Болливуднинг энг ёрқин 31 юлдузи бетакрор рақс ижро этган фильм

0

«Ом Шанти Ом» — томошабинларни жалб қилган фильм. Унда Шоҳрух Хон суратга тушган. Лекин картинанинг ютуғи бош ролни Болливуд қироли ижро этганида эмас. Фильмни томоша қилган бўлсангиз, бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўлгандирсиз…

Сюжет ҳақида: Ом Пракаш Махижа (Шоҳрух Хон) 70-йиллар киносаноатидаги ёш актёрлардан. У дўсти Паппу (Шреяс Талпаде) билан бирга катта артист бўлишни орзу қилади. Онаси Бела Махижа (Кирон Кхер) ўғлини қўллаб-қувватлайди. Ом киносаноатдаги машҳур актриса Шанти Прия (Дипика Падукон)ни яхши кўради.

Ом Шантини «Орзудаги қиз» фильми премьерасида учратади. Кейин бир фильм съёмкасида актрисани ёнғиндан олиб чиқиб, ҳаётини сақлаб қолади. Шундан сўнг улар дўст тутинади. Шанти Приянинг фильмларига Мукеш Мехра (Аржун Рампал) продюсерлик қилади. Шанти ва Мукеш, аслида, турмуш қуришган бўлади, бироқ продюсер бу муносабатларни овоза қилишни истамайди. Сабаби, у «Ом Шанти Ом» фильми учун бадавлат бизнесмендан пул олмоқчи ва қизига уйланмоқчи эди. Шанти эса ҳомиладор. Буларнинг баридан воқиф бўлган Омнинг қалби тилка-пора бўлади.

Мукеш Шантини алдаб, фильм съёмкаси учун қурилган декорацияларни ёқиб юбормоқчилигини айтади. Бироқ қизни у ерга олиб боргач, Шантини ичкарида қолдириб, декорацияга ўт қўяди. Шанти қанча ёлвормасин, дод-войларига қулоқ солмайди. Шантининг олов ичида қолганини кўрган Ом уни қутқаришга уринади. Бироқ бунга кеч эди. Уни ҳомиладор хотинининг ёнига шошилаётган Ражеш Капур (Жавед Шейх) машинаси билан уриб кетади. Ом вафот этади. Ражеш ўғил кўради. Болага Ом деб исм қўяди…

Фильмнинг кейинги воқеалари янада қизиқарли тус олади. Зеро, Ражешнинг ўғли қиёфасида Ом қайта дунёга келган эди…

«Ом Шанти Ом» ҳинд киносаноатида 2007 йил яратилган энг зўр хитлардан бири бўлди. Бир талай мукофотларни қўлга киритди. Бунда режиссёр Фарах Хоннинг ҳиссаси катта. Аслида, Фарах ўз фильмларида ўзига хосликка катта аҳамият беради. Буни унинг илк картинаси «Мен борман-ку»да ҳам пайқаш мумкин.

Фильмнинг эътиборли жиҳатларидан бири шуки, «Dewangee Dewangee» қўшиғига ишланган рақс саҳнасида Болливуднинг энг ёрқин 31 юлдузи бетакрор рақс ижро этади. Улар орасида 70-80 йилларда катта шуҳрат қозонган Житендра, Дхармендра, Митхун Чакраборти, Рекха ҳам бор. Амитабх Баччан, Абхишек Баччан, Акшай Кумар, Фероз Хон, Ритик Рошан, Каран Жохар, Риши Капурлар эса мукофот топшириш саҳнасида кўриниш беришади. Дарвоқе, бу саҳна юморга бой. Айниқса, Акки билан Абхининг санъатига тан бериш керак.

«Ом Шанти Ом»да бош ролни ижро этган Дипика Падуконнинг катта экрандаги илк иши бўлса ҳам, картинани томоша қилиш давомида уни бошловчи актриса деб ўйламайсиз. Дипика ўз қаҳрамонини ишонарли ва жонли ўйнай олган.

Хуллас, «Ом Шанти Ом» Болливуднинг барча юлдузлари жамланган, романтика ва кулгига бой, Шоҳрух Хон эса ўзга қиёфада намоён бўлган фильмдир.

Н. ҚУРБОНБОЕВА тайёрлади.