БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ, ОКА?..

0

 

 

ЧУМОЛИ МОНОЛОГИ…

(ҳажвия)

 

Вей, кўзингга қараб юрсанг ўласанми? Бор йўғи сассиқ сувараксан-у, гердайишинг нимаси? Ҳали уйингга кирсанг, тирик қоласанми-йўқми, буни худо билади. Уй эгаси аэрозол сепган бўлса, бўғилиб ўласан-ку, хумпар! Ўткинчи дунёда мундай қумурсқагарчилик қилсанг камайиб қоласанми? Эътиборинг учун мен қанотли чумолилар зотидан бўламан. Ота-боболарим саттанг-а девзира гуруч, қорни қаппайган арпа, буғдойларни кўтариб, дарёнинг нариги қирғоғигача учиб ўта олган. Сен тугул, қўнғизлар, арилар ҳам уларга яқинлаша олмаган. Чунки нишлари ўткир бўлган. Нима қилайки, пешонам ярқирамаган экан. Шаҳарда яшаганим етмай, қисматнинг дўллари, бўронлари қанотимни синдирган. Нишларимни ўтмаслаштирган. Ёмонларнинг касрига қолганман. Нишларимни олдинга узатай десам, тумшуғимдан нарига ўтмайди. Буям етмагандай, менда бўй, савлат ҳам йўқ. Қаршимдагиларга фақат бошимни осмонга кўтарсамгина қарай биламан. Локигин феълим барибир отамга тортган. Хўрликка тоқат қила олмайман. Хафа қилгудек бўлса, манаман деганни бўралаб сўкишга қурбим етади. Ана, тунов куни хирмонга чиқувдим айланиб. Очиғи, қорним тўқ, уйим донга тўла эди. Шунчаки зерикиб чиқдим. Ишонасанми, хирмон зўравонлар, тулкидай айёрларники бўлибди-қолибди. Биздай ғариб чумолилар чирана-чирана йиққан хирмонни талон-тарож қилиб ётишибди. У ерда сенга ўхшаган сувараклар ҳам талайгина экан. Текинтомоқлар нуқул қорин тўйдириш пайида. Биронтаси «Ҳой, ҳеч бўлмаса уч-тўртта буғдойни анави шўрлик чумолиларгаям қолдирайлик, ҳарқалай меҳнати сингган» демайди. Алам қилгани, сенинг қариндошларинг қутургандан қутурибди. Пашшани, арини, қўнғиз-у, сичқонни умуман тан олишмаяпти. Тартибга чақирмоқчи бўлгандим, сендан семизроқ суварак йўлимга чиқди-да: «Ўзингни босвол, ризқим яримта бўлмасин десанг, туёғингни шиқиллат! Ҳозир ари оғага тайинласам, адабингни бериб қўяди», деб пўписа қилди. Азбаройи алам қилганидан, мушук оғага арзнома битмоқчиям бўлдим. Нима қилай? Мушук оғанинг тилида ёзиш қўлимдан келмайди. «Қасос қиёматга қолмас» дедим-у, аста ортга қайтиб қўя қолдим…

Ие, ие, қарғабой ака, яхши юрибсизми? Оғзингизда нима тишлаб олдингиз, ака? Гўшт? Ў, қаердан ола қолдингиз? Нима? Нима деб қағилладингиз? Эҳ, тилингизни тушунмаганим ёмон-да! Тўғри-да, биздай ғариблар чумолидан бошқаси билан тиллаша олмаймиз. Шундай яралганмиз. Биз ювош-мўмин, қўй оғзидан чўп олмайдиганлар хилиданмиз. Майли, ҳали кўрамиз, қиш келсин, ҳолингиз қандай кечаркин.

Ҳай-ҳай, кимсан? Нега мени босиб ўтасан, ноинсоф? Қани, башарангни кўрай-чи! Вой-бў, мен филмикан дебман-а! Атиги шилқим қурбақанинг синглиси экансан-у! Мендай қанотдор чумоли авлоди давомчисини синдирмоқни, эзғилаб ташламоқни хоҳладингми? Сенга йўл бўлсин?!. Керак бўлса, фил билан олишишга кучим етади. Жа эпини топа олмасам, нозик ерини чақиб қочаман. Сен-чи, ўзингни малика қилиб кўрсатиб, шилқим қурбақабойларни алдашингни бил!..

Дарвоқе, қизлар масаласида гап кетдими? Сира шу мавзу тугамас экан-да! Уч-тўрт кундан бери энди эсдан чиқарувдим…

Мен ҳам эркакман. Сайр қилиб юрганимда, кўплаб нозанинларга кўзим тушади. Мени кўрган олий зотли суваракойлар ҳам беихтиёр қанот қоқиб, гўё нозли боқа бошлашади. Асаларихонлар теграмни айланиб учиб, мени обдон кузатишади. Қоп-қора матодан кўйлак-лозим кийган пашшабонулар рўпарамга қўниб, тиллашишга уринишади. Афсус, минг афсус, кимлигимни, нишларим калталиги, қанотим йўқлигини кўргач, юз буриб кетишади. Меҳнатсеварлигим, болапарварлигим, меҳрибонлигим, қалбим тўла муҳаббат эканигаям қараб ўтиришмайди. Нимаймиш, уларга қанот қоқса, дунёнинг ярмига учиб ета оладиган, ниши узун, бўйдор, оёқ-қўли чаққон эркак керакмиш.

Майли, суваракбой, кўриб турибман, бу ҳасратларимни эшитиб, кўзларингга ёш келди чоғи. Хафа бўлма, бир бошга бир ўлим-да энди! Биламан, сенам мендай ғарибсан. Бу дунё шунақа, оғайни! Қариндош-уруғчилик фақат зўрларда бўлади. Биздайлар билан қариндош бўлишга ор қилишади. Кел, дўст бўламиз, суваракбой! Розимисан? Баракалла! Жа тушунган йигит экансан! Башарти, аэрозолдан бўғилиб ўлмасанг, эртага яна кўришайли-ик! Биргалашиб далага чиқардик. Момом айтиб берган, дала қумурсқалари жуда очиқкўнгил, соддадил бўлишаркан. Ажабмас, ўша ердан бахтимизни топсак-а?

Олимжон ҲАЙИТ

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc