Ҳикоя: Топталмаган номус

1

— Келинглар, қизлар, ҳаётдаги орзуларимиз, келажакда нимани исташимиз, ўзимизни ўн беш йилдан сўнг қандай тасаввур қилишимиз ҳақида гаплашайлик. Мана, масалан, мен бой йигитга турмушга чиқсам, энг замонавий ва қиммат машинам бўлса, дейман… Аямдан тикувчиликни ўргангач, шаҳарга бориб, цех очаман. Унда эркаклар учун костюм-шим тикилади. Бизнинг цехда тайёр бўлган маҳсулотлар эса чет элга экспорт қилинади. Хуллас, дугонажонлар, мен ўзимни 15 йилдан кейин катта тикувчилик цехини бошқариб турган тадбиркор аёл деб тасаввур қиламан, — деди Наима.

Шундан сўнг иккинчи бўлиб гапиришни пойлаб турган Дурдона ўзига сиғмасдан орзулари билан ўртоқлашди. Дугонасининг гапларини тинглаб турган қизлар эса унинг нуфузли олий ўқув юртларидан бирида ўқиш нияти борлигини, дадаси каби елкасида юлдузчалари бор кийимда ишлаш ниятида эканини билиб олишди. Ниҳоят, охирги бўлиб сўз навбатини Мунира олди. Аниқроғи, атрофидагиларнинг қистови уни ҳам гапиришга мажбур қилди. Табиатан камсуқум бўлган Муниранинг орзулари ҳам камтаргина ва қанчалик оддий бўлса, шунчалик гўзал эди.

— Икки қизим ва бир ўғлим бўлишини истайман, — деб кўзларини бир нуқтага қадаган ҳолда гап бошлади у. Гапирар экан, оппоқ юзида кулгичларига ярашган ажиб бир қизиллик югурар эди. — Менинг фарзандларим чиро-о-ойли бўлади. Мен болаларимни фозил ва фозила қилиб тарбия қиламан, Худо хоҳласа…

* * *

Ойлар кетидан йиллар қувиб келаверди. Кечагина мактаб бағрида ўйнаб юрган Мунира бугун бўй етиб қолган қизига тўй қилиш арафасида. Ўшанда унинг гапларига фаришталар омин деган экан, шекилли, бир ўғил ва икки қизнинг онаси бўлди. Дастурхони тўлиб-тошмаса ҳам ҳар қалай ҳалол меҳнатнинг ортидан қора қозон қайнашдан тўхтагани йўқ. Усти бут, қорни тўқ. Фарзандларининг тарбиясидан кўнгли хотиржам. Ўғли Илҳом опаларидан қолишмайди ота-онага меҳрибонлик қилиш борасида. Бесар юрмайди, ичмайди, чекмайди. Хуллас, маҳаллада ҳамманинг оғзида Муниранинг бўй етиб қолган икки қизи. Айниқса, Шаҳлонинг чиройини гапириб толмайди одамлар. Одобли, ота-онасининг сўзини бирор маротаба икки қилмаган бу кўҳлик қизларга харидор кўп. Шунинг учун ҳали мактабни тамомлаб улгурмасданоқ Шаҳлони сўраб, эшик қоқиб келадиганлар кўпайди. Оғиз солиб келганларнинг ҳали унисига, ҳали бунисига йўқ деявериб, ўзи ҳам хижолат бўлганиданми ёки шу сафарги «қулчиликка келувчилар» кўнглига ўтирдими, хуллас, тўйга розилик билдирди.

Тўй ҳаракатлари бошланиб турган тинч-осойишта бу қўрғонга чиндан ҳавас қилса арзигулик эди.

* * *

Ёз кунларининг бирида Шаҳлонинг унаштирувдан кейинги маросими — «тўй келди»си бўлади. Қишлоқда одатда бундай маросим ўтаётган хонадонларда худди катта тўйдаги каби эрта тонгдан одамлар гавжум бўлади. Табиатан уятчан Шаҳло шундан ўнғайсизланди, шекилли, молларга ўт ўриб келишни баҳона қилди-ю, эрта тонгдан далага отланди.

Бўйлашганда ўзидан ҳам ўсиб кетмоқликка шай бўлиб турган жўхори поялари ортидан худди қадамини кузатаётгандек пойма-пой таъқиб қилиб келаётган қуёш билан қувлашмачоқ ўйнаб, манзилга етиб келганини билмай ҳам қолган Шаҳло тезда бошига ўралган рўмол устидан иккинчи рўмолини ўради. Озроқ ишлаб, томоғига тиқилаётган ёввойи ўтнинг ҳидидан бироз безовталанди, шекилли, бурнининг атрофини ҳам бошқа рўмол билан боғлаб олди. Куннинг туш пайтига келиб, бир арава ўтни жойлаган Шаҳло секин уйи томон ошиқди. Қорни очиб, сал мадорсизлангандек бўлди. Шунда укасининг, «Сиз ўтиринг, ўзим чиқаман, толиқиб қоласиз», — деганини эслаб, келганига жиндек афсус қилди. Лекин «Тўй бўладиган қиз қандай қилиб келган меҳмонларнинг олдида ўтиради, қолаверса, ота уйнинг юмушлари ҳам ғанимат, эрта-индин кетарканману, меҳнатидан қочаманми?» — дея ўз-ўзи билан гаплашиб, хаёлларга берилиб, ёлғиз кетаётган бир паллада, жирканч ўй билан Алишер уни кузатиб турганлигидан бехабар эди.

Ҳаво дим, камига айни тушлик палласи бўлганлиги учун ҳам атрофда ҳеч зоғ кўринмади. Бу эса шайтонга дўст тутинган Алишер учун айни муддао бўлди. Кимдир ортидан  келаётганини пайқади, шекилли, Шаҳло ҳам орқасига ўгирилмай, одимини тезлатди. Алишер энди ундан олдинга чиқиб олиб, йўлини тўсди. Яна бир бор атрофни кўздан кечириб, кўнгли тинчлангач, қизнинг бўйнидан қучиб олди. Шаҳло бор кучи билан унга қаршилик қила бошлади. Бироқ… Шаҳлонинг ўзини ҳимоя қилишга уринишлари нафсига қул бўлиб улгурган Алишерга кор қилмади. Қиз овозининг борича бақирар, кимдир қутқаришини Аллоҳдан илтижо қилиб сўрар, қаршисида турган шайтонга Аллоҳни эслатиб, инсофга қайтаришга ҳаракат қиларди. Афсуски, буларнинг ҳеч бири Алишерга кор қилмади.

— Худодан қўрқмайсизми? Қизингизга қайтишини ўйласангиз-чи!.. Ахир сизнинг ҳам онангиз бордир. Инсон туққан-ку сизни ҳам. Опа-синглингиз йўқми? Илтимос!..

— Овозингни ўзинг ўчирасанми ёки куч ишлатиб, жим қилайми? Тинчланиб олсанг, сени эсон-омон уйингга ўзим кузатиб қўйишим ҳам мумкин. Эвазига эса сендан….

Алишер шундай дея оёқ-қўллари билан имконият даражасида қаршилик кўрсатаётган Шаҳлонинг бошидаги рўмолларини олиб, аввал қўл-оёғини, кейин  оғзини боғлади.

У пасткашларча қилаётган ишини ҳеч ким кўрмаслиги учун ожизани кўтариб, сойнинг шиддат билан оқаётган ерига олиб борди ва қизга таклифини тинчгина қабул қилса, уни қўйиб юбориши мумкинлигини, акс ҳолда, номусидан айрилганлиги етмаганидек, жонидан ҳам айрилишини
айтди. Шунда қиз…

Унади…

Ҳар қалай, унинг ризо тариқасида пичирлагани ва ўзини унинг оёқлари остига ташлаганидан Алишер шундай хаёлга борди. Унинг қўли ва оёғини ечди. Аммо ҳар эҳтимолга қарши оғзини ечмади. Бақириб қолишидан чўчиди. Ҳолбуки, бунга ҳожат ҳам йўқ экан…

Шаҳло оёқ-қўли эркка чиқиши билан ўзини жардан
пастга қараб отди…

* * *

Ширин жони эвазига номусини сақлаб қолган покиза қизни сўнгги манзилга кузатишаётганда онаси, оппоқ либос кийиб, келинчак бўлиш остонасида турган жигарпорасини оқ кафанда тупроққа қўяётган отаси бир нарсани туйишди. Буни илк бор Шаҳлони қўлларига олишганида ҳис этишганди.

Жаннат ифори уфуриб турганини…

Вазира ЭГАМБЕРДИЕВА

1 ТА ФИКР

  1. бир кечалик келинчак хикоясини хар куни купрок кисми чикарилса

Comments are closed.