Термизда Афғонистон Бош консулхонаси очилди

0

Бугун, 16 октябрь куни Термиз шаҳрида Афғонистон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Бош консуллиги иш бошлади. Бу ҳақда Uz24.uz нашри хабар бермоқда.

Шу муносабат билан дастлаб Сурхондарё вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Баҳодир Пўлатов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев, Афғонистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Носир Аҳмад Андеша бошчилигидаги афғон делегацияси аъзолари, шунингдек, Афғонистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Саййид Шаҳобиддин Темурий, Ўзбекистоннинг Мозори Шарифдаги бош консули Миродил Абдураззоқов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасида барча соҳаларда изчил алоқалар ўрнатилганлиги, Термизда Афғонистон бош консулхонасининг иш бошлаши бу ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлишини таъкидлашди.

Шундан сўнг шаҳар марказида жойлашган консуллик идорасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Афғонистон бош кунсули этиб Сангин Скандарий тайинланганини маълум қилинди. Меҳмонлар консуллик биносида афғонистон дипломатлари учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.

Консулхона эндиликда мамлакатимизга вақтинчалик ўқиш, ишлаш ва сайёҳлик мақсадларида ташриф буюрувчи афғонистонликларга кириш визалари, шунингдек, фуқаролик масалаларига тегишли бўлган ҳужжатларни расмийлаштириш, барча турдаги консуллик-ҳуқуқий ёрдамини кўрсатиш ва консуллик ваколатига кирувчи бошқа вазифаларни амалга оширади.