Олимлар умрни узайтириш учун генлардан фойдаланиш мумкинлигини аниқлашди

0

Инсон геноми хилма-хиллигини таҳлил қилиш орқали унинг умр давомийлигига таъсирини баҳолаш механизми ишлаб чиқилди. Ўртача умр давомийлигидан узоқроқ ёки қисқа умр кўриш, касалликларнинг қариликка боғлиқлиги ўрганилди.

Тадқиқот Америка генетиклари ассоциацияси ва Буюк Британия тиббий тадқиқотлар кенгаши ҳамкорлигида олиб борилди. Тадқиқот юзасидан Эдинбург университети докторанти Пол Тиммерс Сан-Диегодаги (Калифорния, АҚШ) конференц-марказда тадқиқот ўтказди деб хабар бермоқда Turon24.uz.

Тадқиқотчилар ҳаёт циклида муҳим омилларни тадқиқ этишди. Тарихда илк бор ўтказилган ушбу кенг кўламли тадқиқотда Британия биобанки захирасидаги 500 000 одам гени ҳақидаги маълумотлар ҳамда уларнинг ота-оналари кечирган умр давомийлигидан фойдаланган ҳолда изланиш олиб борилди.

Одатда бир нечта ген танлаб олиниб, инсон ҳаёти давомида шу ген туфайли содир бўлган ўзгаришлар ўрганилади. Бу сафар барча геномлар атрофлича кузатилиб, янада аниқроқ натижалар олиш ва келажакда ундан фойдаланиш мақсад қилиб олинди.

“Бир дона ген туфайли кузатилувчи ўзгаришлар кўлами жуда кичик бўлгани сабабли уларни илғаш қийин. Кўп сонли геном бизга умр давомийлигига сезиларли таъсир этувчи генларни фарқлаб олишга ёрдам беради”, дея аниқлик киритди жаноб Тиммерс.

Изланишлар натижасида олдинроқ маълум бўлган олти ген, шу жумладан, нейродегенератив ўзгаришга олиб келувчи АРОЕ гени ва шу билан биргаликда 21 та қариш жараёнига алоқадор янги генни аниқлашди.

“Фақатгина одам генетик маълумотидан фойдаланиб, биз 10 фоиз инсонлар энг ҳимояланган генларга эга экани, улар энг ҳимоясиз генли 10 фоиз инсонларга нисбатан ўртача 5 йил узоқ умр кўришини аниқладик”, дейди Тиммерс.

Тадқиқотчилар, шунингдек, генетик хилма-хиллик қариш жараёнига бевосита таъсир кўрсатиши ёки ўлимга олиб келувчи бирор касаллик шаклланиши асносида юзага келишига қизиқишди. Альцгеймер, юрак-кон томир касалликлари, чекиш кабилар ўртача умр давомийлигига таъсир этувчи касалликлар экани аниқланди.

Чекишга генетик мойиллик – одамзод замонавий тараққиёт даврига тўғри келиб, тамаки кашф этилишига қадар яшаш учун курашда бу қадар хилма-хиллик бўлмаган.

Ҳомила мия ҳужайралари ва катталар бош мия пўстлоғининг пешона соҳаси ҳужайраларида ёғлар алмашинуви жараёнини бошқарувчи генлар жойлашгани аниқланди. Бу эса мия умр давомийлигини белгиловчи муҳим орган эканини кўрсатади.

Тадқиқотчилар келгусида аниқланган генлар ёрдамида умр давомийлиги касалликлар билан боғлиқ ҳолда кечишини ўрганиб, ўртача умр давомийлигини узайтиришга уриниб кўришмоқчи.