Матлуба Дадабоева айрим санъаткорлар ва Зиёда ҳақида нима дейди?

0

Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Матлуба Дадабоева бутун умрини мақом қўшиқларини куйлаб, тингловчиларга маънавий озуқа беришга бағишлаган устоз санъаткорлардан. Унинг ижросидаги ўлмас тароналарни бир нечта авлод вакиллари тинглаб, вояга етган, десак муболаға бўлмайди. Элимиз ардоғидаги санъаткор билан сиз азиз газетхонлар учун суҳбат уюштирдик.

— Матлуба опа, аввало, сизни мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами арафасида «Меҳнат шуҳрати» ордени ҳамда «Тожикистон Республикаси халқ артисти» унвонига лойиқ кўрилганлигингиз билан газетхонлар номидан самимий қутлаймиз!

— Табрик учун ташаккур. Биласизми, инсон 60 ёшидан кейин бундай хушхабарларни эшитса, ёшига ёш қўшилиб, куч-қувватга тўлгандек бўларкан. Тожикистон Республикаси халқ артисти бўлиш етти ухлаб, тушимга кирмаганди. Ҳатто хаёл ҳам қилмаган эдим. Бир гуруҳ ҳукумат вакиллари ва санъаткорлардан устоз Шерали Жўраев иккимиз Тожикистонга бориб, юксак мукофотларни олиб, юртимизга қайтгач, бу ерда ҳам Президентимизнинг туҳфаларини шахсан ўзларининг қўлидан олганим чексиз қувонч бахш этди, кўзларимга севинч ёшлари қуйилиб келди.

Турмуш ўртоғим, фарзандларим, яқин қариндошларим ҳам шодланганидан менга қўшилиб йиғлашди (кулади). Илоҳим, бундай бахтли лаҳзалар барчамизнинг ҳаётимизни безаб турсин!

— Биламизки, Абдуҳошим Исмоилов, Муножат Йўлчиева, Замира Суюнова ва сиз каби устоз санъаткорларнинг ижроси сабаб ўзбек миллий мақом қўшиқларига европаликлар ҳам тан беради. Аммо кўплаб ёш авлод вакиллари сизларни таниш бир ёқда турсин, ҳатто мақом қўшиқларимизни тингламай, сўзлари алмойи-жалмойи қўшиқларни эшитаётгани жудаям ачинарли. Бу ҳақдаги фикр-мулоҳазаларингиз ҳам биз учун муҳим ва қизиқ…

— Бугуннинг энг оғриқли мавзуларидан бири тўғрисида сўз очдингиз. Кун сайин ривожланиб бораётган глобаллашув даврида ўсиб келаётган аксарият фарзандларимизнинг миллий қўшиқларни тушунмаслиги, ғарбга тақлид сифатида яратилаётган эстрада қўшиқларига маҳлиё бўлиб, миллий оҳангларимиздан бироз четлашаётганига ўзимиз айбдормиз. Негаки телевизорни қўйсангиз ҳам, радио мурувватини бурасангиз ҳам енгил-елпи, тингловчига маънавий озуқа беролмайдиган қўшиқлар янграйверганидан кейин ёшлар қалбида мақом санъатига иштиёқ, меҳр қандай пайдо бўлсин?

Тўғри, бизнинг ёшлигимизда ҳам хориж қўшиқлари бўлган, ўзимиз ҳам севиб эшитганмиз. Аммо ҳозир баъзи ёш хонанда йигит-қизларни турли миллат мусиқаларига тақлид қилиб, кўчирмакашликка қўл ураётгани жуда хунук ҳолат. Бундай жараённи ижод, деб ҳисобламайман. Таронанинг илк ноталаридан қайси миллатнинг санъатига тегишли эканини дарров сезасиз. Аслида, сиз таъкидлаб ўтгандек, европаликлар ҳам ўзларининг «ўлдим-куйдим» мазмунидаги саёз матнли қўшиқларни эшитавериб чарчаган. Дунё бизнинг ижро маҳоратимизга, дурдона асарларимизга тан бериб, бунинг сирини ўрганишга интилаётган бир пайтда ўзимизникилар ҳам уни қадрлашини, дилбандларида ҳурмат, иштиёқ уйғотишларини истаб қолардим.

— Санъат соҳасига эндигина кириб келаётган ҳамкасбларингиз ижодини кузатиб, улардаги қайси камчиликлар эътиборингизни тортади?

— Мақтанишга йўйманг-у, биз ўз соҳамизга жуда ҳам фидойи эдик ва ҳалигача шундаймиз. Маблағ топиш илинжида тўйма-тўй юриб, касбимизни иккинчи даражага қўймасдик. «Мана бу ашулани зудлик ила ёдлаб, тезроқ тўйларда айтишим керак», деган фикр миямизда бўлмаган. Фақат устозлардан янги қўшиқлар сирини ҳафталаб, ойлаб ўрганиб, сўнг ижро этардик. Ҳозирги хонандаларнинг жуда кўпи ўзини бизнесга уряпти. Бу бир томондан яхши, аммо иккинчи тарафдан миллийлигимизга бироз путур етказиб, бефарқ қарайдиган бўлиб қолишди.

Нодир асарларимиз борлигини йиллар ўтиб тушунишади, аммо унда жуда кеч бўлади, қаттиқ афсусланишади.

— Матлуба опа, сиз жуда ҳам яхши биласизки, авваллари «Куйланг, ёш хонандалар», «Марҳабо, талантлар» сингари ёш ижрочиларни кашф қилувчи лойиҳалар бўларди. Ўзингиз ҳам шу танловларда иштирок этиб, эл назарига тушгансиз. Бугунги кунда «Ўзбекистон халқ артистлари» клубининг фаол аъзосисиз. Клуб вакиллари мана шундай кўрик-танлов, фестивалларни ташкил этиш борасида қандайдир режалар устида иш олиб боряптими?

— Бу каби лойиҳалар ўтказилмаяпти, дея олмайман. Ҳар йили мамлакатимиздаги мусиқа мактаблари ва санъат коллежи ўқувчилари ўртасида танловлар уюштирилаётганлигидан хабарим бор, ҳатто уларнинг бир нечтасида ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида қатнашдим ҳам. Лекин уларнинг кенг оммага намойиш этилиши жуда суст. Аслида, бизни халқимизга танитган сиз айтиб ўтган танловлар бўлган. Бу борада телевидениенинг роли жуда катта аҳамиятга эга.

Суҳбатимиз давомида мана шу ғоя ҳақида савол бериб, яхши иш қилдингиз. Клубнинг галдаги йиғилишида ушбу таклифни ўртага ташлайман. Ҳақиқатан ёшларни жалб этиш ва истеъдодли ўғил-қизларни юзага чиқаришда бу каби танловлар кўп ҳамда тез-тез ўтказилиши зарур.

— Беш нафар қизни вояга етказиб, барчасини турмушга узатгансиз. Хўжайинингиз бирор марта бўлса ҳам «Ўғил туғмадинг», дея юзингизга айтганми?

— Турмушнинг муштлари ҳар бир оилада бўлиши табиий. Бундай пайтларда, албатта, аёл киши бир поғона пастда туриб, вазиятни чигаллаштирмаслиги керак. Учинчи қизим туғилганида «Вой, яна қизми?» деб сиқилганида, қайнонам ва яқинлари ўртага олиб, танбеҳ беришган. Аммо ҳеч қачон Яратган қиз ато этганидан нолимаганмиз. Аллоҳга шукр, куёвларимизнинг ўғилдан кам жойи йўқ. Барчаси яхши инсонларнинг фарзанди. Набираларимиз ҳам оиламизга қувонч, файз бағишлашади.

— Оилангизда касбингизни давом эттираётган издошингиз борми?

— Турмуш ўртоғим иккимиз ҳам ижодкор бўлсак-да, аммо фарзандларимизнинг бирортаси санъат йўлини танламади. Уларнинг ўзида хоҳиш йўқлиги боис биз ҳам мажбурламай, танловини қўллаб-қувватладик. Балки, бу соҳада кўрган қийинчиликларим ва санъатнинг оғир юки қизларимга сабоқ бўлгандир. Бироқ набираларимнинг бир нечтасида санъатга мойиллик борлигини пайқадим. Йиллар ўтиб, улардан биттаси бўлса ҳам касбимни давом эттиришини истайман.

— Санъат соҳасини танлаганингизда қаршиликлар бўлганми? Ота-онангиз, яқинларингизнинг муносабати қандай эди?

— Биласиз, Наманган вилоятининг Чуст туманида туғилиб, вояга етганман. Ушбу касбни танлашим, хусусан, мақом санъатига кириб келишим ва шу даражага етишимда волидам Хайринисо опанинг хизматлари чексиз. Оиламизда санъаткорлар бўлмаган. Бироқ онам раҳматли дутор ва доирани моҳирона чалиб, миллий мумтоз қўшиқ ва лапарларимизни хиргойи қиларди. Уларнинг ижросига жўр бўлиб, баъзан рақсга ҳам тушардим. Мана шундай муҳит менда ижодга нисбатан меҳр пайдо қилган. Ўқувчилик давримда турли тадбирларда фаол қатнашардим. Ўша пайтдаги Чуст педагогика билим юрти қошида «Гулрух» ансамбли бўларди. Мактаб ўқувчиси бўлсам ҳам ҳар қандай танловларга ўша жамоа аъзолари сафида борардим. У дамлар умримнинг унутилмас онлари эди.

9-синфда ўқиб юрган кезларим «Куйланг, ёш хонандалар» танловида ғолиблар қаторидан жой олганман. Ўшанда «Правда востока» газетасида сочимни иккига ўриб, ироқи дўппида, атлас кўйлак кийиб тушган суратим чиққанида анча шов-шув бўлгандим (кулади). Газетанинг шу саҳифасини ҳалигача сақлайман.

— Талабалик йилларингизни ҳам хотирласангиз?

— 1972 йили мактабни тамомладим. Бир куни онам дадамдан мени Тошкентга  бориб, санъат олий даргоҳида таҳсил олишим учун рухсат сўради. Падарим ҳам жуда камтар, содда ва биз фарзандлар кўнглига қарагани учун ҳам волидамнинг фикрини маъқуллади. Хуллас, ота-онамнинг фотиҳаси билан 1973 йили   институтга ўқишга кирдим. Талабалик йилларимда «Зеҳн», «Куйланг, ёш хонандалар», «Қизлар давраси» каби кўрик-танловларда иштирок этиб, олий ўринларга лойиқ кўрилдим. Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Темур Маҳмудов ва Ўзбекистон халқ артисти Саодат Қобуловалардан таҳсил олдим.

— Айни пайтда ижод қилаётган ҳамкасбларингиздан кимларнинг қўшиқларини эшитасиз?

— Кўпроқ миллий йўналишда ижод қилувчи ва жонли ижро этадиган хонандалар фаолиятини кузатишга ҳаракат қиламан. Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитовага ҳам аёл, ҳам санъаткор сифатида ҳурматим баланд. У мақом йўналишида таҳсил олиб, бу борада чуқур билимга эгалиги боис қўшиқларининг тингловчиси кўп, 7 ёшдан 70 ёшгача мухлиси бор.

Тоҳир Қўзиевнинг профессионаллигига тан бераман. Отажоновлар сулоласи вакиллари Жаҳонгир ва Улуғбекнинг ҳам дид билан ижод қилиши жуда ёқади. Озодбекка эса ҳар жиҳатдан ҳавас қилса арзийди. Синглимиз Зиёдахон охирги йилларда эстрада йўналишида анча фаоллашди. Шу қиз ҳам яна олдингидек миллий қўшиқлар куйласа, яхши бўларди. Мен исмини айтиб ўтган ҳамкасбларимни мисол тариқасида таъкидлаб ўтдим. Аслида, кўплаб санъаткорларнинг ижодини кузатишга интиламан. Бироқ ҳозир аксариятининг исми ёдимга келмаяпти.

— Самимий суҳбатингиз учун раҳмат. Илоҳим, ҳамиша халқимиз эътирофию эътиборида бўлишлик, оила аъзоларингиз бахтига соғ-омон ҳаёт кечириш насиб этсин!

Миролим ИСАЖОНОВ
суҳбатлашди.

(«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан)