«Мақсад», «Миллионер келин», «Темур», «Жонимга тегдинг, жоним», «Найранг» фильмлари қанча томошабин тўплади?

0

Режиссёр Рустам Мелиев томонидан суратга олинган «Мақсад» фильми октябрь ойида энг кўп томошабин тўплаган фильм бўлди, деб ёзмоқда kun-u-tun нашри.

Мазкур фильм жорий йилнинг 14 сентябрь санасида илк маротаба кенг омма ҳукмига тақдим этилган эди. Фильмда коррупция сабаб, ўз вақтида фош этилмаган, аксинча, уни яшириш ортидан бахтли бир оиланинг тақдирига нуқта қўйилишига сабаб бўлган қонли жиноят ва уни фош этишда ички ишлар тизимида ҳалол меҳнат қилиб, адолат қарор топишига ҳиссасини қўшиб келаётган виждонли ходимларнинг маҳорати намоён этилган. Бош ролларни Сейдулла Молдаханов, Тоҳир Саидов, Бобур Йўлдошев, Шаҳзода Матчонова, Юлдуз Ражабова, Нигора Каримбоева, Анвар Картаев, Kлaра Крит ва Жамшид Асадовлар ижро этган.

2-ўринда ёш режиссёр Отабек Мирзахоловнинг «Миллионер келин» картинаси. Ёшларнинг ҳаётга енгил қараши қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида ҳикоя қиладиган комедия жанридаги фильмда бош ролларни Отабек Мирзахолов, Дилшод Мирзамуродов, Беҳруз Тоҳиров, Ширин Исмоилова, Аҳмад Темуров, Мурод Ражабов, Саида Раметовалар ижро этган.

3-ўринда режиссёр Нодир Мўминов томонидан суратга олинган «Темур» фильми бўлиб, фильмнинг воқеалари халқаро терроризм ва Ўзбекистонда унга қарши амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳикоя қилади. Фильмда ватанпарварлик, дўстлик туйғулари илгари сурилган. Бош ролларни Алихан, Мирза Азизов, Элёр Маҳкамов, Саят Исембаев, Фарҳод Абдураимов, Максим Акбаров ва бошқалар ижро этган.

4-ўринда Мурод Иноғомовнинг «Жонимга тегдинг, жоним» картинаси. Комедик мелодрама жанрида суратга олинган мазкур фильмда бош ролларни Азамат Аҳроров, Муборак Ходжаева, Шоҳида Исмоилова, Ҳамид Тошпўлатов, Бекзод Муҳаммадкаримов, Хосият Ҳусановалар ижро этган.

5-ўринда Лазиз Ашуралиев режиссёрлиги остида суратга олинган «Найранг» фильми жойлашган. Муҳаммадисо Абдулхайиров, Мурод Ражабов ва бошқалар рол ўйнаган мазкур фильм ҳам комедия жанрида суратга олинган.