«Бозор дунё» ёхуд эрини ўзгага никоҳлатган аёл изтироби (15-қисм)

1

—   Мен турмайман, ўзига насиб қилсин, — деди Каниза.

—  Ундай деманг-да, сиз индамай туринг, қани, ўзлари ҳал қилишсин. Нимага келишади, нима қилишади, нима қўйишади. Бу ёғи Худодан. Тил топишсангиз, ундан яхши одам йўқ.

«Эй, лақма, кундош қачон яхши бўлган?» Каниза бир нуқтага тикилди.

—  Мансуржонни маҳкам ушланг. Бу ерда ўшани гапи гап бўлади. — «Нозима шифохонадан чикса…» деб юборишига сал қолди. Канизанинг бундан хабари йўқлиги эсида йўқ, тилини тишлаганча бир оз турди, сўнг давом этди: — Мансуржон ўзи бирон нарса деяётгандир?

«Аниқ шпион бу». Каниза гапни айлантирди:

—  Мени бу ҳақда гаплашади деяпсизми?

—   Вой, шунча кун бирга ётиб, бирга туриб одам гаплашмайдими? — Салима Канизани тушуниб турса ҳам сўради.

—  Тўғриси гаплашмаймиз, — қисқа қилди Каниза.

—   Секин гапни бураб, ичидагини пайпаслаш керак, сизни ёқтирмаганда аллақачон…

—  У кишига бола керак. Мен бечора тўрвамни бўшатиб кетавераман. Шуни билиб туриб, оёғини ўпайми? Ўзимга яраша одамман. Шунинг учун эримга бир нарса деганим йўқ.

—   Эри-из сизга арзимайди, тўғрисини айтиб қўя қолай.

—  Пешонага битгани шу.

—   Бир гапни айтайми? — деди Салима у томон энгашиб, — Хўп десангиз, бошқа уй олдирасиз ўзингизни номингизга…

«Ҳамманг бир гўрсан, бу ер ҳеч қачон сеники бўлмайди, демоқчисан, кўрамиз. Кеча Мансуринг ҳам ўша эски ҳаммом, эски тоғорасини ҳидлаб келди шекилли, ўзгариб қолди, кечаси билан безовта бўлиб чикди, эрталаб ҳам ўзига келмади» — ўйидан ўтказди Каниза.

—  Сизга нима экан-а, Салима опа? — деди у.

—  Вой, ўзим олиб келдим сизни…

—   Ўзим ҳайдайман денг, — ичидагини ташига чиқарди Каниза.

—  Ўлинг, шерик, шундай деб ўйласангиз… — ҳазилга бурди Салима. — Пул беряптими?

—   Пулни нима қиламан? Еганим олдимда, емаганим ортимда бўлса…

Шунча ўтириб, .ҳеч вақони тузук-қуруқ била олмаган Салима хайрлашиб, уйига кириб кетаркан, «вой, доғули-ей, анча-мунча эмассан, сен қишлоқи» дея хулосаланди, соатга қараб, икки соат ўтирганига ҳайрон бўлди, кейин улбул олиб, Нозимани кўргани жўнади.

Учинчи қаватга ҳансираганча кўтарилиб, Нозиманинг палатасини топиб кирганда, у ердаги хотинлардан бири унинг бошқа палатага ўтказилганини айтди ва кўрсатиб берди. Салима кириб келганда Нозимага укол қилишаётган экан. Ҳамшира ишини тамомлаб чиқиб кетгач, икки ён қўшни йиғлаб кўришдилар, ҳол-аҳвол сўрашдилар. Салима роса кўнгил сўрагач, охирида биринчи гапи:

—  Мансуржон келдими? — бўлди.

—  Кеча икки марта келди, — деди Нозима.

—  Хайрият-эй, анавинга айтмабди-да бўлмаса.

—  Айтмагандир, айтиб нима қилади?

—  Нима деди?

—  Нима дерди…

—  Шунчаки сўраяпманда…

—   Э-э, ҳеч нарсани гаплашмадик. Кўрқиб кетибди, бечора. Рангги ўчиб, титраб-қақшаб келди. Кечқурун яна келди. Дўхтирлар билан гаплашипти шекилли, икки кишили хонага ўтказишди. Эрталаб, биринчи бўлиб бошлиғи ҳол-аҳвол сўради. Бу ёққа ўтишимни айтди. Тинч, яхши хона экан. Ётиппан. Қайнотам кеп кетди. Ҳозироқда катта овсиним келди. Хабар олишиб турибди, Худога шукур.

—  Э, соғайиб қолинг. Мунақа қилманг, ўлсангиз ўлиб кетаверасиз-да. Ўзингиздан бошқа ким куяди? — рўмолининг чети билан кўзини артди Салима. — Ўлсангиз нима бўларди, ановининг куни туғади-да. Гурсимосдай бўлиб ўтирибди, уйингизда ғам емай.

—  Кирдингизми?

—   Кеча кечқурун Зебохонникига телефон қилсам, шунақа деди. Эрталаб қор. Бозорда нима қиламан, Нозимахонни кўриб келаман деб, ўйлаб ўтириб, бир кирайчи, нима қиляпти, деб кирдим. А-анча ўтирдим. Мансуржон пулларигача топшириб, ушлатиб қўйибди. Кенг уйнинг келинчаги бўлииб ўтирибди. Бирам гаплари бошқача денг. Э-э… — Салима чуқур энтикди, шипга тикилганча миқ этмай ётган Нозимага қараб турди, сўнг давом этди: — Ичидагисини билай деб, ундан-бундан гап очдим. Қани энди, ер юткур, ўладиган айёр, сир бой бермади. Худди эрта-индин кетадиган-у, бу ерда тургилари йўқ, гап-сўзи шунақа. Ўлгурнинг ичи бошқа, билиниб турибди. Уйга олиб борганимиз нотўғри иш бўлди, ўзи. Шуни бошқа жойда гумдон қилса ҳам бўлар эди, Нозимахон?

Нозима индамади, у кўзини юмиб олган эди, юмуқ кўзларидан ёш қалкди.

—   Қирилибгина, йўқолибгина кетсин… — қарғанди Салима. — Садқаи кўз ёши кетсин. Ҳамма айб ўша писмиқ эризда, — Салима шу сўзларни айтди-ю, худди Мансур кириб келаётгандай эшикка хавотир қараб олди.

Коридорда оғир оёқ товуши шу томон кела бошлади. Йўқ, эшик орқасидан ўтиб кетди.

—   Бу гапларни кўтариб келиб сизни ҳам… — деди Салима Нозиманинг аҳволини кўриб. — Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди-да…

—   Ўшанга бердим уйни ҳам, Мансурни ҳам… — деди бирдан Нозима.

—   Қўйинг-э, суф-суф, туф-е, шунақа деб бўладими? Ўзини бошига етсин-е!

—  Рости, тўйдим.

—   Ундай деманг.  Олиб келган ҳам ўз…   —   «ўзим» демоқчи эди Салима, аммо чўчиб, тўхтаб қолди. — Ҳали балнисадан чиқинг, ўзимиз биламиз нима қилишни, — деди.

—  Майли… — чуқур хўрсинди Нозима.

—  Қишлоғига бориб келди, — яна гап қотди Салима. — «Нексия»ларда бориб келдилар… Мансуржон ҳам одам эмас экан. Шу қишлоқининг ноғорасига ўйнаб ўтириб-ди-я. «Нексия»да жўнатди, ўл, битта ялангоёқни одам қилиб. Бу болагаям тан бермадим. Шундоқ хотини туриб, жиловини бериб қўйиб ўтирибди. Яна денг, «ажрашиб келгин» деганмиш…

Нозима кўзларини катта-катта очиб, Салимага тикилиб қолди. Нима қиларини билмаган Салима кетишга тараддудланди.

—  У-ўв, Худо олсин ҳаммасини, ташвиш қилманг, — дея рўмолини палтоси ичига қистириб, тугмаларини қадади-да, ташқари юрди.

Нозима ўз ёғига ўзи қоврила бошлади. Кеча Мансур келгандан буён унинг рафторини кўриб, анча кўнгли равшан тортган, бўлари бўлиб ўтиб кетди, у кетади, тузалиб, уйга бораман, деб ўйлаб, анчайин хотиржам бўлган эди. Қўшниси топиб келтирган бу гаплардан сўнг унинг долғали дили яна хуфтон бўлди. Энди, ҳамма нарсани ичга ютиб, куйиб-ўртанишнинг фурсати битган эди. Агар Мансур келса, орани очиқ қилиши, яна галга солиб, ўзини ҳам, уни ҳам қийнамасликни, арқонни чўрт кесиш лозимлигини тушунди. Агар, улар чиндан ҳам келишиб, бирга яшашни азму қарор қилган бўлсалар, анови писмиқ очиғини айтиши керак. Дарднинг ёрилгани маъқул. Очиқ айтса, кифоя. Нозиманинг зори бор, зўри йўқ. Ўзи бу бевафо, бозор дунё бўлса! Яралибдики, у кимга вафо қилибди, Нозимага вафо қилса? Яшаса яшар, агар аёллар бир эр учун ўлиб кетган бўлса, у ҳам ўлиб кетар. Ёки бир кунини кўради. Ана, эрталаб, бир тўп бўлиб коллектив келиб кетди. Мактаб тўла бола. Ўшаларни болам-бўтам қилади. Уй топилмай қолармиди, ижа-рага бўлса ҳам яшайверади.

Қанча вақт ўтди билмас, жон-жаҳди билан Мансурни кутарди. У келиши керак. Гаплашмаса, дунё тўхтаб қолади. Тиқ этса, эшикка термулар, илинжи шу эдики, ҳозир эшик очилиб, Мансур кириб келади, Салиманинг гаплари асоссиз, Нозиманинг барча ўйлари тескари чиқади, Мансур унга ҳеч қачон бевафолик қилмайди, киради-ю, шу ҳакда гапиради…

У ёстиққа тиралиб, каравот оёғи узра деразага бокди. Қоронғи тушибди. Мансурдан дарак йўқ. Шамолнинг қисқа-қисқа увиллаган овози эшитилгандек бўлди. Ҳамшира кирди, тегишли муолажаларни қилди. Шу бўйи бошқа одам безовта қилмади. Шамол кучайгандан кучайди. Ҳатто палатанинг ҳамшира ёқиб қўйган чироғи ҳам тебранаётганга ўхшарди. Нозиманинг довулга дош беролмай, хаёлида таг-томири билан ўпирилиб қулаётган дарахтларга раҳми келарди.

XIII

Мансур кечгача ишлар билан шуғулланди. Кеча Нозиманинг олдига, шифохонага боргандан пайдо бўлган ғашлиги юрагини тинимсиз тимдалайверди. Кечаёқ ўйлаб юрган гаплар тўғрисида Канизага оғиз очйшга, у билан келишиб олишга аҳд қилган эди, аммо уйга келгач, бу фикридан қайтди. Канизанинг кайфияти яхши, гаплашса ҳам бўлаверар эди-ю, негадир орқага сургани маъ-қулдек кўринди. Бугун у билан очиқ гаплашиб, Нозиманинг ёнига боришни эртага мўлжаллади. Чунки, Каниза бирон нарса демасдан, шошилиб бўлмасди.

Кеча у ўз ҳолатини Канизага қанчалик сездирмасликка уринмасин, барибир ўзига-ўзи бошқача бўлиб қолгандек туюлаверди. Каниза ё сезмади, ё шунчаки эътибор қилмади. Эслик аёл. Балки иш пишда диққат бўлгандир, деб ўйлади. Кечаси тунд, у билан унчалик иши йўкдай ётганига ҳам парво қилмади. Эрталаб илгаригидек ишга кузатди. Нозимачалик ялаб-юлқамаса, пойи-патак бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда бир уйнинг ўзбек аёличалик тутяпти ўзини. Шаҳарда ўсмагани, институтда ўқима-гани, қишлоқи эканига қарамай, шунчалик ўзини маъқул қиляпти, Худога шукр деса бўлаверади. Шундай аёл тўнка бўлса, Мансур нима қиларди? Қўлидан нима келарди? Ҳаракатини қиляпти, раҳмат шунга. Пул масаласида ҳам тўғри экан. Мансур атай кабинетидаги сейфнинг калитини бериб қўйди. У эса, олиб осиб қўйди, калитлар ўша ердан қимирламади. Бирон марта у, Мансур уйда бор-йўқ, кабинетга кирмади ҳам. Керак бўлиб калитларни яна Мансурнинг ўзи олди. Халтадаги ўн миллион пулни қўлига берди, қараб ҳам қўйгани йўқ. Ўҳ-ҳў, баъзи биридан худо сақласин. Пулни кўрса шайтонлаб, не ҳолга тушмайди? Мансурнинг бу томондан ҳам кўнгли тўқ. Умуман, яхши, эсли хотин экан, Каниза.

У одатдагидек уйга келди. Машинани ўрнига кўйди, Каниза билан бирга овқатланди. Каниза эплаб манти қилибди. Жилдини қалин олиб қўйибди-ю, аммо манти ёмон эмас. Боқса одам бўлади. Кеча Нозиманинг аҳволини кўриб, у билан кечирган фараҳли дамлар, яхши-ёмон кунлар ёдига тушиб, Каниза ундан анча олислашиб кетган эди. Бугун у ҳеч кимга ўхшамаган латофати билан яна ўз ўрнини эгалламокда эди. Мансурнинг кўзига ўтли кўринар, ундан кўз узолмас, шундоқ тўплаб бағрига босиб олгиси келарди. Шу орада Нозима масаласини ҳам ёнма-ён ҳал қилишни режалаштирарди.

Анча вақт телевизор кўриб ўтиришди. Диванда телевизор баҳона анча бир-бирларини суйдилар.

—  Атлас мунча силлиқ? — деди Мансур.

—   Атлас холосми? — Канизанинг кўзлари ажойиб ширин сузиларди.

—  Эгаси бизники эмас-да…

—  Бунинг учун ким айбдорийкин?

—   Бир нотавон.

—   Ўша нотовонни урамиз, — енгил шапатилади Каниза. — Эҳ, нотовон ёмон бола экан… Ёмон болани кимдир ёмон қилаётгандир-да?..

—  Ёмон бола етовга юрмайди, жилови ўзининг қўлида…

—   Нотавон боланинг шу гаплари ростмикин? — Каниза қорнини икки қўли билан ушлади-да, гўё мурожаат қилди: — Қани, нотавон боланинг ўғилчаси, айтинг-чи?

Мансур уни беихтиёр қучди. Гўё Мансурнинг юрагидаги гапни сезиб тургандай Каниза ўз қорни билан гаплаша бошлади:

—   Нотавон болага ёрдам берамизми? Қийналяпти. Е бизни, ё уни танлай олмаяпти, айнан-ей, қийин масала-а? Биз нотавон бола нима деса, хўп деймиз-а? Биз бечораларга барибир-а?

—   Каниза, – деди Мансур тўсатдан, – Нозима… Каниза  кафти  билан  унинг  оғзини  тўсди.   Мансур унинг қўлларини майин ушлаганча сурди ва:

—  Каниза, жоним… — деди.

—  Нима дейишингизни биламан.

—  Шошманг, Каниза… У касалхонага тушибди.

—  Туғарканми?

—  Ҳазиллашаётганим йўқ.

—  Мен ҳам.

—   Унга ҳам қийин… — Мансур хўрсинди.

—  Вой, вой, вой… Раҳмдиллигини-ю!

—  Ахир, у ҳам инсон-ку?..

—  Бирон нарса деяпманми? Ҳайвон демадим, шекилли.

—  Тўғри тушунинг.

—  Тушунаман, тушунаман, — Канизанинг андак рангги бўзарди. — Ўн уч йилдан бери бағрида ётгансиз. Севиб турмуш кургансиз. Ҳозир ҳам севасиз. Ёлғонми?

—   Кеча билганман, ҳайдашга тайёргарлик қилганингизни. Бориб ҳидлаб келгансиз-да?!

—   Каниза?! Асалим!

—    Мени асалим деманг. Асал билан лойни катта фарқи бор. Келгинди беш кун сиғади деб бекорга айтишадими? Аям айтган эди, бой бойга боқар деб. Ўша ялақингиз билан… — Каниза юлқиниб, даст турди-да, ётоқхонага кириб кетди.

Мансур телевизорни ўчириб, ортидан юрди. Каниза бошини ўраб, бурканиб ётиб олганди. Мансур ёнига бориши билан, шарт бошидан кўрпани очди-да, ёшли кўзлари билан:

—   Эртага текширтиринг, илашган бўлса кетаман, пулингиз ҳам керак эмас, битта бошим боқиб оларман… — деди ва яна бошини ўради, кўрпанинг ичидан йиғи аралаш «Бўлмаган бўлса эди, шу зормонда» дегани эшитилди.

Мансур чуқур «уфф» тортди. У бундай бўлишини билар эди. Бошқа иложи қолмади, эшитадими, йўқми ичидагини тўкди:

—  Каниза, мен ўғил боламан. Бир минут менга қулоқ солиб туринг. Сиз кўчадаги ўйнаш эмассиз, менинг никоҳдаги хотинимсиз…

—  Ҳужжатлиси у? — бўлди Каниза.

—   Бир минут эшитиб туринг, кейин нима десангиз деяверасиз.

—  Мени гапим йўқ.

—    Хўп, эшитинг-чи! Менинг ҳайдайдиган хотиним йўқ!

—    Мен сизни хотинингиз эмасман. Ҳужжатлисини хотин дейди.

—   У ҳам бўп қолар… Менга қаранг. Нима кераги бор шу бўлмағур ғовғани. Олдин эшитинг, гап қаёқда, кейин бир нарса денг.  Мен ҳеч қачон сиздан кечмайман…

—   Бу кечганингиз эмасми? — яна гапини бўлди Каниза, Мансурга кўзларини чақчайтириб, гапира бошлади: — Эрингни йўқотиб ке, деган ким эди? Мен аҳмоқ, қишлоқи бўлсаям, туппа-тузук эримни хафа қилиб, айтиб келибман-а? Пешонанг шўр бўлмай ўлгур гадо…

—   Ҳой Каниза? — чуқур уҳ тортди Мансур. — Менга гап берасизми ё йўқми? Мен нима деяпман? Бир умрга сиз билан бўламан.

—  Икковинг билан денг?

Мансур нима дейишини билмай қолди.

—  Тилиз тутилдими? Биламан-да, нима дейишингизни?

Дарҳақиқат, Мансур ҳақиқий муаммога дуч келган эди. Ҳозир мундоқ ўйлаб қараса, бу осон масала эмас. Шу кунгача, шу дақиқагача Мансур ҳар иккисини ўзига бегона ҳисобламас, бундан кейин ҳам танлашга тўғри келади, деб ўйлаган эмасди. Иттифоқо, бу масала кўндаланг бўлгач, ҳал этилиши лозим нарса анча-мунча муаммо эмаслигига энди ақли етди. Хўш, нима қилиш ва нима дейиш керак ҳозир? Нозима ҳам, Каниза ҳам масалага бир томонлама ёндошиши, демак, аён. Наҳот биттасини танлашга тўғри келса? Бошқа ҳеч нарсанинг иложи йўқми? Мансур сония ичида умр сарҳадларини кезиб чиқди. Ўзига тенг нусха излади. Кўпчилик бу йўлни ўтган, албатта, бироқ Мансурники бошқача эди. Одатда, шароит тақозосига кўра, хотин устига хотин олинган, иккинчи хотин бу хотиннинг устига келин бўлиб тушиб, икки очиқ кундош кейинги қисматини тан олишган. Бу ерда-чи? Қисқа муддатга, айнан фарзанд масаласинигина ҳал этиш учун бу йўлга кирилган. Бас, шундай экан, келишилган шарт бўйича 6у кетиши, у қолиши керак. Хўш, энди-чи? Энди вазият нимани талаб этяпти? Мансур буни ҳам олиб қолади, бундай қарорга биринчи куниёқ келган. Ҳозиргача буни ўз-ўзидан ҳал бўладиган масала деб қараётганди. Энди, боши берк кўчага тўғри келяпти. Роса кўнглининг тарозусига боқса, Каниза бо-сиб кетяпти. Бироқ, Нозима ҳам кераксиз тош эмаски, индамай улоқтириб юбораверса. Нима қилиш керак?

Яхшиям ўша махфий квартираларни вақтида олиб қўйган экан. Бунда, ёмони, Нозимадан умр бўйи ҳеч нарсани яширмаган Мансур, барча қулайликлар ва жиҳозларга эга, қулинг ўргулсин яшайдиган квартираларнинг учтасини олиб қўйганини унга билдирмаган эди. Майли, бу бир гап бўлар. Ҳатто икки кун яшайдиган чивиннинг ҳам ҳеч бўлмаганда битта сири бўлади. Энди гап шундаки, қайси бири бежанжал боради? Бу асосий масала. Шунда ҳал бўлади, иккови ҳам уники бўлади. Бу қандоқ қараркин?

—  Каниза, — деди Мансур бир фикрга келиб.

—  Ҳа, дамингиз ичингизга тушиб кетдими?

—  Каниза?

Каниза бехос ўрнидан турди.

—   Мени уйга олиб бориб қўйинг.  Сиздан илтимос, —  деди у жиддий. — Тагингизда машинангиз, бир соатда бориб келасиз, — у усти-бошларини тахлашга тушди ва йиғлади. — Бировнинг боласини ўйлаб, ўзимникилар-ни шу совукда ташлаб келибман-а? Қайси иблис шу ишни қилади?  Қаерда,  кимникида қолди у бечоралар?

—  у энди уввос солиб йиғлай бошлади. Умри бино бўлиб, бундай машмашани кўрмаган Мансур ваҳимага тушиб, шошиб қолди.

—  Канизахон, Канизахон? — дерди холос у, Канизани маҳкам қучиб. У эса юлқинар, асов куч билан ундан қутилмоқчи бўлиб:

—   Қўйворинг. Қўйворинг деяпман, ҳозир бормасам ўламан, — дерди.

—   Хўп, хўп, айтганингизни қиламан, ўзингизни босинг, — ялинарди Мансур.

Бир вақт Каниза шипга тикилганча таққа ўчди, бир оздан кейин «Болаларим!» деди-ю, ҳушидан айрилиб гиламга қулади. Мансурнинг нақ эсхонаси чиқиб кетди. Унинг атрофида гирдикапалак бўлар, нима қилишни билмас, «гўё Каниза ўлди-ю, Мансур балога қолди» қабилида титраб-қақшарди, биронта билган калимаси оғзига келмасди. У Канизанинг юрагига қулоғини қўйди, эшитмади, юраги урмасди. Нохос юзи юзига тўғри келганда, унинг нафаси урилди, Мансур шунда сал ўзига келди. Канизани ўрнига ётқизди, югуриб содали сув келтириб оғзига тутди, у сувни ютмади, оғзи атрофидан тўкилди. Мансур чинакам қайғуда қолди, бошини тутамлаганча, тинимсиз у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Ўзи билмаган ҳолда «скорий» деб, телефонга талпинди. Шунда, Каниза қимирлади, «И-м-м» деди. Мансур уни қучди. «Яхшимисиз?»  деган  сўзни  неча  бор  такрорлаганини ўзи билмасди. Каниза пишиллаб ором ола бошлади. Кўнгли сал таскин топган Мансур, ёнидан қимир этмай, унга қараб ўтирди. «Ҳаммасини падарига лаънат, — дерди у, — Каниза ўзига келса бўлди».

Каниза ўзига келди, не замон бош чангаллаб ўтирган Мансурга:

—   Ётинг, Мансур ака, — деди хаста, — мен туғилмасам, сиз ҳам бу аҳволга тушмасдингиз,  — ҳиққилади у.

—  Тинчланинг, Каниза, жоним, асалим, ҳаётим. Мен сиз учун ҳамма нарсага тайёрман, азизим.

—   Ётинг, ёнимга ётинг, мен сизнинг нафасларингизни эшитиб ўлай.

—   Каниза, ундай деманг, мен чидай олмайман, аввал мен ўламан.

—  Ётинг, ётинг, жоним, сизни ҳам қийнаб юбордим.

—   Йўқ. Ёнингизда эрталабгача ўтириб чиқишга тайёрман. Фақат, мени ўзингиздан ажратманг. Биламан, сизга қийин…

—  Ётинг, жоним.

Мансур чўзилди ва ич-ичидан чуқур хўрсиниқ келди.

—  Жоним мени, — деди Каниза ва унинг юзу кўзларини силади.

Тонг отганда бехос уйғонган Мансур беихтиёр ёнига қаради. Каниза йўқ эди. Унинг юраги дупирлаб, ҳаприқиб кетди. Ирғиб ўрнидан турди, коридорга чопди. Келиб ташқари эшикни очди. Хайрият, Каниза ошхонада уймалашаётган экан. Шунда у оёқларида мадор йўқлигини сезди, бурилиб ваннахонага юрди. Ваннанинг четига кетини қўйганича, алламаҳал ўтирди, сўнг соқол олди, ювиниб, ўша ердаги халатини кийди-да, ташқари чиқди. Ваннахона эшиги остонасида Каниза илгаригидек табас-сум қилиб турарди, Мансур уни маҳкам қучди, шу кўйи меҳмонхонага етаклади.

Телевизор томоша қилиб, нонушта қилар эканлар, Мансурнинг кўзи қувнади:

— Каранг, болаларнинг тили қандай бурро, — деди.

—   Мансур ака, кечагига кечиринг… Кечиринг-а? — ерга қаради Каниза.

—  Қўйсангиз-чи, ўтган ишга саловат.

—   Мен шунақа бўлиб қоламанда баъзан, — ҳамон ерга қараб, давом этди Каниза. — Мен нима десангиз шуни қиламан.

Тилаволди Жўраев

1 ТА ФИКР

Comments are closed.