“Муҳташам юз йил”дан “Чуқур”га тушиб қолган Арас

0

Арас Булут Ийнемли — томошабинлар «Муҳташам юз йил» телесериалидаги Боязид роли билан таниган кўркам ва бошқаларга ўхшамаган актёр. Аммо энди мухлислар уни «Чуқур» сериалидаги бош роль ижрочиси деб билишади.

Манбаларда ёзилишича, Арас 1990 йил 25 августда Туркиянинг энг йирик саноат ва маданий маркази — Истанбул шаҳрида туғилган.

Араснинг оиласи зиёли бўлиб, беш кишидан иборат: Арас, онаси, отаси, опаси Жейд ва укаси Орка. Ота-онаси уларда болалигиданоқ санъатга муҳаббат уйғотишга уринган. Шунинг учун Жейд таниқли қўшиқчига айланиб, ҳаётини мусиқа билан боғлади, Орка эса ёзувчи ва сценарийнавис бўлди. Аммо Арас тақдирини ижод билан боғлашга ошиқмай, ўзини бошқа соҳада синаб кўришга қарор қилди.

Ўрта мактабни битиргач, Арас Истанбул техника университетининг авиацион техника факультетига ҳужжат топширди. Йигит кўркам ташқи қиёфаси билан тенгдошлари орасида ажралиб турар, моделлик агентлари ва режиссёрларнинг эътиборини тортарди.

Арас ижодий фаолиятини қатор машҳур брэндларнинг реклама роликларида суратга тушишдан бошлади. Ўқувчилигидаёқ «Қайтиш майдони» (2008) сериалининг суратга олиш майдончасида пайдо бўлиб турди.

«Бебаҳо вақт» (2010-2012) лойиҳасида роль ижро этгандан сўнг Арас, ниҳоят, танилди. Гарчи бу сериалда у бош ролни ўйнамаса ҳам, нуфузли мукофотни қўлга киритди.

2016 йилда Арас Булут Ийнемли янги «Ичкарида» телесериалида Чағатай Улусой билан бирга суратга тушди. Икки истеъдодли актёр экранда тақдир туфайли йўллари айрилган ака-укани ўйнади.

Ёш ва кўркам актёр доимо аёллар эътиборида. Унинг мухлисалари жуда кўп, аммо шахсий ҳаёти ҳақида журналистлар билан гаплашишни истамайди. Фақат шуниси маълумки, Арас ҳали уйланмаган, жуфтини топиш умидида.

Миш-мишларга қараганда, «Муҳташам юз йил» сериалида суратга тушиш чоғида Арас ва актриса Буржу Ўзберк ўртасида ишқий муносабат бошланган, бироқ уларнинг романтик муносабатлари ҳақидаги гап-сўзлар тасдиғини топмади.

Ҳозирда Арас актриса Биге Онал («Марал» фильмидаги ҳамкасби) билан учрашиб туриши маълум. Манбаларда айтилишича, улар кўп вақтларини бирга ўтказишади. 2017 йилда улар «Бу содир бўлди» комедиясининг тақдимотига бирга боришди.

2018 йилда турк матбуоти Арас ва унинг севгилиси Биге Онал муносабатларини никоҳ билан мустаҳкамлашга тайёрлигини, яқин келажакда шу томон илк қадам қўйишларини маълум қилди.

Шунингдек, жорий йилда Арас иштирокидаги янги драма — «Чуқур» телесериали экранларга чиқди. Бу сериалда у мураккаб ролни ижро этди, «Чуқур» эса йилнинг энг оммалашган ва қизиқарли лойиҳаларидан бири бўлди.

АКТЁР ҲАҚИДА ҚИЗИҚАРЛИ ФАКТЛАР

Бўйи: 182 см.

Вазни: тахминан 70 кг.

Ижтимоий тармоқда: «Instagram»да ўз саҳифаси бор, янги суратлари билан мухлисларини хурсанд қилиб туради.

Ёқтирган машғулоти: мусиқа тинглаш, саёҳат қилиш.

Иштирокидаги лойиҳалар: «Хавфли кўчалар» (2006-2010), «Маҳмуд ва Марьям» (2013), «Наҳотки биз бир-биримизни тушундик?» (2013-2014), «Муҳташам юз йил» (2014), «Тез орада» (2015-2016), «Марал: менинг энг гўзал қиссам» (2017), «Чуқур» (2018).

СЕВИНЧ тайёрлади.

(“Ҳордиқ плюс” газетаси хазинасидан)