ҚОРА ҚИСМАТНИНГ ҚУЛИ… (42-қисм. Иккинчи фасл. Воқеалар реал ҳаётдан олинган)

0

 

* * *

 

Мен ташриф буюрган жой ғира-шираликда аранг кўзга ташланарди. Тик оёқда юраётганимни кўриб негадир ҳайрон эдим. Боягина вужудимни чирмаган кўнгилсизлик, мажолсизликлардан асар ҳам қолмаганди.

Қаршимда туманли дарани, сарғайиб битган майсазорни кўрдим. Анча наридаги лойқа суви пишқириб оқаётган катта анҳор бўйида тўнғизлар чийиллаб чопарди.

Бу манзара мени ижирғанишга мажбур этди. Жонҳолатда югуриб иблисни қидира бошладим. Ахир у эмасмиди мени осмону фалакда юлдузлар мажлисидан баҳраманд этишга ваъда берган? Қани фалак? Қани ҳурлар, ғилмонлар? Нега мен ташландиқ масканга, тўнғиз-у зоғлар макон тутган жойларга келиб қолдим? Шу ниятда жонимни озорлаганмидим? Яхшиликлар, хавотирсиз абадий умрдан умид қилгандим-ку!..

Жаҳл отига миниб қичқирмоққа шайландим. Афсуски, лабларим қимирламас, гўёки бир-бирига чиппа ёпишиб қолгандек эди.

Аламимни анҳор соҳилидаги тўнғизлардан олмоққа уриниб қўлимга тош олиш илинжида пастга эгилмоқчи бўлдим.

Оёқларим остида тош ўрнига қоп-қора балчиқ зоҳир экан. Кўнглим алланечук бўлиб қўрқа-писа ортга тислана бошладим. Яланг оёқларим ортга юрганим сайин ботқоққа чуқурроқ ботиб бораверди.

Бахтга қарши орқамга ўгирилиб қуруқ ерга қанча қолганини чамалаш ҳам мумкин эмасди. Жуссам ўзимга сира бўйсунмас, у ҳайкал шаклига кириб қолганди.

Ана шу онларда нималар қилиб қўйганимни англаб етдим. Мен… Қалбимга қулоқ тутмабман, уни ноҳақ ранжитибман, аҳмоқлик қилибман. Шайтони лаиннинг ёлғон ваъдаларига учибман. Унинг ортидангина эргашиб, ёш жонимга қасд қилибман. Муҳаббат, меҳр, оқибатнинг қадридан очиқчасига юз ўгирибман.

Худойим, энди нима бўлади? Наҳотки, шу балчиқ гирдобига ғарқ бўлсам?

Тахминан белимга қадар ботгандим. Кимнингдир беўхшов кулгиси қулоқларим остида жаранглади. Умидларим сўниб кўзларимни-да юмиб олган эканман. Сесканиб олдинга тикилиб қарадим. Не кўз билан кўрайки, мендан ўн беш-йигирма қадам нарида шохдор, гажак думли пак-пакана одамсифат жонзот иршайганча ботқоққа ботишимни кузатарди.

— Ўла, қўлимга тушдингми? — чийиллаб қичқирди у. — Мен сенга йўл кўрсатгандим. Сени ўзим тўғри йўлдан тойдиргандим.

— Кимсан? — сўрадим аламли оҳангда. — Айт, иблис сенмисан-а?

— Ҳақорат қилма! — деди у беўхшов лабларини буриб. — Мен мана шу ботқоқликнинг ягона ҳукмдориман. Сен каби йўлдан адашганларни маконимга олиб келаман-да, ғарқ қиламан. Эвазига ҳов анави тўнғизлардан мукофот оламан. Ха-ха-ха-а-а-а!..

Иблиснинг тош каби шарақлаган кулгиси дарани тутди. Мен бу орада деярли қулоғимгача ботқоққа ботиб бўлгандим. Ғарқ бўлишимга саноқли сониялар қолганди…

Ана шунда қаердандир оппоқ турналар галаси пайдо бўлди ва бараварига ёпирилиб мени ботқоқ домидан юқорига торта бошлади. Уларнинг бир қисми иблисни қувлаб учди…

Гарчи жуда секинлик билан юқорилаётган бўлсам-да, борган сари енгил тортаётганимни ҳис этдим…

Турналар мени кўтариб учганча қуруқ ерга қўнди. Ерга ётқизишлари билан яна кўнглим беҳузур бўлди. Ҳушдан кетиб бораётганимни ҳис қилдим.

Ҳушимни йўқотишдан олдин димоғимда исириқ ҳидини эслатиб юборувчи ифорни туйдим.

 

* * *

 

Димоғимга исириқ ҳиди урилгандаёқ олам гир айланиб, юрагим ҳаприқаётганини ҳис этдим.

Аллакимларнинг ғўнғир-ғўнғири қулоғимга элас-элас чалинди. Аммо қаердалигимни, нималар бўлаётганини идрок эта олмадим.

Сал ўтмай мени кўтариб қаергадир олиб кета бошлашди.

Жасадим чайқалиши сабабми, яна кўнглим айниди. Кўксим кўтарилиб-кўтарилиб тушиб қур-қур ўқчирдим-у, ҳайрон бўлардим.

«Наҳотки, одам ўлгандан кейин ҳам шундай азобларни бошидан кечирса?»

Йўқ, ўлмаганман шекилли. Акс ҳолда зулмат қўйнида қолиб кетмасдим. Ҳеч қурса ўз мурдамни кўра олардим. Мени кўтариб чопаётган кимсаларни ҳис этардим. Ҳозир эса карахтман холос. Худди қуриган дарахт ҳолига тушгандекман. Танам оғриқни, иссиқ-совуқни-да ҳис этмаяпти. Фақат миям ишлаб турибди, қулоқларим товушларни илғай олаяпти.

Ниҳоят мени қандайдир иссиқ хонага олиб киришди. Буни музлаган оёқларимга бирдан илиқлик югуришидан сездим. Қолаверса, кимнингдир қайноқ кафти юзимни силаб ўтди. Шундан сўнг кўз ўнгимни қоплаб олган қоронғилик ғойиб бўлиб, кўзларимни очдим.

Мен ним қоронғи хонада ётар, тепамда сочлари қордек оппоқ, чўзинчоқ юзли кекса момо, унинг ёнида эса ҳусни кўзни қамаштиргулик оқ сариқдан келган сарвқомат қиз ўтирарди.

Қизнинг ойдек ҳуснини кўриб бироз енгил тортган каби хўрсиниб қўйдим. Боқий дунёга ташриф буюрганимга шубҳам қолмади.

Хайрият, ниятимга етибман. Ёруғ дунёни тарк этибман. Мана, тепамда ҳури ғилмонларнинг бири ўтирибди. Ёнидаги кекса момо ҳам шу дунёнинг фаришталаридан бўлса керак. Миқ этмай менга тикилганча қолибди…

Қизиқ, нега улар ҳеч нарса дейишмаяпти? Наҳотки, дунёдан ўтганлар гапиришмаса? Унда боя кимларнинг овозини эшитдим? Шулар эмасмиди? Ё менга шундай туюлдимикан?..

Нималар бўлаётганига тушуна олмай жағимни қимирлатдим. Тишларим билан тилим бор-йўқлигини текшириб кўрдим. Ҳаммаси жойида. Демак, мен гапира оламан. У ҳолда нима учун индамаяпман? Ё гапиришга ҳолим йўқми?..

Ўйлаб ўйимнинг охирига етмай, кекса момо пешонамга кафтини босди-да, мулойимлик билан сўради:

— Чироғим, тузукмисан?

Бу саволни эшитиб азбаройи қувонганимдан бошимни қимирлатиб момонинг саволига жавоб берган бўлдим.

— Кимнинг ёлғизисан, болам? — сўрашда давом этди момо. — Нима қилиб бу кўйга тушдинг? Қўрқитиб юбординг-ку ҳаммамизни!..

— Мен… Тирикманми? — сўрадим таҳликали оҳангда. — Қ-қайдаман ўзи?

— Албатта тириксан! — деди момо дардли жилмайиб. — Худога шукр қил, менинг кулбамдасан!

Бу гапни эшитдим-у, вужудимга муз югурди. Оғзим қуруқшади. Томирларим ҳозир-ҳозир тортишадигандек, мени азобга соладигандек увиша бошлади. Ичимдан зил кетдим. Қалбимни пушаймонлик туйғуси забтига олди.

Нега бу сафар ҳам ниятимга ета олмадим? Уч кун беҳуда азобландимми? Тағин ёруғ дунёнинг мушкулотларига асир бўламанми? Ҳеч кимсиз, овунчоғим, маслаҳатгўйим, меҳрибонимсиз қандай яшайман? Бунинг нима қизиғи бор? Нима роҳат топаман? Керакмас! Хоҳламайман бундай ҳаётни! Жирканаман ҳаммасидан! Нафратланаман!..

Қалб туғёним сал бўшашсам тилимга кўчгудек эди. Базўр ўзимни тийиб истар-истамас тепамда чўнқайганча ўтирган момога, унинг ёнидаги соҳибжамолга ҳиссиз нигоҳларимни тикдим.

Икковлари ҳам менга ачиниш назари билан қараб туришар, бошимни кўтаришимни кутишарди.

— Бекор қилибсиз, момо, — дедим аранг бошимни кўтариб. — Мени ўша ётган еримда қолдирсангиз дуруст эди. Бирдан бир орзум ўлиш бўлганди. Орзумни армонга айлантирдингиз.

— Аҳмоқ бўлма, — мени уришиб ташлади момо. — Ажални Оллоҳ беради. Сенга ким қўйибди жонингга қасд қилишни? Ёшгина бўла туриб гапирган гапини қаранглар буни!..

Индамадим. Ортиқ сўзлашга ҳолим етмади. Олам қайтадан қоронғилаша бораётганини пайқаган заҳоти кўзларимни чирт юмиб олдим. Уйқуга кетишдан, қайтиб уйғонмасликдан умидвор бўлдим.

 

* * *

 

Момоникида уч кун қолиб кетдим. Барибир ўлим мени четлаб ўтди. Момо кексалигига қарамай, олдимга турли егуликларни келтириб қўяр, лекин бошимдан ўтган ишларни суриштиришга шошилмасди.

«Эҳ, момо, — ўйлардим шифтга тикилганча ётиб. — Нега ўзингизни бу қадар уринтирасиз? Наҳотки, шу таомлар, меҳрибончиликларнинг менга заррача қиммати қолган деб ўйласангиз? Сизникидан чиққан тақдиримда ҳам барибир ёруғ дунёда қолишни хоҳламайман. Ҳаммасидан тўйганимни, бир қарорга келганимни билмайсиз холос. Қанийди, шу тобда журъатим етса-ю, ичимдагиларни сизга тўкиб солсам! Фақат қўрқаман. Мени бу йўлдан қайтаришга ҳаракат қиласиз. Насиҳатларингиз билан хаёлимни бузасиз. Мен сиздек фариштамисол кекса онанинг истакларига қарши сўзлаб қўйишдан, эзгулик тўла кўнглингизга озор бериб қўйишдан қўрқаман…»

Йўқ, учинчи куни қош қорайгач, тик оёқда юра олишимга кўзим етди. Энди бу хонадонда ортиқ қола олмасдим. Сусанна кўз ўнгимда намоён бўлди дегунча вужудим музлай бошлаяпти. Борлиғимни қоплаб олган алам ўти баттар аланга олаяпти. Бу ҳолда узоққа бора олмаслигим аниқлигини ҳис этдим. Момо билан хайрлашишга, тезроқ қишлоққа етиб олишга шошилдим. Бу лаҳзаларда иш ҳам кўнглимга сиғмасди…

Момо ҳам безовталанаётганимни сездими, қизига маъноли кўз ташлаб қўйди-да, ёнимга ўтирди.

— Сен, болам, бошингга не кун тушмасин, ўзбошимчалик қилмагин! — насиҳат қила кетди момо. — Қара, қадди бастинг бинойидай экан. Ишла, не аламинг бўлса, ишдан ол! Ёруғ дунёга боқиб лаззатлан! Ёш жонингга қасд қилиб нима наф топардинг?!. Ҳеч киминг бўлмаса, мана, меникида қол! Ўғлим йўғиди, ўғил бўл! Уч кундаёқ сенга жуда суяниб қолдим. Дуои жонингни қилардим…

Бу қайноқ сўзлар менга бол каби тотли туюлди. Кекса кампирнинг нигоҳларида акс эта бошлаган яширин дард юрагимни эзди. Шу биргина дардли қарашлари учун момога бутун умримни бағишласам озлигига кўзим етди. Афсуски, бу уйда қололмайман. Ғурурим, армонларим, алам, андуҳлар йўл бермайди. Ҳамон миям шайтони лаиннинг омонат таъсиридан чиқа олмаган. Тезроқ ёлғиз бўлишни, сўнгги бор қишлоқ жамолини тўйиб томоша қилиш-у, сўнгра боқий дунёга равона бўлишнинг бошқачароқ йўлини топишга ошиқмоқдаман. Шундай экан, қулоғимга момонинг илиқ сўзлари кирармиди…

— Яхшиям бахтимга сиз учрабсиз, — дедим ёлғондан. — Берган тузингизга рози бўлинг, момо! Мен энди бормасам бўлмайди. Ишхонамдагилар ҳам излашаётгандир… Рухсат беринг!..

— Шунақами?.. — маъюс тортиб ер чизди момо. — Қолсанг бўларди. Бизам қизим иккимиз сенсиз зерикиб қоламиз-ку!..

— Нима қилай? — дедим иложи борича момонинг кўзларига тик боқмасликка уриниб. — Кетмасам бўлмайди. Аммо… Ишонинг, тез-тез келиб тураман. Менам сизларга ўрганиб қолдим.

— Фақат аҳмоқлик қилмагин! — тайинлади момо қароримни ўзгартирмаслигимга кўзи етиб. — Ақлминан иш тутгин! Ёмон одамлардан нари юргин!

— Хўп бўлади!

Мен аста ўрнимдан турдим-да, кийимларимни тўғрилаган бўлиб кетишга чоғландим…

Момо мени кузатиб ташқарига чиқмади. Сездим. Мени сира йўқотгиси келмади…

На илож?.. Мен бу хокисор кампирга ўлигим юк бўлишини хоҳламасдим.

Сўнгги бор момонинг кўримсизгина ҳовлисига қараб олдим-да, ҳали оғриқлар тарк этиб улгурмаган бўйнимни хиёл эгганча автобус бекати томон жўнадим.

 

* * *

 

Водийга қатнайдиган йўловчи машина бир маромда чайқалиб борарди.

Ёнимда ўтирган икки аёл ўзаро пичир-пичир қилганча кимларнидир ғийбат қилиш билан овора. Радиодан таралаётган ёқимли мусиқа кўнгилни аллаласа кошкийди.

Кўзларимни юмганча гоҳ мусиқага, гоҳ аёлларнинг ғийбатига қулоқ тутаман. Энсам қотади.

«Нега эшитишади шу мусиқани? Манавилар-чи? Ғийбатдан бўшай дейишмайди. Нима учун? Йўл четида бир гала қўйнинг ортидан чопаётган ҳов анави чўпон йигит-чи? Нима мақсадда елиб-югуради? Кимлардир пиёда, кимлардир от-уловда қаергадир йўл олган. Нима наф шундай яшашдан?.. Қизиқ, ҳозир бирдан дунё бўшаб қолса нима бўлади? Тана, руҳ бир-биридан айро қандай яшаркин?.. Биламан, руҳим албатта шодон умр кечиради. Кимларнингдир заҳри тикондан-да аччиқроқ таъналарини эшитмайман. Ҳеч ким мени ташлаб ҳам кетмайди… Эҳ, Сусанна, кун келарки, сен ҳам чин дунёга равона бўларсан. Биз учрашармиз… Унда ҳолинг не кечаркин? Кўзларимга қандай тик боқаркансан?.. Йўқ, сен қалбингга қарши бординг, биламан. Мени севасан. Фақат қийналишимга, ўртанишларимга тек қараб туришга бардошинг етмади. Аммо бир йигитнинг умрига зомин бўлишингни ўйлаб кўрмадинг, азизам!.. Сенга ишонгандим, суянгандим, топингандим… Умримнинг ҳақиқий лаззатини сени учратганимдан кейингина туя бошлаганимни билардинг…»

Шу тобда қалбимда ростакам қўзғолон бошлангандек эди. Кўнглим бўшаб, танамни надомат юки босиб келгани сайин юрагимнинг бир четидан қайноқ, пушаймонга йўғрилган сатрлар қуйилиб келди.

 

Қиш чилласи…

Қаҳратон ортгинамдан қувлайди,

Девонаман, даллиман,

Мени ҳеч ким суймайди.

Қоп-қора тун бағрига,

Қўрқув ила ястандим.

Ёмонликнинг қаҳрига қолдим…

Ёмон алдандим.

Ахир… Ул ён гўшанга,

Бўш қолди-ку, музлайди!

Хаёлимда минг бир ўй,

Ёрим шўрлик йиғлайди.

Оҳ, азалим, куйинма,

Овунчоғим, овунгил.

Севгим қолди қалбингда,

Севгим ҳаққи севингил…

 

Бу сатрлар менинг аччиқ кўз ёшларим, қалбимнинг ҳайқириғи, йиллар армони, ўкинчи эди.

«Майли, — ўйладим ўзимча бўғзимга тиқилиб келаётган фарёдни аллалаб, босиб. — Мана шу сатрларимни қачондир бир кун Сусанна албатта ўқийди. Мени ёдга олади. Армонлар бағрини тиғлаганча қабрим тепасига бориб йиғлайди…

Ҳа, мен энди ортга қайта олмайман. Мени вояга еткарган кенггина, бағрига сиғдирмаган мўъжазгина она тупроғимга бош қўйиб жон беришни маъқул кўраяпман. Шундай қилмасам, дунё ўзгаларга тор қолаётгандек туюлмоқда. Алдамчи дунёнинг алдовларига ортиқ бардош бера олмайман, Худойим!.. Ўзинг кечир!..»

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

 

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here