“Чуқур” сериалининг муваффақияти сири нимада? Бу ҳақда бош қаҳрамон ижрочисининг фикрлари

0

Турк ижодкорларининг «Чуқур» сериали нафақат аёллар, балки эркакларни ҳам воқеалар ривожи билан қизиқтириб қўйди. Сериалда бош қаҳрамонлардан бирини талқин қилган актриса Дилан Дениз Чичекнинг бу борадаги фикрлари қандай?

— Нима учун «Чуқур» томошабинни бунчалик қизиқтириб қўйди? Қандай ноодатий иш қиляпсизлар?

— Бизда ҳаммаси ичдан чиқади. Асосан, биз сериалда гавдалантираётган ҳамма қаҳрамонлар кундалик ҳаётимизда учратишимиз мумкин бўлган одамлар. Акаларимиз, опаларимиз, оналаримиз, оталаримиз. Уларнинг ҳар бири ўзига хос, аммо ҳаммамиз бирдек ўзаро боғланганмиз. Ўтмишда одамлар ўртасида масофа бўлган. Одамлар ёнида ўтирган одамни билишмаган.

«Чуқур»да адоват ва муҳаббатдан ташқари, бошқа воқеа ҳам ҳикоя қилинади. Аммо айнан алоқа сериални нооддий қилади. Тумандаги одамларнинг ўзаро, уйлараро муносабатлари. Улар нима бўлганда ҳам ўзларига тегишли ҳамма нарсани ҳимоя қилишга уринади. Ҳар кимнинг ўз ўчоғи бор, бизники — «Чуқур».

— Сена билан қандай йўлни босиб ўтасиз?

— Йўл… Менга бу таъриф ёқди. Одатда, қаҳрамоним қандайлигини сўрашади. Сена мен учун узун йўлдек. Эҳтимол, океан ортида ҳам давом этадиган. Мен завқ оламан. Баъзан бирон жойга жойлашиш ўрнига йўлда бўлиш ёқади. Сена ҳам мен учун шундай. Унинг қиёфасига кириш жуда ёқимли. У нима қилади, нима қилмайди, у ёки бу вазиятда ўзини қандай ҳис этади, қандай мушукларни ёқтиради? Булар ҳақида фикр юритиб, ўзимда ҳам янги жиҳатларни пайқайман, албатта. Бир-биримиздан ниманидир ўрганамиз. Сена мослашишга уринади, доим шундай бўлган. У ҳис қилаётган севги унга журъат бағишлайди, қурбонлик қилиш кераклигини ўргатади, ортиқ ёлғиз эмаслиги, умрининг охиригача севгани билан бирга бўлишини кўрсатади. Умид қиламанки, «Чуқур»да у капалакдек қайта туғилади.

— Ҳамма «Чуқур»нинг жойлашувига қизиқади…

— Суратга олиш ишлари Истанбулнинг тарихий жойларидан бирида юз беради. Унинг ўзига хос тузилиши бор. У ердан кетгим келмаяпти. Кундузи бошқачаю, тунда бошқача. Фикримча, бу «Чуқур» учун энг мос жой. Саҳналарни у ерда суратга олаётганимизда ўзгача завқ оламан.

— Сериалда кўп гапирилган саҳналар бўлди. Уларни қандай баҳолайсиз?

— Шу қадар қизғин муҳокама қилиш мумкин бўлган саҳналар бўлди, деб ўйламайман. Масалан, кимдир фил миниб, Марсга йўл олганда, бемаънилик бўларди. Бу ўринда тўғри-нотўғрилигини муҳокама қилиш мумкин эди. Аммо ҳар куни одамлар ўртасида нима бўлаётганини муҳокама қилиш… Бундай масалаларда мен таъсирчанман, чунки оилам шундай пойдевор қўйган. Улар менда дарахтлар, гуллар, одамлар, барча тирик нарсаларга нисбатан меҳр уйғотишган.

— Истеъдод ва ишга ўзингизни бағишлашдан ташқари, анча улғайибсиз. Менимча, сиз керак пайтда, керак жойда пайдо бўласиз. Буни қандай уддалайсиз?

— Мен керак пайтда, керак жойда пайдо бўлишимни ички сезгига боғлайман. Ички сезгимга қулоқ соламан. Тўғри, доим ҳам тўғри вақт бўлавермайди. Хато қилганимда, ойим доим: «Одам 100дан 99 фоиз ҳолатда хато қилади, шунинг учун таваккал қилишдан қўрқма. Хато қилиб, тўғри нималигини англайсан», дейди. Мен 13 ёшимдан бери ишлайман, агар мақсадимга қисқа вақтда етолганимда, ҳозиргидек сабрли бўлмасдим. Оилага ўз ҳиссамни қўшишни истардим, иш мени улғайтирди.

— Ҳали ёшсиз. Доим кўтаринки кайфиятда юрасиз, аммо ичингизда ички ҳолатингизни эслатадиган, туйғуларингизни бошқарадиган жой бор. Дунёни ва унда яшаётган одамларни қандай кўрасиз?

— Одамларнинг қувватини ҳис қиламан, у билан тил топиша оламанми-йўқми, тушунаман. Бу қандай содир бўлади, билмайман. Ўзим ва дунё ўртасида кўринмас девор ўрнатишимнинг сабаблари бор. Ҳар кимда ўзини асраш сезгиси бор, лекин менда у кучлироқ. Мен маълум вақт одамлардан узоқлашгандим. Ўзим билан қолишдан мамнун эдим, ҳимояланганлик ҳисси бор эди. Иш пайдо бўлиши билан ҳолатим ўзгарди ва бу менга бироз журъат бағишлади.

— Ҳаммамиз бирон нимани ўргангач, кўникмаларимизни бошқаларга топширамиз. 2018 йилда ҳаётингизда нима ўзгаришини истардингиз?

— Ҳозир мени яхши кўрадиган одамлар, ажойиб ишим, бир маромдаги ҳаётим бор. 2018 йилда ҳеч нима ўзгармаслигини истардим.

— Ижоддаги мақсадларингиз қандай? 5 йилдан сўнг ўзингизни қаерда кўрасиз?

— Умид қиламанки, тўғри пайтда тўғри жойдаман. Ўзимни яхши одамлар ёнида, кўплаб хатолардан сўнг ниманидир ўрганганимни кўраман.

СЕВДОРА тайёрлади.

(«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан)