БИР КЕЧАЛИК КЕЛИНЧАК… (13-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

* * *

 

Насиба прокурорга қўнғироқ қилиш, диктофондаги ёзув ҳақида айтишга шошилмади. Кабинетдан чиқишгач, Ноилани кўрди-ю, нимадир ёдига тушгандек, Билолга юзланди.

— Менга қаранг, Билол, — деди жиддий оҳангда. — Кўринишингиздан ёмон одамга ўхшамайсиз. Сизга ишона бошладим. Биласизми, менинг дўконимда ҳов анави аёлга ёрдамчи бўлиб ишлайсиз. У иш юритувчим. Нима буюрса шуни қиласиз. Маошдан хавотир олманг.

— Ахир… Дарсларим бор-ку, опа, — деди Билол бош қашиб. — Ишга…

— Дарсдан кейин ишлайсиз. Кеч хуфтонгача шу ерда бўласиз. Кейин-чи, ҳозироқ ётоқхонангиздан менинг уйимга кўчиб ўтасиз. Ош-овқатдан камингиз бўлмайди. Ижара ҳақи ҳақида ўйламанг.

— Б-билмадим… — ер чизди Билол. — Сизга оғирлигим тушишини хоҳламасдим.

— Нега оғирингиз тушади? Ишлайсиз, пул топасиз, ўқишингизда ўқийсиз. Бунақа имконият ётоқхонангизда йўқ. Тўғрими?

— Тўғри…

— Унда сиз ташқарида кутинг, мен ҳозир Ноилага ҳаммасини тушунтириб қўяман. Эртадан бошлаб ўқиш тугаши билан ишга келаверасиз.

Билол итоат билан шошилмай ташқарига йўл олди.

 

* * *

 

Уйга кириб келишганда, Нафосат ая нимадир тўқиш билан машғул эди. Ойшахон деган уй хизматчиси югуриб елиб юмушларни адо этарди.

Қизининг ёнида келишган Билолни кўриб Нафосат ая Насибага ҳайрат аралаш боқди.

— Бу йигит талаба, исми Билол, — деди Насиба. — Ойижон, у бугундан бошлаб бизникида яшайди. Қарши эмасмисиз?

— Вой, нега қарши бўлай? — дея кулимсиради Нафосат ая Билолнинг саломига алик оларкан. — Сен шуни маъқул кўрган бўлсанг, мен нима дердим?!. Ана, хоналарнинг бари бўш ётибди.

— Ойшахон опа, — уй хизматчисини чорлади Насиба. — Бу йигитга хонасини кўрсатинг! Кейин… Енгилроқ бирор нима пиширворинг, иккаламизам очмиз!.. Айтганча, Билол, жойлашиб олгандан кейин менинг олдимга чиқинг, бояги иш бўйича қўнғироқ қип кўрамиз!

— Хўп бўлади, опа!..

Орадан ярим соатча вақт ўтди. Кун пешиндан оғганди. Ниҳоят қўнғироқ қилишга навбат етди ва Насиба Билол гувоҳлигида прокуратурага қўнғироқ қилди.

— Эшитаман, — гўшакдан эркак кишининг товуши янгради. — Прокуратура эшитади!

— Биласизми, менинг арзим бориди сизларга, — деди Насиба. — Телефон орқали айтсам ҳам бўладими?

— Албатта, — жавоб қилди товуш эгаси. — Сиз айни прокуратуранинг ишонч телефонига қўнғироқ қилдингиз. Айтаверинг! Ким сизни хафа қилди?

— Мени фалон туман солиқ идораси бошлиғи Ҳикмат Маллаев деган одам шантаж қиляпти. Биласизми, мен тадбиркорлик билан шуғулланаман. Бир нечта дўконларим, кейин… Тунги клубим бор. ҳаммаси расман давлат рўйхатидан ўтган. Аммо Маллаев деган шу одам клубингни сотасан, сотмасанг, ит кунига соламан деб қўрқитгани қўрқитган. Нима қилишни билмай қолдим. Далил сифатида унинг охирги марта келгандаги гапларини диктофонга ҳам ёзиб олганман. Агар сизларга зарур бўлса, диктофон қўлимда.

— Жуда яхши, синглим, қўнғироқ қилиб тўғри йўл тутгансиз. Сиз билан боғланишимиз учун телефон рақамингизни берсангиз!

— Хўп бўлади!

Насиба қўл телефони рақамини айтди.

— Сиз билан тез фурсатда прокурорлардан бири боғланади, — тайинлади у. — Албатта муаммоингиз ижобий ҳал этилади. Сира хавотир олманг!..

Шундан кейингина Насиба енгил тортди. Дунёда ҳақиқат борлигига яна бир карра амин бўлиб, аста ўрнидан турди ва Билол томон ўгирилди.

— Бўлди, юринг, Билол, овқатланамиз!

 

* * *

 

Вақт асрга яқинлашганди. Насиба ўз хонасида дам олар, прокуратурадан қўнғироқ қилишларини кутарди…

Хайрият, телефони безовта жиринглади. Насиба шоша-пиша телефон дисплейига кўз ташлади. Рақам бегона. Демак, бу прокурор бўлиши аниқ.

— Алло, бу ким? — мулойим оҳангда сўради Насиба. — Эшитаман!

— Мен прокуратурадан бўламан, — ўзини таништирди овоз соҳиби. — Исми-шарифим Давлат Бўриев. — Нима бўлди, синглим?

— Бир солиқчи шантаж қилаётганди мени, — деди Насиба. — Охири сизларга мурожаат этишга мажбур бўлдим. Кўз очирмаяпти клубингни сотасан деб.

— Тўхтанг, бу шаҳар марказидаги «Оқшом» деган тунги клуб эмасми?

— Ҳ-ҳа, худди ўша, — тутилиброқ жавоб қилди Насиба. — Мен ўша клубнинг эгаси бўламан, ака!

— Танидим сизни. Хўш, далилларингиз борми? Сиз шикоят қилаётган одамнинг олдида уялиб қолмаймизми?

— Ёнимда диктофон бор. Ҳаммасини ёзиб олганман.

— Дуруст. Унда… Ҳа, клубингиз соат нечада очилади?

— Кечқурун соат етти яримларда очилади ҳар куни.

— У ҳолда гап мундай, сиз етти яримда клубда бўлиб туринг. Биз ўша солиқчини топиб биргаликда етиб борамиз. Ҳаммасини ўшанда гаплашамиз. Маъқулми, синглим?

— Албатта, мен клубда бўламан.

— Омон бўлинг!

— Раҳмат!

 

* * *

 

Насиба ишонарди. Прокуратура орага тушдими, солиқчисиям, бошқасиям ип эшолмайди. Айниқса, диктофондагига ўхшаш далил қўлингда бўлса, марра сеники.

Кечқурун соат саккизларга яқин худди ўша прокурор солиқчини ва қуролланган тўрт милиционерни етаклаганча кириб келди. Насиба ҳайрон эди. Милиционерлар нега керак бу ишда? Нимага бу ҳақда миқ этмади унда прокурор?

Салом-аликдан сўнг баланд бўйли, кўз қарашлари ўта жиддий прокурор милиционерларга нимадир деди-ю, кабинетга йўл олди. Милиционерлар ташқарида — дўконда қолишди.

— Хўш, синглим, — шошилмасдан сўз бошлади прокурор ўтиришгач. — Демак, сиз экансиз-да, шу клуб эгаси!

— Ҳа, мен, — деди Насиба беихтиёр кўнгли ғаш тортиб. — Аммо бир нарсани тушуна олмай турибман.

— Нимани тушунмадингиз, синглим?

— Милиционерлар нима қилади бу ерда?

— Ҳа-а, уларми? Хавотир олманг, бугун рейдлари боракан. Илтимос қилишувди, бошлаб келавердим. Сизга яхши-ку! Биз кетгунча ҳаммаёқни текшириб, тозалаб қўйишади. Ёмон одамлар бўлса, ҳайдаб солишади. Майли, қани ўша диктофонингиз?

Насиба шоша-пиша сумкачасидаги диктофонни олиб прокурорга узатди. У эринмасдан суҳбатни тинглади. Шу орада бир Насибага, бир солиқчи, Билолга қайта-қайта шубҳали назар ташлаб олишни-да унутмади.

— Жуда соз, — деди охири диктофонни Насибага қайтариб. — Яхши гаплар бўлибди. Хўш, ока, сиз нима дейсиз?

Солиқчи ниҳоятда аччиқлана бошлагани юзлари қизаринқираганидан, бармоқлари оҳиста титраб кетаётганидан аниқ-тиниқ сезилиб турарди. — Нега бу сингилни хафа қилдингиз?..

Солиқчи ҳали оғиз очишга улгурмай, эшик очилди ва милиционерлардан бири қўлида оппоқ кукун солинган халтача билан кириб келди. Унинг кетидан эса Насибанинг ишчиларидан бири Нодир исмли 18 яшар йигит кирди.

— Кечирасиз, Самин ака, — шундагина Насиба прокурорнинг исми Самин эканини билди. Учрашгандаёқ ўзини тузук-қуруқ таништирмагани алам қилди. Лекин лаб тишлаб қўйишдан нарига ўта олмади. — Манави йигитчанинг ёнидан топдик! Марҳамат, ўзингиз кўришингиз мумкин!

Прокурор қўлига халтачани олди-да, айлантира-айлантира, Насибага юзланди.

— Синглим, бу нимаси? Наркотик савдоси билан ҳам шуғулланасизми? Нега унда ўз ихтиёрингиз билан айта қолмадингиз? Бунинг ўрнига манави окахонни айбдор қилиб ўтирибсиз. Шантажчига чиқариб юрибсиз. Айб ўзингизда экан-ку!

— Ҳа-а, менам худди шуни айтгандим, — солиқчи бирдан жонланди. — Наркотик сотилаётганини, бузуқи қизлар хуфтондан кейин клубга кириб келиб ифлослик қилишларини ўз кўзим билан кўрганим учун айтгандим. Бу бўлса, мени қип-қизил туҳматчига чиқариб ўтирибди. Ана, Саминбой, ўзингиз кўрдингиз ҳаммасини!..

Насиба бундай бўлишини етти ухлаб тушида кўрмаганди. Аммо рўпарасидагиларнинг қандай одамлар эканини биларди. Муддаосини ҳам шу лаҳзаларда англай бошлаганди. Тиллари бир эканига сира шубҳаси қолмаганди. Кутганидек, прокурор милиционерга ҳам, солиқчига ҳам «Кет» ишорасини қилди-ю, уларнинг кетидан Билолни ҳам чиқариб юборди.

Ёлғиз қолишди. Самин прокурор сўз бошлашга шошилмай, Насибанинг юз-тузилишини обдон кузатди. Ундаги ўзгаришлар, қўрқувни назар тарозисига солиб кўрди. Шундан кейингина бир-икки йўталиб орадаги жимликни бузди.

— Ҳа-а, синглим Насибахон, — деди у айёрона кўз қисиб. — Ҳали ёшсиз, тижоратнинг паст-баландини энди-энди ўрганяпсиз. Тушунаман. Бироқ манави оппоқ кукун учун камида ўн йил оласиз. Мана шуниси мени ташвишга соляпти-да!..

— Ака, — деди йиғламсираб Насиба. — Мен… Ҳар куни бир неча марта клубга келиб ҳамма нарсани назоратдан ўтказаман. Бунақасини биринчи кўриб туришим, ўлай агар!

— Энди кўряпсизми-йўқми, бунисининг давлат қонунларига қизиғи йўқ. Қонун ҳамма учун баравар.

Насиба билдики, прокурор осонликча жон берадиган хилидан эмас. Нима қилсин? Таваккал қилсинми? Агар бўшашиб ўтираверса, иш қўзғатишданам тоймайди бу нусха. Энди оғзи ошга етганда заҳар ичадими?.. Йўқ, билиб турибди, кўнгли аллақачон сезган, милисалар атайин уюштиришган буни. Худди кинолардагидек бола фақирнинг киссасига устамонлик билан солишганда, қайтариб чиқариб олиб айбдорга айлантиришган. Афсуски, исботлаб бўлмайди. Ҳа, айтади, таваккал қилади…

— Саминбой ака, — мулойимлик билан, титроқ аралаш сўз қотди Насиба. — Майли, бўлар иш бўлибди. Наҳотки, сиз билан келишиб кетадиган йўли бўлмаса? Ахир, менам худога шукр бир неча йиллардан бери кўчадаман. Ҳаммасини тушунаман. Агар…

— Мана, энди ўзингизга кела бошладингиз, — ўрнидан туриб кетди прокурор. — Гапни аслида шундан бошлаш керак эди. Нега йўли бўлмасин? Бор йўли.

— Айтинг унда ўша йўлини, мен тайёрман. Ҳар қандай харажатга туриб бераман!

— Яхши, — деди совуқ тиржайиб прокурор. — Унда эшитинг. Бугундан бошлаб сиз шахсан менга ҳар ойда улуш тўлайсиз. Эвазига сиз ҳам, клубингиз ҳам менинг ҳимоямда бўласизлар.

— У-улуш?.. Ҳа-я, тушундим, тушундим… Айтганча, қ-қанча…

Прокурор шоша-пиша стол устидаги ручкани қўлига олиб, бир четдаги оппоқ қоғозчага нималарнидир ёзди ва Насибага узатди. Насиба қоғозга кўз югуртирди-ю эсхонаси чиқиб кетаёзди. Сал бўлмаса, қичқириб юбораёзди. Бироқ дарров ўзини қўлга олди. Айни лаҳзада гарчи бу нусхага нисбатан нафрати минг чандон ошган бўлса-да, сездирмади. Мажбуран кулимсираб прокурорга боқди.

— Майли, мен розиман!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc