ҚОРА ҚИСМАТНИНГ ҚУЛИ… (41-қисм. Иккинчи фасл. Воқеалар реал ҳаётдан олинган)

0

 

 

* * *

 

Вақт хуфтондан ошди. Кўчадаги ўткинчи машиналар, қўшни уйдагиларнинг шовқин-суронлари барҳам топди. Сукунат худди ютиб юборгудек хона кеза бошлади.

Мен ҳануз бўшашганча тек ўтирардим. Аҳён-аҳёнда Сусаннанинг йўлига кўз тикар, қайтишидан умид қилардим. Шу орада алам билан у қолдирган бир парча қоғозга қўрқа-писа кўз ташлаб қўярдим. Қоғозчадаги бир энлик хат мени тобора адо этиб борарди.

«Мен сизга бахт ато эта олмадим. Энди сизнинг муҳаббатингизга арзимайман. Мени қидириб овора бўлманг. Яхшиси, ўзингизга бошқа ёр топинг. Мен барибир сиз билан яшамайман…»

Бу хатни кўрган кўзларим ўйилиб, ўқиган тилим узилиб тушса бўлмасмиди… Нега ундай қилди? Ҳақиқатни айтдим-у, ваннахонага чиқиб етдим. Қайтганимда эса мана бундай вазият… Сусанна йўқ. Хонтахта устида қоғозча…

Қидиришга тутиндим. Лекин қайсар қалбим йўл бермади. Қайтишидан умид қилишга, кутишга, сабр билан иш тутишга ундади.

Мен унга иложсиз қулоқ тутдим. Чунки ўзим ҳам вақт ўтгани сайин ўзимни яхши англаб борардим. Юрагимга севги, ишрат, оқибат, меҳр сиғмаслигига кўзим ета бошлаганди. Ҳа, мен фарзандсиз, овунчоқсиз ҳаётни тан ола билмайман. Демак, илгаригидек талвасага тушмаслигим аниқ.

Тўғри, яқин кишингни йўқотиш, усиз умр кечиришни тасаввур этиш енгил кечмайди. Гўё телба қиёфасига кириб қоласан. Қаерга боришни, қай кўчага киришни билмай хуноб бўласан. Ётишингда, туришингда, юришингда ҳаловат бўлмайди. Ёруғ дунё торлик қила бошлайди. Аммо на илож? Ёнингда биргина бўлсин эркатойинг чопқиллаб юрмагандан кейин бошқаси татирмиди?!.

Деразадан юлдузли осмонга боқдим. Маржон каби тизилган юлдузлар менга ачиниш назари билан боқаётгандек туюлди. Юрагим сиқилди. Қандайдир номаълум куч қаттиқ эзаётган каби бошимда кучли оғриқ сездим. Ҳойнаҳой, бу қаттиқ асабийлашишдан бўлса керак. Ўзимча жавондан дори олиб ичмоқчи бўлдим. Лекин бу фикримдан ҳам қайтдим.

«Майли, оғрийверсин. Қаттиқроқ оғрисин, — ўйладим. — Ажабмаски, шу оғриқ баҳона барча азоблардан халос бўлсам!.. Йўқ, азоблар у дунёи бу дунё адо бўлмайди. Шундай экан, ўзимни қўлга оламан. Хўш, Сусанна мени ташлаб кетган бўлса, осмон узилиб ерга тушдими? Ана, жойида турибди!.. Барибир бир кунмас бир кун шундай бўлиши керак эди. Севинганимда, кўнглим нимадандир оғриганида тиззамга ўтқазиб эркалайдиган, шўхликлари билан ғамларимни аритадиган фарзанд бўлмагач, бундай муҳаббатга кўника олармидим?!. Унинг қадрига ета билармидим?!.

Ҳа, яхшиси, эртага қишлоққа жўнайман. Ишга ҳам бормайман. Шу тобда кўнгилга иш сиғармиди?!. Касаллик варақасини оламан-у, қайтганимдан сўнг кадрлар бўлимига топшираман- қўяман…»

Шундай хаёллар билан ўзим ўзимга таскин бердим. Юрагимда ғужғон ўйнаётган ваҳималар, қўрқувлар, дардлар, армонлар аригандек ҳийла енгил тортдим. Кўзларим юмила борди. Ҳа, энди ухласам бўлади. Қишлоғим менга албатта тинчлик, хотиржамлик, қувонч бахш этади. Бунга ишонаман.

 

* * *

 

Шу кўйи бир соатча қимирламай ётдим. Энди-энди мудрай бошлаган эканман. Иблис миямга ўрлаб, чарх ура бошлади.

У аввал оромимни ўғирлади. Ўрнимдан туришга, атрофга безовта аланглашга мажбур этди. Сўнгра мени ўз домига тортиб кетди. Қалбим эса иблисни пайқагани ҳамоно аразлаб, менга терс ўгирилиб олганди.

Эътибор қилмадим. Иблиснинг шўх-шодон ҳаракатларига, имо-ишоралари-ю, муқомларига маҳлиё бўлдим.

«Жуссанг, вужудинг эзилишлардан, хўрликлардан чарчади, — уқтирарди у менга. — Токайгача ёруғ дунёнинг синовлари, масхаралашларига ён берасан? Сен ҳам дунёга келганингда бахтли бўлишга, бошқалар каби осуда умр кечиришга ҳақли эдинг. Ҳозир-чи? Кўчада думалаб ётган тошдан фарқинг йўқ. Хоҳлашса, сени қўлларига олишади-ю, бошқа тарафга итқитиб юборишади. Хўш, нега ҳамон жимсан? Дунёдан яхшилик қидираяпсанми? Тополмайсан. У сенга бегона. Ҳеч қачон яхшилик сенга ошно бўлмайди. Агар шу тахлит ўтираверсанг, келгуси умринг бундан-да баттарроқ кечади. Сен итдай хор бўласан…»

«Хўш, нима қилай? — сўрадим иблисдан хўрлигим келиб. — Бу оғир кунлардан қутулишнинг бошқа йўли борми? Бўлса айт!»

Иблис бу саволни эшитибоқ аъзойи баданимни чирмаб олди. Энди унинг гирдобидан халос бўлишнинг сира имкони қолмаганди. Умуман, шу лаҳзаларда мен фақат унга ҳамсуҳбат бўлишни ихтиёр этгандим.

«Сен уч кунга қадар оч-наҳор кун кечир, — менга маслаҳат бера бошлади иблис. — Фақат сув ич-у, тамаки чек. Қарабсанки, ҳолинг қурийди, лоҳас бўласан. Аста-секинлик билан жонинг сендан безиб, узоқлашиб боради. Тамоман ҳолдан тойгач, катта кўчага чиқ. Ҳушингдан кетиб йиқиласан. Шундан кейингина ором топасан. Ишон, бу фоний дунёни тарк этишнинг энг осон йўли. Фақат шу йўлни тутсанггина танангда оғриқ сезмайсан, азобланмайсан. Шошил, у дунёда сени барча эзгуликлар, ёқимли лаҳзалар интиқ бўлиб кутаяпти. Фақат шошилишинг зарур. Акс ҳолда адойи тамом бўласан…»

Бирдан ҳушёр тортдим. Бу маслаҳатлар кўнглимга маъқулдек туюлди.

«Ҳа, иблис ҳаққа ўхшайди, — ўйладим бошимни кафтларим орасига олганча. — Яшашнинг маъниси қолмади ҳисоб. Адашмасам, яқин ўтмиш тағин ортга қайтадиган кўринади. Ҳадемай, бир сабаб бўлади-ю, ишдан, кун кўриб турган макондан айриламан. Қарабсизки, яна катта кўчада пайдо бўламан. Қариндош-уруғлар аҳволимдан хабар топишади-ю, юз буришади… Йўқ, керакмас!.. Ортиқ бундай яшашни хоҳламайман. Мен ўлишни, ҳаммасидан воз кечишни истайман. Мана, ҳис этаяпман. Қорним очиб бораяпти. Демак, синов палласи бошланди. Мен ҳеч нарса тановул қилмайман. Чидайман. Биламан, бардошим етади. Тамаки ҳам йўқ эмас. Иблис айтганидек йўл тутаман. Ҳаётимга, оғир лаҳзаларга, афсус-у надоматларга, барча-барчасига қўл силтаганча борса-келмас деган ёқларга бош олиб кетаман. Токи ҳеч кимга малол келмасин. Ҳеч ким устимдан кулишга, камситишга улгурмасин. Мен… Соп бўлдим!..»

 

* * *

 

… Орадан бир кун ўтди. Ҳануз уйда ёлғиз эдим. Ҳеч кимни кутмасдим ҳам. Иблиснинг маслаҳатларига қатъий амал қилардим. Қорним таталай бошлаганда, икки ҳўплам совуқ сув ичиш билан кифояланиб, кетидан тамаки тутатардим.

Тамакининг аччиқ тутуни вужудимни қамраганда, кўксим куя бошлар, шунда ҳолсиз танамни юпқа кўрпача устига ташлаган кўйи кўзларимни юмардим.

Зулмат олам юзига қайтадан парда тортиб, ҳукмронликни қўлга олгач, бошим айланишдан тўхтаб, кўнглим алағда бўла бошлаганини ҳис этдим.

Бардош қилишга ўзимда куч топа олмай, базўр ўрнимдан қўзғалдим ва дераза қаршисига бордим.

Чамаси, мавзедаги уйларнинг ҳеч бирида чироқ йўққа ўхшайди. Марказий электр тармоғидан ўчиришибди чоғи.

Нурсизлана бораётган нигоҳларим зулматнинг совуқ бағрига қадалди.

Йўқ, у айни чоғда кўзларимга совуқ кўринмасди. Ингичка, ранг-баранг чизиқчалар бир-бирига навбат бермай жилоланиб, кўзларимни қамаштирарди.

Улардан сал нарироқда маҳлуқсифат шарпалар пайдо бўлди-да, худди спортчилар каби гоҳ олдинга, гоҳ орқага айланиб чопа бошлади.

«Ҳадемай шуларнинг барчаси менинг ҳамроҳимга айланади, — хаёлимдан ўтказдим. — Ҳойнаҳой, анави жилоланаётган чизиқчалар қайсидир маконларга олиб ўтувчи кўприклар бўлса керак. Қора шарпалар-чи?.. Улар қўриқчилармикан?..»

Бир маҳал юрагим дукиллаб, аъзойи баданимни оёққа турғазди. Орадан бир неча сония ўтдими-йўқми, ҳаловатсизлик йўқолиб, қалбим қўзғолон қила бошлади.

— Кўрдингми, нодон? — сўради у кўксимни турткилаб. — Сен ҳов ўша қоронғилик қаърига талпинмоқдасан. Унда фақат даҳшат, ёмонлик, узлат кезиб юради. Агар бу йўлдан қайтмасанг, абадул абад ўшаларнинг гирдобида қолиб кетасан. Билиб қўй, зулмат қўйнида орзу-ҳавас, эзгулик, қувонч, шодлик ҳеч қачон қўним топмаган. Зулмат уларни ўзининг хавфли душмани деб билади. Шунинг учун бағрига олмайди. Кўзингга кўринган маҳлуқсифат шарпалар иблис хизматкорларидир. Улар сени кутишмоқда. Азоблашга, масхаралашга шай туришибди…

«Сен ҳадеб насиҳатгўйлик қилаверма, — уришиб ташладим қалбимни. — Ўзинг ҳам насиҳат беришдан бошқасига ярамайсан-ку!.. Қачон оғир кунимда қаддимни кўтардинг? Ҳеч қачон. Томошабинликдан бўшамайсан-у, ўзингча ақллилик қиласан. Мени тинч қўй! Бир қарорга келиб бўлганман. Энди бу йўлдан ҳеч қачон қайтмайман!..»

Вужудимда нафрат кучлироқ аланга ола бошлаганини сезгач, аста ортга тисланиб, ўринга чўзилдим. Ич-ичимни номаълум титроқ забтига ола борарди. Бошим қизиб, пешонамни совуқ тер босди. Устимга полда ётган эски чопонни ёпдим-да, ухлашга уриндим. Шу уйқу сўнггиси бўлиши мумкинлигидан умид қилдим.

 

* * *

 

Бугун учинчи кун ўтиб бораяпти. Аҳволим тамоман ночорлашиб бўлган. Қур-қур кўнглим ағдарилади. Лекин қуса олмайман. Ичим тортишиб оғрийди. Аламимни фақат тамакидан олмоқдаман. Сўнгги лаҳзаларда совуқ сув ҳам менга заҳардек туюла бошлади. Иблиснинг маслаҳати қулоқларим остида жаранглагани боис мажбуран бир қултум ичишга уринаман. Шундай қилмасам бўлмайдигандек тамаки тутаб бўлиши билан кран томон судраламан…

Ахир… Ҳали замон тун чўкади. Шуни билганим сабабли ҳам хотиржамман. Ҳарқалай, чидадим. Уч кунни амал-тақал бўлса-да, ўтказа олдим…

Фақат… Титроқ танамни тарк этмагани ёмон бўлди. Унинг дастидан бемалол оёқда тик тура олмайман. Бармоқларим орасида чўғланаётган сигарет ҳам титроқ таъсирида тушиб кетай дейди. Охирги кучимни бармоқларимга йиғиб, уни тушиб кетишга қўймайман. Худойим, тезроқ тун чўка қолсайди!..

 

* * *

 

Ниҳоят хона ичи ним қоронғилашганини пайқадим. Кўзларимни очиб, шифтга термилдим. Куни кеча зулмат қўйнида чарх уриб айланган ингичка, ранг-баранг чизиқчалар энди шифт узра айланиб, кўзни қамаштирарди.

Кўксимдаги кучли титроқни босиш илинжида кафтим билан уни маҳкам босдим.

Бироз тинчлангандек бўлдим.

Шу тобда Сусаннанинг маъюс сиймоси хаёлимдан ўтиб, юрагим янада ғаш тортди. Бироқ ғашликка бўйин эгмоқчи эмасдим. Кўз олдимни тўсишга чоғланган хира пардаларни нари суриб чап ёнимга ёнбошладим.

«Уям бошқалар сингари бемеҳр экан, — ўйладим нафратимни жиловлай олмай. — Фарзандсизликни баҳона қилиб жуфтакни ростлаб қолди. Демак, мени севмаган экан-да! Шунчаки кунини кўриш, катта шаҳарда ёлғиз қолмаслик учун турмушга чиққан экан-да!.. Бунчалар тубан бўлмаса одамлар! Фақат ўзларининг манфаатларини ўйлашади. Чора топилдими, тамом, бировнинг азобланганига ҳам осонгина кўз юмишади… Майли, бир жиҳатдан кетгани яхши бўлди. Нима бўлганда ҳам унга кўнгил бергандим, азиз кўрардим, авайлардим. Менсиз албатта бахтини топади. Балки бадавлат кимсаларга дуч келар. Мен билан кечирган аянчли лаҳзалари хаёлга айланар. Энди менга барибир. Ҳадемай ой юз кўрсатади. Ой нури мени олис-олисларга олиб кетади. Иккиланишлар, хавотирлар, қайғу, андуҳлар ортда қолади. Мен омонатликдан буткул холи бўламан…»

Шундай хаёллар исканжасида яна тамаки тутатдим. Томоғим ачишди, димоғимни ёқимсиз, жирканч ис эгаллади. Сўнгги соатларда негадир тамаки тутуни томоғимни шила бошладими, бир неча дақиқа тўхтовсиз йўталишга одатландим. Ким билсин? Шундай бўлиши керакдир?!.

Хаёлларимни бир жойга йиғиб улгурмай, миямни тағин иблис забт этди. Бу гал у тўс-тўполон, шовқин билан кириб келди.

«Сен зиммангга юкланган вазифани аъло даражада адо этмоқдасан, — деди у тани жонимни титратиб. — Қийноқларга ён бермаслигинг менга жуда маъқул бўлди. Сен ваъда қилинган хотиржамликларга қаттиқ ишондинг. Баракалла! Эндиги ишинг аста қаддингни кўтариб, катта кўчага чиқишдан иборат бўлади. Кўчада сени кўз кўриб қулоқ эшитмаган саргузаштлар кутади…»

«Сен ваъда қилган маконга қачон етиб бораман? — сўрадим иблисдан. — Дармоним қолмади. Саргузаштларга бардошим етмайди!..»

«Сира хавотирланма, — мени тинчлантирди иблис. — Саргузаштни бошдан кечириш учун дармоннинг ҳожати бўлмайди. Сен осмону фалакда муаллақ турганча ҳаммасига гувоҳ бўласан. Кўнглинг яйрайди, соҳибжамол қизларнинг, ҳури ғилмонларнинг сержило рақслари, шўх кулгиларидан баҳра оласан. Ер ва кўкнинг барча ишрату-кўнгилхушлиги сеники бўлади. Турақол, мард ўғлон, турақол!..»

 

* * *

 

Иблиснинг мақтовларидан кўнглим осмон қадар кўтарилди. Афсонавий ҳикоялари оромимни ўғирлади. Ҳийла гандираклаганча кўча бўйлаб кетиб борардим-у, биров-ярим кўриб қолмаслиги, аҳволимдан огоҳ бўлмаслиги учун қаддимни иложи борича тик тутишга уринардим. Қўлимда эса тамаки тутаб турибди. Уни ташлаб юборишга ҳақли эмасдекман. Чунки ҳали йиқилганимча йўқ. Шундай экан, чекавераман, тамаки заҳри то оёғимдан олмагунча тўхтамайман.

Йўл-йўлакай кўкка боқишга тутиндим. Тиниқ осмон юлдузлар билан лиқ тўлибди. Улардан кўз узмай телбаларча сўзлана бошладим.

— Сизлар олисдан ҳуснингизни кўз-кўз қилишга ўргангансиз, — дедим синиқ овозда. — Аммо чучварани хом санабсиз. Яқин орада барчангизни забт этаман. Саноқли дақиқалар қолди. Сиз мени кўришингиз билан ҳурилиқоларга айланасиз. Ёруғ дунёда тортган азобларимнинг бадалини тўлайсиз. Қаранг, ой ҳам ортимдан қолмаяпти. Таъқиб этишдан тўхтамаяпти. Ҳойнаҳой, аввал унинг даргоҳига қўниб ўтсам керак. Ҳар ҳолда сизлардан кўра у яқинроқ. Мени…

Сўзим охирига етмай қолди. Қалин дарахтзор оралаб ўтаётиб беихтиёр туртиниб кетдим-у, ерга юзтубан йиқилдим.

Бўғзимга нимадир тиқилди. Қуруқ йўтал тутди. Юзим қаттиқ буюмга теккан шекилли тизиллаб қон оқа бошлади.

Қонни артишга-да мажолим йўқ эди. Дарахтзор кимсасизлигини руҳан ҳис этиб оёқ-қўлимни бемалол узатганча кўзларимни юмдим.

Сезиб турибман. Бу охирги босқич. Қаддим энди қайта тикланмайди…

Ана, ичимдан қайноқ ҳовур чиқа бошлади. Оғзим қуруқшаяпти. Юрагим тезроқ урмоқда. Қўл-оёқларим музлаб бораётгандек туюлаяпти. Кўзларим шу қадар толиққанки, очишнинг, сўнгги маротаба теваракка назар солишнинг иложини топа олмаяпман…

Орадан бир неча дақиқа ўтиб-ўтмай, беихтиёр ҳарсиллашга тушдим. Ҳар ҳарсиллаганда кўксим ташқарига отилиб чиқадигандек кўтарилиб тушдим.

Хайрият, бу ҳолат ҳам узоқ давом этмади. Тўсатдан жоним тинчиб, бошим бир неча марта гир-гир айланди-ю, юрагим ҳаприқди ва дунёдан узилгандек бўлдим…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

 

https://t.me/olimjonhayit

 

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc