Нега бундай қарорга келинди? (видео)

0

Бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари баҳоланмасдан 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукционга чиқариш орқали инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларини белгилаган ҳолда ўрнатилган тартибда сотилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Давлат мулки объектлари ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонга имзо чекилди.

Хўш, мамлакатдаги инвестицион муҳитни тубдан яхшилаш, тадбиркорлик ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқни тадбиркорлик субъектларига сотишни жадаллаштириш мақсадида қабул қилинган мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти нималардан иборат?

Бундан роппа-роса бир ой аввал, аниқроғи, 2018 йилнинг 11 сентябрь куни мамлакат Президентининг “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Унинг ижросида эса анча-мунча ишлар ҳам қилинди. Аммо шу муддат ичида, яъни бир ойнинг нари-берисидаги қарор ижроси қандай бораётгани таҳлил қилинганда эса, бир муаммо чиқиб қолди. У ҳам бўлса – давлат мулки объектларини сотиш ва ер участкалари беришда экан.

Мурожаатларнинг қарийб учдан бир қисми, аниқроғи, 31,7 фоизи – айнан ер ва бино масаласига таълуқли. Чунки тадбиркорман, дегани – табиийки, фаолияти учун ер ёки бино сўрайди. Шу пайтгача бўлган тартиб-тамойилга кўра эса унинг иши энг тез битганда – 3 ойгача, йўқса, чопҳо-чоп-у югур-югурлар билан ярим йилгача бориб қолиши, бу орада эса у – бинони сотиб олса-олмаса, маълум бир тўловларни қилиб, обдон ҳолдан тоймоғи аниқ эди. Натижа аниқ, бино ёки ерни олгунча кўнглинг ҳам, қўлинг ҳам совуб кетади. Ушбу Фармон билан, биринчидан, ана ўша жараёнлар соддалаштирилмоқда. Иккинчидан, жойлардаги ҳокимликларга анча-мунча эркинликлар берилмоқда.

Келинг, чалғиб кетмаслик учун бир бошдан бошлаймиз. Даставвал, нега бу қарорга келинганини атрофлича изоҳласак. Дастлабки муаммо – ошиқча бюрократия, мулк сотилишидаги мураккаб процедуралар ҳамда мулкка “отнинг калласидек” нарх қўйиб келинганида эди. Масалан, айни кунда Республикада 50 мингдан ортиқ бўш турган объект бўлиб, уларнинг 5 мингдан ортиғи давлат ҳисобидаги кўчмас мулклар ҳисобланади. 96 та сотилмай ётган мулк 2014-2017 йиллар давомида савдога қўйилганича, сотилмай “осилиб” турибди.

Иккинчи муаммо – ерларнинг бонитировкаси, яъни тупроқ унумдорлиги даражасини аниқлаш ўз вақтида ўтказилмагани, бунинг оқибатида эса муайян бир ер майдонига қўйилган нархнинг асоссиз равишда ошиб кетгани ва оқибатда бонитет ва тадбиркорлик деган тушунчалар бири боғдан, иккинчиси тоғдан келиб ётганидир. Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, сўнгги уч йилда бор-йўғи 98 минг гектар суғориладиган ер майдонларининг бонитети ўлчанган, холос. Суғорилмайдиган 756 минг гектар ернинг бонитети белгиланганига оз эмас, кўп эмас, 17 йил бўлибди. Хуллас, шу ва шунга ўхшаш муаммолар ўн йиллар давомида қалашиб, оқибат-натижада ер ва мулк сотилмай ётганди…

Юзага келган жумбоқларни чайнаб, ёзғиришдан табиийки, наф йўқ: бўлганича бўлган, бўёғи қуриб ҳам улгурган. Энди нима бўлади, деган кўндаланг саволнинг жавобини ҳам дангал айтадиган бўлсак, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгашига ҳам, вилоят ҳокимликларига ҳам, эндиликда амалда катта влатлар берилмоқда. Улардан бири ва асосийси – ўз ваколати доирасида, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгаши қарорларига асосан, бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини – уларни баҳолатмасдан, 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукционга чиқариш орқали инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларини белгилаган ҳолда ўрнатилган тартибда сотишдир. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимиятларга суғорилмайдиган ерлар тоифасига кирадиган ер участкаларидан вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини – камида 1 млн. АҚШ доллари эквивалентидаги инвестиция киритса, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар белгилаган ҳолда, 50 йил муддатга сотиш ҳуқуқи берилмоқда.

Шу ўринда бир тартибни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз. У ҳам бўлса, даврим келди экан, дея ҳамма бинони кўтарасига, бор-барака қилиб сотиб юбориш, деган амалиётга ўрин йўқ ушбу ҳужжат мундарижасида. Аниқроқ ва расмийроқ тилда айтсак, таълим, шу жумладан, мактабгача таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш ва спорт, санаторий-курорт ва соғломлаштириш объектлари, маданият, шу жумладан, кинотеатрлар, клублар, концерт-томоша кўрсатиш муассасалари сотиб юбориш йўли билан бир ёқлик қилинмайди. Чунки эртага болалар улғаяди, боғча ёки мактабга бориши бор. Бундан ташқари, эрта бир кун омон-омон кунларда стадион ҳам, маданият уйи ҳам, кинотеатр ҳам кунимизга яраб қолиши аниқ. Уларга эса эндиги жараёнларда бошқача тартиб жорий қилинади.

Фармонда кўрсатиб қўйилган тартибларни санаб ўтар эканмиз, ундаги айрим жиҳатларга ҳам эътибор қилиш керак бўлади. Масалан, белгиландики, «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончасида ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини сотишдан келиб тушган ҳамда ушлаб қолинган закалат пул маблағлари – аукцион ташкил этиш билан ва ер участкаларини савдоларга тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни чегириб ташланган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда тегишли маҳаллий бюджетларнинг махсус ғазначилик ҳисоб рақамларига ўтказилади. Ушбу пул маблағлари фақатгина ижтимоий фаолиятга ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби мақсадларга йўналтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги
Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази билан
ҳамкорликда тайёрланди

(ЎзА)

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here