Тунги гўзаллик сирлари

0

Кун давомида қандай юмуш билан машғул бўлишимиздан қатъи назар ҳаммамиз тунда ухлашга ётамиз. Уйқу олдидан қилинадиган ҳар бир иш гўзаллигингизга таъсир қилмай қолмайди. Қуйидаги тавсияларимизга амал қилсангиз, ташқи гўзаллигингиз ҳамда саломатлигингизни уйғунлаштира оласиз, деган умиддамиз.

«Зарарли» одатлар ҳар биримизда топилади. Кимдир кунига беш маҳал қаҳва ичади, кимдир кечки кино сеансларига бориб, попкорн истеъмол қилади. Агар бу ишни ойда бир маротаба қилсангиз, майли-я, лекин бу одат тусига кирса яхши эмас.

Пардоз билан ухлаш

Бу ҳақда кўп гапирилган. Лекин эслатиб ўтиш зарар қилмайди. Буни қарангки, аёлларнинг 40 фоизи бу қоидага амал қилмас экан. Шундай экан, уйқуга кетишдан олдин пардозни ювиб ташлаш биринчи рақамли қоидага айлансин.

Кун давомида чанг билан бирга турли бактериялар пардозингизга ўтириб қолади. Бундан ташқари, ёстиқда барча пардозингиз бўялиб кетади. Шу одатдан қутулган заҳоти юздаги ҳусунбузарлардан халос бўлганлар ҳам талайгина.

Сочингизни қаттиқ тортиб йиғиб олманг

Вақт ўтиб бу одат соч синишига, кейинроқ эса тўкилишига олиб келади. Яхшиси, сочларни ёйиб ёки енгилгина ўриб ётган маъқул.

Уйқудан олдин шакар истеъмол қилиш

Озгинадан кейин вазн орттириб олишингиздан ташқари, бу эрта кексайишга олиб келади. 2017 йили Американинг клиник таомланиш институти мутахассислари олиб борган тадқиқот натижасида уйқу олдидан таркибида қанд кўп бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш танадаги коллаген моддасининг ишлаб чиқарилиши бузилишига олиб келиши аниқланган. Бундай бузилиш терининг эрта қаришига йўл очади. Терининг силлиқ бўлишига айнан мана шу коллаген моддаси сабаб бўлади. Шундай экан, уйқу олди шакар ҳамда шакарли нарсаларни истеъмол қилманг.

Уйқу олдидан гаджет билан вақт ўтказиш

Ҳозирда бундай қилмайдиган одамни топиб бўлмайди. Ҳар биримизнинг қўлимизда гаджет. Ҳаётимизни уларсиз тасаввур қилолмай қолдик. Аммо уйқуга ётишдан ҳеч бўлмаганда бир соат аввал гаджетни четга суриб қўйинг. Яхшиси, китоб ўқинг. Шу билан эрталабгача гаджетингиз билан хайрлашинг. Энг аввало, кўзингизга фойда. Кейин эса ташқи гўзаллигингиз ҳақида гапирса бўлади.

Қўл кремидан фойдаланинг

Кун давомида қўлларимиз ёрдамида кўп иш қиламиз. Аммо унинг парвариши ҳақида кўпчилик ҳам ўйлайвермайди. Бу эса уларнинг тез қуриб, эрта қаришига олиб келади. Шундай экан, уйқуга ётишдан олдин қўлга крем суртиб олиш ҳамда иложи бўлса  қўлқоп кийиб юриш қўлларингиз учун муносиб парвариш бўлиши мумкин.

ХОЛИДА тайёрлади.

(«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан)