Майкл Жексоннинг сирли ҳаёти

0

Июль ойининг бошларида Интернетда Майкл Жексоннинг шифокори Конрад Мюррей иштирокидаги видеоёзув пайдо бўлган эди. Ушбу видеоёзувда Мюррей афсонавий поп-қўшиқчининг отаси Жозеф Жексон ўз ўғлининг баланд овозини сақлаб қолиш мақсадида кимёвий усулда бичишга қўл ургани ҳақида гапириб ўтган.

Албатта, Мюррейнинг бу сўзларини тасдиқловчи бирор-бир далил-исбот йўқ, бироқ июнь ойининг охирроғида дунёдан ўтган Жо Жексоннинг оилада қандай инсон (қандай ота) экани тўғрисида бундан аввал ҳам турли гап-сўзлар урчиб юрарди. Мусиқий менежер ўз фарзандларига нисбатан ўта қаттиққўл бўлгани рост, аммо Жозеф болаларига тарбия берар экан, бундан маълум мақсадларни кўзлагани аниқ. Қуйида Жозефнинг кейинчалик бутун дунёга машҳур бўлиб кетган тўққиз фарзандини қандай шароитларда катта қилгани ҳақида ўқишингиз мумкин.

ШАФҚАТСИЗ ОТА

«Жо Жексон тарихдаги энг ярамас оталардан бири эди. Унинг Майклга нисбатан шафқатсизлиги ёмон муносабатдан бошқа нарса эмас. Майклнинг ажойиб овозини сақлаб қолиш ниятида кимёвий бичилганлиги фактининг ўзиёқ кўп нарсаларни айтиб бермоқда. Мен бу ҳақда Майклдан эшитганман. У менга отаси сабаб бошидан кечирган азоблари тўғрисида гапириб берган. Бу даҳшат! Бунга ўхшаш нарсани ҳатто тасаввур қилиш мумкин эмас! Мен бу шафқатсиз ва ёвуз инсоннинг вафоти туфайли бир томчи ҳам кўз ёш тўкмадим. Жо Жексон дўзахда ўз гуноҳларини ювишига умид билдириб қоламан», — деган сўзларни камера қаршисида айтганди Мюррей Жозефнинг ўлими ҳақидаги хабарни эшитганидан сўнг.

Майкл Жексоннинг шифокори аввал ҳам Жозефнинг ўғли ёш пайтида унга нисбатан ўта бераҳм муносабатда бўлгани тўғрисида гапирган. 2016 йили эса «Мана у! Доктор Конрад Мюррей ва Майкл Жексоннинг сирли ҳаёти» номли китоб ҳам чоп этган. Ушбу китобда Жозефнинг кўрсатмасига биноан 12 ёшли Майклга юзидаги ҳуснбузарларни кетказиш ҳамда ўсмирлик давридаги овоз пасайишини тўхтатиш мақсадида гормонал уколлар қилишгани ҳақида ёзилган. Китобда Мюррей ўткир бурчакларни шундай усталик билан айланиб ўтганки, уни бу сўзлари учун судга бериш умуман имконсиз. Чунки шифокор китобда Майкл билан гаплашганидан сўнг унда поп-қўшиқчининг улғайишини тиббий усуллар билан секинлаштиришган, деган таассурот пайдо бўлгани ҳақида ёзган.

Мюррейнинг Жексонни кимёвий бичишгани тўғрисидаги гапини эса рад қилиб ҳам, исботлаб ҳам бўлмайди. Чунки ушбу муолажа жисмоний бичишдан кескин фарқ қилиб, жинсий кўпайиш қобилиятига таъсир кўрсатмайди ва уни қайта тиклаш мумкин. Фақат ушбу хабарни тарқатган манба — Мюррейнинг ўзига эътиборлироқ бўлиш лозим. Ахир айнан Мюррей Майкл Жексоннинг ўлимида айбдор деб топилганини унутмаслик керак. 2009 йил 26 июнь куни шифокор поп-қўшиқчига уйқу дорили укол қилган. Орадан икки соат ўтиб эса Жексоннинг жонсиз танасига ҳам биринчи бўлиб Мюррей дуч келган. 2011 йили суд докторни Майклнинг ўлимида айбдор деб топган ва унга тўрт йиллик қамоқ жазоси тайинланган. Айтиш жоизки, Мюррей 2013 йили муддатидан аввал қамоқдан озод этилган.

Майкл Жексоннинг кўплаб мухлислари, албатта, қўшиқчининг таржимаи ҳолидан яхши хабардор. Шу сабабли улар Мюррейнинг сўзларига дарров ишонишди. Негаки улар Жозефнинг тўққиз нафар фарзандини қандай усулда тарбия қилганини билишади. Мусиқа менежери ўз болаларини ёшлигидан юлдузли карьерага тайёрлаб келган ва уларнинг шахсий қизиқишларига умуман эътибор қаратмаган.

«МЕН ТУЗОҚДАМАН!..»

Майкл Жексон 5 ёшидан отасига пул келтира бошлаган. Жозеф ўз фарзандларидан «The Jackson 5» гуруҳини тузган бўлиб, унда Майклдан ташқари акалари Жермейн, Тито, Жеки ва Марлон фаолият олиб борарди. Баъзи нашр ларнинг ёзишиича, катта Жексон «The Jackson 5» гастролларини ўзининг ишқий саргузаштларини хаспўшлаш ниятида ташкил қилган. Жозеф сафардалик чоғида уйда ёш болалари билан қолган хотини Кэтринга хиёнат қилар ва бу ишини фарзандларидан яширмас, кичкинтойлар эса бу ҳақда юрак ютиб онасига айтишмасди. Орадан кўп йиллар ўтгач оиладагилар Жозефнинг Жо Вонни исмли яна битта қизи борлигидан хабар топишган.

Майкл хотираларида тенгдошлари билан йўлнинг нариги томонидаги боғда футбол ўйнашни қанчалик хоҳлаганини, аммо у то тунгача студияда ўтириб, альбом ёзишга мажбур эканлиги ҳақида айтган. «Мен у ерда ўтириб, болаларга қарардим ва кўзларимдан ёш қуйилиб келарди. Мен дердим: “Мен тузоқдаман ва бу иш билан умримнинг охиригача машғул бўлишга тўғри келади. Мен шартнома имзолаганман”. Бироқ мен уларнинг орасида бўлишни шунчалик истардимки, бу мени адои тамом қиларди. Мен шунчаки дўст орттиргим ва унга шундай дегим келарди: “Салом!” Кўчаларни айланиб мен билан гаплашиб юрадиган одам излаган пайтларим эсимда», — деганди Майкл.

Беш нафар ёш болани студияда ушлаб туришнинг ягона йўли уларни қўрқитиш эди. Фарзандлари Жодан қўрқишар, бунга у жисмоний йўл билан эришганди. Жексон илк бор ўз болаларини калтаклаганини 2010 йили телебошловчи Опра Уинфрига берган интервьюсида тан олган. Жозеф бу ишидан заррача ҳам афсусланмаслигини айтиб шундай деган: «Шу сабабли ҳам улар қамоққа тушиб қолишмади ва ўзларини тўғри тутишни ўрганишди». Жо Тарбия воситаси сифатида қайиш ва хипчиндан фойдаланган.

«Уларга нисбатан қаттиққўл бўлганимдан афсусланмайман, чунки қаранглар, охир-оқибат улар ким бўлишди: менинг болаларимни бутун дунёда яхши кўришади ва улар ҳамма билан илиқ муносабатда бўлишади», деган эди Жозеф.

Аммо катта Жексон фарзандларини қандай тарбиялагани билан қанчалик фахрланмасин, Майкл ёшлик чоғларини бошқача ҳис-туйғулар билан ёдга оларди. Масалан, қўшиқчи 2003 йили Мартин Баширга берган интервьюсида болалиги ва отасини шундай хотирлаган:

— Биз мусиқа билан шуғулланаётган пайтимизда, отам ҳамиша қўлида қайиш тутиб турарди. Агарда бирор нимада хатога йўл қўйсак, — Майкл қайиш билан ургандек овоз чиқаради.

— У сизларни тез-тез калтаклармиди?

— Жудаям кўп.

— У фақат қайишдан фойдаланармиди?

Майкл юзини қўллари билан тўсади.

— Фақатгина қайиш эмас!..

Поп-мусиқачининг таъкидлашича, Кэтрин хоним доим тутоқиб турган Жодан болаларини ҳимоя қилишга уринган. «У телбага айланиб, бизни уришни бошлаганда онамиз ҳамиша ёнимизда бўларди. Мен ҳатто ҳозир ҳам унинг гапларини эшитаман: «Жо, йўқ, сен уларни ўлдирмайсан. Йўқ! Йўқ, Жо. Бу ўта шафқатсизлик!» У эса мебелни синдира бошларди. Бу жуда даҳшатли эди, — дея ҳикоя қилади қўшиқчи. — Бир куни у бизларга: “Агар кутилмаганда қўшиқ айтмай қўйсанглар, мен сизларни ахлат каби кўчага улоқтириб ташлайман”, деди. Бу сўзлар дилимни қаттиқ яралаган». Болалик чоғларида бошидан кечирган кўргиликлар сабаб поп-юлдуз ҳар сафар отасини кўриши билан ўзи истамаган ҳолда кўнгли айниб бошларди.

Жозефнинг кенжа қизи Жанет Жексон ўз мемуарларида отаси ҳақида қуйидагича ёзади: «Мен нима қилганимни унчалик эслай олмайман. Ҳақиқатан шунга лойиқлигимни ҳам билмайман. Ундан бошқа ҳолатларда отам менга қўл кўтармаган».

Жанетнинг сўзларига кўра, оиладаги ўғил болалар кўпроқ калтак ейишган, бироқ бу уларнинг фойдасига хизмат қилган. «У бизларга фақат яхши бўлишини хоҳларди. Менинг ўйлашимча, у тарбия борасида доим ҳам тўғри йўлни танламаган, аммо у ўз ишини қилган. Балки, отамнинг ўзини шу тариқа тарбиялашгани учун у барчасини тўғри қиляпман, деб ўйлагандир. Чунки у бошқача усулни билмаган», — дейди қўшиқчи Жанет.

УМР СЎНГИДАГИ АФСУС

Жо Жексон ўз мақсадига эришди: унинг оиласи бутун дунёга машҳур бўлди. Бироқ болалар улғайишгач, отаси билан муносабати ёмонлашди, шу жумладан, Майклнинг ҳам. Машҳурликка эришгач, аввалдан огоҳлантирмаган бўлса, Майкл падари билан учрашмайдиган бўлди. Шунга қарамасдан қўшиқчи ҳаётининг сўнгги йилларида отаси билан муносабатларида илиқлик сезилди. Майкл ортиқ Жозефни муҳокама қилмаслиги, чунки унинг бошқа отаси йўқлиги ва бўлиши ҳам мумкин эмаслигини айтган.

Жексонлар оиласига яқин манбанинг сўзларига кўра, бунгача уч марта юрак хуружини бошидан ўтказган ва ногиронлар аравачасига михланиб қолган 89 ёшли Жозеф ўлимидан ярим йил аввал болаларини калтаклагани учун чин дилдан пушаймон бўлган. «Жо саккиз фарзанди ва хотини Кэтринни йиғди ҳамда улардан кечирим сўраб, кўп йиллар айблари сабаб азоб чекканини айтди, — дея «Sunday Express» газетасига ҳикоя қилади манба. — Ҳозир у ўша пайтлари болаларини интизомга ўргатиш учун тарбиянинг жисмоний усулидан фойдаланганидан қаттиқ афсусда».

САИДМУРОД тайёрлади.

(«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан)