди. Ҳозир Но-зима муаммоси турмаганда, қанчалик бахтиёр бўлган бўларди. Одамнинг истаги бошқа-ю, шарт-шароит бошқа бўлар экан-да.

Ҳар нечук боргани яхши бўлди, барибир шу ишни қилиши керак эди. У елкасини тоғдек эзаётганди. Майли гапирмаса, гапирмасин, шундоқ бўлишини Мансур биларди, албатта. У вазифасини адо этди. Бормади эмас, бориб қўйди. Ҳар ҳолда дадаси борганини билади, қулоғи бироз тинч туради. Нозима масаласини бу чол энг асо-сий вазифасига айлантириб олди. Мансур нима бўлса бўлаверсин, уларга Нозима керак.

Ҳали Зокир сассиқ ҳам осмондан келади. Калондимоғ, каттазанг Зокирни одам қилиб қўйдим, деб юрган келинаяси шаҳарни бошига кўтариб шанғи солади, ҳали. Бу ҳам эҳтимолдан холи эмас. Мансурга қилган бўлса, акаси яхшилик қилган, аяси дамини олсин. Улардан қарз жойи йўқ.

Мансур бугун Нозимани олиб кетмайди, тўғриси Каниза билан келишмай туриб олиб кета олмайди. Ишқилиб, Каниза қандоқ бориб келаркин? Бемаза эри жўнатмай қўйса-я? Каниза уни бир кўришдаёқ севиб қолди. Акс ҳодда ўн кун қолиб кетмас эди. У келади, Мансурнинг кўнгли ишониб турибди. У энди Мансурсиз чидамайди. Уйда бунақанги шароит, Мансур. Каниза буларни қаёқдан топади. Юз мингни кўриб, кўзлари ёниб кетди. Сейфдаги пачка-пачка йирик кўкларни кўрса нима бўларкин? Ўша куни пул олаётганда бир кўрсатиб қўйса бўлар экан. Майли, бугун кўрсатади.

Шу ўйлар билан ишхонага отланди. Бу ерда ҳам муаммо устига муаммо чиқарди. Бугун текширув ҳал бўлади. Текширув ҳеч нарса эмас.  Мансур тайёр.  Шу, Аҳад Валиевич, «Масложир» бошга битган бало бўлди. Нари борса, ўша эллик миллионни уйдаги пулдан бериб юбораверади. Нақд пулни бериб юборишга кўзи қиймай турибди, холос.

Тушга яқин ишхонасига келди. Меҳмон машинани кўрди-ю, пул келганини билди. Уни яхши янгиликлар кутиб турган экан. Дебиторларнинг иккитасидан пул тушибди, анави Аҳад ўрисга етади. Кечаги куни эшитадиганини эшитган бош ҳисобчи «Топшириқнома»ни тайёрлаб турган экан, имзо чекиб берди. Вагонга келган харидорларнинг пулини олди. Энди вагон тезроқ келсаёқ бас. У ёқнинг «доля»сини ҳам юбориш керак. Ё шунга қара-шиб турибдими? У пулни ажратди. Уринбосарини чақириб, бугуноқ жўнашини тайинлади.

Дилтанг кеч тушиб келар, ҳамон Шерзоддан дарак йўқ. Тинчликмикин ишқилиб? Бурнини тортиб ўзи келиб турмасайди? Орада дадаси телефон қилди. У нима деса, хўп деди. Профессор билан олишиб ўтиришнинг фойдаси йўқ. У ҳар қандай одам билан имтиҳон топшираётган талабадай муомала қилади. Мансур кўникиб кетган.

Бугун Чакани олиб кетиш керак. Мана бу пул ҳам келиб қолди, уйда пул кўпайиб кетди. Итни албатта олиб кетади. Кези келганда ўзи одамдан ҳайвон яхши. Муаммоси ҳам йўқ, хоҳлаган жойингда туради, айтганингни қилади. «Нозима…Нозима…Наҳот менинг бахтимга тўғаноқ бўлсанг?.. Бундай эмас эдинг-ку?»

Охири Шерзод келди. Ҳаммаси жойида экан. Каниза уйда, қандай яхши! Бир умрга севса арзийдиган хотин. Шерзод билан гаплашиб ўтирмади. Сабри чидамаса ҳам сўраб-суриштиришни ўзига эп билмади. Фақат юраги ҳовлиқиб, тезроқ уйга боргиси келди. «Барибир итни олиб келиш керак». Машинани ўша томонга учирди. Володяникидан итни олди. Уйига шошилди. Уйга етиб келиши билан, дарвозани очар экан, машина ичида жимгина келган ит бирдан вовуллай бошлади. Уни машинадан туширмай олиб кирди, катагига киритди, у тинмай акиллаб вовуллайверди. «Молчат!» деган сари ит авжига чиқарди. Мансур уй томон қаради, олам чароғон, чироқлар ёниб турибди, унинг дили равшан тортди. Уйга кириб, ўзига кулиб боқиб турган Канизани бағрига босди. Канизада ҳеч ўзгариш сезилмас, хаво алмаштириб келганигами, ё болаларини кўриб кўнгли тинчиганигами ранги софланиб, янада кўркамлашганга ўхшарди. Мансур уни анчагача бағридан кўйиб юбормади. Охири диванга ўтиришгач, қўлларидан тутиб:

—   Уйлар тинч эканми? — сўради.

—  Тинчлик.

—  Болалар-чи?

—  Яхши.

—  Ота-оналарингиз?

—  Ҳаммаси салом айтишди.

—  Ҳал қилдингизми?

—  Ҳа.

—  Жанжал қилмадими?

—  Йўқ.

—  Қанча турадиган бўлдингиз?

—   Истаганимизча.

Айниқса, Каниза охирги гапига Мансурни ҳам қўшиб, «миз» деганига у жуда мамнун бўлди, уни яна бағрига босди. Ит ҳамон безовталанар, аккиллашдан тинмасди.

—  Итни олиб келдингизми?

—  Сизга қоровул.

—  Қоровул биттами, ахир?— нозланди у.

—   Битта, — Мансур қўзғолди. — Мен ечиниб олай. Тансиқ таом буюриб қўйганман, ҳозир келади. Мен ҳозир.

—  Овқат қилмайми? — атай сўради Каниза гўштларни олиб кетганини эслаб.

—  Йўқ, — Мансур негадир ташқари чиқиб кетди. Каниза деразадан қаради, у итга алламбалолар деди-да, очиқ турган гаражга юрди. У ердан пакет халта кўтариб чикди, гараж эшигини беркитди. «Гўштмикин?» ўйлади Каниза. Мансур коридордан чақирди.

—  Каниза, мана бу халтани олиб қўйинг.

Каниза коридорда эшик олдида турган тўла халтани кўрди, бориб кўтарди, у оғир эди. Мансур ваннахонада, сув шатирлаб оқарди. Халтани Каниза ушлаб кўрди, пул пачкаларига ўхшарди, тўғри ётоқхонага олиб кирди. Очиб қаради — пул экан. «Шунча ҳам пул бўладими? — ўйлади у. — Мансур акам хўп топарканда, топмаса, бундай уйлар каердан бўлади?» У ҳозир шу пулнинг, шу уйнинг, шу кошонанинг эгасидек сезди ўзини.

Мансур бет-қўлини артиб, энди халатини кийиб чиққан ҳам эдики, дарвозанинг қўнғироғи чалинди.

—  Каниза, юринг ошхонада овқатланамиз, — деди у ва ташқарига юрди, дарвоза томон бораркан, ҳамон тиним билмаётган итни сўкиб берди.

Каниза ташқари чиққач, ит авжига минди, ўзини катак панжарасига уриб дод-вой қила бошлади.

Тансиқ таом — ичига қийма тиқиб пиширилган бедана экан. Мансур товоқ устини очиб дастурхонга кўяркан, ҳовури кўтарилиб турган беданаларга қараб Каниза лабини бурди.

—  Мен бунақа овқатларга… — деди у.

—  Ие, янги келин-куёвларнинг давоси шу-ку, — кулди Мансур.

—  Мен еб кўрмаганман.

—  Еб кўрасиз, мазза қиласиз, деб буюрдим-да, олинг. Улар  овқатланиб  чой  ичдилар.   Канизанинг тансиқ

таомни суйиб емаганини билган Мансур:

—  Ёқмадими? — деди.

—  Ёқди. Мен ош, шўрвани яхши кўраман…

—  Ҳозир ош қиламиз, — деди Мансур.

—  Эртага қилайлик.

—  Тўғри, эртага пайшанба, — кулди Мансур.

—  Ҳалиги халтадаги нима? — атай сўради Каниза.

—  Пул.

—  Ўзимизгами?

—  Кимга бўлмаса?

—  Шунча пул-а?

—   Қанча эди, шунча бўлиб, ўн миллион пул. Бирор жойга жойлаб қўйинг.

—   Менинг пулим қолмади, — яна атай сўз ташлади Каниза.

—   Э-э, ўша пул қоладими? Нима пул у? Ана шу халтадаги пул ҳам сизга-да.

Каниза ғалати бўлиб кетди, аммо ишонмади.

Тун жуда мароқли ўтди. Эртаси эрталаб энди чойга ўтиришган ҳам эдики, дарвозанинг қўнғироғи эшитилди. Кечаси билан тиним билмаган безовта ит яна ҳура бошлади. Тўнини елкага ташлаб чиқиб кетган Мансур анчадан кейин шошилиб кирди-да, нимадир олиб чиқиб кетди, яна қайтиб келиб, чой ичишга тутинди.

—  Ҳа? — деди Каниза.

—  Бир-иккитаси…

—  Нима дейди? Тинчликми?

—   Ҳар кунги гап-да. Ҳар хил иш билан,  — тушунтирди Мансур, — фуқаролар йиғини ободончилик масаласида, нариги қўшни «Еру кўкда йўқсиз, нима бўлди?» дейди. «Кечқурун гапга чиқинг» дейди. Маҳалланинг бошида бир камбағал қиз чиқаряпти экан, пул бердим. Шунақа гаплар…

—  Сўраса бераверасизми? Ўзимиз-чи? Мансур кулди.

—   Қанча сўрарди, маҳалла-кўйчилик-да. Мансур ишга жўнади.

—   Тез қайтинг, — деди Каниза, дарвозани беркитар экан.

Ит тиним билмасди. Эрталаб Мансур унинг егуликларини берди, барибир тинмай акилларди. Каниза «Ўл-а!» деганча ичкари юрди. Ичкарига кириб ётоқхонада кеча оқшомдан бери турган пулли халтадан хабар олди. У жойида турарди. «Шу ростдан ҳам менгамикин?» ўйлади у ва халтани кўздан яшириб қўйди. — Мансур акам мендан ҳеч нарсани аямайди, ҳали туғиб берай…».

Соат ўн бирларда бир машина келиб, оламжаҳон егуликлар, мева-чевалар, турли хил сувлар, шарбатлар, гўшт-ёғ ташлаб кетди.

Орадан тўрт кун ўтди. Мансур эндигина тушлик қилиб, келиб ўтирган эди, телефон жиринглаб, акаси чақирди. Юраги бир «шув» этди, бироқ ўзини тез тутиб олди. У бир соатдан кейин шаҳар стадиони ёнидаги кафе олдида учрашишлари кераклигини айтди. Мансур оғир-вазмин тайёргарлик кўрди, орада аччиқ гаплар бўлишини ўйлаб, бир хўрсиниб олди. Нима дерди, шу гап, яна Нозима, яна ақл ўргатиш, яна дағдаға… Ҳамма хўжайин. Битта сен гўлсан. Ҳамма ақлли, битта сен аҳмоқсан, ҳамма яхши, битта сен ёмонсан…

Мансур айтилган жойга борганда акаси кутиб турган экан.

—  Кирайлик, — деди акаси.

—   Нимага кафега, яхшироқ жой бор,  — деди Мансур.

—  Иш зарур.

Кафеда деярли одам йўқ эди. Ака-ука четроққа ўтирдилар. Хизматчи қиз келди.

—- Шафтоли шарбати олиб келинг, — деди тез Зокир, сўнг: — Мансур, — деди у гапида давом этиб, — хўжайинни кўрдим. Гаплашдим. Ўн иккита жой ким ошдига қўйилган, эшитгандирсан?

—  Хўш? — деди Мансур.

Тилаволди Жўраев

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here