Ҳақиқий ҳангоманинг бундан баттари бўлмайди…

0

 

 

ҒАРИБ ЖУРНАЛИСТНИНГ КЎРГАН-КЕЧИРГАНЛАРИ

 

* * *

 

Худди бизнинг замонда деразалари қулаб тушаёзган, ваннахонасидаги трубалардан елкага чакка томиб турувчи, ошхонасидан суварак аримайдиган, балконсиз, зах ҳиди уфуриб тургувчи «однушка»да ожиз-у нотавон, ғарибдан ғариб шоир, журналист яшаган экан. У ҳар куни ярим кечаси ҳовлига чиқиб тиз чўкаркан-да, худога нола қиларкан.

— Худойим, бир милён сўм бер, ойликкача етволай! Аммо… Айтиб қўяй, 999 минг сўм берсангам олмайман!..

Журналистнинг бойвачча фермер қўшниси бор экан. Ҳар гал унинг нолаларини девор ортидан туриб эшитаркан-у, елка қисиб қўя қоларкан. Охири бир куни журналистни синаб кўрмоқчи бўлибди. «Қани, журналист қасамхўрмикан, ё аксимикан?», деган ўйда халтачага 999 минг сўм пулни солибди-ю, девордан ошириб ташлабди. Журналист нола чека-чека қараса, ёнгинасида халтача пайдо бўлибди. Шошиб ичини очса, пул. Санаб кўрибди. 999 минг сўм экан. Бирпас қаншарини қашиб турибди-да:

— 999 минг сўмни берган худо қолганиниям бериб қолар! — дебди-ю, халтачани қўйинга уриб, уйига равона бўлибди. Бойвачча фермернинг жони чиқиб кетаёзибди. Пул аччиғи, жон аччиғи-да! Югурганча журналистникига чиқиб бақира кетибди.

— Сиз худога нола қилиб, «Эй худо, бир милён сўм бер, 999 минг сўм берсангам олмайман», деяверганингизни эшитиб, сизни синаб кўрмоқчи бўлгандим. Бу пуллар меники!

— Ие, — дебди ғариб журналист. — Бу пулларни менга худо берди. Мен ердан ҳатто итларнинг оёғи узилган маҳал худойимга нола қилиб сўрагандим. Мана, берди!

— Бунақаси кетмайди, — дебди ғижиниб бойвачча фермер. — Судга борамиз. Судья ажрим қилсин!

— Судга? — дебди елка қисиб ғариб журналист. — Судга бориш учун янги кийимим ҳам, уловим ҳам йўқ. Мен судьянинг олдида шарманда бўлишни хоҳламайман!..

Бойвачча фермер азбаройи аламига чидай олмай, унга янги бош-оёқ сарпо, машина ҳадя қилибди. Улар судга боришибди.

— Жаноб судья, — дебди бойвачча фермер. — Манави одам нуқул худодан «Худойим, бир милён сўм бер! 999 минг сўм берсангам олмайман!», деявергани учун синаб кўрмоқчи бўлиб халтачага 999 минг сўмни жойладим ва деворнинг нариги тарафига ирғитдим. Энди пул меники десам тан олмаяпти. Пулларни менга худо берди деб туриб олди.

Судья ғариб журналистга юзланиб сўрабди:

— Ўртоқ журналист, қўшнининг гаплари ростми?

— Жаноб судья, — дебди ғариб журналист. — Қўйиб берсангиз, бу ярамас манави устимдаги кийимлар, ҳовлида турган машинаниям меники дейди!..

Бу гапни эшитган бойвачча фермер жонҳолатда тиз чўкибди-ю, қичқирибди.

— Ҳа-а, кийимлариниям, ҳовлидаги машинаниям мен олиб бердим, мен!!!

Судья бир қарорга келибди. Бойвачча фермерни пўписалаб ҳайдабди. Ғариб журналистни эса тавозе билан кузатиб қўйибди.

Аммо… Ташқарига чиқаётганда, ғариб журналистнинг ожиз-у нотавонлиги тутибми, ё бошқа сабаб бўлибми, бошини эшик кесакисига уриб олибди. Чунонам урибдики…

Кўзларидан ўт чиқиб кетаёзибди.

Зарба миясини чайқай-чайқай, кўзларини каттароқ очибди.

Не кўз билан кўрсинки, у ўзининг деразалари қулаб тушаёзган, ваннахонасидаги трубалардан елкага сув томчилаб тургувчи, ошхонасидан суварак аримайдиган, балконсиз «однушка»сидаги каравотда ётган экан.

Кўрган-кечирганларининг барчаси туш бўлиб чиқибди.

Шоша-пиша ўрнидан туриб телефонига ёпишибди.

Оҳ, худойим! Қанчалар меҳрибонсан!!!

Қўллари дард кўрмасин!

Худо хайрларини берсин!

Ишхонасидаги бухгалтерлар одатга кўра маошининг ярмисини пластик карточкасига ташлаб қўйишган экан. Ура!!!

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc