«Бозор дунё» ёхуд эрини ўзгага никоҳлатган аёл изтироби (14-қисм)

0

—  Учтасини оласан. Нархини тўғрилаб беришади.

—  Хўп.

—  Ҳали олдингга шу масалада одам боради.

—  Хўп.

—   Энди, ҳалиги пулга одам жўнатаман. Мамат аканг келади, биласан-а?

—  Ҳа.

—  Ўшандан бериб юборасан.

—  Хўп.

—    Эшитдингми, Нозима касалхонада экан? — Зокир бир дам киприк қоқмай қараб турди.

—  Иў-ўқ.

—  Дадамга учраб тур. Уни биласан-а?

—  Ха.

—   Эҳтиёт бўлиб иш тут. Ўшани уйга олиб келмай, битта квартира обера қолсанг бўларди-ю…

—  Кейин гаплашамиз.

Улар қуйилган шафтоли шарбатидан ҳўплашди. Ҳар ким ўз машинаси томон кетди. Мансур идорасида ўйлаган гапларига пушаймон бўлди. «Акам акам-да, делавой одам. Бекорга районга ҳоким бўладими? Майда гаплар билан унинг нима иши бор? Мен ўзим майдакаш бўлиб кетибман. Касалхонада бўлса нима қипти? Оғригандир. Эрта-перта бориб қўяман. Нега менга на Зебо, па дадам индамади? Бу, дадам биронта фитна тайёрлаяптимикин? «Мен нега балога гирифтор бўлавераман? Нима бўляпти ўзи?» Сиқилиб кетганидан илкис мияси қалқигандек бўлди. Ҳеч қанча юрмасдан, дафъатан қаёқдан келди бу нидо, ичидан отилиб чикди, бўғзига гиқилди. Олис-олисдан у шундай сўз эшитди: «Эҳ, номард Мансур, Нозима етимча сенга ким эди, сенга у иима қилди?» Бечоранинг етимлиги, онасини кўрмай ўстан муштипар Нозима ўзи айтиб берган болалиги, тортган азоб-уқубатлари, йиғлаб турган қизалоқ кўзига кўриниб кетди. Каниза, кеча бино бўлган Каниза узоқлардан миттигина заррадек аҳамиятсиз нуқтага айланди. «Ўзи нималар қиляпти Мансур? Каллангни шун-чалар  ҳам йўқотасанми,   Мансур?».

У машинани шартта бурди, Зебоникига учди. Гўё шу дақиқада Нозиманинг ёнида бўлмаса, у ўладигандай, Мансур уни қайта кўрмайдигандай туюлди. Эшикни очган Зебо акасининг ҳолатидан қўрқиб кеди. «Бетига ҳам қарамайман» деган сўзидан шу заҳоти қайтди.

—  Қаерда? — зўрға сўрай олди Мансур.

Зебонинг гапини тўлиқ эшитиб-эшитмай, машинага чопди ва ўкдай учди. Шаҳар шифохонасининг «Неврология» бўлимига отилиб чиққанда, эшик тагидаги ҳамширанинг нақ ўтакаси ёрилай деди. Хонага ҳовлиқиб кирди. Эшик томон қараб турган Нозима уни кўриб тескари қараб олди.

«Майли, — деди Мансур, — унинг очиқ кўзларини кўрдим-ку». У каловланиб атрофга қаради. Хонада ётган бошқа учта хотин унга ҳайрон бўлиб, тикилиб қолган эди. Орқасидан кўзлари ола-кула, ранги ўчган ҳамшира кирди.

—   Э-э, қанақа одамсиз? Юрак-пурагимни туширдингиз-а, — деди у ва бурилиб чиқиб кетди.

Мансур нима қилишини билмасди. Хотинлардан бири ўзига келиб, унга стул қўйиб берди. Стулга чўккан Мансур шумшайиб қолди. Аёллар Нозиманинг кўзидан юмалаётган ёшни кўриб, аста-секин чиқиб кетдилар. Девордаги паст қўйилган радиодан келаётган қўшиқнинг сўнгги мисралари янграётган эди:

Ғурур тилиб юборди бахтнинг юзини, Рашк аямай отди нишли сўзини. Икки тош сингари цолди икки тан, Бошқа ёр йўлига тикиб кўзини…

Мансур жим. Нозима қимир этмайди. Бошқа ҳеч ким йўқ. Қанча фурсат кечди, Худо билади, шунда Нозима тилга кирди:

—  Ишлариз яхшими, Мансур ака? Соғмисиз? Мансур бўғзига нимадир тиқилгандай, ҳеч нима деёлмади. Хонадан отилиб чиқиб кетди, одам йўқ томонга юрди. Хотинлар аста хонага қайтдилар.

—  Хўжайинингизми? — сўради бири.

—  Ҳа, — дея бошини ўраб олди Нозима.

Мансур бурчакда туриб-туриб, ўзини босиб олгач, палата эшиги олдига келди, яна киришни эп билмади, бир-икки соатдан кейин келишга аҳд қилди. У пиллапоядан тушиб келаркан, биринчи қаватга етганда ойнабанд эшикдан эҳтиёт бўлиб кириб келаётган, қўлида тугунча, кўзойнакли дадасини кўрди. Дарров ўзини четга олди. Кексайиб қолган бечора чол атрофга мўлтираб қараб-қараб, пиллапоя тўсиқларини ушлаб, тепага кўтарилди. Мансур шифохонани тарк этаркан, чуқур хўрсиниқ туйди. Ҳозир қаёққа бошини уришни билмасди. Машинага ўтириб, калитни ушлаганча анча ўтирди. Сўнг жўнаб кетди, яна Зебоникига борди.

—  Қачон оғриди? — деди у хомуш, кўзларини синглисидан олиб қочиб.

—  Мен йўқ эдим.

—  Уйда ёлғиз эдими?

—  Йўқ, Муҳаббат бирга экан.

—  Нима қилиб бундай бўпти?

—   Катта келинаямнинг айтишига қараганда, дадам билан у киши бизникига келишганида, мазаси қочган экан, келинаям скорий чақирибди. Дўхтир келиб, укол қилибди, давлениясини ўлчабди. «Оғир руҳий чарчоқ бор» дебди. Сал ўзига келгандан кейин Муҳаббатни қолдириб кетишибди. Ярим кечада Муҳаббат дод деб, аясига телефон қилибди, шу. Бордингизми?

—   Ҳа, дўхтирлар нима дейишяпти?  — сўради Мансур.

—   Гаплашмадингизми?

—  Йўқ.

—  Кўрдингизми?

—  Йўқ.

—  Вой ака-ей…

—  Сен нега менга айтмадинг? .

—  Дадам айтмагин, девдилар… — чайналди Зебо. Мансур чуқур  «уф»  тортди.  Ўрнидан туриб чиқиб кетди.

—  Ака, қаёққа? — сўради ортидан чиққан Зебо. Мансур унга бир дақиқа қараб турди, сўнг машинага ўтирди. Кечгача нима қиларини билмай тентиради. Соат тўртларда шифохонага келиб, ҳакимнинг хонасига кирди.

—   Нозимахон масаласида… — деди ҳаким билан саломлашиб.

—  Кими бўласиз?

—  Турмуш ўртоғи.

—  Командировкада эдингизми?

—  Ҳа.

—   Уч кун бўлди реанимацияга тушганига. Бугун палатага ўтди. Таблеткаларни ичиб юборган. Бундай ҳолат аёл кишида экстремал ҳолатларда бўлади. Юрагида тахикардия аломатлари бор. Сариқ бўлмаганми?

—  Йўқ.

—  Буйрак, жигар безовта қилмаганми?

—  Йўқ, соппа-соғ эди.

—   Болалар нечта?

—  Йўқ, — ерга қараб жавоб берди Мансур.

—  Ҳозир яхши, кириб кўрдингизми?

—  Ҳа.

—  Барибир, обдон текшириб кўрамиз.

—  Албатта.

—   Бир отахон эртаю кеч шу ерда, ким у? Дориларни ҳам ўша топиб келди.

—  Дадам.

—  Сизнинг дадангизми?

—  Ҳа.

—   Яхши одам экан, бечора. Биринчи куни кечаси коридорда ўтириб чикди. Кечаси навбатчи эдим. Майли, навбатчи дўхтир шу ерда. Мен қайтмоқчиман.

—   Раҳмат, дўхтир, – ўрнидан турди Мансур. Мана шуни атаб қўйган эдим…

—  Йўқ, шошилманг, қочиб кетаётганимиз йўқ, аввал тузалсин, — кўнмади ҳаким.

Мансур қўлидаги ўроғлик нарсани столга қўйиб, тез чиқиб кетди. Палата эшиги олдига келиб, ичкарига мўралади. Аёллар гаплашиб ётишар эди. Бегона одам йўқ. У ичкари юрди. Учала хотин Нозимани имлашди, Нозима сал сурилиб ёнидан жой бўшатди. Мансур каравотга кетини қўйди. Нариги беморлар гўё булар билан мутлақо иши йўкдек тек шипга тикилиб ётишар, Мансурнинг назарида нафас олмай, уларни кузатаётганга, ҳозир Нозима нима қилади-ю, Мансурда қандай ҳолат бўлади, худди шуни кутиб туришганга ўхшарди. Шу кўйи қанча ўтди, билмади. Бир пайт Нозима оҳиста унинг қўлини ушлади, масъум кўзлари ила боқди, унинг нигоҳи Мансурга «нима бўлса бўлди, ўтган ишга саловат, биз биргамиз-ку, энди диққат бўлаверманг» деган маънони уқтираётганди. Мансур Нозиманинг ёнида қанча хоҳласа шунча қолиши мумкин эди. Энг ёмони, асосий масала ҳал бўлмаган, унга нима дейишни, нима ваъда беришни билмасди. На олиб кетаман дейишга, на бошқа фикр билдиришга ожиз эди. Мансур учун куйиб-ёниб юрган Нозиманинг шу даражага тушиб, қийналиб, азобланиб, ўзини ўлдиришгача бориб етиши оддий, шунчаки гап эмас. Бу ўз-ўзидан оилада зуҳур бўлган муаммони тез ҳал этиш, ҳамма нарсани ўрни-ўрнига қўйишни талаб этаётганди. Шу боис ҳам у Нозиманинг ёнида узоқ қололмасди. Нозима ундан сўраётгани ҳам, бирон нарса деяётгани ҳам йўқ, аммо вазият Мансур истаса-истамаса шуни талаб этаётганди.

У Нозима билан нигоҳда хайрлашди. «Мени кечир… эртага гаплашамиз», дея ғўлдирай олди холос. Қўлини илиқ қисиб қўйди. Бу билан уни хавотир олмасликка чорлади, демак, бугуноқ масалани ҳал этишга киришиши жоиз, акс ҳолда эртага бу ерга келиши бор, келгандан кейин индамай кетиб бўлмайди.

Уй томон турли хаёллар қамровида кетиб бораркан, машина ойнасига урилаётган қор учқунлари, ойна остида тўпланаётган қор, рутубатли қиш оқшомининг қора пардасига бурканган шаҳар гўё ўз файзини йўқотгандек, дилни эзувчи мотамсаро қора либос кийгандек туюлар, илгари ёритилган кўчаларда ҳам чироқ йўқлигига Мансур илк бор эътибор бериб, ҳайрон бўларди. Юра-гининг бир парчаси шифохонада қолди. У анча-мунча хотин эмас, курсдоши, дугонаси, ёшлик хотираси, дўсти, умр йўлдоши, хуллас, борлиғи… У шунчаки қўлдаги узук эмаски, шартта олиб ташласа. Ҳатто итини йўқотиб одам қанчалик қийналади. Нозиманинг касалхонага тушиши, бугун бу ҳакда акасидан хабар топиши, бўлиб ўтган ҳамма воқеалар Мансурни ўзлигига қайтишга, анови уйдагига жуда берилиб кетмасликка ундади. Уйга етиб келди, машинани гаражга қўйиб, ичкарига шошилмай кирди.

XII

Кечаси билан қор ёғиб чиқди. Ҳамма ёқ қалин қор, ҳаво совуқлиги учун Салима бугун бозорга бормади. Яхшиси, ён қўшниси, жон қўшниси Нозимани кўриб келади. Кеча телефон қилиб, юз берган ишлардан хабар топди. Зебо бор гапни айтди. Бугун бориб бир эгачисидан хабар олмаса бўлмайди. Бечора бекордан-бекор касалхонага тушгани йўқ, бунда маълум миқдорда Салиманинг ҳам қўли бор, албатта. Бироқ, у ўзини холис қилиб олган, бунақанги ишлар билан одам ҳазиллашмайди. Мана, нари борса тўрт кунда кетиши керак бўлган инкубасса жойлашиб ўтирибди, мушугини биров пишт деяётгани йўқ. Нозима бечора бўладигани-бўлди. Энди, қўни-қўшничилик, одам шунақа кунда керак. Бугун бормаса бўлмайди. Шу ўйлар билан шифохонага боришга ҳозирлик кўрар экан, Салиманинг кўнглига бир фикр келиб қолди — қўшниникига кириб, инкубасса билан гапла-шиб, вазиятни билиб боргани яхши эмасми? У қўшнининг кўнғироғини босди. Дарвозанинг кичик эшигини Каниза очди.

—  Бормисиз, қўшни? — деди Салима .

—  Хайрият, сиз ҳам бор экансиз, — ўпкалади Каниза .

—   Қорни қаранг, қорни, — деди Салима оёқ уриб, остонага яқинлашаркан.

—  Қиш қишлигини қилади-да…

«Вой, ўл-эй, гап-сўзлари ҳам босиқ, бошқача бўлиб қолибдими, ўлгур» дарҳол хаёлдан ўтказди Салима.

Каниза уни меҳмонхонага бошлади. Телевизор ишлаб турар, қандайдир фильм кетаётганди. Каниза ҳол-аҳвол сўрашиб, чой келтиргани чикди. Фурсатдан фойдаланиб, Салима хонага кўз югуртди. Ҳаммаси илгаригидай, ҳеч нарса ўзгармаган, фақат девордаги Мансуржон билан Нозиманинг сурати йўқ эди, балки Мансуржон олиб қўйгандир…

—  Совуқ қаттиғ-а? — чой кўтариб кирди Каниза.

—   Бу йил қиш қаттиқ келади дейишаётганди, тўғри экан-да.

—  Нимасини айтасиз. Қишлоқдагиларим нима қиларкин, денг?

—  Шуни айтинг. Шаҳарда-ку, газ яхши.

—  Далалардаги тутларни бултур одамлар ёқиб бўлган, бу йил нима қилишади, билмайман, — деди Каниза.

—  Ўша куни қишлоққа яхши бориб келдингизми? — сўради Салима. — Ҳаммалари тинч эканми? Болаларингиз қалай?

—   Бориб келдим. Қишлоқ ўша қишлоқ, офтоб милт этса пахта билан оввора. Ҳали ҳам вакиллар бор. Биттаси бизникида ўтирган экан. Дадам фермер эмасми, уйга чақирибди.

—  Пахтаси тўлибдими?

—  Билмадим.

—  Эрингизни кўрдингизми?

—  Кўриб нима қиламан?

—  Кўрмадингизми?

—  Уни масаласи ҳал.

—  Қандоқ?

—   Мансур акам йўқ қилиб келинг дедилар, шундоқ қилдим.

—  Ажрашдингизми?

—   Менга бир тийин у. Шаҳарга келиб, сизга бир ўзини кўрсатиб кетибди-да.

—  Баджаҳлгина экан…

—   Э-э, баджаҳл бўлмай тўнғиз қўпсин. Менга ғинг деб кўрсин!

—  Ростдан ажрашдингизми?

—   Ҳа, шпионликка чикдингизми? — кўзларини лўқ қилиб сўради Каниза .

—   Нимага шпионликка чиқарканман? Энди шпион бўлиб қолдимми? Ўзларини ким олиб келувди бу ерга? — тўсатдан сапчиди Салима.

—   Ўпкайзи босинг, — бепарвогина деди Каниза ва яна оғир-вазмин илова қилди: — Яхшилигингизни ҳеч ким билмаса ҳам мен биламан, хавотир олманг, — деди.

Салима босилди. Чой қуйиб, «олинг-олинг» деб ўтирган Канизага зимдан назар солди. У чинакам ўзгарган эди. Ўн-ўн беш кундаёқ осойишта ва сокин, тўкин-сочин ҳаёт ўз тамғасини босган, унга ниҳоятда латофат, жиддият ва улуғворлик бағишлагандики, Салима биринчисини тушунар, аммо иккинчи-учинчиси — Канизада зуҳур бўлган жиддият ва улуғворликка ҳеч ақли бовар қилмасди. «Наҳот ақли шу даражада бунинг? — ўйлаб ўйига етолмасди Салима. — Бу қишлоқи ўлгурнинг кетадиган сиёғи йўқ, майли яна суриштириб қулоқ тутаверай-чи?»

—  Бозорга чиқяпсизми? — сўради Каниза телевизордан кўз узмай.

—  Бугун қор учун чиқмадим.

—  Бозорлар тинчми ўзи?

—  Анави сўтак сизни сўрагани-сўраганда.

—  Э, ўлсин ўша.

—   Нимасини айтасиз, — Салима бозорда қулоғига чалинган гаплардан гапириб ўтирди ва шундай хулоса ясади: — Бозор касод. Анави эски бозорда одамлар ғимрагани-ғимраган, йиртиқ-ямоқ ҳам пул эмиш. Буёғи, қиш қиличини қайраганини кўрмайсизми? Болаларингизни усти-пусти яхшимиди, ишқилиб?

—   Ёзда қилиб қўйганман уларнинг устини, — Каниза бепарво жавоб қилди.

«Қиласан-а, қиласан… Кечаги борганингда Мансурнинг пулига ланғиллатиб қилиб келгандирсан?» — ичида ўйлади Салима.

Худди унинг фикрларини уқиб тургандай:

—   Бир-икки юз минг бердилар, улардан хабар олиб келинг деб, олмадим, — дея қошларини керди Каниза.

—   Ҳа, берганда олавермабсиз-да, — бу гапга ишонмаса ҳам қўшимча қилди Салима.

«Ҳаҳ, ило-он… – ўйлади Каниза, — Секин ичимдаги гапларни суғуриб олиб, эгачингга етказмоқчисан-да…»

—   Ҳали бу кишини билмасам, — астойдил гапира кетди Каниза, — у ёқда хотинчалари нима ҳозирлик кўряпти, Худо билади. Мундоқ келса, келавермайди. Мен ҳар куни боринг, олиб келинг, дейман. Индамай юрибдилар. Бир борган экан, гаплашмаптилар. Буларни тушуниб бўлмайди. Менга бўлса, «Ажрашиб келинг» деди уч-тўрт марта. Мени шу ерга сиғади, деб ўйлайсизми? Менда ҳам мия бор, ахир. Шу ишни сизлар қилдиларинг, ўша, ҳозир келишга ноз қилиб, ўзини торозуга солаётган хотин мени бу ерга олиб келиб қўйиб, ўзи йўқ. У ёқда қайнотаси, отишга ўқи йўқ. Шунақа жойга сиғаманми, опа? Яна пулини олиш керак эдида, дейсиз? Олишни бериши бор. Бу одам ҳам очиқ-ёриқ гапирадиган одам эмас экан, ичимдагини топ. Ўзимники урса ҳам, сўкса ҳам очик-ойдин иш қилар эди. Шунинг учун шаҳарлик пишиқлар менга ёқмайди. Сизи гапизга кириб, энди бу ёғи нима бўлади, деб ўтирибман.

—   Сиз билан яхши гаплашиб, ёқтиряптими, ишқилиб?

Каниза жавобга бироз илжайиб оғиз жуфтлаган эди, телефон жиринглаб қолди. Бориб гўшакни олди ва овозини баландлатиб:

—   Қайси пулни? – деди. — Спалнидагини? У кунги? Ҳа. Менга қаранг! Мен у кишини танимасам ахир. Йўқ, Мансур ака, тўғри, сиз тўғри айтяпсиз. Бу озгина пул бўлса экан. Йўқ, ўзингиз келинг. Ҳа, Салима опам чиққан, гаплашиб ўтирибмиз, — у гўшакни қўйди ва Салимага қараб: — Мен жўнатган одамини танимасам, қандай қилиб ўн миллион пулни бериб юбораман? — деди.

—   Вой, ўлай, қаерда у пул? — сўради Салима ҳайрон бўлиб.

—  Ана спалнида, эшикни тагида турибди.

—  Қачон олиб келди?

—  Беш кун бўлди.

—  Вой, эҳтиёт қилинг!

Каниза Салиманинг юраги ҳовлиқаётганини сезди ва яна совуққонлик, хушёрликни оширди:

—  Эгачингиз билан гаплашиб турибсизми?

—  Йўқ, — деди Салима ёлғон гапириб. Каниза унга эътибор қилмай деди:

—   Бу кишидан сўрасам, синглисини телефони ишламас эмиш. Менга аччиқ қилиб келмай ўтирган бўлмаса бўлди. Уйи, эри бошидан ордона қолсин, — Каниза ўрнидан турди, — овқатни хабар олай, сиз телевизор кўриб туринг, — дея чиқиб кетди.

У ошхонада анча йўқолди. Бу орада Мансур келиб кетди. Салима опа билан саломлашиб, фотиҳа тортди-ю: «иш зарур эди» деб Салиманинг кўзи олдида рўпарадаги хонадан халтадаги юкни олиб чиқиб кетди. Шу пайт кириб келаётган Каниза унга коридорда «овқат ичиб кетинг»лаб қолди.

—   Бирам иши кўп, кечасию кундузи тинмайди, — деди у Салиманинг олдига кириб.

—   Кечаси сиз биланми ахир? — деди Салима ишшайиб.

—   Бола унга керак, менга эмас. Қисир кетмасман, ахир! — дангал жавоб берди Каниза.

Унинг ишончли гаплари, ўзини тутиши, хонадонда ўзига ярашиб юриши, айниқса, уйдаги пулга муносабати, ҳушёрлиги, сермулозаматлиги барчаси унинг соҳибжамоллигига қўшилиб, Салиманинг ҳушини ўғирлар, ўзига муҳаббат уйғотаётган эди. Шунча кундан буён у билан бир марта, уйига кетадиган куни халта қўйганда гаплашди Салима, бошқа кўргани ҳам йўқ, у ҳақда бутунлай бошқача салбий фикрда эди. Ҳозир кўриб турган Каниза унинг ижодидаги Канизага сира ўхшамасди. «Қуриб кетгур-эй, қуйиб қўйгандек шу уйнинг бекаси бўлиб қолибди-я». Бир-икки одоб юзасидан Салима туришга чоғланди, Каниза қўймади, охири овқат пишди, биргалашиб шўрва ичдилар. Бир товоқ гўштни алоҳида сузиб келди. Қип-қизил помидорлар келтирди, улардан алоҳи-да тарелкага кесиб, гўштнинг ёнига қўйди. Тутаётган тутуми Салимани лол этаётган эди. У бўкиб қолгунча гўшт еди, Каниза тотиниб ўтирди, холос. У арчган мева-лар Салимага сиғмаёқ қолди.

Салима яна бир нарсага амин бўлдики, қанча синов ўтказмасин, бу қишлоқи анойи эмас, у шохида юрса, бу баргида юрибди. Демак, Нозиманинг такдири энди Мансурга боғлиқ, у билан эса гаплашишнинг имкони йўқ. Салима ҳозир шуларни жуда-жуда билгиси келди. Анови эса ҳамма нарсани билиб турибди. Бу масалада унинг устунлиги шунда эди.

—  Шўрва бирам ширин бўпти, — деди Салима оғир ҳансираб.

—  Шўрвани ўзим яхши кўраман.

—  Гўшт мўл бўлса, яхши овқатта, шўрва.

—   Гўшт мўл бўлса, ҳамма овқат ҳам яхши, — деди Каниза.

—  Тўғри айтасиз.

Негадир, тез-тез мавзу тугаб қолаётган эди. Салиманинг бугунги «илмий таҳлили» кўп натижа бермади. Қишлоқи анди тўғри йўлдан бораётган шахматчидай, ҳозирча хатога йўл қўймаётир. Энди, бу ердаги меҳмондорчилик сафари ҳам қариб, Салима ўзини ўнғайсиз сезишга бошлади, шунинг учун ҳам асл муддаога кўчди, гапни тилёғламаликдан бошлади:

—   Бу оилага сизни топиб адашмадим, дейман, шерик? Иннейкийин, яхши одамлар. Энди, сиз ҳам чакана хотин эмассиз. Илгари ҳам неча марта айтганман, бойваччаларни хотини бўлишга арзийсиз ҳам, лойиқсиз ҳам. Агар Нозимахонни кўндира олсак, ҳозир ҳамма Мансуржонга ўхшаганлар икки хотинлик…

—   Бу ҳакда гапирманг, Салима опа… Мен бировнинг бахтини… — гапини бўлди Каниза.

—  Тўхтаб туринг…

—  Йўқ, ўзларига насиб қилсин…

—   Хўп. Майли, тўхтанг. Қаёкдан топасиз кейин бунақанги жойни? Ақлли-ҳушли хотинсиз, у-бу демасдан, танага бир ўйлаб иш тутиш керак, бу замонда. Худо ол қулим, деб турибди. Тўхтангчи, бир ўйлаб кўрайлик, дейман-да.

«Сен икки дунёда мен томон бўлмассан» дерди ичида Каниза, Салимага мунису маъюс қараб тураркан, у эса юракдан сирлашаётгандай очилиб келарди.

—   Энди-и, бир каттани гапига қулоқ тутинг. Мен сизга бегона эмасман. Ўртадаги битта гувоҳ ҳам мен. Иссиғингизга ҳам, совуғингизга ҳам ярайдиган менман. Бу ерда мендан бошқа кимингиз бор? Айтмоқчиманки, иссиқ ўринни совутишни эмас, иситишни ўйлаш керак. Туғиб, шу ерда, шу эр билан яшасангиз ҳам асакаси кетмайди, давлати камайиб қолмайди. Шунинг учун хотин киши деган гапга қулоқ солииб, иш тутиши керак. Сиздан ўнта-йигирмата кўйнакни ортиқ йиртганман. Мен нима десам ҳам ҳақим кетмайди. Раз, ўша эрингизда кўнглингиз йўқми, бу ердан қолманг, дейман, холос. Менга нима, уйимни тиллога тўлдириб берармидингиз? Яхши ошини, ёмон бошини ейди. Эсли-хушли, ақлли хотин бўлсангиз… Кўриб турибман, шунча пулни тўрт кунлик хотинга бериб қўйибди, ишонадики, берибди. Тўрт кунда кетади деган одам, ўламан обло, келмасин, деган одам писиб қолди. Яхшидурсизки, шундай бўлгандур. Аммо, айтиб қўяй, у Нозимадан кечмайди. Гап шунда! Булар ҳаммаси Нозимани бошларига кўтаришади. Ўзиям яхши хотин… — Салима гапини тўхтатиб, Канизани кузатди, қизиқ, унда заррача ўзгариш йўқ эди. — Балки, — давом этди у, — у келса, иккалангиз…

Тилаволди Жўраев

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here