“ХАВФЛИ ДОРИ” (ёхуд носкашнинг носи қани?)

0

 

Касалхона жонлантириш бўлими палатаси. Ўнгдаги каравотда ўрта яшар, соқоллари ўсиб кетган, баданининг уч-тўрт ерига қандайдир шланглар уланган йигит ётибди. Чапдаги иккинчи каравотга ёши етмишга етаёзган, чўққисоқол қария ўрнашиб ўтириб олади-да, эшик тарафга ўқрайганча эшитилар-эшитилмас ғудранади.

Қария: — Ётқизмасмиш-а! Вой ярамас-эй! Мени ким деб ўйлайди ўзи?.. Ўл-а, каттангни чақир деганимдан кейин типирчилаб қолди-ку! Қўрқмайсан-а, қўрқмайсан!.. Уф-ф, қачон кириб укол қилишаркин энди? Юрак тортишиб кетяпти-ку!.. Анави жинқарча хомшираси кела қолсайди!.. Умуман, ғалати дўхтиракан. Нуқул дудуқланадими-ей! Дори ёзаман деганига ўлайми?!. Олдин оғриқни қолдир, хумпар, кейин гаплашаверамиз!.. Анави йигитнинг ҳаммаёғига шланка улаб ташлашибдими? Бечора, анчагина ўсал бўпти шекилли-да!.. Локигин манави курси, майда-чуйдаларни ёнимга қўйдирволиб яхши иш қилдим. Ана энди жон оғримай қолса, бемалол ётавераман. Жинам урмайди!.. Бетамизлар, тезроқ келмасмикан-а? Ўликмисан-тирикмисан дейишмайди-я!..

Шу пайт палата эшиги очилади-ю, дўхтир яна бир оқ халатли эркак, икки ҳамширани эргаштириб ичкарига киради. Барчалари қариянинг тепасига бостириб келади. Дўхтир ингичка мўйлабчаси уча-уча қарияга совуқ тикилади. Орқадаги эркак ва ҳамширалар ҳам қарияни еб қўйгудек кузата бошлашади.

Қария (қўрқибми, ҳайратланибми, бир муддат тепасидагиларга ғалати боқади): — Ҳа, болам, тинчликми? Бирор гап бўлдими?.. Ие, нега менга бунақа ёмон қараб қолдиларинг? Ундан кўра тезроқ укол қилсаларинг-чи!

Дўхтир: — У-уколга улгурасиз. Б-б-бошқа гап чиқиб қолди, б-бобой!

Қария (қайсарлиги тутиб): — Йўқ, бунисига келишмаганмиз. Олдин укол қил, ана ундан кейин гаплашаверамиз!

Дўхтир оғир хўрсиниб ёнидаги ҳамширага имо қилади. Ҳамшира қисқа муддат ичида қарияга укол қилади. Қария шундан сўнг чуқур-чуқур нафас олади-ю, чўққи соқолини тутамлаганча дўхтирга юзланади.

Қария: — Хўш, болам, нима гап? Мана энди гапир!

Дўхтир (орқадаги шеригининг биқинига туртиб олиб): — Б-бизга айтишдики, сиз палатага хавфли дори олиб кирганмишсиз? Қани ўша дори?

Қария (энди чўққи соқолини иккала қўли билан олдинма-кетин тутамлаб): — Астағфирилло-о! Мен-а?

Дўхтир: — Ҳ-ҳа, сиз! Қ-қани ўша дори? К-к-кўрсатинг!

Қария: — Вей, болам, туҳмат қиласан-а кўзимга қараб! Терговчи бўлганингдаям тергайвериб ўлдириб қўяркансан-да-а?

Дўхтир: — С-с-сиз ким бўпсиз менга б-б-бақириб?

Қария: — Менми? Мен пэнсанерман! Нима дейсан?

Дўхтир: — Д-д-дорини кўрсатинг!

Қария (баттар қайсарланиб, соқол-мўйлаби титраб): — Кўрсатмайман!

Дўхтир: — Ҳ-ҳ-ҳали шунақами? Я-я-яхши-и-и!!!

Дўхтирнинг нимадир қилиш учун тараддудланганини кўрган ҳамширалар, орқадаги эркак каравотга яқинроқ келишади.

Қария: — Ие-е-е! Бу нимаси тағин? Урмоқчимисанлар мени? Мени-я? Пэнсанерни-я? Ур, қани, ур! Юрак оғриб турибди-да, бўлмаса, анави ҳассаминан савалардим ҳаммангни!

Дўхтир (қариянинг сўзларига эътибор қилмай, курсидаги идишчага, бир тутам қирқилган қоғозчаларга ишора қилади): — Хўш, анави нима?

Қария: — Уми?.. Вей, болам, кулгимни қистатмагин! Ўзи-чи, мазам қочиб турибди.

Дўхтир (баттар қовоғи уйилиб): — Бобой, шу ёшда маза қолармиди? Гапиринг, бу нима?

Қария (ҳамшираларга аланглаб): — Қўй, шу гапни айттирмай қўяқол! Ҳарқалай аёлларнинг олдида ноқулай…

Дўхтир: — А-а-аёллар билан ишингиз бўлмасин! Бу нима деб сўрадим! Ж-ж-жавоб беринг!

Қария: — Нима бўларди? Ўзинг кўрмаяпсанми? Идиш. Ҳалиги… Нимайди… Ҳа, коффедан бўшаган.

Дўхтир (идишни қўлига олади ва қоғозчаларни кўрсатади): — Улар-чи? Улар нима?

Қария: — Қ-қ-қоғоз-ку!!! (Шундай дейишга дейди-ю, кутилмаганда икки елкаси оша туф-туфлаб, иримига эринмай энгашганча уч марта полни муштлаб қўяди) — Билиб, кўриб туриб сўрайсан-а!.. Ишонмасанг, ичини очиб кўр!

Дўхтир қоғозни очади-да, ичидагини ҳидлаб қарияга жавдираб қарайди.

Қария: — Ма, мана бу носкади, буниям текшириб кўр!

Дўхтир нос тўла идишни қўлига олиб уни ҳам ҳидлаб кўради ва кўзлари олайиб ёнидагиларга бир-бир қараб олади.

Дўхтир: — Ахир… Б-б-бу… Заҳар-ку! Ҳ-ҳ-ҳали сиз а-атроф-муҳитни, б-б-беморларимизни заҳарламоқчимидингиз?

Қария: — Ё навзамбилло! Қўй-э, болам, қўй-э! Бу матоҳни эллик йилдан бери отаман. Ҳали бировнинг заҳарланиб ўлганини кўрганим йўқ. Қўйгин-э!..

Дўхтир (қаддини ғоз тутиб, халати ёқаларини тўғрилаб): — Қ-қ-қани, гапиринг, бобой, мақсадингиз нимайди?

Қария: — Эзвординг-да ўзингам! Кўрдинг-ку, бу нос! Мен-чи… Ҳалиги… Нимайди… Ҳа, аккуратний бобойларданман. Манави палатанг ифлосланмасин дейман. Шунинг учун носни худди ўша қўлингдаги қоғозга туфлаб, идишга беркитиб қўяман. Сен қип-қизил туҳматчи экансан-ку! Вой-вой-ей, юрагим баттар оғриб кетди-я! Уколингам ўзингга ўхшаган қайсармиди дейман сира таъсир қила қолмаяпти!..

Дўхтир қариянинг сўнгги гапи таъсир қилдими, сал бўшашган бўлиб ёнидагиларга «чиқ» ишорасини қилади. Қолганлар бири елка қисган, бошқаси кулимсираган кўйи чиқиб кетишади. Дўхтир эса қарияни елкасидан тутган ҳолда каравотга ётқизиб, қулоғига шивирлайди.

Дўхтир: — Ҳ-ҳ-ҳазиллашдим, бобой, ҳазиллашдим! Фақат буни камроқ отинг, ўзингизга фойда! Тузалиб кетинг!..

Шундай дейди-ю, дўхтир ҳам пилдираганча палатадан чиқиб кетади. Қария бир муддат каловланиб ётгач, даст ўрнидан туради.

Қария: — Оббо, қизиталоғ-ей! Жа ҳазилкашакансан-ку-а? Тўйчи неварамданам ёмон ҳазиллашаркансан. Ҳе уйинг донга тўлгур! Юракни ёрворай дединг-а!..

Қария сўзлана-сўзлана, дафъатан чўнтакларини пайпаслай-пайпаслай, жонҳолатда ташқарига қўл чўзиб қичқиради: — Ҳой, дўхтир бола-ам! Ҳеч бўлмаса носни ташлаб кетгин, носни-и-и!!!

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc