Ўзбекистонда оқ доғ касаллигини даволовчи янги препарат яратилди

0

Халқ орасида пес номи билан аталадиган витилиго касаллигининг келиб чиқиш сабаблари ривожланаётган тиббиётда ҳанузгача тўлиқ маълум эмас. Айнан шу туфайли уни даволаш ҳам қийин. Бу касаллик ёш, жинс ёки ирқ танламайди. Дунё аҳолисининг 1-4 фоизи витилигодан азият чекади.

Сўнгги вақтларда ёшлар орасида касалланганлар сони кўпайиб бораётгани унга қарши чора кўришни тезлаштиришни талаб этмоқда.

Ваҳоланки, Абу Али ибн Сино давридан маълум бўлган тери қавати пигментациясининг бузилиши натижасида келиб чиқадиган патология – витилиго касаллиги ўзининг ижтимоий аҳамияти ва муаммосининг долзарблиги билан муҳим ўринни эгаллайди.

Дерматология амалиётида витилиго касаллигида қўллаш учун тавсия этилаётган “Купивит” препаратининг янги гель дори шаклининг мўътадил таркиби ва технологиясини Тошкент фармацевтика институтининг ассистенти Камола Рамазонова ишлаб чиқди. Бунда маҳаллий қўзғатувчи ва аллергик реакцияларни келтириб чиқармаслигига эътибор берилди.

– Витилиго касаллигини даволашда тавсия этилган маҳаллий дори воситалари самарадорлигини ошириш, ассортиментини кенгайтириш, мамлакатимизда импорт ўрнини босувчи самарали препаратларни яратиш мақсадида координацион бирикмалар купир ва пирацин сақловчи гель дори шакли ишлаб чиқилди, – дейди К.Рамазонова. – Бунинг учун юмшоқ дори турлари технологиясида қўлланувчи замонавий ва оптимал ёрдамчи моддалар, хусусан, полоксамер ва карбопол комбинациялари тайёрланди ва уларнинг гель ҳосил қилувчи хусусияти ўрганилди.

Шунингдек, гель таркибидаги таъсир этувчи ва ёрдамчи моддалар ўртасидаги мутаносиблик, унинг физик-кимёвий ҳамда технологик кўрсаткичлари аниқланди. Витилиго келиб чиқишига бир неча омиллар сабаблиги боис, уни даволашда комплекс терапия билан бир қаторда маҳаллий дори воситаларининг қўлланилиши муҳим аҳамият касб этади.​​

Манба: ЎзА

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here