Ҳақиқий ҳангоманинг бундан баттари бўлмайди…

0

 

 

ОЛАБУҚА ВА ҚОРА ЭШАК
(интермедия)

 

Олабуқа: — Мў-ў… Ўҳ-ҳў! Ў-ўҳҳў-ў!!! Уф-ф, негадир томоқ қичишяптими, йўтал тутиб қолди? Оғизга таракан кириб кетдими дейман? Овоз ҳам илгари баритон эди. Ҳозир тенергаям тортмаяпти. Ўв, эшшак, намунча ҳанграйсан? Қулоқни тешай дединг-ку!

Эшак: — Тирикчиликнинг мазаси қочди, ока! Ҳали чанқайман, қорин очликдан тортишиб кетяпти. Ярамаслар оёқни арқонлаб ташлашибди. Сувгачаям етолмай хуноб бўляпман.

Олабуқа: — Бу кунингдан баттар бўл! Кеча хўжайин минганда қайсарлик қилиб депсинмаслик керак эди.

Эшак: — Ҳа-а, сизга маза! Арқонни шохингизга бойлашган, олдингиз тўла ўт-ўлан. Кечқурунам емнинг кўпи сизга тегади. Сизни ҳурмат қиларкан хўжайин, ока!

Олабуқа: — Мени ҳурматламай сени ҳурматласинми, овсар? Ҳурмат қилмаса, мениям худди сенга ўхшаб миниб, қамчилаб юрган бўларди.

Эшак: — Ҳадеб ерга ураверманг! Сиз кунжарани ошаб-ошаб еганингизда бир нарса деётганимиз йўқ-ку, брат!

Олабуқа: — Вей, юнгингни қора десам, ичинг кўмирдан баттар экан-ку-а? Ҳасад қиласанми ҳали менга? Мендай олабуқага-я?

Эшак: — Й-йўғ-э, жа унчаликмасдир? Шунчаки…

Олабуқа: — Сен ўзингни ҳадеб мақтайверма, энсам қотади. Юрган йўлингни ифлослантирсанг, ўнг-чапнинг фарқига бормасанг!.. Эшшак деганда зиғирча фаросат бўлади-да! Ҳозир… Бир шохлайман, энангни учқўрғондан кўрасан. Айтганча, энанг борми ўзи?

Эшак (бошини қуйи солиб, йиғламсираб): — Э-энам… Мени туққан экан-у, тракторнинг тагида қолиб ўлган экан.

Олабуқа: — Шунақами? Жойи жаннатда бўлсин!.. Етимча экансан-да! Сен, братишка, кўпам хафа бўлаверма! Сеники-ку, ҳалокатга йўлиқиб ўлибди. Менинг энам-чи?.. (Олабуқа бошини сарак-сарак қилиб мўърайди) — Мў-мў-ў-ў-ў! Ўҳ-ҳў-ў-ў!!! Уф-ф, жонга тегди шу йўталиям!.. Хуллас калом, укам, менинг энам шундоқ қўшни қишлоқда, фалончи сутфурушникида яшайди. Эгасига бидонлаб сут беради, ҳабашдан баттар қора эрининг ёнидан бир қадам нари кетмайди. Анави ёқда битта етимчам бориди, хабар олай, ҳоли қандай экан демайди. Аҳён-аҳёнда чўзиб мўъраётгани қулоғимга чалинади. Юрагим така-пука бўлиб ўша тарафга чопаман. Ишонасанми, ўгайдан бўлган бузоқчаларини чақираётган бўлади. Аламга чидолмай мўърайман, мўърайвераман… Сеники нима бўпти бизнинг олдимизда? Тирик етимман мен, тирик етим!..

Эшак (Бир оёғи арқонланган ҳолда теваракни айланиб чопганча йиғлайди): — Иа-а-а-а! Иа-а-а-а-а-а-а!!!

Олабуқа: — Жим бўл, аҳмоқ! Бу нима қилиқ? Эркак кишиям йиғлайдими? Жиннимисан?

Эшак: — Кўнгил бўшаб кетди-да, ока!

Олабуқа: — Менга қара, кап-катта бўп қолдинг мана! Уйланиш ҳаракатини қилсанг бўлмайдими?

Эшак: — Мендай ғарибга кимниям кўзи учиб турибди дейсиз?!.

Олабуқа: — Жа ўзингни гўлликка соласан-а? Ўтган куни хўжайиннинг биясидан кўз узмай қараб турган ким эди?

Эшак (бия дарагини эшитгач, бошини баланд кўтариб кўкка боқади. Ҳанграгиси келади-ю, буқанинг пўписасидан қўрқиб нафасини ичга ютади): — Ҳа-а, бия жуда келишган, чиройли, кишнашиям, юришлариям ўзига ярашади.

Олабуқа: — Ундай бўлса, уйлан, ит!

Эшак (олабуқанинг ҳақоратидан энсаси қотиб, лабини буриштиради. «Ит бўлганимда-ку, ўзим билардим, — дея ўйлайди қовоқ уйиб. — Мана шу йўғон оёқларингдан олардим. Бир умр чўлоқланиб ўтардинг. Тарғил янгаям бошқасига эргашиб кетиб қоларди, ҳи-ҳи-ҳи-ҳи!..») — Ҳа-а, у жуда гўзал, уни кимлар орзуламайди дейсиз, ока!? Кечалари тушларимга кириб чиқади бияхон… Ока, ока, ишонасизми, кеча тушимда сиз менинг номимдан бияхонга совчи бўлиб борганмишсиз!..

Олабуқа: — Ҳадеб овсарлик қилавермасанг, яқин орада тушингга кириб, ўша бияхонни қўйнингга солиб қўяман, аҳмоқ, мў-ў-ў-ў!.. Бўпти, очиғини айт, нега шартта уйланволмайсан ўшанга? Қачонгача сўппайиб юрасан?

Эшак (оғир хўрсиниб): — Бе, биздай бечораларга йўл бўлсин? Бияхонга манаман деган айғирларнинг назари тушади. Казо-казолар оғиз солади унга.

Олабуқа: — Ўлгудай қўрқоқ, лапашангсан-да! Битта бияга тишинг ўтмайдими?

Эшак: — Ўзингизам тарғил янгамдан қўрқасиз-ку, иа-а-а-а-а!!!

Олабуқа: — Ҳанграма, ит!

Эшак: — Мен итмасман!

Олабуқа: — Ҳа майли, ҳали шошмай тургин сен!

Эшак: — Қўрқасиз-а, янгамдан?

Олабуқа: — Бекорнинг бештасини айтибсан! Янганг ҳў-ўв Олатўвдан келган. Мусофир. Ота-онасини, юртини соғинади. Шунинг учун кўнглига қарайман.

Эшак (ўзича ўйлайди. «кўнглига қарармиш. Мол-эй! Молда кўнгил нима қилади? Ақл ўргатишига бало борми? Шаталоқ отишдан бошқасига ярамайди-ю, менинг олдимда фалсафа тўқишини қаранглар!..» Шуларни кўнглидан кечиради-ю, атайин сездирмайди): — Унда нега томорқанинг нарига четида ёлғиз туради-ю, бориб янгамнинг кўнглини олмайсиз?

Олабуқа: — Шунгаям фаҳминг етмайди-я! Ахир, хотин деган эрдан сал нарироқда юриши керак, овсар!..

Эшак (нарида ўтлаб юрган қўйларни кўрсатиб): — Ока, юринг анави қўйваччаларни ҳуркитамиз! Маза қилардик-да!

Олабуқа: — Чакагингни ўчир, ўқимаган! Шохимдаги арқонни кўрмаяпсанми?

Эшак: — Кўряпман. Нима қипти?

Олабуқа: — Фақат ҳурматли, обрўли жонзотларнинггина шохи арқонланади. Кимсан Олабуқа энди қаёқдаги қўйларни деб беҳурмат бўлишим қолувмиди?

Эшак: — Ахир, нимадир қилиш керак-ку! Тураверамизми шу жазирамада? Қорин таталаб кетяпти, окахон!

Олабуқа: — Сен эшшак қачон сабрли бўлишни ўрганасан-а?

Эшак: — У нима ўзи?

Олабуқа: — Дардни ичга ютиб, ҳуда-беҳуда ҳанграйвермай, кеч бўлишини кут дегани!

Эшак: — Кеч бўлса нима ўзгарарди?

Олабуқа: — Кўп нарса. Сени билмадим-у… Локигин бугун кечқурун хўжайин мени емлай бошлайди. Емишнинг зўрини опкелади.

Эшак: — Менгаям берадими?

Олабуқа (бошини бир неча марта силкитиб қўйиб): — Сенга йўл бўлсин! Сенга хўжайин қамчи беради, қамчи!

Эшак (йиғламсираб): — Нега? Қайси гуноҳим учун?

Олабуқа: — Чунки сенинг устингам, ичингам қора, ўлгудай қайсар жониворсан! Мў-ў-ў!!! Нари тур!..

Эшак бўшашганча кўзларидан шашқатор ёш оқиб нари кетади. Олабуқа эса янада кайфи чоғланиб, узоқдан бўлса-да, томорқа четида тош қотган тарғил сигирга кўз сузади. Ора-сирада хўжайиннинг машинаси келадиган катта йўл томонга умидвор тикилиб қўяди.

(тамом)

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc