ЎТКИР ИНФАРКТГА УЧРАГАН БЕМОРДАН ТУРЛИ КАСБ ЭГАЛАРИ ШУНДАЙ ҲОЛ СЎРАЙДИ:

0

 

Қурувчи (қўлидаги андаваси билан қаншарини қашлай-қашлай): — Ие, ака, бу қанақаси? Соппа-соғ одамнинг каравотга ястаниб олганини қаранглар-а! Бир оғиз айтиб ҳам қўймабсиз-а, вей! Ғишт қолипдан кўчгандан кейин билибмиз-а, ака!?.

Қассоб (узундан-узун ўткир пичоғини тош қайроққа ишқалаб): — Бай-бай-бай-бай-й-й!!! Мунча рангингиз оқариб кетибди, иним? Қон чиқарвормаса бўлмайди!

Сувчи (қўлидаги ўн килолик кетмонни ерга алам билан уриб): — Сенга неча марта айтгандим-а уёқ-буёғингга қараб юр деб, ука!?. Мана, барибир даҳананг тиқилиб қопти-ку-у-у!!!

Такси ҳайдовчиси: — Э, ока, бор йўғи вал ушлаб қолибди-ку! Ҳозир-чи, техника ривожланиб кетган. Хафа бўлаверманг, бир марта очиб ёпворишса, ишлаб кетади!

Гўрков (яктаги этагини қоқа-қоқа): — Иним, аввало шифо берсин-у, локигин бу тахлит ётаверманг! Тез-тез соч-соқолни қиртишлаб, уёқ-буёғингизга атир-патир сепиб туринг! Оллоҳ гўзал, тартибли бандаларини хуш кўради!

Отарчи: — Қани, ока, энди омин қилайлик! Илойим уйингизда тўй бўлсин-у, сизга «Муножот»га беармон ўйнаш насиб қилсин! Биз… Майли, «томсувоқ»да бўлсаям хизматда турайлик! Фақат… Бойвачча инилардан кўпроқ чақирасиз-да, ока, ҳи-ҳи-ҳи-ҳи-ҳи!!! Ҳазил, ҳазил!!!

Машшоқ (юзини терс буриб): — Сал создан чиқибди-да, шўрлик! Ҳечқиси йўқ, бир-иккита симини янгилашса, яна жаранглаб кетади.

Новвой (юзларини дастрўмолчаси билан елпий-елпий): — Кеча денг, тандирга нон ёпаётсам, нонимнинг биттаси тушиб кетувди. Аммо куймади ҳарқалай… Эмига-да, ока, эмига! Мана, кўрдим, хайрият, икки юзингиз патирларимдай қип-қизил экан!

Сувоқчи: — Кемтик бўп қолганингизни кўриб ачиниб кетдим. Ҳа энди сувоқ чиройли, мустаҳкам чиқиши учун лойи пишиқ бўлиши керак-да!

Тракторчи (болғаси билан каравот темирига уриб-уриб): — Ока, прицепингизга тан бердим, тан! Вей, баллонлари тешилиб, ялпайиб қолсаям орқангиздан қолмайди-я! Мен ҳали яна узоқ йиллар қора тутун сизга бегона бўлмасин дейман!

Ҳасадгўй: — Менга қаранг, анави қўшнимни танийсиз-а? Э, бошининг олдимас, орқа тарафи кал бўп қолган бойвачча қўшним бор-ку, ўша! Кеча яп-янги «Жип» опкелиб, дарвозаси ёнига қўйволибди ярамас! «Сенинг «Нексия»нгам машинами?», демоқчи бўлган-да! Худоё худовандо яқин орада мана шу бўш каравотга келиб ётиб, сизга палатадош бўлмаса розимасман!

Пахтакор: — Шундай одам-а, шундай одам! Вой тавба-а-а! Рангингиз пахтадай оқариб, ғўзапоянинг чўпига ўхшаб қолибсиз-а, муллака! Илойим тезроқ тикланиб, мундай тузук-қуруқ тош босадиган бўлинг!

Бозорчи (норози қўл силтаб): — Қуриб кетсин, анчадан бери бозор нол! Савдо йўқ! Пашша қўришдан нарига ўтолмай қолдик, акамулло!.. Вой-вой-вой! Қаерларда ётибсиз, акамулло? Кўрпанинг чоки нотўғри тикилган! Оҳори кетиб бўпти! Ёстиғингизам Хитойникига ўхшаяпти. Иримига тўғри келмайди-ку, ахир!.. Янгамга айтинг, бугуноқ юз минг сўм олиб меникига чопқилласин! Кўрпа-ёстиқнинг додалари ўзимда, ҳа! Бош-кўзингиздан садақа-е ўша юз минг сўм!

Монтёр: — Ока, юрагингизнинг ват-паттлари пасайиб кетган кўринади. Бир-икки заземление бериб, замикат қилвориш керак! Ёришиб кетасиз!

Дуохон домла (қўлидаги қамчинни силкитиб): — Вой-бў-ў-ў, бўтам, сизни оқ-қора жинлар ўраб бўлибди-ку! Сира пайсалга солмай қора товуқ атанг! Семизроғидан, қаттиқроқ қағиллайдиган хилидан бўлсин! Жинларни ҳайдайди ўша!

Қўйфуруш (беморнинг ўнг қўлини маҳкам сиқиб): — Вей, дўст, мени айтди дейсан! Узоғиминан бир ярим ойда югуришда қора қўчқорданам ўтадиган бўласан! Нима? Икки ой? Бўпти, сеникияммас, меникияммас, бир ярим ой-у икки кун! Барака топайми?

Ошпаз: — Олов эдингиз-да ўзингизам, иним! «Ҳай, сал ўзингизни босволинг, алангаланаверманг», дегандим-ку! Мана, барибир ошни тагига олдириб бўпсиз!

Дурадгор: — Аввалдан пойдеворингиз мустаҳкам бўлмаган экан, биродар! Майли, ишқилиб, синч-устунлар бақувват бўлсин! Ҳа, синч-устунлар бақувват бўлса, уй чўкади, локигин қулаб тушмайди!

Компьютер устаси (керишиб): — Ие, ока, намунча мурватларингиз бета версияга ўхшаб бўшашиб қопти? Экранни ёриштирмайсизми мундай?

Ҳофиз: — Ока, сизнинг томоқминан юракдаги авж пардаларингиз заифлашиб қолган! Кунига хом тухум ютиб туринг, тез орада Маъмуржон Узоқов бўп кетасиз!

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc