Халқаро “PROlogue” кинофестивали ноябрда бўлиб ўтади

0

27-30 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида “PROlogue” халқаро кинофестивали бўлиб ўтади.

Илк бор Халқаро мақомда ўтказилаётган мазкур нуфузли тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Кинематографияни ривожлантириш маркази, Ёш киноижодкорлар кенгаши, Ўзбекистон миллий кинокомиссияси каби бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилади.

Фестиваль танлов дастури:

– Тўлиқ метражли бадиий фильмлар халқаро танлови;

– Қисқа метражли бадиий фильмлар халқаро танлови;

– Қисқа метражли бадиий миллий фильмлар танловидан иборат.

Фестиваль доирасида, конференциялар, мастер-класслар, брифинг, кино соҳасига боғлиқ давра суҳбатлари ва  ретро фильмлар намойиши бўлиб ўтиши кўзда тутилмоқда.

Халқаро жюри томонидан энг зўр деб топилган фильм кинофестиваль Гран-Присига сазовор бўлади. Шунингдек, фестивалда бошқа номинациалар бўйича ҳам ғолиблар аниқланади.

Шу билан бирга, Фестиваль дирекцияси ўзбек ва халқаро кинонинг ривожланишига ўз хиссасини қўшган ижодкорларни совринлар билан тақдирлашни ҳам режалаштириб қўйган.

Кинофестивалда иштирок этиш учун талабномаларни 2018 йилнинг 27 октябригача www.prologuefilmfestival.com сайтида кўрсатилган талаблар бўйича топшириш имконияти мавжуд.